Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:40

"Нефт-газ экспортчилари ютади, оддий халқ ютқизади". Иқтисодчи рубл курсининг қулаши ҳақида


Рубл қулашда давом этмоқда: 7 август куни эрталаб доллар курси 2022 йил мартидан бери илк бор 97 рублдан ошди. Евро 106 рублга етди. Россия валютаси қадрсизланиши 2023 йил январдан буён давом этаётир, ўтган даврда у евро ва долларга қиёсан 35 фоизга заифлашди.

Бир неча ҳафтадан бери биржада рубл курси фақат тушяпти. Россия Миллий банки буни мамлакат четга камроқ маҳсулот сота бошлагани ва аксинча, кўпроқ импорт қилаётгани ва харидлар учун валютада ҳақ тўланаётгани билан изоҳламоқда. Ҳукумат эса инфляция сабабларидан бири нефт-газ секторига қарши санкциялар эканини яширмаяпти ҳатто.

“Настояшчее время” телеканали рубл қулаши ва унинг россияликлар учун оқибатлари ҳақида иқтисодчи Николай Кульбака билан суҳбатлашди.

– Рубл қулашининг асосий сабаблари нима? Бу Россия аҳолиси ҳаётига қандай таъсир этмоқда?

– Экспортдан пул келиши камайди, импорт эса, аксинча, тикланмоқда. Яъни, валютага талаб валюта таклифидан ортиқ – демак у қимматлашади. Бу ҳозирда ишлаб турган фундаментал омиллардан биридир.

Яна бир ҳал қилувчи омил борки, уни оддий тилда қуйидагича тушунтириш мумкин. Агар сиз яшаётган мамлакатда инфляция бошқа мамлакатдагидан юқори бўлса, валютангиз қадрсизланишга мойил бўлади. Бу омил ҳам таъсир қиляпти, чунки, агар кузатаётган бўлсангиз, сўнгги йиллар ва умуман ҳозирга қадар Россияда инфляция, дейлик, Европа ва АҚШдагига нисбатан юқори.

Боз устига, сўнгги пайтларда Россия иқтисодиётида рисклар кўпайди. Энг аввало Пригожин исёнини тилга олган бўлардим, чунки у Россия воқелигида бунақа сценарий ростдан ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шу пайтгача буни фақат фараз қилиш мумкин эди. Демак, Россия иқтисодиётига сармоя киритиш рисклари ортди, демак, Россия иқтисодиётига маблағ киритиш эмас, аксинча, бу ердаги пулларни четга олиб кетиш керак экан. Шундай бўляпти ҳам. Чет элга рубл чиқиб кетмайди, у доллар ва евроларда олиб кетилади, натижада валютага талаб янада ортмоқда.

Бундан экспортчилар, яъни четга нефт ва газ экспорт қилувчи ширкатлар ютади. Улар даромадларнинг бир қисмини яшириш учун сохта фирмалар, тузилмалар ташкил қилишини ҳисобга олсак, инфляция уларни янада бойитади. Ютқазадиган эса оддий халқ. чунки пул қадрсизланиши импорт ёки маҳаллий эканидан қатъи назар, барча маҳсулотлар нархлари кўтарилишига олиб келади. Бу схема жуда оддий: импорт моллар қимматлашса, сиз ўзимизда ишлаб чиқарилган товарларни сотиб ола бошлайсиз. Кўпчилик маҳаллий маҳсулотларга ўта бошлагач, талаб ортади, демак, уларнинг нархи ҳам ошади ва инфляция баттар кучаяди.

– Хўш, оддий одамлар нима қилишсин? Йиғиб қўйган рублларини кўтариб, саррофлик шохобчаларига югуришсинми? Бу ёғига курс қанақа бўлади?

– Мен ўйлаб иш қилишни маслаҳат берган бўлардим. Биринчидан, рубл қулаши бошланган, қулашда давом этяпти. Ҳа, агар нақд доллар ёки евро сотиб олиш имконингиз бўлса, шундай қилган маъқул. Агар қурбингиз етса. Чунки бизнинг мамлакатда ҳар ким ҳам валюта сотиб олиб қўя олмайди, кўпчилик ойликни кейинги ойликкача зўрға етказади. Агар ойига 50-100 минг рубл орттира олсангиз, нақд доллар қилиб, сақлаб қўйсангиз бўлади.

Захира маблағи йўқлар эса, биринчи навбатда, ваҳимага тушиб, керакли-кераксиз ҳар хил маҳсулотларни сотиб олишдан ўзларини тийсинлар. Иккинчидан, бўлаётган воқеаларни совуққонлик билан кузатиб, ўз бюджетларини, харажатларини қайтадан режаласинлар. Бекорчи нарсаларга пул сарфламаслик, чиқимни кўпайтирадиган ишлардан эҳтиёт бўлиш лозим.

Форум

XS
SM
MD
LG