Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Муддатли ҳарбийдан урушга. Эксперт Россиядаги ҳарбий сафарбарлик эҳтимоли ҳақида


Киев вилояти Дмитриевка қишлоғидаги йўл четида қолдириб кетилган рус ҳарбийлари униформаси. Украина, 1 апрель, 2022.
Киев вилояти Дмитриевка қишлоғидаги йўл четида қолдириб кетилган рус ҳарбийлари униформаси. Украина, 1 апрель, 2022.

Британия Мудофаа вазирлиги Владимир Путин 9 май – Ғалаба кунида ялпи сафарбарлик эълон қилади, дея баёнот берди. Вазир Бен Уоллес эса LBC радиостанцияси ёйинида Россия президенти “жаҳон нацизми”га қарши уруш эълон қилишини айтди. Унинг айтишича, Путин “Украинага сўнгги зарба бериш учун” шундай йўл тутиши мумкин. Бен Уоллесга кўра, умумий сафарбарлик “муваффақиятсизликни тан олиш” бўлур эди.

Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ушбу хабарга изоҳ бераркан: “Россияда сафарбарлик бу қашшоқлашаётган аҳолининг сўнгги чақаларини тортиб олиш имконини берувчи миллий стартапдир”, деб ёзди.

Ўзини “ЛХР” ва “ДХР” деб атаётган бўлгинчи ҳудудларда ялпи сафарбарлик Россия Украинага бостириб киришидан беш кун олдин – 19 февралда эълон қилинган эди. Луганск ва Донецк яшовчилари комендатура ўша куниёқ эркакларни кўча-кўйдан тутиб кетишни бошлаганини маълум қилишган. Тан олинмаган республикаларда кўплаб эркаклар ҳануз чақирувдан яшириниб юришгани айтилади.

Россияда сафарбарлик ўтказилиши мумкинми? Бу қандай ташкил қилинади? Conflict Intelligence Team тадқиқот гуруҳи асосчиси Руслан Левиев “Настояшчее время” ёйинида ана шу саволларга жавоб берди.

– Сафарбарлик ўтказишлари ростдан ҳам мумкин, чунки уни эълон қилиш учун ҳеч бир техник чеклов йўқ. Қолаверса, фронтдаги вазиятга қарайдиган бўлсак, аввалбошда эълон қилинган мақсадлардан ақалли айримларига эришиш, масалан, Донецк ва Луганск вилоятлари маъмурий чегараларига чиқиш учун сафарбарлик ўтказиш керак. Мавжуд кучлар ҳатто украин қўшинларини қуршовга олишга ҳам ярамаяпти. Донецк ва Луганск вилоятларини тўлиқ ишғол этишни-ку айтмаса ҳам бўлади. Бироқ Путин бунга журъат қила оладими, йўқми? Буниси аниқ эмас. Аммо у сафарбарлик эълон қилишнинг муайян сиёсий оқибатлари борлигини билади, албатта. Бу Путиннинг рейтингини жиддий хатарга қўяди.

Бошқа тарафдан сафарбарлик ҳар хил бўлиши мумкин. Ялпи сафарбарлик эълон қилиниб, захирадаги барча ҳарбийга чақирилишига унча ишонмайман, чунки жуда кўп омборларни очиш керак бўлади. Уларнинг ҳаммасига аскарий уст-бош, қурол-яроғ ва техника топиб бера олишлари маҳол. Аммо чегара вилоятларида қисман сафарбарлик эълон қилинишини ёки яқинда хизматдан қайтганларни яна армияга олишларини кутса бўлади.

Агар шунақа қисман сафарбарлик ўтказилса, чамаси 200 минг аскар тўплаш мумкин ва Россияда уларни кийинтириб-яроғлантириш имконияти бор. Ва бу, дарҳақиқат, урушда жиддий ўзгариш ясай олади. Яъни, Россия Донецк ва Луганск вилоятларини тамоман забт этиш учун яхши имкониятга эга бўлади.

– Тўлиқ ёки қисман сафарбарликда қанча аскар тўплаш назарда тутилади?

– Бу ерда қатъий белгиланган миқдор йўқ. Улар истаганча одамни сафарбар қилишлари мумкин. Аввало эҳтиёжга, кейин – оқибатларига қаралади. Яъни, одамларни сафарбар қилиш иқтисодиётга қанча зарар келтириши ҳисоб-китоб қилинади. Икки омилдан келиб чиқиб, мувозанатни сақлаш керак.

Буча қирғини гувоҳлари: 5 март куни снайпер келиб кўчада ким кўринса ота бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:46 0:00

Айни вазиятда Россияга бир тарафдан, ҳужумга ўтиш учун қўшимча кучлар зарур. Иккинчи томондан эса, шусиз ҳам танг аҳволда қолган иқтисодиётни бадтар чўктирмаслик, президент рейтинги тушиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Шу боис улар “Биз шунча одамни сафарбар қилмоқчимиз”, деб олдиндан эълон қилишлари мумкин.

Ялпи сафарбарлик ўтказилишига ишонмаслигимни юқорида айтдим. Бунақа бўлиши мумкин эмас, чунки мамлакат иқтисодиёти кўтаролмайди. Аммо, дейлик, 100 минг аскар тўплаш учун қисман сафарбарлик эълон қилиш имкони бор.

Агар шу йўлни танлайдиган бўлсалар, май ойида захирага бўшатилиши керак бўлган муддатли ҳарбий хизматдаги аскарларни армияга қайтаришади ёки уларнинг хизмат муддатини узайтиришади, деб тахмин қиламан. Нафақат уларнинг, 2021 йил кузда армияга чақирилган “срочник”ларнинг ҳам хизмат муддати олти ой ёки бир йилга чўзилиши ва ҳаммаси урушга жўнатилиши мумкин. Шундай бўлишига кўзим етади. Бир қанча вариант мавжуд, истаганларини танлашлари мумкин.

– Қисман сафарбарлик ўтказилиши мумкин, деган хулосангиз нималарга асосланган?

– Сафарбарлик ўтказиш учун ўткир эҳтиёж мавжуд, қолаверса, қўшимча 100-200 минг аскарни қуроллантириш қийин эмас. Россия омборларида шунча аскарга етарли уст-бошдан тортиб, автомат ва техникагача топилади.

Аммо сафарбарликка ҳозирлик кўрилаётгани белгиларини ҳозирча пайқамадик. Сафарбарлик омборларини очиб, катта миқдордаги техникалар олиб чиқилганини кўрганимиз йўқ. Тўғри, корхоналарда одамлар брон қилинаётганини қайд этяпмиз. Брон дегани – стратегик муҳим корхоналарда ишлайдиган, фуқаровий ҳаётдаги меҳнати фронтга боришидан қийматлироқ бўлган одамларга бериладиган ҳужжат. Брон уларни сафарбарликдан озод этади. Аммо бу ҳарбий комиссариатларнинг эмас, корхоналарнинг ўз ташаббуси билан бўлаётган ишлар.

– Украина Бош штаби Россияда сафарбарлик бўлиш-бўлмаслиги Донбасс учун жанглар натижасига боғлиқ, дея баёнот берди. Бу фикрга қўшиласизми?

– Донбасс учун жанг натижаси аллақачон аён: у Россия учун муваффақиятсиз тугайди. 9 майгача улар арзигулик бирон ютуққа эриша олмайдилар: на вилоятларнинг маъмурий сарҳадларига чиқа олишади, на Украина қўшинлари гуруҳи қуршовга олинади ва на “Азовсталь” масаласи ҳал этилади. 9 майгача буларнинг ҳеч бири бўлмайди. Бинобарин, Путин байрам парадида бирон ғалаба билан мақтана олмайди. Аммо урушни давом эттиришлари турган гап. Донбасс учун жанглар бой бериляпти, чунки янги қурол-аслаҳа олаётган Украина кун сайин кучайяпти ва у яқин бир ой ичида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтиши мумкин. У ҳолда Донбассда Россия қўшинларининг аҳволи янада ёмонлашади. Шу боис, фронтдаги айни вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, Россияга сафарбарлик зарур.

Менимча, Путин муҳтамал сиёсий оқибатларга қарайди, яъни, жамиятнинг, иқтисодиётнинг реакциясини, ўз рейтингидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олади. Ва шунга кўра қарор қабул қилади.

– Донбассдаги жанглар анча сусайиб қолганига сабаб шумикан, нима деб ўйлайсиз?

– Шак-шубҳасиз, куч етишмаслиги сабабли Россия қўшинлари жуда секин илгариламоқда. Ҳолбуки, пиёда қўшинлар дастлаб артиллерия ва авиация Украинанинг шаҳар ва қишлоқларига сурункали зарба берганидан сўнггина ҳужумга ўтяпти. Шунга қарамай, ҳаракатлари жуда суст. Баъзи йўналишларда кунига бир чақирим силжишяпти – ҳарбийлар қаричида бу жуда кам.

Украинага қурол-аслаҳа етказиб берилмаганида ҳам Донбасс учун жанг ойларга чўзилган бўларди барибир. Украинага қурол келиши давом этгани сайин Россия қўшинлари сустлашади. Бир сўз билан айтганда, Россия Донбассда ўралашиб қолди ва мавжуд кучлар билан урушни самарали давом эттира олмайди. Урушнинг биринчи босқичидан сабоқ олишмагани кўриниб турибди.

XS
SM
MD
LG