Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:37

Каримов қулоқчинни улоқтирган йиғин. Ўзбекистон 20 йилдан сўнг ЕТТБ анжуманига мезбонлик қилмоқда


Самарқанддаги йиғин Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистонидаги ислоҳотлар”ни кўз кўз қилиш учун фурсат бўлиши кутилади.
Самарқанддаги йиғин Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистонидаги ислоҳотлар”ни кўз кўз қилиш учун фурсат бўлиши кутилади.

16 май куни Самарқандда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банкининг йиллик анжумани бошланди. Бундан роппа-роса 20 йил муқаддам банкнинг Тошкентда ўтган йиллик анжумани Ўзбекистондаги қийноқлар ва инсон ҳақлари билан боғлиқ бошқа муаммолар сабаб халқаро можарога айланиб кетган эди.

Ташкилотчи ва иштирокчиларга кўра, ўтган 6 йилда Ўзбекистон Каримов давридагига нисбатан ўзгарган. Каримов даврида Ўзбекистонни тарк этган банкнинг 2017 йилдан мамлакат иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори 3 миллиард еврога етган.

20 йил олдинги саммитдан фарқли банк директорлар кенгашининг Ўзбекистонда тўпланиш ҳақида олган бу сафарги қарорининг ўзи танқид қилинаётгани йўқ. Аммо танқидчилар бор ва улар банкнинг Ўзбекистондаги айрим лойиҳалари шаффоф эмаслиги, меҳнат ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари, тарихий обидалар ва атроф-муҳитга зарар етказиш сингари ҳолатларга етарли эътибор қаратилмаётганини айтишади.

Самарқандда ўтаётган йиғин Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон"идаги ислоҳотларни кўз-кўз қилиш учун фурсат бўлиши кутилади.

Самарқандда ЕХҲТ йиллик йиғини ва бизнес форум.
Самарқандда ЕХҲТ йиллик йиғини ва бизнес форум.

ЕТТБ баёнотида айтилишича, Самарқанд анжумани барча томон учун очиқ.

“Сиёсатчилар, бизнес лидерлар ва экспертлар янада барқарор глобал иқтисодиётни яратиш бўйича амалий стратегияларни муҳокама қилиш учун Самарқандда йиғилади. Шунингдек, йиғин ЕТТБ ўтган йил давомида амалга оширган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва келажак учун режаларни белгилаш имкониятини беради. Банк барқарорликка сармоя киритиб, ўз мижозларини қўллаб-қувватлаш ва кучлироқ, барқарор келажакни қуришга ёрдам беришга интилади”.

ЕТТБ Ўзбекистонда муқобил энергия ишлаб чиқаришдан тортиб кичик бизнесни рағбатлантиришгача бўлган 129 та лойиҳани молиялайди.

Инвестициялар орасида зиддиятлилари ҳам бор.

Мирзиёев ЕТТБнинг Самарқанддаги йиғилишида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Самарқанд шаҳрига етиб борган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев бу ерда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ялпи сессиясида нутқ сўзлайди.

Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистон президентининг хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилаётгани қўшимча қилинган.

Қайд этилишича, Мирзиёев Самарқандга етиб бориши билан Ҳазрати Ҳизр мажмуасига ташриф буюриб, аввалги президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилган.

ЕТТБ лойиҳалари

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч” (Bank Watch)нодавлат ташкилоти иддаосича, ЕТТБ Ўзбекистонда амалга ошираётган юзлаб миллион долларлик лойиҳаларда очиқликнинг йўқлиги маблағларнинг мақсадли сарфланишини савол остига қўяди.

“Банкуотч” тадқиқотчиси Нина Лесихина 2017 йилдан бери ЕТТБ Ўзбекистонда молиялатган лойиҳаларни кузатади.

"Банквотч" тадқиқотчиси Нина Лесихина.
"Банквотч" тадқиқотчиси Нина Лесихина.

Унинг айтишича, банк молиялаётган баъзи корхоналарда меҳнат ҳуқуқлари поймол этилиши, айрим лойиҳаларнинг атроф-муҳитга хавф солаётгани, фермерлар ери тортиб олингани билан боғлиқ ҳолатлар "банкнинг вазиятни баҳолаш тизими заифлигини кўрсатади".

“Самарқанддаги ЕТТБ йиғинида Indorama Agro лойиҳаси биз кўтарадиган асосий масалалардан бири бўлади. Меҳнат ҳуқуқлари поймол этилиши баробарида инсон ҳаёти учун хавфли пестицидлардан фойдаланиш тўхтатилишини талаб қиламиз. Шунингдек, "Индорама"да касаба уюшмалар фаолиятига тўсқинлик қилинишига барҳам беришга чақирамиз”, - дейди Лесихина.

Икки йил аввал ЕТТБ миллионлаб доллар кредит берган Сирдарёдаги Indorama Agro ширкати фермерлар ерини тортиб олиш ва "ходимларни қулдек ишлатиш" билан боғлиқ можаро марказида қолган эди.

Лойиҳа Сирдарё ва Қашқадарёда пахта теримини механизациялаш ва пахта етиштиришнинг экологик меъёрларини яхшилашни назарда тутади.

Аммо лойиҳа маҳаллий фермерларнинг норозиликларига сабаб бўлган.

“Indorama agro ширкати устидан шу лойиҳа эҳтиёжлари учун ерлари олиб қўйилган фермерлар ва маҳаллий аҳолидан бизга жуда кўп шикоятлар тушган. Бир кун ичида уларнинг ерлари тортиб олиниб, ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолашга мажбур қилишган”, - дейди Нина Лесихина.

"Банкуотч"га кўра, Indorama Agro инсон саломатлигига зарарли бўлган пестицидлардан фойдаланиши ҳам хавотирли. Бу модда соғлиққа зиёни сабаб Европа ўлкаларида тақиқланган.

“Далаларда ишлатиладиган пестицидлар миқдори юқорилиги, асаларилар нобуд бўлаёттгани , чорва моллари қийналаётганидан аҳоли шикоят қилган”.

Ўзбекистоннинг Навоий вилояти Зарафшон ҳудудида ЕТТБ молиявий кўмагида қурилаётган 500 мегаватт қувватга эга шамол электр станцияси, ҳукумат расмийларига кўра, юз минглаб уйларни электр энергияси билан таъминлаши мумкин. Бу лойиҳа ЕТТБ ва АТБ томонидан молияланади.

Аммо, “Банкуотч” фаоллари иддаосича, лойиҳа минтақа биоҳилмаҳиллигига хавф солади.

2022 йил июнь ойида Зарафшондаги лойиҳа ҳудудига борган “Банкуотч” фаолларига кўра, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ушбу ҳудудни танлашда биоҳилмахилликка зарарни ҳисобга олмаган.

ЕТТБ ушбу лойиҳага 593 миллион доллар маблағ ажратган.

“Муаммо шундаки, бу ҳудудда ўта ноёб қушлар, жумладан, "Қизил китоб"га киритилган лочинлар макон топган. Шамол станцияси қурилиши уларнинг ҳаётига катта хавф туғдиради”, - дейди "Банкуотч" фаоли Андрей Ралев.

Мирзиёев ҳали ҳам ислоҳотчими? ТАҲЛИЛ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:36 0:00

ЕТТБнинг Самарқанд шаҳарда амалга ошираётган “Яшил шаҳар” лойиҳаси ҳам атроф-муҳит фаолларининг эътирозига сабаб бўлган.

Лойиҳаннинг мақсади шаҳардаги экологик муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, углерод чиқиндиларини камайтириш ва шаҳарнинг иқлим ўзгариши талабларига мослашишига ёрдам беришдир.

ЕТТБнинг 109 миллион долларлик ушбу лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳрида электр автобуслар қатновини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бунинг учун йўллар таъмирланади, янги йўллар очилади ва 95 миллион долларга 80та электр автобус сотиб олинади. Хабарларга кўра, Хитойдан аллақачон 20 дона Yutong электробуси Самарқандга олиб келинган.

Аммо “Банкуотч” фаолларига кўра, “Яшил шаҳар” лойиҳаси Самарқандда дарахтларнинг кесилиши, уйларнинг оммавий бузилиши, оилаларнинг мажбуран кўчирилиши каби кўплаб муаммоларга сабаб бўлган.

Ташкилотга 2019 йилда Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбони ҳудудида велосипед йўлаклари ва фавворалар қуриш мақсадида, 2020 йилда эса бассейн қуриш учун дарахтлар кесиб ташлангани ҳужжатлаштирган.

ЕTTБ йиллик йиғини 16 май куни Самарқандда очилди.
ЕTTБ йиллик йиғини 16 май куни Самарқандда очилди.

Қадимий обидалар "хавф остида"

Фаолларга кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши ЮНЕСКО ҳимоясидаги қадимий обидаларга ҳам хавф солмоқда. Cамарқандлик юрист - фаол Диёра Рафиева аввалроқ президент Шавкат Мирзиёевга хат билан мурожаат қилиб, лойиҳани тўхтатишга чақирган.

“Ўзбекистон ҳукумати ва халқаро ҳамжамиятга чуқур ташвиш билан ёзяпман. Тарихий Самарқандимизнинг вайрон этилишини зудлик билан тўхтатинг! Самарқанднинг эски қисми халқаро ташкилотлар муҳофазасида. У ерда тарихининг ҳар бир даври: қадимги Афрасиёб харобаларидан бошланиб, темурийлар даврига оид обидалар ва 19-асрда қурилган архитектура ёдгорликлари ҳамда совет даври иншоотлари бор. ЮНЕСКО Самарқандни – Маданиятлар чорраҳаси сифатида Жаҳон мероси рўйхатига киритган. Миллий қонун ҳужжатлари ҳам эски шаҳарни ҳимоя остидаги "музей-қўриқхона" сифатида тан олган”, дейилади мактубда.

“Банкуотч“нинг хавотирларига қарамай Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистонга ажратган кредитлари миқдори сўнгги беш йилда 4 миллиард доллардан ошган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки мутахассислари эса лойиҳаларни амалга оширишда барча томон фикри ўрганилишини айтишади.

“Биз очиқ ташкилотмиз. Аҳолини ташвишга солаётган, фуқаролик жамиятларини ташвишлантираётган барча масалаларда мулоқот қилишдан асло тўхтамаймиз ва биргаликда, ҳамма томон фикрини эшитган холда лойиҳаларни рисоладагидай амалга оширамиз”, дейди банк матбуот котиби Антон Усов.

ЕТТБ матбуот котиби Антон Усов.
ЕТТБ матбуот котиби Антон Усов.

ЕТТБ 1991 йилда собиқ совет мамлакатларида хусусий секторни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.

Банк таъсис шартномасида “кўппартиявийлик асосидаги демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва бозор иқтисодиётининг асосий тамойилларига” содиқ бўлган минтақа мамлакатларига ёрдам кўрсатиши таъкидланган.

Британияда яшовчи ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов фикрича, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида вазият мамлакатнинг аввалги раҳбари Ислом Каримов давридагига қараганда яхшиланган, лекин ҳукумат сиёсати ҳануз ЕТТБ мезонларига жавоб беришга яқин эмас.

“Мирзиёев ҳокимиятга келгач, у вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиляпти, бозор иқтисодиёти тамойилларига очиқ ва марказсизлаштиришга олиб келадиган, шунингдек, хусусий бизнесни қўллаб-қувватловчи макроиқтисодий сиёсатни эълон қилди. Инсон ҳуқуқлари соҳасида енгилликлар ва яхшиланишлар бўлди. Пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнат аста-секин бекор қилинди ва сиёсий маҳбуслар озод қилинди, “Жаслиқ” қамоқхонаси ёпилди. Буларнинг барчаси, умуман олганда, ЕТТБ ва бошқа молия институтларининг қайтиши учун қулай шарт-шароитларни яратди ва шу муносабат билан банк инвестициялари Ўзбекистонга оқа бошлади. Молиялаштириш миқдори ўтган йил охирида аллақачон йилига 900 миллион долларга етганини кўрамиз. Ўзбекистон сармоя жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди, десак бўлади.

Бу банк ва Ўзбекистон устида қора булутлар ариди дегани эмас. Ошкоралик ва қонун устуворлиги соҳасида, коррупцияга қарши кураш соҳасида ҳамон муаммолар бор. Ўтмишда Ислом Каримовнинг қизи бир неча миллион пора олгани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Менимча, бу маълум даражада инвестициялар шаклига таъсир қилади. Гарчи молиялаштириш ҳажми ортиб бораётган бўлса-да, инвестицияларнинг 76 фоизи барқарор ривожланиш инфратузилмасига йўналтирилаётганини кўрмоқдамиз, бу эса сув таъминоти энергетика соҳасида”, - дейди Алишер Илҳомов.

Каримов қулоқчинни улоқтирган йиғин

20 йил олдин Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар айнан инсон ҳуқуқлари туфайли кескинлашгани кўпчиликнинг ёдида.

2003 йилда президент Ислом Каримов хорижий сармояларни жалб қилишга интилиб, ЕТТБ йиллик анжуманини Тошкентда ўтказилишига эришган.

Ҳюьман Райтс Уотч (HRW) ташкилоти ўшанда банк қарорини танқид қилиб чиққанди.

"Ушбу юқори даражадаги йиғилишни ўтказишдан мақсад мезбон давлатда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни илгари суришми ёки минтақадаги энг репрессив ҳукуматлардан бирини мукофотлашми?",дея сўраган Ҳьюман Райтс Уотч.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари банк расмийларини “йиғилишда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ҳақида очиқ гапиришга” чақиришган.

ЕТТБ расмийлари айнан шундай қилишди, ЕТТБнинг ўша пайтдаги президенти Жан Лемиер ва Буюк Британиянинг ўша пайтдаги Халқаро тараққиёт вазири Клер Шорт инсон ҳуқуқлари бўйича тараққиёт зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистондаги қийноқларни қатъий қоралашди.

Каримов, Ғарб матбуотидаги хабарларга кўра, ЕТТБ билан олдиндан келишилганининг аксига, қийноқларни шахсан қораламаган.

Британия матбуоти Лемиер ва Шорт танқидий нутқ сўзлар экан, президент Каримов нутқнинг рус тилидаги таржимаси берилаётган қулоқчинларни намойишкорона ечиб отгани ҳақида ёзганди.

Мустақил таҳлилчи Алишер Илҳомов 20 йил олдин ўтган йиғин Каримовнинг кейинги қадамларида салмоқли из қолдирганини айтади.

“Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқидий мулоҳазалар билдирган, ўлим жазосини бекор қилиш талаблари янграганига гувоҳ бўлганман. Омма олдида ЕТТБ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакилларининг танқидларига кўмилган Каримов кўзойнагини ечиб, намойишкорона қулоқчинини ўчириб қўйгани ҳам ёдимда. Бу ўша пайтда кўпчиликда жуда салбий таассурот уйғотган ва бу таассурот узоқ вақт сақланиб қолди. 2003 йил охирида, Грузиядаги атиргул инқилобидан сўнг, декабрь ойида Очиқ жамият институти фаолиятини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Кейин HRW ва бошқа халқаро ташкилотлар қувила бошланди. 2004-2007 йилларда 200 та ташкилот Ўзбекистонда ёпилди. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашди ва бу Каримов режимининг яккаланишига олиб келди”, - дейди Алишер Илҳомов.

Банк 2003 йилги йиғинда Ўзбекистонга вазиятни яхшилаш учун бир йил муҳлат берди, аммо вазият яхшиланмагач ўз лойиҳалари ва инвестицияларини қисқартирди.

2005 йил майида ҳукумат кучлари Андижонда аксари қуролсиз намойишчиларни ўққа тутиши ортидан мамлакатга янги лойиҳалар учун пул оқими бутунлай тўхтади. 2010 йилда эса ЕТТБ Ўзбекистонда ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилди.

Каримов ўлими ортидан шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач ЕТТБ яна Ўзбекистонга қайтди.

“Биз Ўзбекистонга қайтдик, чунки мамлакат ўзгаряпти. Биласиз, банк бир муддат Ўзбекистонда ишламади. Қайтишимизнинг сабаби - ўзгаришлар. Мамлакат иқтисоди учун фойдали лойиҳалар қилишимизга кўзимиз етгани учун қайтдик. Бу лойиҳаларни, айниқса банк соҳасидаги ислоҳотларсиз амалга ошириш имконсиз”, - дейди ЕТТБ матбуот котиби Антон Усов.

ЕТТБга 2012-2020 йиллари кетма-кет икки муддат президентлик қилган Сума Чакраборти раҳбарлигининг охирги йилларида инвестициялаининг Ўзбекистонга оқими сезиларли ошгани кузатилди.

2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакраборти бошчилигидаги делегация учун Хиванинг "Нуриллабой" саройида зиёфат уюштирилгани шов-шув бўлганди.

Банк матбуот хизмати ўшанда Озодликка Чакраборти Ўзбекистонга шахсий сафар билан борганини айтган.

2020 йилда Чакраборти ЕТТБ раислигидан кетиши ортидан Ўзбекистон президентининг иқтисодий тараққиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди. Бу ҳақда унинг ўзи Твиттерда эълон қилди:

“Ўзбекистон Президенти Мирзиёев мени иқтисодиётни ривожлантириш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаётганини эшитганимдан хурсандман. Унга ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ёрдам беришни интиқлик билан кутаман”.

Британияда чиқадиган Financial Times нашрига кўра, “демократия бўйича қатъий мандат”га қарамай, ЕТТБ йиллик 10 миллиард евро миқдоридаги кредитнинг муҳим қисмини авторитар раҳбарлар бошқарувидаги мамлакатларга йўналтирган.

Нашр ўтган йил 30 январда эълон қилган “ЕТТБ озодликни молиялашда давом этадими?” сарлавҳали мақолада Ўзбекистонни тилга олмаган.

Танқидчиларга кўра, ЕТТБнинг ҳозирги кредитлаш амалиёти “ҳақиқий демократик давлатлар билан ишлаш ҳақидаги дастлабки мандатига мутлақо мос келмайди ва банк ўз фаолиятини кескин қайта кўриб чиқиши керак”.

Ўзбекистон марказий банкига кўра, мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 40 миллиард доллардан ошади.

Халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзларнинг барчаси, жумладан, ЕТТБдан олинган кредитлар ҳам бюджет маблағлари ҳисобидан қайтарилиши белгиланган.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Самарқанддаги йиллик анжумани президент Шавкат Мирзиёев ўтган икки муддатини ноллаштириб, амалда учинчи, бу сафар 7 йил муддатга президентликка сайланишга ҳозирлик кўраётган паллада ўтмоқда. Мирзиёевнинг режаси Европа банкининг демократия, яхши бошқарув, шаффофлик ва ҳисобдорлик сингари қадриятларига унчалик мос келмаслиги мумкин. Аммо Мирзиёевнинг ўзини жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб қувватланаётган ислоҳотчи сифатида тақдим этиш режаларига мос келади.

Форум

XS
SM
MD
LG