Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:38

Россия разведкаси заҳарламоқчи экани айтилгани ортидан Прага мэри полиция ҳимоясига олинди


Прага шаҳрининг либерал мэри Зденек Ҳриб.
Прага шаҳрининг либерал мэри Зденек Ҳриб.

Чехиядаги нуфузли Respekt журнали Прага шаҳри мэри ва ҳамкасбининг россияликлар режалаëтган заҳарлаш ҳужуми нишонига айлангани ҳақида ëзиши ортидан, мэр кечаю кундуз полиция томонидан қўриқланмоқда.

27 апрель куни Россиянинг “Эхо Москви” радиосига интервью берган мэр Зденек Ҳриб полиция ўзини бир неча ҳафтадан бери қўриқлаётгани, бунга эса жиддий таҳдидлар сабаб бўлганини айтди.

Бу янгиликдан олдин Respekt ҳафталиги Ҳриб билан Праганинг 6-тумани мэри Ондржей Коларжни Россия разведкаси ўта хавфли токсин билан заҳарламоқчи экани ҳақида хабар тарқатди.

Respekt журнали хавфсизлик хизматидаги шахсини ошкор қилмаган манбасига таяниб, уч ҳафта олдин Чехия пойтахтига Россия разведкаси зобити дипломатик паспорт билан келгани ва жомадонида рицин заҳари бўлганини ëзди.

Журналга кўра¸ Ҳрибнинг Прагадаги Россия элчихонаси олдидаги майдонни Путиннинг ашаддий мухолифи ва танқидчиси бўлган марҳум Борис Немцов номи билан аташ ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлагани Кремлнинг қаттиқ қаҳрига учраган.

Коларж эса совет маршали Конев ҳайкалини ўзи бошқарадиган тумандан олдириб ташлагани учун Россия медиаси ва сиëсатчилари ғазабига дучор бўлди.

Ушбу нохуш воқеалар Прага билан Москва ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирмай қолмади. Эҳтимолий суиқасдлар ҳақидаги хабар Чехия Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирлиги¸ мамлакат шифохоналари ва Прага аэропортига нисбатан уюштирилган киберҳужумлар ортида ҳам Россия тургани ҳақидаги тахминларни янада кучайтирди.

Прага мэри ва яна икки сиëсатчининг Россия разведкаси нишони бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарга Чехия ҳукумати ҳозирча расмий муносабат билдирмади. Прага полиция департаменти бу масала билан шуғулланмаётганини билдирди.

Айни пайтда Чехия матбуотининг ëзишича¸ Ташқи ишлар вазири Томас Петричек Россия элчисини чақиртириб¸ таҳдид қилинаётган чех сиёсатчилари, жумладан, Праганинг яна бир тумани мэрига бирор кор-ҳол бўлса, бунинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Чехиядаги обрўли нашр хабарини “фейк” – сохта деб атади.

Чех матбуоти хабарларига кўра, Ҳриб ва Коларж билан бирга Праганинг яна бир тумани мэри Павел Новотний ҳам полиция ҳимоясига олинган.

У 2019 йил ноябрида Кремль сотқин деб атайдиган генерал Власов дивизиясига ёдгорлик ўрнатишни таклиф қилган эди. Гарчи власовчилар фашистлар тарафида туриб жанг қилган бўлса-да, урушнинг сўнгги кунларида уларга қарши чиқиб, Прагани озод қилишга ҳисса қўшган.

Мэр ва Прагадаги яна икки сиëсатчининг Роззия разведкаси уюштиришни режалаган суиқасд қурбони бўлиш эҳтимоли ҳақидаги хабарлар билан бир пайтда¸ Чехия киберхавфсизлик идораси мамлакатга қарши уюштирилган кенг кўламли киберҳужум олди олинганини билдирди.

Чехиянинг киберхавфсизликни назорат қилувчи NUKIB ташкилоти ҳеч бир мамлакат номини атамади, аммо ҳужум ортида жиддий ва илғор технологияларга эга рақиб турганини айтди.

Бу ҳужумлар Россия генерали Конев ҳайкалининг Прагадан олиб ташлангани билан кетма-кет содир этилган.

Чехиянинг интернет хавфсизлиги бўйича экспертлари ҳужум вақтида қўлланган айрим зарарлар дастурлар рус тилида бўлгани, бошқа ахборот технологиялари манзиллари эса Хитойга тааллуқли эканини билдирди.

Гарчи чех расмийлари Россияни очиқ тилга олмаган бўлса ҳам, Чехиядаги Россия элчихонаси Кремлнинг бу ҳужумларга алоқаси борлигини инкор қилди.

Хавфсизлик бўйича чех расмийлари Чехияга Россия билан Хитой энг катта кибертаҳдид солаётганини таъкидлаб келади.

XS
SM
MD
LG