Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:57

Марказий Осиёда таъсир учун кураш: Хитой ва Россия муросасиз душманга айланадими?


Хитой ва Россия раҳбарлари ШҲТ саммитида. Остона, 4 июль, 2024.
Хитой ва Россия раҳбарлари ШҲТ саммитида. Остона, 4 июль, 2024.

Пекин Марказий Осиёда нуфузини оширмоқда, Москва эса бунга қаршилик қилишга уриняпти, деб ёзди Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммитини таҳлил қилган Ғарб нашрлари. Матбуот ШҲТ халқаро ташкилот ўлароқ ўз самарадорлигини кўрсата олмаётганини урғулаган.

Чет эл медиаси Қозоғистонда АЭС қурилиши мавзусига ҳам эътибор қаратди.

Марказий Осиёда Хитой ва Россия рақобати

“Россия Украина билан давомли урушга ўралашиб, Хитой маҳсулотларига тобора қарам бўлиб қолмоқда. Бу пайтда Пекин бир пайтлар Кремл таъсир доирасида бўлган минтақа – Марказий Осиёда ўз нуфузини жадаллик билан оширяпти. Россия эса, ўз навбатида, қаттиқ қаршилик қилмоқда”, дейилади New York Times газетасининг Хитой-Россия рақобатига бағишланган мақоласида.

Кет Брэдшер ва Анатолий Курманаевнинг ушбу мақоласи 3-4 июл кунлари Остонада ўтган ШҲТ саммитидан олдинроқ чоп этилди. Қозоғистон пойтахтидаги учрашувда ШҲТга янги аъзо – Беларус қўшилди. Бироқ бу асосий воқеа эмас, парда ортида нималар бўлаётгани муҳим.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

Россия президенти Владимир Путин санкциялар шароитида иқтисодиётни ва ҳарбий саноатни ушлаб туриш учун Хитойга катта умид боғлаган, деб ёзишаркан муаллифлар Москва Пекиннинг Марказий Осиёдаги постсовет республикалар билан алоқа ўсганини тан олаётганини урғулаганлар. Россия ва Хитойнинг иқтисодий қудратидаги улкан тафовут ушбу икки ўйинчининг Марказий Осиёдаги рақобатини Кремл учун маъносиз қилиб қўяётир, шу боис Москва Остона саммити каби анжуманларда иштирок этиш билан “собиқ сателлитлари”га таъсирини сақлаб туришга ҳаракат қилмоқда, дейилади яна мақолада.

Марказий Осиё – Москва ҳамда Пекин учун муҳим транспорт йўлагидир. Россия минтақа орқали Жанубий Осиё бозорига чиқади, Хитой эса Си Цзинпиннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Каспий орқали Европага қуруқлик йўли очмоқда.

Россия билан Хитой Марказий Осиёда нафақат рақобатлашади, балки ҳамкорлик ҳам қилишади, улар минтақа барқарорлигидан манфаатдор ва бу масалада Ғарб ҳарбийлари билан маслаҳат қилмайдилар, дейди Берлиндаги Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази директори Александр Габуев.

“Улар минтақавий барқарорлик дунёвий, номусулмон ва бирмунча репрессив ички сиёсат юритувчи авторитар режимларга таянишини кўриб туришибди”, дея изоҳ беради Габуев.

ШҲТ саммитини Wall Street Journal газетаси ҳам таҳлил қилган. “Пекин ва Москва: “чегарасиз дўстлик”дан Россиянинг орқа ҳовлисидаги душманликка қадар” номли мақолада ҳам икки йирик мамлакатнинг Марказий Осиё учун рақобати ҳақида сўз боради.

“Икки қудрат, ўз назарида, Ғарбнинг уларни тийиб туриш кампаниясига қарши туриш учун бирлашмоқда. Бироқ Москва ўз томорқаси деб ҳисобловчи Марказий Осиёда икки томоннинг “чексиз” дўстлиги Пекиннинг глобал амбициялари билан тўқнаш келяпти”, дейилади мақолада. Кўп йиллар мобайнида минтақа устида норасмий тақсимот мавжуд эди: Россия – хавфсизлик учун, Пекин эса инвестициялар ва ривожланишга масъул эди. Мақола муаллифи Ша Хуа фикрича, ҳозирда Хитой ўз сиёсий нуфузини ошириш учун иқтисодий қудратига таяниб ушбу балансни бузаётир.

2023 йилда Хитой билан Марказий Осиё ўртасида маҳсулот айланмаси 89 млрд долларга етди. Пекин минтақанинг асосий савдо ҳамкори мақомини Россиядан олиб қўйди.

АҚШ газетаси мақолада Тошкентдаги “Прогрессив ислоҳотлар маркази” таҳлил маркази асосчиси Миршоҳид Аслановдан иқтибос келтирган: “Биз Россия билан дўстмиз, лекин айни чоғда бошқа имкониятларни ҳам излаймиз. Биз сабрсизлик билан Шарққа қараб турамиз”.

“Ичи бўш” ташкилот

Марказий Осиё ва Хитой бўйича эксперт Темур Умаров Россия ва Евроосиёни ўрганиш бўйича Карнеги маркази сайтида эълонн қилинган мақоласида Остонада ўтган ШҲТ саммитини таҳлил қилган. Муаллиф мазкур анжуман дунё эътиборини тортди ва айни чоғда ташкилотниннг “пуч”лигини кўрсатиб қўйди, деб ҳисоблайди.

ШҲТ 2001 йилдан бери арзигулик муваффақиятга эриша олмади; ташкилотга кирган ҳар бир янги мамлакат ўз ташқи сиёсий амбицияларини олға суришда ундан фойдаланиб ташкилот самарадорлигига путур етказмоқда, деб ишонади Умаров.

Москва ўз ташқи сиёсий авантюраларида ШҲТдан дастак кутган эди. 2008 йилда россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев Жанубий Осетия мустақиллиги масаласини кўтарди, 2014 йилда Қримни тан олиш масаласи кун тартибига чиқди, 2022 йилда эса Москва БМТдаги Украина уруши бўйича овоз бериш жараёнида ШҲТ мамлакатлари позицияси бир хил бўлишини истади.

Хитой ҳам худди шу тариқа ўзининг “ягона тақдир ҳамжамияти” қабилидаги конструкцияларини бошқаларга тиқиштирмоқда. Қозоғистон эса транзитни ривожлантиришга қистайди.

Умаров Хитой ва Россия рақобати ШҲТ ривожланишини тўхтатиб қўймоқда, деган тезисни илгари сурган. 2000-йилларда ШҲТ постсовет маконда нафақат Россия, балки Хитой ҳам тош босадиган илк ташкилот бўлган эди, деб ёзади муаллиф. Дастлаб Пекин ШҲТни у орқали ўзининг Марказий Осиёдаги асосан хавфсизлик ва иқтисодиётга доир амбицияларини рўёбга чиқариш мақсадида ишчи тузилмага айлантиришга уринди. Хавфсизлик соҳасида аъзо мамлакатларнинг қўшма машқларини мунтазам ўтказишга, мудофаа ва кучишлатар идоралар раҳбарлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишга муваффақ бўлинди. Марказий Осиёдан НАТО ҳарбий базалари чиқариб юборилганини ҳам ШҲТ фаолияти натижаси деб аташ мумкин, дейди Умаров.

Айни чоғда иқтисодий соҳада ҳамкорлик бу даражага чиқмади. Россия Хитойнинг тараққиёт банки ва эркин савдо зонаси яратишдек икки асосий ғоясини блоклади. Натижада Пекин ШҲТни ривожлантиришга қизиқишини йўқотиб, мустақил ҳаракат қила бошлади. Ўшандан бери Марказий Осиёнинг Хитой билан иқтисодий ҳамкорлиги “Бир макон, бир йўл” ташаббуси, икки томонлама битимлар ва яқиндан бошлаб – олти томонлама “Хитой + Марказий Осиё” формати доирасида бўлмоқда, дея қайд этади муаллиф. Пекин минтақага қурол-аслаҳа етказиб бериш ва икки томонлама ҳарби машқлар ўтказиш билан хавфсизлик соҳасида ҳам ШҲТни четлаб ўтаётир.

Украинага босқин: 861-кун | Ўзбек ҳарбийлари Беларусдаги парадда иштирок этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:08 0:00

Натижада, Россия ШҲТни кенгайтириш таклифини илгари сура бошлаган паллада Хитой учун ушбу ташкилот хийла қадрсизланиб бўлган эди. 2017 йилда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистон, 2022 йилда – Эрон, кечаги Остона саммитида эса Беларус аъзо бўлиб кирди. Бунақа ранг-баранг давлатлар йиғиндиси ҳар қанақа ташаббуснинг амалга оширилишини қийинлаштириб қўяди, деб ёзади муаллиф.

“ШҲТ деградацияси – Россиянинг ташқи сиёсатдаги тизимсизлиги ҳатто СССР парчаланганидан кейин Москва монопол мақомини сақлаб қолган ҳудудларда ҳам Россия нуфузи қандай қирқилаётганига яна бир мисолдир. Россия, Хитой билан рақобатдан қўрқиб ШҲТни самарали минтақавий ташкилотга айлантириши мумкин бўлган ташаббусларга тўғаноқ бўлган эди. Аммо якунда шундай бўлиб чиқдики, Хитой Марказий Осиёда барибир ўз таъсирини мустаҳкамлади, Москванинг қўлида эса фақат учрашувлар ўтказишу иззат-нафсига сув сепадиган сарлавҳалар ясашга ярайдиган институт қолди, холос”, дея хулоса қилади эксперт.

Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича референдумни кутиб

Инглиз тилли Eurasianet сайти Қозоғистоннинг АЭС қуриш бўйича референдум ўтказиш режалари ва жамиятдаги шу билан боғлиқ қўрқувлар ҳақида ёзди. Энг катта хавотир манбаи – қурилишга шартнома Россия ширкатига бериладими, йўқми, деган масаладир, дейилади мақолада.

Июннинг охирларида президент Қасим-Жомарт Тоқаев референдум кузда ўтказилишини айтди, лекин аниқ бир санани кўрсатмади. Мақола муаллифи Алмаз Куменов ҳукумат Россия, Франция, Хитой ва Жанубий Корея ширкатларининг таклифларини кўриб чиқаётгани ҳақида баёнот берганини эслатган. Мулозимларга кўра, қурувчи кейинроқ белгиланади, яъни халқ АЭС учун овоз берганидан сўнг.

“Қозоғистонда сиёсий муҳит қаттиқ назорат қилинишини ҳисобга олганда кўпчилик АЭС қурилишини ёқлаб овоз бериши эҳтимоли катта. Бироқ жамият Қозоғистон ҳукумати геосиёсат туфайли қурилиш шартномасини “Росатом”га бериб юборишидан хавфсирайди. Ҳатто битим тузиб бўлинган, бу ҳақда эълон қилиш учун қулай пайтни кутишяпти, деб ўйлайдиганлар ҳам бор. Бунақа эҳтимол хавфсизлик ва суверенитет рисклари борасидаги хавотирларни кучайтиради”, деб ёзади Куменов.

Мамлакатдаги электр тармоқларини бошқарувчи KEGOC ширкати собиқ раҳбари Асет Науризбаевга кўра, агар реакторни Россия қурса, бу Қозоғистоннинг ташқи сиёсатдаги кўпвекторли ёндашувига путур етказади.

“АЭС қургач Россия Қозоғистонни ўз таъсир доирасида ушлаб қолади – биз унинг ишлаб чиқариш технологияларига, ёқилғисига, мутахассисларига қарам бўламиз ва Кремл зарур бўлганда бу ричагдан албатта фойдаланади”, дейди ишонч билан Науризбаев.

“Қозоғистон АЭСлари” ширкати бош директори Тимур Жантикин эса станция учун ёқилғи сифатида зарур уран мамлакат ичида ишлаб чиқарилишини ва бу Россиянинг Қозоғистонга босим ўтказиш имкониятларини чеклашини айтади.

“Ижтимоий-иқтисодий фонд” жамоат ташкилоти директори Вадим Ни эса Москва билан атом соҳасида ҳамкорлик қилишнинг геосиёсий хавфларидан огоҳлантиради. “Қўшма Штатлар, Евроиттифоқ, Япония ва Жанубий Корея яшил энергетикани ривожлантириш орқали Россиянинг атом соҳасидаги ролини чеклашга уринишмоқда. Биз икки ўт орасида қолишимиз мумкин”, дейди у.

Шу билан бирга, атом энергетикасига иссиқлик электр станциялари ўрнини босувчи “яшил” энергия манбаи деб қараб бўлмайди. “Атом электр станциялари хавфли чиқиндилар чиқаради. Авария юз берган тақдирда биз стратегик сув омборимиз – Балхаш кўлидан айриламиз”, таъкидлайди Ни.

Куменов скептиклар фикрича, референдум натижаси аллақачон ҳал қилиб қўйилганини урғулайди. “Бу каби стратегик масалалар юқорида ҳал этилади, овоз бериш эса жавобгарликни халқ зиммасига юклаш учунгина керак”, дея “Oyan, Qazaqstan” ҳаракати аъзоси, жамоат фаоли Олжас Бексултановдан иқтибос келтиради муаллиф.

Форум

XS
SM
MD
LG