Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:36

Россиядаги мигрантларга янги мамлакат керак. Қозоғистон уларга иш топиб бера оладими?


Россиядаги мигрантлар.
Россиядаги мигрантлар.

Ғарбнинг Россияга қарши жорий этган санкциялари Москва ва бошқа шаҳарларда ишлаётган мигрантларга салбий таъсир қилди. Айрим маълумотларга кўра, Россияда Марказий Осиё мамлакатларидан келган саккиз миллиондан ортиқ гастарбайтер мавжуд. Россия иқтисодий инқирозга учраб, иш ўринлари ёппасига қисқартирилган тақдирда улар қаерга боришади?

Тожикистонлик Аҳлиддин февраль ойи охиригача Россияда қоровул бўлиб ишлаган. У Россияни тарк этишини рубль девальвацияга учраб, иш ҳақи камайгани билан изоҳлайди. Айтишича, ойлиги 70 минг рубль бўлган, аммо февраль ойи охирида 40 минг рублга камайтиришган.

“Россияда ишлашдан маъно қолмади, Тожикистонга қайтиб келдим”, дейди у. Аҳлиддин, аксар мигрантлар каби, иш ҳақини рублда олар ва долларга айлантириб, уйига жўнатарди.

Ҳозирда у Қозоғистонда яшайдиган танишлари билан хабарлашиб, ўзига иш қидирмоқда. Тожикистонга қайтганидан бери Қозоғистонга жўнаб кетишга тараддудланмоқда, мартнинг охирида Олмаотага учади.

“Ишим ҳозирча тайин эмас. Қозоғистондаги таниш-билишлари орқали сўраб-суриштиряпман. Жўнаб кетгунимча иш топсам яхши бўларди”, деди Аҳлиддин.

Рубль кескин қадрсизланди - мигрантлар даромади тушмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:54 0:00

Ўзбекистонлик мигрант аёл Майя Қозоғистонда ошпазлик билан шуғулланади. Илгари Москвада ишлаган. Коронавирус пандемиясидан олдин Олмаотада ишга жойлашди.

“Россияда икки ярим йил яшадим. У пайтлар аҳвол ҳозиргидан анча тузук эди. Оила билан боғлиқ сабабларга кўра Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим. Сўнгра Қозоғистонга келдим. Россиядан кўра шу ерда ишлаш қулайроқ менга”, дейди Майя.

У Россияда бирга ишлаган танишлари билан ҳануз хабарлашиб туради.

“Улар билан тез-тез қўнғироқлашамиз – вазият ҳозир анча оғирга ўхшаяпти. Айрим мигрантларни ушлаб, депортация қилишаётган экан. Баъзилар ўз ихтиёри билан қайтмоқчи, лекин авиақатновлар чеклангани сабабли қайта олишмаяпти. Танишларим орасида ватанига қайтиб, кейин Қозоғистонга келиб ишлашни хоҳловчилар бор”, дейди у Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Мигрантларни қабул қилишдаги илк тажрибалар

Бугунги кунда Қозоғистонда ишлаётган меҳнат мигрантларининг аксари бу ерга пандемия энди бошланган пайтда келишган. Россия ва бошқа мамлакатлар карантин талабларини кучайтиргач, улар ноилож шу ерда қолишди, аммо чекловлар бекор қилинганидан сўнг кетишга шошилишмади.

Қозоғистон Миллий банки 2020 йилда чет элга пул ўтказиш кўпайгани сабабини меҳнат мигрантлари билан боғлайди. Жорий йилда Қозоғистондан бошқа мамлакатларга пул ўтказмалари ҳажми 2019 йилга қиёсан 20 фоизга ошган.

Тожикистон фуқароси Сайфулла Олмаота шаҳри яқинида ишлайди. У ҳам пандемия вақтида Қозоғистонга келиб, шу ерда қолганлардан. Москвада ваъда қилинган иш ҳақини тўлашмагач, 2020 йилнинг баҳорида Тожикистонга қайтиб кетган экан. Сайфулла йўл харжига пул ишлаб топиши билан Олмаотага келибди.

“Россияда кошин ишлаб чиқарадиган кичик бир корхонада ишладим. Аммо келишилган пулни беришмади. Сўнгра Россиядан кетишга тўғри келди. У ерда ака-укаларим қолишган. Ҳозирча улар билан боғлана олмаяпман”, дейди Сайфулла Озодлик мухбирига.

Унинг айтишича, Қозоғистонда ҳам “тирикчилик учун пул топса бўлади”.

“Мигрантларни рўйхатга олиш қоидалари соддалаштирилди”

Қозоғистонда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган меҳнат мигрантлари “арзон ишчи кучи” ҳисобланади. Бироқ уларни ишга ёллайдиган ширкатлар, кичик бизнес корхоналари ёки хусусий шахслар уларни қонуний рўйхатдан ўтказади деб бўлмайди. Ва айнан ишга легал жойлашмагани туфайли кўплаб меҳнат мигрантлари ғирромлик ва адолатсизликдан жабрланишади.

“Халқаро ҳуқуқий ташаббус” ташкилоти раҳбари Айна Шорманбаевага кўра, Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат бозорини тартибга солиш ва меҳнат миграцияси бўйича ўзаро битим тузиши керак. У Россиядаги вазият мураккаблашгани сабабли мигрантлар катта эҳтимол билан Қозоғистонга кўчишини тахмин қилмоқда.

“Қозоғистон иқтисодиёти ҳам мушкул даврни бошидан кечирмоқда. Лекин иш топса бўлади, ҳарқалай. Шу боис Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар Қозоғистонга келишлари мумкин. Минтақа мамлакатлари аҳолисининг дини бир, тили ва маданияти ўхшаш. Бинобарин, иш ҳақи пастроқ бўлса-да, Қозоғистонда ишлаш мигрантлар учун қулайроқ деб ўйлайман. Виза ортиқ керак эмас, меҳнат мигрантларини рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилган. Рухсатнома олиб, қонуний ишга ишга жойлашса бўлади”, дейди Айна Шорманбаева.

Қозоғистон шимолида ишчи кучи етишмайди

Таги ўзбекистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев фикрича, мигрантлар Россиядан дарҳол Қозоғистонга кўчиб ўтолмайди.

“Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар билан гаплашиб тураман. Ҳаммасининг фикри ҳар хил. Айримлар аллақачон ватанга қайтиш ҳаракатига тушган. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам Россияда қолишга қарор қилганлар ҳам бор. Бироқ улар бундан кейин уйга камроқ пул жўнатиши аниқ. Шунга қарамай, Ўзбекистонга қайтиб, ойига 100 доллар ҳақ тўланадиган ишда умрини зое кетказгандан кўра Россияда 500-600 доллар топишни афзал кўрадиганлар кўп”, дейди у Озодлик қозоқ хизматига ўз мулоҳазаларини билдирар экан.

Сапарбой Жубаев Россиядаги танишларини Қозоғистонга келиб ишлашга даъват қилаётганини айтади.

“Қозоғистонда, танга 20-25 фоизга қадрсизланган бўлса-да, иш топса бўлади. Чунончи, мамлакат шимолида коммунал соҳа ва қурилишда ишчи кучи етишмайди, айрим шаҳарларда жамоат транспорти ҳайдовчиларига катта эҳтиёж мавжуд. Газ таъминоти ва умумий овқатланиш соҳаларида ҳам вакант ўринлар анчагина”, дейди иқтисодчи.

Омадини четдан излаётганлар

Мигрантларнинг бепул юристи Валентина Чупик ҳам Россияда ишлаб юрган мигрантар бошқа мамлакатлардан иш қидиришаётганини тасдиқлайди.

“Аксарияти Россиядан ташқарида иш изламоқда. Фоиз ҳисобида аниқ айтиш қийин, аммо чет мамлакатда ишлаш имкониятларини ўрганаётан мигрантлар кўп. Ижтимоий тармоқлардаги кайфиятни, ларнинг пул ўтказмалари ҳажмини кузатсангиз, Россия меҳнат миграцияси учун жозибадорлигини йўқотаётганига амин бўласиз”, дейди ҳуқуқбон Озодлик билан мулоқоти чоғида.

Валентина Чупикка кўра, мигрантларни энг қизиқтирадиган мамлакатлар – Қозоғистон, Туркия ва Польша. “Мексикага бориб, у ердан Қўшма Штатларга ўтиб олишни истадиганлар ҳам йўқ эмас”, дейди у.

Шу билан бирга, юристнинг айтишича, Россия пропагандаси таъсирига берилган айрим мигрантлар бутун умр шу ерда қолишни ва Россия фуқароси бўлишни орзу қилишади.

2000-йиллар бошларида Қозоғистон Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг меҳнат мигрантлари учун асосий йўналишлардан бири эди. МДҲ мамлакатларидан келувчилар учун виза талаб қилинмайди. Мигрантлар аксар ҳолларда келиш сабабини кўрсатишмайди ёки ўқиш, туризм ва шахсий сабабларни қайд этишади. Пандемияга қадар Қозоғистонда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан келган меҳнат мигрантлари сони қарийб бир миллион кишини ташкил қиларди. Мамлакатда меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари бузилиши тез-тез кузатилади.

Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларнинг иқтисодий фаоллиги меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларига боғланиб қолган.

XS
SM
MD
LG