Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:22

Самарқанд ҳокими барча ташкилотларни пахтага ётоғи билан оммавий сафарбар қилди


Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев барча давлат ва хусусий ташкилотлар ходимларини ётоғи билан оммавий пахта теримига сафарбар қилди. Ҳоким селектор мажлисида бу ҳақда гапирар экан, ҳатто иш ўрнини қолдириши мумкин бўлмаган ташкилотлар ходимларига ўз ўрнига одам ёллаб чиқаришни буюрди. Бундай ҳолат президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилди, деб БМТ минбаридан туриб айтган гапларидан сўнг содир бўлмоқда.

Озодлик Самарқанд ҳокими Туробжон Жўраев ўтказган селектор мажлисининг аудиоёзувини қўлга киритди.

Самарқанд ҳокими барча ташкилотларни пахтага ётоғи билан оммавий сафарбар қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00
Бевосита линк

Ҳоким мажлисда барчани сенлаб гапирар экан, пахтага оммавий сафарбарлик ҳақида қатъий буйруқ беради:

“Барча туман ва вилоят ташкилотлари, менга бирортанг баҳона қилмайсан, бирортангни гапингни ҳам эшитишни истамайман. Бугундан бошлаб ходимларингни оммавий сафарбарликка чиқарасан. Ҳаммаси ётоққа чиқади”, дейди Туробжон Жўраев.

Ҳоким тадбиркорларнинг ўзларига пахта теришни ёки ўрнига мардикор сотиб олишни буюради:

“Департамент вакиллари ҳокимлар билан биргаликда ўзимизнинг ҳудудларда жойлашган тадбиркорларни йиғиб, ана ўшаларнинг ўзидан одам чиқаради. Тадбиркорлар хоҳласа ўзини хотини билан чиқиб терсин, хоҳламаса мардикор сотиб олиб, ўрнига олиб чиқсин. Ётоққа олиб чиқсин ва пахтани терсин”, дейди Туробжон Жўраев.

Ҳоким мажлисда гапирар экан, барча ташкилотлар вакилларини бирма-бир турғизиб, пахтага кам одам чиқараётгани учун койиди ва пахтани “каттахоласи” териб бермаслигини уқтиради:

“Дон корхоналаридан чиқарасан, ҳаммани пахтага. Мана сенда 10711 нафар ходиминг бор, лекин бор-йўғи 1550 нафар чиқяпти. Эртага ёппасига ётоққа чиқади ҳамма. Қани бориб жойлашиб олсин, термай кўрсинчи. Пахтани мен ким билан тераман, каттахолам билан тераманми?", дейди ҳоким масъул раҳбарга.

Туробжон Жўраев, айниқса, банк ходимларини қаттиқ тергайди:

“Керак бўлса, сотма валютангни, ишим йўқ мени. Юз фоиз олиб чиқасан. Ўзинг қоладиган бўлсанг, ўрнингга одам олиб чиқ, деб айтдим, сенларга. Поголовна, калланг билан жавоб берасан, мана шу иқтисодиёт комплексига. 3212та одаминг бор, чиқади ҳаммаси. Оила аъзоси бор, бошқаси бор. Банкда ишлайман деса, чиқади. Бўлмаса кетсин, давлатнинг банкида ишламасин. Ҳамманг тушундингми, сен банкирлар”, дейди ҳоким.

Вилоят ҳокими мажлис бошида "халқ таълими ва соғлиқни сақлашдан бошқа ҳаммаси пахтага чиқади", деган эди. Лекин, мажлис ярмида, Самарқанд вилояти Давлат санитария ва эпидемиология маркази ходимларини соғлиқни сақлаш тизимида ишлашини ёки унутиб қўйди, ёки буларнинг ишини муҳим деб ҳисобламади. Ҳоким ДСЭМ ходимларини ҳам ёппасига пахтага ҳайдади:

“Вилоят санитария эпидемиология маркази. Менга қаранг, 220та одамингизни тўлиқ олиб чиқасиз. Бирортаси ҳам қолмайди. 20 кунга ҳеч ким ўлиб кетмайди, ҳамма ёқни эпидемия босиб кетмайди. Тушунарлими, биттанг ҳам қолма!”, деди ҳоким.

Вилоят ҳокими раҳбарларга ақл билан ишлашни маслаҳат берар экан, “ўзинг чиқмасанг ўрнингга одам ёлла” деб маслаҳат берди:

“Қайта-қайта айтяпман. Ақл билан ишлайлик. Мана, масалан, банк. Банкда учта-тўртта ходим бор, тегиб бўлмайди уларга. У пахтага чиқиши керак эмас, лекин ўрнига одам беради. Оиласи аъзоси чиқадими, бориб бирорта мардикорни оладими, это твой проблема. Ҳаммангни тақдиринг ўзинг қўлингда”, деди Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТда қилган чиқишида мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилгани ҳақида баëнот берган эди.

Бироқ, президент гапларининг сиёҳи ҳали қуримай туриб, пахта теримида мажбурий меҳнат яна аввалгидай жорий қилинаётгани кўзга ташланмоқда.

Озодликнинг бу масалага муносабат олиш учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан боғланишга қилган бир неча уринишлари самара бермади.

XS
SM
MD
LG