Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Сардоба иши: Ëпиқ суд ортидаги махфий келишув - судланувчилар озод этилиши кутилмоқда


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Ўзгидроэнерго" раҳбари Абдуғани Сангинов билан. 2017 йил¸ май
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев "Ўзгидроэнерго" раҳбари Абдуғани Сангинов билан. 2017 йил¸ май

Бундан роппа-роса бир йил аввал, 2020 йилнинг 1 май тонгида содир бўлган Сардоба сув омбори тўғонининг қулаши Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат ва энг драматик фалокатлардан бири сифатида тарихга кирди.

Сардобадаги фожиа¸ ҳукуматнинг ўзи томонидан техноген¸ яъни инсон қўли билан яратилган фалокат, деб эълон қилинди.

Бу эса¸ ўн минглаб одам ҳаëтини остин-устун қилиб¸ мамлакат иқтисоди ва давлатга улкан зиëн етказган фалокат айбдорлари аниқ шахслар эканини билдиради.

Фожиага бир йил тўлиши арафасида ҳукумат комиссияси Сардоба фалокатига қурилиш жараëнидаги масъулиятсизлик ва қатор техник камчиликлар сабаб бўлди¸ дея баëнот берди. Баëнотда бу камчиликларга йўл қўйилганларнинг жиноий жавобгарликка тортилгани айтилди.

Озодликка маълум бўлишича¸ келаётган ҳафталарда Сардоба иши бўйича судланаëтганлар устидан ҳукм ўқилади. Ўзбекистон Олий суди кўраётган махфий суд жараёнига яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, айбланувчиларнинг жаримага маҳкум этилиб, суд залидан озод этилиши кутилмоқда.

Расмийларга ишонилса¸ Сардобадаги улкан фожиа учун кимлардир қамоққа олинган¸суд қилиниб¸ жазога тортилган ва давлатга етказилган зарар ундирилган. Гўë шу билан адолат қарор топмоқда ва Сардоба ишини ëпса бўлади.

Аммо расмий айб қўйилганлар Сардоба фалокатининг ҳақиқий айбдорларими? Сардоба бош муаллифлари¸ унинг лойиҳасидан то топширилгунига қадар тепасида турган асосий масъуллар жавобгарликка тортилдими? Ўн минглаб одам ҳаëтини остин-устун қилган тўғон ëрилишига фақат техник хатолик ва масъулиятсизлик сабабми?

Қарийб ярим миллиард долларлик тўғоннинг яроқсиз ҳолга келишидан ташқари, минглаб одам ҳаëтини остин-устун қилган бу техноген фалокат халқ ва давлатга қанчага тушди? Суд жараëни нега миллиардлаб зарарни қоплаш елкасига тушган солиқ тўловчилар, жамоатчиликдан яширинча ўтказилмоқда?

Озодликнинг янги суриштируви бу саволга жавоб топишни мақсад қилди.

Режали ҳукумат - комиссия ва прокурорлар хулосаси бир кунда ўқилди

Сардоба фожиасига бир йил тўлиши арафасида Ўзбекистон ҳукумати бу техноген фалокат сабабларига оид ўз хулосасини жамоатчиликка очиқлади.

30 апрель куни АОКАда ўтказилган махсус матбуот брифингида бу хулосани Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Абдулла Қўлдошев ўқиб эшиттирди.

Тўғон ўпирилишига бир қатор омиллар сабаб бўлганини айтган генералга кўра¸асосий сабаблар буюртмачи хизматини ташкил этиш, лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларини олиб боришда масъулиятсизликка йўл қўйилгани ва жараëн давомида белгиланган техник ва меъёрий талаблар қўпол равишда бузилганидир.

Расмий баëнотга кўра¸ Сардоба сув омборини лойиҳалаштириш, қуриш ва тўғоннинг эксплуатациясига алоқадор 17 нафар мансабдор ва мутасадди шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Генерал-майор Абдулла Қўлдошев АОКАда уюштирилган махсус брифингда ҳукумат комиссияси хулосасини ўқиган айни соатларда¸ Ўзбекистон Олий суди биносида Сардоба иши бўйича ëпиқ суд яна бир махфий мажлисини ўтказди.

Унда прокурорлар суд ҳайъатига 17 нафар судланувчига қандай жазо бериш ҳақидаги давлат қоралови сўровини ўқиб эшиттирди.

Суд жараëнидан хабардор адлия тизими мулозимининг Озодликка айтишича¸ прокурорлар судланувчиларнинг давлатга етказилган зарарни тўла қоплаганини инобатга олиб¸ уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача жарима кўринишидаги жазо тайинлашни сўраган. ( 2021 йилги БҲМ 245 минг сўмни¸ унинг 30 баравари эса¸ 7 350 000 сўм¸ тақрибан 700 долларни ташкил этади)

"Бу 17 судланувчи давлатга арзимаган жарима тўлаш билан қутулиб кетади¸ дегани. Қамоққа олинганларнинг ҳукм ўқилиши билан озодликка чиқарилиши кутилмоқда. Ҳукм¸ узоғи билан икки ҳафта ичида чиқарилади"¸- деди Озодлик манбаси 30 апрель куни.

ЭКСКЛЮЗИВ ТАСВИРЛАР: Ўпирилган Сардоба сув омборида вазият ташвишли
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:20 0:00

Давлатга етказилган зарарни қоплаш учун судланувчилардан ундирилган маблағ миқдори¸ прокурорлар 30 апрель куни тилга олган рақамга кўра¸ 45 миллиард сўмдан ошиқроқни ташкил этган. 30 апрель кунги Марказий банк курси бўйича¸ бу 4 276 347 АҚШ долларига тенг.

Сардоба сув омбори қурилишига¸ маҳаллий матбуот ва мулозимлар тилга олган рақамга кўра¸ қарийб 1.3 триллион сўм ëки 405 миллион доллардан кўпроқ маблағ сарфланган.

Техноген фалокат оқибатида қарийб ярим миллиард долларлик сув омбори яроқсиз ҳолга келди¸ давлат ва аҳолига миллиардлаб доллар зиëн етди. Сув омборини қайта қуриш¸ аҳоли ва иқтисодга етказилган зарар нархи¸ тахминларга кўра¸ миллиард доллардан ошади.

Судга тақдим қилинган давлатга етказилган зарар миқдорини қайси ташкилот¸ қайси мезон асосида ҳисоблаб чиққани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Олий суд¸ Бош прокуратура¸ собиқ мулозимлари Сардоба иши бўйича жиноят иши фигурантига айланган Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги¸ вазирликка қарашли бўлган “Сирдарë сув қурилиш инвест” ДУК ва "ЎзГИП" УК¸ Ўзбекистон темир йўллари АЖ матбуот хизматлари Озодликнинг суд ва судланувчилар билан боғлиқ саволларига жавоб бермади.

Сардоба фожиаси сабабларини сув омборини қурган Сангиновнинг ўзи тафтиш қилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:21 0:00

Судланаëтганлар ким?

Расмий раддиялар ва судга оид маълумотларнинг жамоатчиликдан сир тутилаëтганига қарамай, Озодлик махфий жараëнга оид айрим тафсилотларни аниқлашга муваффақ бўлди.

Сардоба фалокатининг бир йиллиги арафасида Озодлик билан гаплашган давлат мулозимлари¸ суд жараëнидан хабардор масъуллар¸ судланувчилардан айримлари яқинлари ва гидроиншоотлар бўйича мутахассислар мавзунинг қалтислиги боис шахси очиқланмаслигини сўради. Улар берган тафсилотлар жамоатчиликка илк марта ëйинланмоқда.

Озодлик ихтиëридаги маълумотларга кўра¸ ëпиқ ўтаëтган суд қора курсисида ўтирганлардан бири Сирожиддин Абдуназаровдир. У Сардоба сув омбори қурилиши учун давлат номидан буюртма берган “Сирдарë сув қурилиш инвест” ДУКда бош муҳандис¸ сўнгра эса директор бўлган. Жиноят иши доирасида биринчилардан бўлиб қамоққа олинган. Қурилишлар¸ хусусан¸ Сардоба сув омборидаги талон-торожликлар билан боғлиқ жиноятларда айбланиб¸ 2013-2015 йилларда икки марта судланган.

1991 йили тузилган “Сирдарë сув қурилиш инвест” ДУК таъсисчиси Сув хўжалиги вазирлиги. Мазкур ДУКнинг яна бир неча ходими ҳам Сардоба иши терговига тортилган.

Зоир Мирзаев Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган пайтда буғдойга сув қўйилмагани учун оққўрғонликларни совуқ сувга киритиб¸ тош кўтартириб жазолаши билан ном чиқарган эди.
Зоир Мирзаев Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлган пайтда буғдойга сув қўйилмагани учун оққўрғонликларни совуқ сувга киритиб¸ тош кўтартириб жазолаши билан ном чиқарган эди.

Сардоба қурилиши бошланган 2010 йили Зафар Рўзиев¸ у ишга туширилган 2017 йил майида эса¸ Зоир Мирзаев Сув хўжалиги вазири бўлган. Бу иккала собиқ вазир ҳамон Мирзиëев ҳукумати таркибида - айни кунларда Рўзиев Жиззах вилояти Зарбдор тумани ҳокими¸ Мирзаев эса¸ Қашқадарë вилояти ҳокими.

Сардоба қурилиши бошланиб тугагунга қадар (2010-2017)¸ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги "Ўзсувэнерго" бирлашмаси раҳбари лавозимида Абдуғани Сангинов (2008-2017) ишлаган. Мамлакатдаги гидроиншоотлар бошқаруви¸ хусусан¸ ҳар қандай янги гидроиншоот бевосита мазкур бирлашма ва унинг раҳбари Сангинов назоратида бўлган.

Судланувчилардан яна бири Сардоба сув омбори бош пудратчиси бўлган "Ўзбекистон темир йўллари"нинг собиқ мулозими Махмуд Хайитбаевич Холматовдир. У ҳам қамоққа олинган.

Сардоба сув омбори қурилган йилларда Холматов «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош директорининг ўринбосари¸ гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бошлиғи лавозимида ишлаган. Сардоба сув омборини 2017 йил май ойида муддатидан олдин қуриб битиришдаги жонбозлиги учун Мирзиëев 2017 йил 9 декабрь куни унга «Шуҳрат» медали берган. Мирзиëев Холматов баробарида унинг беш ишчисини ҳам Сардоба қурилишидаги меҳнати учун айни медаль билан тақдирлаган.

Сардоба қурилиши бошланиб¸ то у ишга тушгунга қадар¸ "Ўзбекистон темир йўллари"ни битта шахс – Очилбой Раматов бошқарган. Раматов Мирзиëев президентликка келганинг эртасига (2016 йил 15 декабрь) Ўзбекистон Бош вазирининг 1-ўринбосари этиб тайинланган ва ҳозиргача бу лавозимда қолмоқда. Асли янгийўллик Холматов¸ уни билган ҳамкасбларига кўра¸ Сардоба қурилишида “Раматовнинг ўнг қўли” бўлган.

Судланувчилар орасида Сардоба қурилишида иштирок этган субпудратчи ташкилот раҳбарлари ҳам бор.

Карим Рўзиев қамалгунга қадар Сангиновлар бизнес империясини бирлаштирувчи To'palang HPD Holdingдаги учинчи йирик акционер бўлган.
Карим Рўзиев қамалгунга қадар Сангиновлар бизнес империясини бирлаштирувчи To'palang HPD Holdingдаги учинчи йирик акционер бўлган.

Улардан бири “Резаксой сув қурилиш” УК, раҳбари Карим Рўзиевдир. Карим Рўзиев Сардоба иши бўйича қамалган 7 шахсдан бири. У “Ўзгидроэнерго” раҳбари Абдуғани Сангиновнинг ҳамюрти¸ ўнлаб гидроиншоот қурилишида ҳам расман¸ ҳам норасман Сангиновнинг “ўнг қўли” ролини бажариб келган. Янги номи To’palang Water Construction МЧЖга айланган “Резаксой сув қурилиш” Сангиновнинг хусусий бизнес ҳолдинги таркибига кирувчи 7 ширкатдан бири. Қамалгунга қадар Карим Рўзиев “To’palang HPD Holding” акциядорларидан бири ҳам эди. Бу ҳолдинг акцияларининг 61 фоизи Сангиновнинг кенжа ўғли Ислом Абдуғаниевга тегишли. Ҳолдинг директори ҳам Ислом Абдуғаниев.

Сардоба тўғони ëрилган куни Мирзиëев фалокат ҳудудига "Ўзгидроэнерго" раиси Абдуғани Сангинов ҳамроҳлигида борди.
Сардоба тўғони ëрилган куни Мирзиëев фалокат ҳудудига "Ўзгидроэнерго" раиси Абдуғани Сангинов ҳамроҳлигида борди.

Сардоба иши бўйича қамалганлардан яна бири субпудратчи «Тўпаланг Шеробод» шўъба корхонаси раҳбари Бахшилло Асадов. Сурхондарëда рўйхатдан ўтган “Тўпаланг” (Тўпаланг ёки Тўпалангдарё -Сурхондарё ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё, Қоратоғ дарёси билан қўшилиб, Сурхондарёни ташкил қилади) сўзи бор ширкатларнинг деярли барчаси бевосита ëки билвосита Абдуғани Сангиновга бориб тақалади. Улар таъсисчиларининг барчаси Сариосиëнинг Хуфар қишлоғидан чиққан. 62 яшар сенатор Сангинов ўз меҳнат фаолиятини 1982 йилда “Тўпалангсувқурилиш” трести лаборатория муҳандислигидан бошлагани ортидан бу сўзни ўз брендига айлантирган. “Тўпаланг Шеробод» МЧЖ раҳбари Бахшилло Асадов ҳам Абдуғани Сангиновнинг ҳамқишлоғи. “Ўзбекэнерго”таркибида бўлиб келган «Тўпаланг Шеробод» ШБ 2017 йил майида “Гидромахсусқурилиш” АЖ таркибига ўтказилган. Бу АЖнинг эгаси эса¸ Сангинов раиси бўлган “Ўзгидроэнерго”дир. Асадовни билганларнинг айтишича¸ «Тўпаланг Шеробод» Сангиновларга қарашли Тўпаланг брендининг норасмий қисми ва Асадов бевосита Абдуғани Сангинов ҳимоясида иш кўриб келган. Мутахассислиги гидроиншоотлар қурилишига алоқаси бўлмаган Рўзиевни Сардоба қурилиш майдонига ташлаган ҳам¸ айтилишича¸ Абдуғани Сангинов бўлади.

Сардоба қурилишига субпудратчи қилиб олинган хусусий корхоналардан яна бири “Сариосиё қурилиш” МЧЖ. Бу МЧЖ мулкдорлари ҳам Сангиновнинг сариосиëлик қўшнилари – Муродуллаевлар оиласидир. 2003 йили Сариосиëда рўйхатга олинган бу МЧЖнинг биринчи мулкдори Фахриддин Низомиддинов бўлгани айтилади. У эса¸ бошқа бир қудратли сариосиëлик – Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг акасидир. Шавкат Мирзиëевнинг яқин дўсти бўлгани айтиладиган Фахриддин Низомиддинов 2012 йилда вафот этган. Унгача Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Рашитжон Қодиров талаби билан иқтисодий жиноятларда гумонланган “Сариосиë қурилиш” фаолияти қаттиқ текширилгани Озодликка маълум. Озодлик манбаларига кўра¸ “Сариосиё қурилиш” МЧЖ акцияларининг 43 фоизига эгалик қилувчи Абдураҳмон Муродуллаев ҳам Сардоба иши фигурантларидан бири. Бу МЧЖни бевосита Зайнилобиддин Низомиддиновга боғловчи ҳужжатлар Озодлик ихтиëрида ҳозирча йўқ. Аммо Низомиддиновнинг ўзи ёки у раҳбари бўлган президент Мирзиёев администрацияси ҳозиргача интернетда тарқаган бу маълумотларга расман раддия берган эмас.

Жиноят иши фигурантларидан яна бири “Транс Сервис Комплекс” МЧЖ директори Феруз Маҳмудов. Озодлик манбалари таъкидича¸ Сардоба сув омборининг ўпирилган 6-пикетини айнан шу компания қурган. У “Ўзбекгидроэнерго” бошқаруви раиси ўринбосари Фозил Маҳмудовнинг акаси. МЧЖнинг қоғоздаги эгаси Феруз Маҳмудов бўлгани ҳолда¸ уни асл эгаси айнан Фозил Маҳмудов экани айтилади. Феруз Маҳмудов ҳам жиноят иши тергови бошланишида ҳибсга олинган. Аммо Озодлик манбаларига кўра¸ кўп ўтмай¸ COVIDга чалинди¸ деган баҳона билан аввалига стационарга¸ сўнгра эса¸ озодликка чиқарилган.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, Маҳмудовлар ҳам сариосиëлик Абдуғани Сангиновнинг ҳамюрти ва оилавий яқинлари. Фозил Маҳмудов Сардоба сув омбори қурилиши даврида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг "Ўзсувэнерго" жамиятида бош ҳисобчи бўлиб ишлаган. “Ўзсувэнерго”нинг раҳбари эса Сангинов бўлган. Фозилов¸ уни бевосита билганларга кўра¸ Сангиновнинг нафақат давлат¸ балки хусусий ҳолдингининг ҳам бош ҳисобчиси. 2017 йилда Сангинов янги тузилган "Ўзбекгидроэнерго" АЖ раиси этиб тайинланиши билан¸ Феруз Маҳмудов ҳам унинг молия бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган ва ҳозиргача шу вазифада қолмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ Сардоба сув омбори қурилишида субпудратчи этиб танланган 20 дан ошиқ хусусий компаниянинг 10 дан ошиғи Абдуғани Сангиновнинг оилавий ҳолдингидан ташқари¸ ҳамқишлоқлари номига очилган ва бевосита Сангиновга ҳисоб берадиган ширкатлардир. Бундай МЧЖлар сафида Sariosiyo Guliston" МЧЖ ҳам борлиги айтилади.

Айни пайтда Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган субпудратчи ташкилотлар орасида бевосита ҳозирги Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев ҳимоясидаги МЧЖлар борлиги ҳам айтилмоқда.

Улардан бири сифатида Озодлик манбалари "Омад дубл" МЧЖни тилга олди. Бу ташкилот раҳбарлари ҳам Сардоба иши фигурантлари¸ аммо уларнинг қамоқ ëки очиқда эканига оид маълумот Озодликда йўқ.

Бу компанияларнинг барчаси Сардоба қурилиш майдонига йўлланмани¸ Озодлик гаплашган мулозимларга кўра¸ бевосита “Ўзбекистон темир йўллари” раҳбари Очилбой Раматовдан олган.

Ëпиқ суд орқасидаги махфий келишувлар

Сардоба иши тергови ва судидан бевосита хабардор мулозим¸шунингдек, мутахассис ва судланувчиларнинг яқинлари фалокатда айбланаëтганларнинг аслида “катта акулалар"ни жавобгарликдан олиб қолиш учун қурбонликка келтирилган “майда балиқлар” эканини таъкидлади.

Ўзбекистон адлия тизимининг “Сардоба иши”дан бевосита хабардор мулозими суднинг ëпиқ ўтаëтганини ҳам шунга боғлади.

Суд очиқ ўтса¸ судланаëтганлар ҳақиқий айбдорлар номини айтиб юбориши мумкин эди-да! У ерда ҳеч қандай давлат сири йўқ¸ фақат катталарнинг - Сардобанинг асл айбдорлари номининг ошкор бўлиш хавфи бор эди¸ холос!”, - деди ном очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Озодлик суриштирув давомида судланаëтганлардан айримларининг оилалари билан боғланди. Улар яқинларига қўйилаëтган айблар¸ қамоқда қолаëтганларнинг ҳозирги вазияти ва эртаси ҳақидаги хавотирларини очиқ айтишдан қўрқишларини билдирди.

Ҳар бир судланувчи ўзидан жуда юқорида турган кимнингдир сирини сақлаб турибди. Тепадагилар билан улар буйруғини бажарган “стрелочниклар” ўртасида махфий келишув бор. Шунинг учун улар яқинлари ҳам¸ ичида норози бўлса ҳам¸ ҳозирча лом-мим демаяпти”¸ - дея иддао қилди жараëндан бевосита хабардор мулозимлардан яна бири.

Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган субпудратчи МЧЖ раҳбарларидан бирининг қариндоши ҳам шундай махфий келишув борлигини тасдиқлади.

“Биз билан Сангиновнинг ўғли Ислом гаплашиб турибди. Отам президентнинг олдига кириб чиқди¸ Зайнилобиддин билан гаплашди¸ ҳаммаси яхши¸ деб тинчитиб келяпти. Сангиновнинг битта ўғли Бош прокуратурада. Қолаверса¸ уларнинг орқасида Зайнилобиддин Низомиддинов (Президент администрацияси раҳбари) турибди. “Давлатга етказилган зарарни қоплади¸ айбига чин дилдан пушаймон бўлди”¸ деган асосда қариндошларимизга енгил жазо бериш ва озодликка чиқаришни ваъда қиляпти. Эвазига тергов ва судда Сангиновларга қарши кўрсатма бермаслик¸ жим ўтириш буюрилган”¸ - деди судланувчиларидан бирининг қариндоши Озодликка.

“Чўлдаги денгиз” ёхуд Мирзиёев-Сангинов “пирамида”си?

Oзодликнинг 2020 йил май ойида ўтказган дастлабки журналистик суриштируви 2010-2017 йилларда қурилган Сардоба сув омбори учун асосий масъуллар шахсига ойдинлик киритган эди.

Расмий маълумотга кўра¸ Сирдарë чўлида улкан сув омбори қуриш ғояси муаллифи Шавкат Мирзиëевдир.

Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда бошланган ва орадан кўп ўтмай, тўхтаб қолган. Озодлик манбалари бунинг сабабини сув омборини молиялаштириш жараëнидаги муаммолар¸ хусусан¸ маблағларни ўзлаштириш ва талон-торож қилиш билан боғлиқ суриштирув ва терговлар билан изоҳлади.

Очиқ манбалардан Сардоба сув омбори қурилишига оид топилган ягона расмий ҳужжат мана бу:

Бу президент Ислом Каримовнинг 2008 йил 2 октябрь куни имзолаган фармони. Унда 2009 йили давлат бюджетидан ажратиладиган марказлаштирилган капитал қўйилмалар учун чекловлар белгиланган.

Каримов фармонида Сардоба сув омбори учун Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига ажратиладиган маблағ 700 миллион сўм миқдорида чекланган. Марказий банк курси бўйича¸ 2008 йил октябрида бу маблағ тақрибан 523 минг АҚШ долларига тенг бўлган.

Газета.уз нашри ўзи кўрган ҳужжатларга таяниб¸ сув омбори қурилишининг 1.3 триллион сўм ëки 405 миллион АҚШ долларига тушганини ëзди. Бу рақам ҳукумат томонидан рад этилмади. Аммо қарийб ярим миллиард долларлик улкан давлат лойиҳаси¸ унинг молиявий манбаси ҳақида очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ.

Расмий баëнотлардан англашилишича¸ Каримов даврида, асосан пахта режаси ижроси учун масъул бўлган Бош вазир Шавкат Мирзиëев чўлда сунъий денгиз қуриш орқали Жиззах ва Сирдарëнинг сувсиз ерларини пахтазорга айлантиришни мақсад қилган.

Сардоба фалокатидан бир неча кун ўтиб-ўтмай¸ 2020 йилнинг 15 май куни Мирзиëев ўз ташаббусини оқлашга ҳам уринди.

"Албатта, кимдир савол бериши мумкин, шу сув омбори керакмиди ёки йўқмиди, деган. Ҳозир ҳам саволлар кўп. Нима учун Сирдарё билан Жиззах вилояти ҳеч қачон ривожланмаган? Сув бўлмаган. Деҳқон одам билади - пахтага беш-олти марта сув бериш кераклигини. Нега бошқа ҳудудларда 40-70 центнер бўлади, бу вилоятларда эса 15 центнер? Икки марта сув беролмасликдан. Иккинчидан - бирор марта такрор экин эка олармидик? Сув йўқ эди-ку? Шунинг учун 2010 йил энг тўғри хулоса бўлган".

Мирзиëевнинг Сирдарё чўли ўртасида қарийб 1 миллиард куб метр сув сиғадиган сунъий денгиз қуриш режасида Абдуғани Сангинов ва Очилбой Раматов белгиловчи ўрин тутади.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов (чапда)
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов (чапда)

Мирзиёев 2003 йили Бош вазирликка келганидан сўнг унинг яқин таниши Сангинов давлатга тегишли гидроиншоотларини қуриш ва ишга тушириш бўйича давлат корхонасини хусусий МЧЖ га айлантирди. Шундан сўнг давлатнинг миллиардлаб пуллик гидролойиҳалари Сангинов ширкатларига тўғридан- тўғри тақдим этиладиган бўлди. Раматов бошчилигидаги инжиниринг компаниялари эса, катта қурилишларда тендерсиз иштирокини бошлади. Бу лойиҳаларга чет элдан келадиган миллиардлик пуллар ажратилди. 400 миллион доллардан ошиқ Сардоба қурилиши ҳам айни шундай лойиҳалардан бири эди”.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига кўра, 2015-2016 йилларда ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Сардоба лойиҳасига ажратилган давлат маблағларининг оффшорга чиқиб кетиш схемасини фош қилиш бўйича суриштирув бошлаган. Бу жараëнда Раматов¸ Сангинов¸ Низомиддинов каби Мирзиëевга яқин мулозимларнинг бошига қора кунлар туша бошлагани айтилади.

Лекин Каримовнинг бевақт ўлими ҳаммасини ўзгартириб юборди. Суриштирув олиб борган ИИВ¸ прокуратура ва МХХ вакиллари эса узоқ муддатга қамалди”¸ - деди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мазкур жараëндан хабардор мулозими.

Озодлик ихтиëрида Бош прокуратура¸ ДХХ (собиқ МХХ) нинг ўта муҳим ишлар бўйича терговчилари юритгани айтилган бу тергов суриштирувига оид ҳужжат йўқ. Мазкур тизимда ишловчи айрим мулозимлар¸ шундай ҳужжатлар мавжудлигини инкор қилмади.

Ислом Каримовнинг ўлими пайтида тўхтаб қолган Сардоба сув омбори сатҳи Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан қайтадан улкан қурилиш майдонига айланди. Қурилишда бевосита ишлаган муҳандисларнинг айтишича¸ техник стандартлар талабига мувофиқ бир йилга чўзиладиган ишларнинг бир ойда қилингани ҳақида рапорт берила бошланди.

Ура-урачилик билан қурилган Сардоба сув омбори 2017 йилнинг 17 май куни унинг бош ташаббускори - президентга айланган Шавкат Мирзиëев томонидан қабул қилиб олинди.

Сув омборини президентга унинг бош муаллифлари - Очилбой Раматов¸ Абдуғани Сангинов ва Шавкат Ҳамраев (ўша пайтдаги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари) топширди.

Сардоба лойиҳасининг ташаббусчи ва бош ижрочилари сув омборини катерда кўздан кечирмоқда. 2017 йил¸ 17 май
Сардоба лойиҳасининг ташаббусчи ва бош ижрочилари сув омборини катерда кўздан кечирмоқда. 2017 йил¸ 17 май

Сардобани қабул қилганининг эртасига, 2017 йил 18 май куни Мирзиëев мавқеи вазирликка тенглаштирилган “Ўзгидроэнерго” АЖ ни ташкил қилиш ҳақидаги фармонни имзолади ва Сангиновни мамлакатдаги барча сув иншоотлари учун масъул қилиб тайинлади.

2017 йил 9 декабрь куни Мирзиëев Сангинов ва Ҳамроев¸ шунингдек¸ Сардоба сув омбори лойиҳасини чизиб берган “ЎзГИП” техник директори Умид Абдуллаевни яна бир бор тақдирлади.

Мирзиëев Сангиновга «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» унвони¸ Умид Абдуллаевга «Фидокорона хизматлари учун» ордени¸ Шавкат Ҳамраевга эса¸ «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» мукофотини берди. 2018 йил февралида Ҳамраев Сув хўжалиги вазири этиб тайинланди.

Сангиновни бу мукофот билан табриклаган “Ўзгидроэнерго” матбуот хизмати унинг нима учун берилганини яшириб ўтирмади.

Сангиновнинг республика гидроэнергетика тизимини тубдан ўзгартириш ва ривожлантириш Давлат Дастури ташаббускорларидан” экани таъкидланган расмий табрикда “Марказий Осиёда энг узун тўғонга эга - “Сардоба” сув омборининг фойдаланишга топширилганлиги” айнан Абдуғани Сангинов меҳнати маҳсули экани айтилди.

Аммо “энг узун тўғон” уч йилга бормай ëрилиши ортидан бу табрик “Ўзгидроэнерго” сайтидан олиб ташланди. Сангинов¸қолаверса¸ Раматов ва Ҳамраевларнинг Сардоба лойиҳаси учун бирламчи масъуллар эканини кўрсатувчи маълумотларни ҳам йўқ қилиш бошланди.

Аммо 2017 йилнинг 17 май куни Сардоба сув омборини Мирзиëевга тантанали топширган Раматов ҳам¸ Сангинов ҳам¸ Ҳамраев ҳам ҳамон Мирзиëевнинг ëнида.

Сангинов ва Ҳамраев Сардоба фалокати оқибатларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссиясининг аъзолари. Бу икки мулозим фалокат айбдорларининг жазоланиши муқаррар экани ҳақида баëнотлар бериб келади.

Ўзбекистон ва унинг халқига қимматга тушган лойиҳанинг бош ташаббускори президент Шавкат Мирзиёев эса, Сардоба масаласида, ўзи бот -бот такрорлайдиган адолатни қарор топтиришга ваъда берган.

«Халқимиз бир нарсадан кўнгли тўқ бўлиши керак, ҳеч қандай ортиқча гап-сўзларга ва миш-мишларга ўрин бўлмаслиги лозим.

Менинг топшириғимга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан сув тошқини билан боғлиқ воқеа юзасидан объектив, холис ва кенг қамровли тергов ҳаракатлари бошланган.

Халқимизни ишонтириб айтаман, тергов якунлари бўйича барча айбдорлар, ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради».

Сардоба иши бўйича суд ўз ҳукмини эълон қилиши арафасида, 16 апрель куни Самарқандда қилган чиқишида Мирзиëев Сардоба фожиаси ортидан халққа берган ваъдаларини бажариб¸ "юзи ëруғ бўлгани"ни эълон қилди.

“Ёдингизда бўлса, Сардобадаги сув тошқинида айтгандим: “Ҳали шундай пайтлар бўлади, одамлар орасида “Нега бизнинг кўчамизга шу сув келмади?” дейдиганлар бўлади, дегандим.

Мана, ҳамма шароитларини яратиб, кўчириб чиқардик аҳолини. Лекин мен ўша пайтдаги ҳолатни кўриб жуда қийналгандим. Бу синов қайдан келди, деб ўйлангандим. Худога шукур, халқимизнинг олдида юзимиз ёруғ бўлди”.

2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Тўғон ёрилиши оқибатида юз берган тошқин Ўзбекистон тарихидаги энг йирик аҳолини эвакуация қилиш амалиётига сабаб бўлди - юз минглаб одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди.

Ўтган вақт мобайнида кўплаб сардобаликлар ўзларига ажратилган ёрдам ёки товон пулини ололмагани, уй-жойга бўлган ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилиб келган. Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлар бор.

XS
SM
MD
LG