Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Тоқаевнинг кескин баёнотларидан сўнг Қозоғистон-Россия алоқалари қандай бўлади?


Президентлар Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Санкт-Петербургдаги Халқаро иқтисодий форумда. 17 июнь, 2022
Президентлар Владимир Путин ва Қасим-Жомарт Тоқаев Санкт-Петербургдаги Халқаро иқтисодий форумда. 17 июнь, 2022

Қозоғистон президентининг Петербург халқаро иқтисодий форумидаги кутилмаган баёнотлари, хусусан, “ДХР” ва “ЛХР”ни квазидавлат қуримлари деб таърифлагани Украинадаги урушдан сўнг Марказий Осиёда вазият аввалгидек бўлмаслигини кўрсатмоқда.

Январь ойида Тоқаев халқ ғалаёнлари ва элита ўртасидаги низо манзарасида ёрдам сўраб Россия бошлиқ КХШТга мурожаат қилди ва бу билан, кўплаб кузатувчилар фикрича, Қозоғистон мустақиллигини – қурбон ва ўзини Москвага муте қилиб қўйди.

Бироқ Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан тўрт ой ўтиб Тоқаев Петербург халқаро иқтисодий форуми саҳнасида Владимир Путин билан ёнма-ён ўтирганча Кремль учун ўта нозик масалаларда “шаккоклик қилиб”, афтидан, ўша фикрларни чиппакка чиқармоқда.

Тоқаевнинг ушбу гапларидан бироз олдин Россия президенти бутун Совет Иттифоқи гўё “тарихий Россия”нинг бир бўлаги эканидан ва Москвага терс йўлдан юришга журъат этган бошқа мамлакатлар бошига ҳам Украинанинг куни тушажагидан баҳс этганди.

Форум модератори, RT давлат телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньяннинг Украинадаги “махсус ҳарбий амалиёт”га доир саволига жавобан Тоқаев ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаб олган, Россия мустақил давлатлар ўлароқ эътироф этган айирмачи республикалар расмий Нур-Султон тарафидан тан олинмаслигини айтди.

“Ҳисоблаб кўрилган: миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бутун ер юзида рўёбга чиқариладиган бўлса, БМТ аъзолари бўлмиш ҳозирги 193 давлат ўрнида 500-600 дан зиёд давлатлар пайдо бўлади. Табиийки, бу ҳамма нарсани остин-устун қилади”, деди Тоқаев.

Ва бунинг ортидан қўшиб қўйди: “Худди шу важдан биз на Тайванни тан олдик, на Косово, Жанубий Осетия ва Абхазияни. Бизнинг наздимизда квазидавлат қуримлари бўлмиш Луганск ва Донецкка нисбатан ҳам айни тутум қўлланади”.

Қозоғистон юқори мартабали мулозимлари тимсолида Россиянинг Украинага нисбатан босқинчилик сиёсатини ёқламаслигини биринчи марта билдираётгани йўқ. Бироқ Тоқаевнинг саҳнада Путин билан ёнма-ён ўтирган кўйи ушбу позицияни такрорлагани Россиянинг Қозоғистон каби кўпйиллик ҳамкорлари Москва қўзғаган урушдан масофаланишга интилаётганидан, алоқалар заифлашиб, ўзаро ихтилофлар кучая бошлаганидан далолат беради.

“Тоқаевнинг анчайин дадил гапирди, – дейди АҚШнинг Қозоғистондаги биринчи элчиси бўлиб ишлаган Уильям Кортни Озодликка берган изоҳида. – Москва ўз қўшнилари билан муносабатда тобора агрессивлашмоқда, Украинадаги ҳарбий омадсизликлари Кремлнинг позициясига янада кўпроқ таъсир қилса керак. Бу Қозоғистон келгусида катта босим остида қолиши мумкинлигини билдиради”.

Нозик ўйинлар

Тоқаевнинг Санкт-Петербургдаги баёнотларидан олдин бир неча бор рус сиёсатчилари ва пропагандачилари Қозоғистоннинг кўплаб русийзабонлар яшайдиган шимолий ҳудудларига даъво қилиб, кескин чиқишлар қилди. Қозоғистон шимоли, Украина шарқий вилоятлари каби, Совет Иттифоқи қулаганидан буён Россия аннексия қилиши мумкин бўлган ҳудудлар сифатида кўрилади.

Аммо Украинада уруш авж олгани сайин Қозоғистон Москвадан ўзини мустақил тутиб, кўпчиликни ажаблантирмоқда.

Нур-Султон Украина шарқида ташкил топган Кремль қўлловидаги айирмачиларни тан олмаганидан ташқари, Ғалаба куни ҳарбий парадини бекор қилди.

Қозоғистон Ғарб мамлакатлари Россияга қарши жорий этган санкцияларга зид иш қилмаслик учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда, айни чоғда Москванинг ташқи сиёсатига нафрат манзарасида Украинани қўллаб-қувватлаб митинглар ўтказилаётган мамлакат ичида жамоатчилик фикрини мувозанатга солишга тиришяпти.

Қолаверса, Нур-Султон ўз энергоресурсларини Европага Россияни четлаб ўтган ҳолда етказиб бериш устида ишламоқда. Тоқаев 15 июнда “Россия 24” телеканалига интервью бераркан, Нур-Султон санкцияларни айланиб ўтишда Москвага ёрдам бермаслигини айтди, шунингдек январь воқеаларидан сўнг мамлакат Россия олдида қарздор бўлиб қолгани хусусидаги иддаоларни рад этди.

“Россияда баъзилар “Россия Қозоғистонни қутқарди, энди Қозоғистон тоабад Россияга хизмат қилиши ва унинг оёғига бош уриши керак”, дейишади. Мен бу гапларни мутлақо ноўрин, реалликдан йироқ иддао деб биламан”, деди у интервью чоғида.

Россия бу муносабатга зудликда жавоб қайтарди: Давлат думаси депутати Константин Затулин Қозоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўйди.

“Шимолдаги асосан руслар яшайдиган қатор вилоятлар, аҳоли масканларининг Қозоғистон деб аталган мамлакатга жуда оз дахли бўлганини улар жуда яхши билишади”, деди депутат.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Москва назоратидаги КХШТ январь воқеаларини “тинчитиш”да Қозоғистонга ёрдам берганига ишора қилиб мамлакат расмийларини “ношукурлик”да айблади, Украинага босқинни қўллаб-қувватламагани учун Нур-Султонни танқид қилди ва ҳатто “мамлакат суверенитетини бой беряпти”, дея қўшиб қўйди.

Тоқаев Россия-Украина можароси ҳақида кескинроқ сўзлаган эса-да, нутқининг асосий қисмини Ғарбнинг иқтисодий иҳоталаши манзарасида Россия билан алоқаларни сақлаб қолишга бағишлади. У кўп йиллар мобайнида Қозоғистон билан алоқаларни мустаҳкамлагани учун Россия президентини мақтади ҳам.

“Москванинг босқинчилик сиёсати оқибатларига қарамай Қозоғистон барибир Россия билан ҳамкорлик йўлларини излашда давом этади. Бироқ рус националистларининг Шимолий Қозоғистонга доир чақириқлари ҳукуматни сергак торттириши лозим. Бу худди очиқ турган томирни босгандек гап”, таъкидлайди Кортни.

Босқиндан кейинги воқеълик

Россия билан нозик ўйин қилиш Тоқаев ёки Нур-Султон учун янгилик эмас, аммо Кремлнинг Украинага қарши агрессияси, афтидан, “ставка”ларни кўтармоқда.

Тоқаев – асли дипломат, илгари бош вазир, ташқи ишлар вазири ва БМТнинг Женева бўлими бош директори лавозимларида ишлаган, Қозоғистон Сенати раиси бўлган. У 1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Қозоғистон ташқи сиёсатини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган.

Қозоғистон қудратли қўшнилари – Россия билан Хитой ўртасида мувозанатни топиш, айни чоғда АҚШ ва ЕИ билан қалин ҳамкорлик алоқаларини сақлашга кўпдан бери ҳаракат қилади. Нур-Султон, шунингдек, Эрон ва Туркия сингари минтақавий лидерлар билан ҳам муносабатларини кучайтиришга уринмоқда.

Россия Украинада ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан сўнг Қозоғистон мазкур стратегиясини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатларини икки бараварга оширди: мамлакатга Хитой ташқи ишлар вазири Ван И таклиф этилди, Анқара ва Теҳрон билан алоқалар кенгайтирилди. Май ойида Тоқаев илк дафъа давлат ташрифи билан Туркияга борди ва учрашувлар чоғида савдони ривожлантиришга, Хитойнинг “Бир макон – бир йўл” лойиҳасига Туркияни кўпроқ жалб этишга ваъда берди.

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз баёнотларида Тоқаевни барча ташаббусларида дастаклашини бир неча бор урғулади – гўё, бу гаплар Москванинг қулоғига аниқ етсин, демоқчи бўлгандек таассурот қолдирди.

19 июнь куни Тоқаев алоқаларни кучайтириш ва икки томонлама савдо ҳажмини ошириш мақсадида Эронга ташриф буюрди.

Экспертлар фикрича, Қозоғистон бошқа қудратлар билан янада яқинлашиш орқали Россияга орбитасидан узоқлашишни кўзлаган ва ушбу ташрифлар Кремль февраль ойида Украинага қарши чинакам уруш бошлаганидан сўнг позицияни ўзгартириш стратегиясининг бир қисмидир.

“Узоқ муддатли истиқболда айрим нарсалар ўзгарадиганга ўхшайди. Россияга қўшни ҳар қандай постсовет республика Украинадаги урушни кузатаркан, бунақа воқеалар кейинги сафар қаерда бўларкин, дея ўзига савол бераётгани аниқ”, дейди Озодликка берган изоҳида Eurasia Group консалтинг ширкати катта таҳлилчиси Закари Уитлин.

XS
SM
MD
LG