Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:51

"Навбат "кўча"дан қолишмайдиган раҳбарларга!" – тармоқлар жиноят оламига қарши рейдлар ҳақида


Салим Абдувалиев ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш (ЖКнинг 248-моддаси)да гумон қилинмоқда.
Салим Абдувалиев ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш (ЖКнинг 248-моддаси)да гумон қилинмоқда.

Ўзбекистонда жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев ҳибсга олинди. Бу ҳақда 5 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.

Салим Абдувалиев ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш (ЖКнинг 248-моддаси)да гумон қилинмоқда.

У Ўзбекистондаги жиноят оламининг охирги ҳафтада ҳибсга олинган энг юқори мартабали намояндасидир.

Кўчага қарши рейдлар деб аталаётган оммавий ҳибсга олишлар пировардида қонун устуворлигига олиб келишига шубҳа қилаётганлар кўп.

Аксар фаоллар маҳаллий мафия ва жиноий авторитетлар аввалроқ жиловланиши керак эди, деган фикрда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов охирги ҳодисаларни “ҳечдан кўра кеч” деб изоҳлаган.

“Aфсуски, кейинги пайтларда самосудлар, ўзаро низоларни қонундан ташқари ажрим қилиш ҳолатлари кўпайганди. Кейинги қадамлар кўча безориларидан қолишмайдиган раҳбарчаларнинг жиловини тортиш бўлиши лозим. Одамлар ижтимоий адолатни ҳис қилиши керак. Aдам Смит айтганидек: “Одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизликларнинг оқибатларини кўрсатиб турмоқ зарур”, деб ёзди Ташанов.

Тармоқ фаоли Шерали Комилов жиноят оламига қарши амалиётнинг навбатдаги босқичида “кўча”га валинеъматлик қилган ИИВ, прокуратура, суд, солиқ, божхона ходимлари жавобгарликка тортилиши ҳақидаги тахминни илгари сурди.

“Занжир реакцияси аллақачон бошланган. Уни тўхтатиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди у.

"Биродарлик ҳалқаси" ва президентнинг кенжа куёвини нима бирлаштиради?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:40 0:00

Мирзиёев даврида ҳукумат расмийлари, ҳатто президент оиласи мансубларининг жиноят оламига дахлдор деб кўриладиган зиддиятли шахслар билан тадбирларда ёнма-ён туриши одатий ҳолга айланган.

Блогер ва ҳуқуқшунос Зафарбек Солижонов айни шу ҳолатга эътибор қаратади.

“Битта катта хато бўлди. Энг тепадагиларнинг айрим мансабдорлари “кўча авторитетлари” билан ҳам, шу каби безорилар билан ҳам видео, расмга тушаверди, тадбирларда ёнма-ён ўтираверди, ўзаро суҳбат қилаётганлари интернетга сиздирилаверди. Дистанция сақлашмади. Бу эса мазкур инсонларнинг тепа билан алоқаси бор деган қарашни шакллантирди”, дейди Солижонов.

Сиёсий ва жиноий жабҳа ўртасидаги чегараларни қоришуви омма онгида “кўча машҳурлари”га нисбатан симпатия ҳам ҳосил қилиб улгурган. Блогерга кўра, мавжуд вазият давлатнинг “кўча”га кучини кўрсатиб қўйишини тақозо этган.

Тармоқларда “Жиноят олами вакиллари шу қадар қонунларга беписанд бўлиб кетган экан, нега ҳуқуқ идоралари ўз вақтида чора кўрмади, яранинг газак олишига томошабин бўлиб турди?” қабилидаги эътирозлар ҳам билдирилмоқда.

“Ҳаммаёғимиз “кўча” бўлиб кетган экан-ку! Қандай яшадик бунча “кўча”лар орасида? Наҳотки яшадик?!” деб ёзди блогер ва жамоат фаоли Алишер Назар.
Тошкентда жиноий гуруҳларга қарши кенг кўламли амалиёт 25 ноябрь куни “Ҳумо Арена”даги концерт чоғида юз берган тартибсизлик ортидан бошлангани хабар қилинган эди.

Озодлик манбалари қозоғистонлик рэпер Jah Khalibнинг концертидаги тартибсизликлар пайти бир неча миллий гвардиячи пичоқлангани, камида бир ходим ўлганини айтган эди.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса ушбу рейдлар аввалдан режалаштирилганидан баҳс этди.

“Мартабали “номаълум” манбаларнинг маълум қилишича, бу қўлга олишлар 21 ноябрь куни бошланган “Долзарб 40 кунлик” номли, узоқ вақт тайёрланган махсус операция доирасида амалга оширилаётган экан. Яъни “Ҳумо Арена”даги концертга алоқаси йўқ. Эртароқ бошлашга аризалар йўқлиги халал берган экан – ҳозир қўлга олинаётган одамлар устидан ариза ёзиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга ҳар кимнинг ҳам “духи” етавермайди, деб манбаларнинг ўзи ҳам тан оляпти. Бунда муаммо қўлга олинаётганларнинг ҳаддан ташқари қудратли эканидами ёки ҳуқуқ-тартибот органларига ишонч пастлигида – бу алоҳида мавзу шекилли”, деб ёзди журналист.

Айни пайтда маҳаллий ОАВда кенг ёритилаётган рейдлар айбсизлик презумпциясига доир хавотирларни ҳам ўртага чиқармоқда.

“Кейинги кунлардаги қамоққа олишларга гап йўқ, бироқ айбсизлик презумпцияси ҳалиям кучдами деган савол юзага келяпти. Ёки Каримов давридагидек истаган одамни ичкарига опкирволиб ОАВда судсиз бадном қилиш амалиёти қайтдими? Тўғри, буларнинг аксари жиноятчи эканини кўпчилик билади, аммо шундай бадном қилиш амалиёти эртага бегуноҳ инсонларга нисбатан ҳам қўлланмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди? Янгиланган конституцияда бу ҳақида нима дейилган эди?” дея савол қўйди блогер Обиджон Латипов.

Ҳокимиятга яқинлашган Салимбой Мирзиёевга "ҳеч кимни яқинлаштирмаслик"ка онт ичди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:42 0:00

Тармоқ фаоллари фикрича, суриштирув, тергов ҳамда суд жараёнлари шаффоф ва очиқ ўтиши лозим.

Жиноят оламига қарши рейдлар фонида жамиятда тобора чуқур илдиз отиб бораётган коррупцияга қарши аёвсиз курашиш лозимлиги ҳақида ҳам чақириқлар янграмоқда.

“Орган ходимлари кўз очиб юмгунча ўнлаб жиноий авторитетларни қамоққа олди. Демак, хоҳиш бўлса бошқарув ва суд-ҳуқуқ тизимидаги коррупционерлар қўлига ҳам кишан уриш мумкин. Хўш, нега шундай қилмаяпмиз? Ахир, коррупциянинг зарари мафияникидан кам эмас-ку?!” дейди тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Таниқли шифокор, профессор Зарифбой Ибодуллаев эса ҳукуматни "фарммафия"га қарши зудлик билан кураш бошлашга даъват қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG