Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:22

Таҳлил: Россия Украинада ядро қуролини қўллаши мумкинми?


Президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу.
Президент Владимир Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Путин 24 февраль куни «махсус ҳарбий операция» ҳақида эълон қилган нутқида агар ғарб аралашадиган бўлса, бунга жавобан ядро қуроли ишга солиниши мумкинлиги ҳақида билвосита, аммо аниқ огоҳлантирди.

«Кимлардадир содир бўлаётган воқеаларга аралашиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Россиянинг жавоблари тезкор бўлади ва сизни тарихингизда ҳеч қачон дуч келмаган оқибатларга олиб келади», — деди у.

Кўплаб таҳлилчи ва ғарб дипломатлари Путин ядро қуролини ишга солишини истисно қилишади. Reuters агентлиги Кремлнинг бундай чорага қўл уриш-урмаслигига таъсир кўрсатадиган омилларни таҳлил қилди.

27 февраль куни Путин НАТО етакчиларининг «агрессив баёнотлари» ва Ғарбнинг Москвага қарши иқтисодий санкцияларини тилга олиб, ўзининг ҳарбий қўмондонлигига Россиянинг ядровий тўхтатувчи кучларини шай ҳолатга келтиришни буюрди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам ядро уруши хавфи ҳақида гапирди, аммо у Москва бунинг олдини олиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилаётганини айтди.

«Мен бу хатарларни сунъий равишда бўрттиришни хоҳламаган бўлардим. Кўпчилик буни хоҳлайди. Хавф жиддий, ҳақиқий. Ва биз буни паст баҳоламаслигимиз керак», — деди у ўтган ҳафтада.

АҚШ Давлат департаментини Лавровнинг бу сўзларини «масъулиятсизлик чўққиси» деб атади.

Вашингтон Россия ядровий кучлари шай ҳолатга келтирилганини кўрсатувчи ҳеч қандай ҳаракат кузатилмаётганини айтиб келади. Бунга қарамай, айрим мутахассислар ва ғарб расмийлари Россиянинг ядро қуроли ҳақидаги шарҳларини бемаънилик деб писанд қилмаслик нотўғри бўлишини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, агар Путин ўзини Украинада қалтис вазиятга тушиб қолганини ҳис қилса ёки НАТО урушда бевосита қатнаша бошласа, ядро қуролини ишга солиши хавфи бор.

АҚШ расмийлари Путиннинг Россия ядровий кучларини шай ҳолатга келтириш ҳақидаги сўзларини хавфли ва мутлақо номақбул деб атади. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса президентинг бу сўзларини «тажовузкор ва масъулиятсиз» деб танқид қилди.

Айни дамда, АҚШ расмийлари Россия кучлари ядровий позициясини ўзгартирмаганини айтишмоқда. АҚШ ҳарбийлари сўзларига кўра, Америка ядровий позициясини ўзгартиришига ҳожат йўқ.

28 февраль куни АҚШ президенти Жо Байден америкаликларни Россия билан ядро урушидан хавотир олмасликка чорлади. АҚШ фуқаролари ядро уруши бошланишидан хавотирланишлари керакми, деган саволга жавоб берар экан, Байден «йўқ» деди.

Америкалик мутахассислар ва ғарб расмийлари орасида Россиянинг Украина урушида ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимоли ниҳоятда паст, деган фикр кенг тарқалган.

Foreign Affairs журналининг собиқ муҳаррири Гидеон Роуз ўтган ҳафтада «1945 йилдан бери ядровий давлатларнинг ҳар бир етакчиси ... муносиб сабабларга кўра ядро қуролидан фойдаланишдан бош тортиб келади», деб ёзди.

«Путин ҳам бундан мустасно эмас. Бунинг сабаби кўнгли бўшлик эмас, балки қатъий мантиқдир. У мисли кўрилмаган жавоб қайтарилиши ва умумбашарий танқидга учрашини билади. Уларни оқлай оладиган стратегик асос йўқ», дея қўшимча қилди у.

Мутахассислар ва ғарб дипломатларининг таъкидлашича, Россиянинг ядровий зарба бериш ҳақидаги қоғозга ўралган таҳдидларидан асосий мақсад Вашингтон ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларини урушда бевосита иштирок этишдан қайтаришдир.

«(Бу таҳдидлар) ишончли эмас», - деди исмини ошкор қилмаслик шарти билан Reuters агентлигига интервью берган ғарб дипломатларидан бири.

«У ғарбни қўрқитмоқчи», — дея сўзини давом эттирди дипломат.

Ғарб давлатлари Украинага босқин бошланганидан бери қурол-аслаҳа етказиб бераётган бўлса-да, ўтган йили Байден АҚШ қўшинларини Украинага сафарбар қилиш масаласи кўриб чиқилмаётганини айтган эди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия билан анъанавий уруш бошлашга ошиқаётгани йўқ, ядро уруши у ёқда турсин.

Агар Россия ядро қуролини ишга соладиган бўлса, айнан қандай зарба бериши ҳақида мутахассислар турли фикр билдирмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Россия Қора денгиз ёки Украинанинг аҳоли яшамайдиган қисмида ядро бомбасини портлашдан тортиб, Украинадаги ҳарбий нишонга ёки шаҳарга зарба беришгача бориши мумкин.

Аммо Украинада ядро қуролидан фойдаланиш рус қўшинлари учун хавф туғдириши ҳамда Россиянинг ўзига радиация қайтиб боришига сабаб бўлиши мумкин.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Кремль ядро қуролини ишга солса, Вашингтон мутаносиб ядро жавоби ўрнига анъанавий ҳарбий жавоб беришга қарор қилиши эҳтимол, чунки ядро ҳужумига ядро ҳужуми билан жавоб қайтариш АҚШ иттифоқчиларига зарар етказиши ёки Европа ё-да ҳатто АҚШнинг ўзига хавф соладиган ядровий эскалацияни келтириб чиқариши мумкин.

Буча қирғини гувоҳлари: 5 март куни снайпер келиб кўчада ким кўринса ота бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:46 0:00

Жамоатчиликка қурол назорати ҳақида маълумот бериб боришга интиладиган Arms Control Association нодавлат ташкилоти ходими Дарил Кимбалл:

«Бунинг ўрнига Қўшма Штатлар ва НАТО Россияни янада яккалаб қўйиш ва можарони ядро урушини келтириб чиқармай тугатишга ҳаракат қилиш мақсадида шиддатли анъанавий ҳарбий, сиёсий ва дипломатик куч билан жавоб бериши керак, деган бўлардим», — деди.

НАТО келажакда Россия ракеталарини уриб тушириш учун Польша ва Руминияда АҚШ томонидан ишлаб чиқарилган баллистик ракета қалқонини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. НАТО кўп йилдан бери ҳозирги тизим Эрон ва Суриядан отилган ракеталардан ҳамда Яқин Шарқдаги таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилганини айтиб келади.

Россия ядро қуролини ишга солса, Ҳиндистон ва Покистон каби ядро қуролига эга бошқа давлатлар бундай қуроллардан фойдаланиш эҳтимоли ошиши эҳтимоли бор ёки йўқлиги номаълум. Мутахассисларнинг фикрича, агар Россия бу ишга қўл урса ва глобал миқёсда қораланса, бу ҳолат бошқа мамлакатлар ядро қуролидан фойдаланиши эҳтимолини камайтириши мумкин.

XS
SM
MD
LG