Россия Олий суди Раёсати 2018 йил ноябрда чала туғилган болани ўлдирганликда айбланган калининградлик врачлар Елена Белая ва Элина Сушкевичга оид жиноят ишини қайта кўриш ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар бермоқда РИА “Новости” агентлиги. Жиноят иши катта ижтимоий резонанс кўтарган, врачларни қўллаб-қувватлаб турли акциялар ўтказилган, мамлакатнинг машҳур тиббиётчилари уларни ҳимоя қилиб чиққан эди.
Калининграддаги 4-сонли туғруқхона бош шифокори Белая ва реаниматолог Сушкевич 2022 йилнинг сентябрда қотилликда айбдор деб топилганлар. Бунгача маслаҳатчилар суди уларни оқлаган эди. Айблов томони фикрича, врачлар статистикани бузиб қўймаслик мақсадида ўзбекистонлик Замирахон Аҳмедованинг чала туғилган ва оғир аҳволда бўлган чақалоғини ўлдиришган, онага эса гўдак ўлик туғилганини айтишган.
Айблов ҳукмига кўра, тиббиётчилар болага қасддан магний сулфатни ўлдирадиган дозада қилишган. Шифохонада боланинг ўлимига оид икки хил ҳужжат топилган: улардан бирида чақалоқ туғруқдан кейин, иккинчисида эса туғруққача ўлгани қайд этилган.
Белая ҳамда Сушкевич айбловни қатъиян инкор этишмоқда. Белая “бола табиий сабабларга кўра ўлди”, деб туриб олган. Сушкевич эса гўдакни қутқариб қолиш учун мумкин бўлган барча ишни қилганини, уни жонлантириш учун ярим соат уринганини такрорлаётир.
“Бола тирик қолмаслиги керак!”
Ўзбекистон фуқаросининг чала туғилган боласи 2018 йилда Калининграддаги 4-сонли туғруқхонада нобуд бўлган эди.
Тергов материалларига қараганда, 2018 йил 5 ноябрда Ўзбекистон фуқароси Замирахон Аҳмедова оғир аҳволда Калининграддаги туғруқхонага олиб келинади. Унинг муддатидан олдин туғилган ўғлида нафас олиш йўллари билан боғлиқ муаммолар аниқланади: чақалоқни сунъий нафас олиш аппаратига улайдилар.
Бироқ туғруқхона бош врачи Елена Белая болага қиммат турадиган “Куросурф” дорисини тайинламасликка ва “у тирик қолмаслиги учун барча чораларни кўриш”га фармойиш беради. Мутахассислар зарур препарат вақтида тайинланганида гўдак яшаб кетиши мумкин эди, дея тахмин қилишмоқда.
Калининград вилояти тергов бошқармаси хулосасида айтилишича, туғруқхонанинг собиқ бош шифокори Елена Белая ўзбекистонлик аёлнинг боласига ўша пайтлар бир шишачаси 20 минг рубл (ҳозирги курс бўйича қарийб 200 доллар) бўлган “Куросурф” препаратини тайинламасликни буюрган.
“Бош шифокор ходимларига бола тирик қолмаслиги учун барча ишни қилишга кўрсатма берган”, деган эди 2018 йилда Озодлик билан интервьюда Россия Тергов қўмитасининг Калининград вилоят бошқармаси вакили Наталя Гацко.
– Биринчидан, биз уни ходимларига бола ҳаётда қолмаслиги учун барча чораларни ишга солишга буйруқ берганликда айблаяпмиз. Иккинчидан, у қўл остидаги ходимларга туғруқ тарихини қайтадан ёзишни буюрган. Тиббий ҳужжатларга “бола она қорнида ўлган эди” дея қайд қилинган. Жиноят иши қўзғатиш асносида болага “Куросурф” препарати берилган ёки берилмагани масаласини муҳокама қилганимиз ҳам йўқ. Бола 700 грамм вазн билан туғилган, уни сунъий нафас олдириш аппаратига улаганлар, ниҳоят чақалоққа “Куросурф” препарати берилган ҳам, аммо унинг жонини сақлаб қола олишмаган. Чунки биз бош врач ўз ходимларига бола яшамаслиги учун барча чораларни кўришни буюрган деб ҳисоблаймиз, – деган Наталья Гацко.
Тергов чоғида Елена Белая ўз позициясини “препарат қиммат”лиги билан изоҳлаган.
4-сонли туғруқхона ходимларидан бири Озодликка у бош шифокор тақиқлаганига қарамай болага “Куросурф” билан укол қилганини, лекин препарат кутилган натижани бермаганини айтган.
Кейинроқ Белая “статистикани бузмаслик учун” ҳужжатларда Ўзбекистон фуқаросининг фарзандини “ўлик туғилди” деб қайд этишга кўрсатма берган.
Мустақил суриштирув олиб борган “Московский комсомолец” нашри Калининграддаги 4-сонли туғруқхонада бунга ўхшаш воқеалар илгари ҳам бўлганини ёзган. Газетада урғуланишича, аввалроқ шу ерлик бир эр-хотин ўз фарзандларининг ўлими туфайли 4-туғруқхона билан судлашган экан.
Шифокорларнинг ҳимоячилари
4-сонли туғруқхона бош врачи Елена Белаяга нисбатан Россия Жиноят кодекси 286-моддаси (“Лавозим ваколатларини суиистеъмол қилиш оғир оқибатларга олиб келиши”) билан жиноят иши қўзғатилган.
2018 йил ноябрда Калининград суди Белаяни уй қамоғига олган. Педиатр ва жарроҳ Леонид Рошал бошлиқ Россия Миллий тиббиёт палатаси суд қарорини қоралаб чиққан. Шифокорлар чақалоққа қимматбаҳо дори билан муолажа қилмасликни буюрган ҳамкасбларига нисбатан белгиланган эҳтиёт чорасини “ортиқча” деб топганлар.
Ташкилот баёнотига кўра, “тиббиёт ходимларига нисбатан нафрат пропагандаси жамият томонидан ялпи қораланиши лозим”. Ташкилот аъзолари янги туғилган чақалоқ ўлимининг Белаяга қўйилган айбловга алоқаси йўқ, деб ҳисоблаганлар.
“Врачлар бола ҳаёти учун охиригача курашишлари шарт эди!”
Озодлик журналисти Ўзбекистон фуқаросининг фарзанди ўлимини ўрганиш асносида аёл Россияга Ўзбекистондан келганини, тиббий ҳисобда турмаганини ва суғурта полиси бўлмаганини аниқлаган.
Бундан ташқари, ўшанда мухбиримиз Россия ОАВларининг ўзбекистонлик аёл Россия ҳудудида ноқонуний яшагани ҳақидаги барча хабарлари ғирт ёлғонлигини аниқлашга муваффақ бўлган.
Россия Тергов қўмитасининг Калининград вилояти бошқармаси вакили Наталя Гацко Озодлик билан суҳбатда нима бўлганидан қатъи назар тиббиётчилар гўдак ҳаёти учун охирига қадар курашишлари шартлигини таъкидлаган.
– Жабрланувчи аёл Россия Федерацияси ҳудудида қонуний яшаган! Гарчи бунинг ҳеч бир аҳамияти йўқ! Тиббиёт ходимлари суғурта полиси бор ёки йўқлигидан қатъи назар беморга тиббий ёрдам кўрсатишга мажбур. Тиббий ҳамжамият суднинг бош врачни қамоққа олиш қарорини адолатсиз деб атаганидан биз ҳам хабардормиз. Ҳатто прокуратура ҳам Белаянинг қамоққа олинишига қарши чиқди. Ҳолбуки биз тергов материалларига таянган ҳолда шу қарорга келдик, суд ҳам бизнинг позициямизни маъқуллади, – деган эди Гацко Елена Белая уй қамоғига ўтказилишидан олдин Озодлик радиосига берган интервьюсида.
Форум