Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:20

Россия сенатори: "Ўзбекистон ва Тожикистон билан виза жорий этилсин"


Ховянский қабристонидаги жанжалда уч киши ҳалок бўлган ва яна камида 23 киши касалхонага ётқизилган
Ховянский қабристонидаги жанжалда уч киши ҳалок бўлган ва яна камида 23 киши касалхонага ётқизилган

Россия сенати – Федерация Кенгаши вакили МДҲга аъзо қатор давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига виза тартибини жорий этиш талаби билан чиқди.

Сенат мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Евгений Серебренниковнинг РИА Новости агентлигига маълум қилишича, бундай талабнинг қўйилиши Москвадаги Хованский қабристонидаги каби қонли ҳодисаларни бартараф этишга қаратилган.

"Миграцион қонунчиликни текислаш ва кескинлаштириш вақти келди. Биз у ёки бу қонунни қабул қилаётган пайтимизда одатда демократик давлатлар тажрибасига таянамиз, лекин айрим ҳолларда бундай қилиш нотўғри. Давлат хавфсизлиги муҳимроқдир," деди сенатор Евгений Серебренников.

Россия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, 14 май куни Москванинг Хованский қабристонида юз берган оммавий жанжалда уч нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган ва яна 23 нафари шифохонага ётқизилган.

Яраланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги хабар қилинади.

Хабарда таъкидланишича, жанжалда Ўрта Осиёлик ва Қафқозлик 200га яқин одам иштирок этган ва улардан 50 нафари ҳодиса жойида ушланган.

РИА Новости агентлиги ўз манбасига таяниб маълум қилишича, жанжал қабристонда ишловчи Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига Доғистон ва Чеченистонликларнинг ҳужум қилиши билан бошланган.

Қонли ҳодисага кавказликларнинг ўрта осиёликлардан ўлпон талаб қилиши сабаб бўлган.

Евгений Серебренников охирги бир ой ичида Ўрта Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан виза тартибини жорий этишни талаб қилган Россия парламентининг учинчи вакилидир.

2 майда Россия Федерация Кенгаши мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси бошлиғининг муовини Франц Клинцкевич, Марказий Осиё мамлакатлари билан виза жорий этиш таклифи билан чиқиш ниятида эканини айтганди.

У Россия виза ўрнатиши керак бўлган давлатларни тилга олмаган, аммо "гап Қирғизистон ва Қозоғистон ҳақида бормаяпти", деганди.

29 апрелда эса Россия парламенти қуйи палатаси - Дума вакили Иля Дроздов ҳам айни таклиф билан чиққанди.

У ўз таклифини Марказий Осиё мамлакатларида русларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани билан изоҳлаганди.

Аммо таҳлилчилар назарига кўра, ҳозирги шароитда собиқ Совет Иттифоқи республикалар фуқароларига виза жорий этиш учун Россияда на молиявий на жисмоний имконият мавжуд.

XS
SM
MD
LG