Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Москвада рейдлар давомида 200дан зиёд хорижлик ҳибсга олинди


Москва полицияси ноқонуний фаолият юритган тўртта тикув цехида ишлаган 200 дан зиёд хорижлик фуқарони қўлга олди. Хованский қабристонидаги ҳодисадан кейин Россия пойтахтида нолегал муҳожирларни аниқлаш бўйича оммавий текширувлар ва рейдлар давом этмоқда. Озодликка мурожаат қилаётган муҳожирлар рейдларлар қаттиқ азият чекаётганини билдирмоқда.

Ноқонуний тикув цехида 200 зиёд одам ишлаган

Москва полицияси шаҳарнинг жануби-шарқида жойлашган яширин тарзда иш олиб борган тикув цехи ишчиларини ҳибсга олди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси рейд давомида 206 нафар хориж фуқароси ушланганини аниқлаштирди, бироқ улар қайси давлатлар фуқаролари эканини очиқламади.

Маълумотларга кўра, мазкур цехларда жаҳонга донғи кетган брендлар логотипи туширилган спорт кийимлари ишлаб чиқарилган. Тайёр маҳсулот улгуржи бозорларда сотилган.

Полиция босган биноларда корхона ишчилари яшашига мослаштирилган хоналар ҳам топилган. Москва полициясига кўра, рейд чоғида 491 та тикув машинаси, трафаретлар, кийим тикиш учун лозим бўлган материаллар ҳамда машҳур брендларнинг товар белгиси туширилган 216 дона тайёр маҳсулот мусодара қилинган.

Қўлга туширилган мигрантларнинг 108 нафарига Россияда миграция қонунларини бузгани учун, 98 нафарига нисбатан эса ноқонуний меҳнат фаолияти юритгани учун маъмурий протокол тузилгани айтилди. Жорий йилнинг феврал ойида Москванинг ертўла тикув фабрикаларида 200 зиёд Вьетнам фуқаролари ушланган эди.

Москвада рейдлар давом этмоқда

Айни пайтда, полиция рейдлари ва “зачисткалари” Москва шаҳрининг барча туманларида давом этмоқда.

Озодлик таҳририятига Хамовники полиция бўлимидан қўнғироқ қилган водийлик Муҳаммад ҳамма ҳужжатлари жойида бўлиши ва расман ишлаётганига қарамасдан 10 соатдан бери ушлаб турилганини маълум қилди.

У рейд давомида 150 яқин одам ётоқхоналардан олиб кетилганини гапиради:

- Биз ётоқхонада туриб, соат бешда ишга жўнаб кетаётувдик. 5:20ларда Лужник олдидаги ётоқхонамизда облава қилиб, Арбат ва Хамовники туман дворниклари, фаррошларини автобусларга босиб олиб келишди эрталабки 6:20да мана шу ерга. 3 автобус одам келтирилди! Эрталабдан бери ўтирибмиз – 10ча одамни олиб чиқиб кетган,дарак йўқ. Мелисалар мажлислар залига ҳаммамизни қамаб қўйган. Иккита райондан тахминан 150 одам келтирилган. Мен ҳозир иккита ўғлим ва жияним билан ўтирибман. Ўзимиз Арбат районида ишлаётганимизга 1 йил бўлди яқинда. Ҳужжатларимиз, шартномаларимиз бор, патент ва тўловларимиз, регистрациямиз бор. Бизга ҳеч нима тушунтирмаяпти, бошлиқларимиз ҳам келиб-кетди... Эрталабдан бери оч ўтирибмиз, яхши ҳам қирғиз боллар деразадан сомса-помса олиб келиб берди. Мана 9-10 соатдан бери ушлаб туришибди. Документимиз бўлса, айбимиз нимада?! – деди Муҳаммад.

Москванинг Марказий округига қарашли Хамовники Ички ишлар бўлимида Озодлик сўровига тонг саҳарда Лужникидаги ушланган меҳнат муҳожирлари текширувдан ўтказилаётганини тасдиқлашди.

Ўзини таништирмаган бўлим навбатчи офицери мигрантлар “режа асосида олиб борилаётган рейд давомида ушлангани”ни маълум қилди:

- Миграция режими текширилаяпти. Ахир тушунинг: улар 100 кишидан ортиқ келтирилган ва гуруҳ-гуруҳга ажратилиб текширувдан ўтказилаяпти. Аниқроғи, 120 киши олиб келинган. Одамларни аста-секин қўйиб юбораяпмиз. Деярли ярмисини қўйвордик. Сиз хавотир олманг – ҳужжатлари жойида бўлса улар албатта қўйиб юборилади, деди полиция ходимаси.

Бир оз вақтдан сўнг Муҳаммад деярли барча ушланганлар полиция бўлимидан чиқариб юборилганини Озодликка хабар берди.

МЧС, миграция хизмати ва полициянинг ҳамкорликдаги амалиётлари шу йилнинг 14 майида Москванинг Хованское қабристонида кавказлик ва марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ўртасида содир бўлган қонли тўқнашувдан кейин бошланиб кетди. Шаҳар ҳукумати ва қабристон маъмурияти жанжални бошлашда қабристонда ишлаётган гўрков-муҳожирларни айблашга шошилди.

Бундан олдинроқ, 30 январда, Москвада тикув цехида чиққан ёнғин оқибатида марказий-осиёлик 12 муҳожир, жумладан 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ортидан мэр Сергей Собянин хуфёна ва ошкора тарзда ишлаётган тикув фабрикаларини текширувдан ўтказишни буюрган эди.

XS
SM
MD
LG