Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:35

Сиздирилган ҳужжатлар Россия ва Хитой интернет цензурасида ҳамкорлик қилаётганини кўрсатмоқда


Хитой етакчиси Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин «чегарасиз» ҳамкорлик ҳақида эълон қилишларидан ва Украинага босқин бошланиб, цензура забтига олишидан бир неча йил олдин Пекин ва Москва интернетни назорат қилиш бўйича ҳамкорлик қила бошлаган эди.

Икки давлат ўртасида ўсиб борган бу ҳамкорлик 2017 ва 2019 йилларда Хитойнинг Кибермакон маъмурияти (КМ) ва Россиянинг асосий интернет регулятори “Роскомнадзор” расмийларининг ёпиқ учрашувлари ҳужжатларида акс этган. Бу ҳужжатлар Озодлик радиосининг «Система» номи билан танилган «Россия суриштирув бўлими» томонидан қўлга киритилди. Сиздирилган ва ҳакерлик йўли билан олинган ҳужжатларни нашр этувчи DDoSecrets гуруҳи файлларни топиш учун дастурий таъминот тақдим этди.

Интернетдаги маълумотлар оқимини назорат қилиш Си Цзиньпиннинг 2013 йилда етакчи сифатида Россияга биринчи сафаридан бери ўзаро ҳамкорлик марказида бўлиб келган. Кейинги йилларда бу ҳамкорлик қатор келишувлар асосида кенгайган.

Ҳужжатлар ана шу учрашувлар ортидаги манзарага қараш имконини беради.

Озодлик томонидан тасдиқланган ушбу учрашув қайдлари, аудиоёзувлар ва электрон мактублар россиялик расмийлар хитойлик ҳамкасбларидан бир қатор мавзуларда маслаҳат ва амалий ноу-хау сўраганидан далолат қилади. Улар яна шифрланган интернет-трафикни бузиш йўлларини излаган, мессенжер платформаларини тартибга солиш бўйича Хитой тажрибасидан ўрганган.

Ўз навбатида, Хитой расмийлари оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш ва халқ норозилигига қарши курашиш бўйича Россия тажрибасини ўрганган.

2019 йилги хабарлар давомида КМ расмийлари «Роскомнадзор»дан Хитой билан боғлиқ турли хабар ва интервьюлардаги "хавфли ва жамоат манфаатларига зарар етказувчи" линкларни блоклашни сўрган.

2017 йил июлида «Роскомнадзор»ни 2020 йилгача бошқарган Александр Жаров КМнинг ўша пайтдаги раҳбари ўринбосари Жэнь Сяньлин бошчилигидаги Хитой делегациясидан россиялик мутахассисларнинг Хитойга тажриба орттириш учун сафарини ташкил этишда ёрдам беришни сўраган. Бу мутахассислар Хитойнинг "Олтин қалқон" лойиҳаси фаолияти, кенг қамровли интернет цензураси ва назорати тизимини ўрганиши кўзда тутилади.

Ушбу сафар натижалари «Озодлик» радиосига келиб тушган материалларда акс этмаган, «Роскомнадзор» ва Хитой Ташқи ишлар вазирлиги материал мазмуни ҳақидаги саволларга жавоб бермади.

Ҳал қилувчи давр

“2017 йил Россия интернети қайси йўналишда ривожланишини ҳал қилувчи давр бўлди, – деди россиялик тадқиқотчи журналист ва "Қизил интернет" китоби ҳаммуаллифи Андрей Солдатов «Озодлик» радиосига. – Бу Россия ҳозиргидек мураккаброқ тизимни қуриш йўлини излаётган давр эди ва руслар буни хитойлардан ўрганганга ўхшайди."

Кўп йиллар давомида Россия ҳукумати онлайн сўз эркинлигини бўғиш учун технологик ва ҳуқуқий инфратузилмани яратди. Ушбу чора-тадбирларнинг аксарияти амалда кутилгандек иш бермади, жумладан, 2018 йилда Telegram мессенжерини тақиқлаш бўйича беҳуда уриниш, VPN ва Tor каби бошқа воситалар ҳам Россия цензурасини деярли четлаб ўтди.

Аммо 2019 йилда “суверен интернет” қонуни кучга киргач, бу кўрилган чоралар Москвага мамлакат интернети устидан назоратни кучайтириш, веб-трафикни давлат назоратидаги инфратузилма орқали йўналтириш ва миллий домен номлари тизимини яратиш имконини берди.

Россиянинг кўплаб чоралари ҳали ҳам Хитой кўрган чоралардан орқада бўлса-да, улар технологик жиҳатдан янада ривожлангандир, бу жараён 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши билан янада тезлашди.

Ёпиқ эшиклар ортида

Озодлик радиоси томонидан ёзувлари қўлга киритилган биринчи ёпиқ эшиклар ортидаги учрашув 2017 йилнинг 4 июлида Москвада бўлиб ўтган. Унда Жаров бошчилигидаги Россия делегацияси Жэнь бошчилигидаги хитой делегацияси билан учрашган. Президент номидан ахборот сиёсатини назорат қилувчи Кремлнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Александр Смирнов Жаровни Си Циньпиннинг расмий ташрифи муносабати билан ўтган Россия-Хитой медиа-форумига таклиф қилган.

Тадбирнинг расмий қисмида иштирок этишдан ташқари, Смирнов “Роскомнадзор» раҳбарига йўллаган мактубида "Интернет соҳасини тартибга солиш бўйича тажриба алмашиш" учун КМ билан учрашув бўлишини ёзган. Мактубда айтилишича, муҳокамалар, хитойликлар сўровидан сўнг бўлиб ўтган.

Шанҳай саммити: Яккаланган Путин "якка қутбли" дунёга қарши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:05 0:00

«Озодлик» радиоси томонидан ўрганилган ҳужжатлар ва аудиоёзувларга кўра, музокаралар икки соатдан ортиқ давом этган ва унда икки ўринбосар ва бир ёрдамчиси билан Жаров, шунингдек, Жэнь ва КМнинг учта ходими ва икки томондан таржимонлар иштирок этган.

Муҳокамалар тезда тажриба алмашиш учун амалий сўровларга айланди: Жаров Хитойнинг ОАВ, онлайн медиа ва "индивидуал блогерлар" учун "рухсат ва назорат механизмлари", шунингдек, Хитойнинг хабар алмашиш иловалари, шифрлаш хизматлари ва VPNларни тартибга солиш тажрибаси ҳақида сўраган.

Жаров КМга Россиянинг онлайн-контентни блоклаш тизимининг техник жиҳатларини ўрганиш учун Россияга гуруҳ юборишни таклиф қилди, унинг айтишича, мамлакатда блоклаш тизими "юқори самарадорлик" билан амалга оширилмоқда. Шундан сўнг «Роскомнадзор» раҳбари Хитойнинг “Буюк хавфсизлик девори” деб аталувчи улкан интернет цензура ва кузатув тизими фаолиятини ўрганиш учун Хитойга гуруҳ юборишга рухсат сўраган, чунки Россияда тақиқланган контентнинг “95 фоиздан ортиғи” ҳорижда яратилар экан.

Хитой томони Россияда блокланган маълумотлар турлари ва онлайн муҳокамалар қандай кузатилиши ва шахсий маълумотларни қайта ишлаш ҳақида батафсил маълумот беришни сўраган. Жэнь, шунингдек, Россия томонидан мамлакат ичида ва хорижда "ижобий имиджни шакллантириш" учун интернетдан қандай фойдаланиши ҳақида сўрган. Жаров имиджни назорат қилиш «Роскомнадзор» ваколатига кирмаслиги ва бу масалани Путин маъмурияти билан муҳокама қилиш кераклигини айтган.

"Ушбу юқори даражадаги алмашинувлар бир мунча вақтдан бери давом этмоқда. Бунда ҳамкор томон муайян соҳада қандай ишлаётгани, қандай камчиликлар борлиги ва бир-биридан нимани ўрганиши мумкинлиги кўрилади", дейди Озодлик радиосига Германия Маршалл жамғармасининг катта илмий ходими Эндрю Смол. "Интернет цензураси масаласи бу тажриба алмашувларда катта ўрин тутади, бунинг сабаби мамлакатдаги сиёсий барқарорлик ва ташқи кучлар аралашуви ҳақидаги умумий тушунчадир".

2017 йилги учрашув интернетдаги ахборотни кузатиш ва назорат қилиш бўйича аввалги йиллардаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлардан сўнг бўлиб ўтди.

2016 йил апрель ойида Кремль ва Рус православ черкови билан яқин алоқага эга консерватив рус олигархи Константин Малофеев молиялаштирадиган «Хавфсиз Интернет лигаси» цензура лобби гуруҳи Москвада Хитойнинг йирик делегацияси билан конференция ташкил қилганди. Хитой делегациясига ўша пайтда КМ раҳбари бўлган Лу Вей ва Буюк хавфсизлик девори меъмори Фанг Бинсин раҳбарлик қилган эди.

«Хавфсиз Интернет лигаси» ижрочи директори Денис Давидов 2016 йилда The Guardian нашрига айтишича, 2015 йил декабрь ойида Пекинда Путиннинг университетдаги дўсти, собиқ алоқа вазири Игор Шеголев Фанг билан конференция ўтказиш бўйича келишган.

Малофеев ва «Хавфсиз Интернет лигаси» Хитойдан интернетни қандай самарали жиловлаш ва Ғарбнинг рақамли таъсирини чеклашни ўрганиш учун яқинроқ ҳамкорлик қилишга интилаётган гуруҳнинг бир қисми эди. Бунда Шеголев ҳам муҳим роль ўйнаган. Солдатовнинг айтишича, хавфсизлик хизматларидаги айрим шахслар хитойликларнинг Россия ички ишларига янада яқинроқ аралаша бошлаганидан шубҳаланаётган бир пайтда Шеголов Хитойга яқинлашиш тарафдори бўлган.

2017 йил июль ойида бўлиб ўтган йиғилишдан буён «Роскомнадзор» ва КМ расмийлари тажриба алмашишни давом эттирган.

2019 йилга келиб Россия ўзининг “суверен интернет қонуни”ни жорий қилди ва Путин Google, Facebook ва Twitter каби хорижий технология компанияларининг Россиядаги ходимларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳаракатларига зўр бера бошлади.

2019 йил июнида Москвада бўлиб ўтган учрашувда Си ва Путин ахборот ва интернетни ҳар жиҳатдан назорат қилиш соҳасидаги ҳамкорлик орқали “ҳар томонлама стратегик шериклик”ка ўтишни эълон қилишди. Икки етакчи “мамлакатларнинг тенг иштироки асосида кибермаконда тинчлик ва хавфсизлик” зарурлигини таъкидлади ва “глобал ахборот ва кибербошқарув тартибини яратишга ҳисса қўшишга” ваъда берди.

Кўпроқ амалий ҳамкорлик

Бир ой ўтиб, Жаров ва «Роскомнадзор» жамоаси Москвада 2018 йилда КМ раҳбари этиб тайинланган Чжуан Жунвен бошчилигидаги Хитой делегацияси билан учрашди.

2019 йил 17 июлдаги йиғилиш ҳужжатларига кўра, “Роскомнадзор» вакиллари Хитойнинг интернет тўсиқларни четлаб ўтишга қарши кураш тажрибаси ҳақида сўраган ва Жаров агентликнинг 2018 йилда Telegram’ни блоклашга уриниши муваффақиятсиз бўлганини гапирган.

Россия томони, шунингдек, Хитой “тақиқланган контент”ни аниқлаш ва блоклаш учун сунъий интеллектдан қандай фойдаланаётганини билишни исташини айтган. Хитой делегациясининг жавоби файлда йўқ, бироқ Озодлик радиосининг 2023 йилда ўтказган текшируви шуни кўрсатдики, «Роскомнадзор» россияликларни онлайн кузатиш, хусусан, Путинни ҳақорат қилувчи ёки норозилик намойишларига чақирувчи постларни қидириш учун сунъий нейрон тармоқлардан фойдалана бошлаган.

2019 йил октябрь ойида Хитойнинг Учжен шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон интернет конференцияси арафасида «Роскомнадзор» ва КМ “тақиқланган маълумотлар” тарқалишига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади. Ҳужжатларда 2019 йил декабрь ойида Россия ичида маълумотларни блоклаш бўйича КМнинг махсус сўровлари бор.

Сўровлар орасида Хитойда таъқиб қилинаётган Фалунгун диний ҳаракатига алоқадор The Epoch Times газетасининг бош саҳифаси ва Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги профилларга линклар ҳам бор. Блоклаш сўралган линкларнинг бирида фойдаланувчи улашган уйғур миллатига мансублиги кўриниб турган эр-хотиннинг “Рустам ва Зумрад” номли рақс тушаётгани акс этган видео бор. Пекин Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларни таъқиб қилиш ва қамоққа тиқиш бўйича кенг кўламли тизимни ишга туширган, БМТ буни “жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши” сифатида баҳолаган ва баъзи Ғарб давлатлари томонидан бу геноцид деб атаган.

Яна бир сўровда хитойлик университет талабасининг «ВКонтакте» профили бўлиб, унда Хитойнинг собиқ президенти Цзян Цзэминнинг 2000 йилда АҚШнинг CBS канали 60 Minutes’га берган интервьюси мавжуд. Интервьюда инсон ҳуқуқлари, АҚШ-Хитой муносабатлари ва Хитойдаги диний эркинликлар ҳақида сўз боради.

"Ушбу сўровлар доираси жуда кенг ва уларда Пекиннинг Шинжон, Тайван ёки Тибет каби классик масалалардан ташқарига чиқққани қизиқ", дейди Смолл.

«Озодлик» радиоси “Роскомнадзор”нинг Хитой сўровларига қандай жавоб берганини билмайди, бироқ ушбу линклар Россияда ҳамон очиқ турибди.

Форум

XS
SM
MD
LG