Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:47

“Z-парастлик”. Қозоғистон уруш ва бўлгинчилик рамзига қарши қандай курашяпти?


Олмаотада урушга қарши намойиш. 6 март, 2022.
Олмаотада урушга қарши намойиш. 6 март, 2022.

Қозоғистонда, хусусан, Олмаота, Қўстанай, Уральск ва Чимкентда Z ҳарфи ёпиштирилган автомобиллар қайд қилинди. Бу ҳарфни ҳатто Бойқўнир космодромида ҳам кўришган. Аммо қозоғистонлик жамоатчи фаоллар бўлгинчилик рамзи ёйилишига қарши кураш олиб боришмоқда. Ҳукумат муаммо ҳақида баралла гапиришдан чўчийди, лекин расмий идоралар Z белгиси туширилган автомобиллар эгаларини жазолашнинг йўлини топишяпти.

Россиянинг Украинага ҳужумини қораловчилар “янги свастика” деб атаётган Z ҳарфи урушнинг илк кунидаёқ пайдо бўлди ва тез орада ушбу фожиавий воқеалар тимсолига айланди. Z ва V ҳарфларини илк бор Украина ҳудудига бостириб кирган Россия ҳарбий техникаларида кўришган эди. Ҳарбий экспертлар фикрича, улар “Запад” (Ғарб) ва “Восток”ни (Шарқ), яъни Ғарбий ва Шарқий ҳарбий округларни билдиради. Конспирологик назариялар мухлислари эса бу рамзларда Украина президенти исм-фамилиясининг бош ҳарфларини “кўриб”, Путин Владимир Зеленскийни энг катта душмани деб билишини ва уни йўқ қилиш учун “махсус амалиёт” бошлаганини иддао қиладилар.

Янги тимсоллар, келиб чиқиши ва маъноси бетайин эканига қарамай, Россия жамиятида тез ёйилди, айниқса Z ҳарфи: уни автомашиналарга ёпиштиришяпти, деворларга чизишяпти, ҳукуматпараст ОАВлар сарлавҳаларда қўллашмоқда, Қрим аннексиясига саккиз йўл тўлиши муносабати билан яқинда Москвадаги “Лужники” стадионида ўтказилган митинг-концерт иштирокчилари Георгий тасмасини Z ҳарфи шаклида тақиб чиқишди.

“Z-парастлик”дан Қозоғистон ҳам четда қолгани йўқ: бу ҳарф туширилган автомобиллар Олмаотада, Қўстанайда, Уральскда, Чимкентда ва ҳатто Россия 2050 йилгача ижарага олган Бойқўнир космодромида ҳам кўришган. Z рамзига қарши курашга нафақат оддий қозоғистонликлар, балки маҳаллий полиция ҳам қўшилди: Z ҳарфи ёпиштирилган автомобиллар эгаларига реал жарима хавф солмоқда. Жарима, табиийки, рамз учун эмас, Қозоғистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 590-моддасига кўра, яъни “транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик” учун қўлланяпти.

“Бўлгинчиларнинг рамзларига қарши курашда тажрибам бор”

Журналист ва жамоат фаоли Арман Шораев биринчилардан бўлиб ижтимоий тармоқларда ватандошларини Z ҳарфли автомобилларни тўхтатишга ва уларнинг эгаларидан бу рамзни зудликда олиб ташлашни илтимос қилишга, улар бош тортган тақдирда эса полицияни хабардор қилишга чорлади.

“Бўлгинчиларга хос рамзларга қарши курашда тажрибам бор. 2014 йили Донбасс оккупация қилинганида Қозоғистонда “Вежливые люди” (“Одобли кишилар”) деб ёзилган наклейкалар пайдо бўлди, лекин биз ўшанда фаоллар кўмагида уларнингпайини қирқишга муваффақ бўлгандик. Бўлгинчилик – уруш даракчиси, биз Украина мисолида буни кўриб турибмиз”, дейди Арман.

Арман “Фейсбук”даги обуначиларини ҳарбий рамзларга реакция кўрсатишга чақирибгина қолмай, ўзи ҳам автомобилига Z ҳарфини ёпиштирган одамлар билан телефонда суҳбатлар ўтказади. Шораев шунақа сўзлашувлардан бири акс этган видеони ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилди.

“Алло, салом!” дея сўз бошлайди Арман Шораев Ақмола вилоятининг Ерейментау шаҳрида яшовчи Сергей исмли кишига қўнғироқ қилиб. Март ойи бошларида фаоллардан бири унинг машинасида Z ҳарфини кўриб, видеога олган эди.

“Сергей, менга сизнинг машинангиз тасвирга олинган видеони жўнатишганди. Автомобилингизга Z ҳарфи туширилган экан”.

“Сиз кимсиз?”

“Мен Қозоғистон Республикаси фуқаросиман, исмим Арман. Сизга Z ҳарфини машинангиздан дарҳол олиб ташлашни тавсия этаман”.

“Аллақачон олиб ташлаганман”.

“Бу ишингиз билан Қозоғистонда миллатлараро адоват қўзғаганингизни тушуняпсизми?”

“Олиб ташладим. Тамом, мен тушундим”.

“У ҳолда, мана шу рақамга машинангиз суратини жўнатинг, Z ҳарфи йўқлигига ишонч ҳосил қилай”.

Видеоролик давомида Шораев суҳбатдошининг Z рамзидан ҳоли автомобили фотосуратини намойиш этади.

“Дастлабки кунларданоқ бунақа одамлар билан тарбиявий ишларни бошламаганимизда Z-парастлик, эҳтимол, авж олиб кетиши мумкин эди. Аммо биз бўш келмадик: уларни тезлик билан қидириб топдик, тўхтатдик, фикридан қайтардик. Қайтара олмаганимизда эса полицияни ёрдамга чақирдик – қонун вакиллари талаб қилганда мўмин-қобилгина бўлиб бажаришди”, давом этади Арман Шораев.

Украинага хайрихоҳлиги ва аксилпутин позицияси учун Арман Шораевни ижтимоий тармоқлардаги айрим обуначилари “русофоб” деб аташади. Унинг ўзи эса буни “тутуруқсиз гап” дейди.

“Рус маданиятига менчалик муҳаббат қўйган одамни топа олмайсиз. Мен маълумотим бўйича рус тили ва адабиёти ўқитувчисиман, Есенинни, Бунинни, Достоевский ва Булгаковлар ижодидан жуда яхши хабардорман, рус шоирларининг шеърларини Россия Федерациясининг исталган ўрта статистик фуқаросидан кўра кўпроқ ёдаки ўқиб бера оламан. Қолаверса, бир ўта муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак: мен Россия билан ҳарбий жиноятчи Путин ва унинг қонхўр режимини ҳамиша айри-айри кўраман”, дейди Арман.

Шораев тарафдорлари билан бирга нечта автомобилдан Z ҳарфини олдириб ташлаганини аниқ айта олмайди – санамаган. Аммо унга кўра, фаоллар ўз вақтида реакция билдирмаганларида бунақа автомобилларнинг сон-саноғи бўлмасди.

“Қозоғистон ичида ўн минглаб потенциал бўлгинчилар бор. Улар орасида пропаганда миясини заҳарлаган турли миллат вакиллари ҳам кўп”, таъкидлайди жамоатчи фаол.

“Z ҳарфи юз бераётган воқеалар каби бемаъниликдир”

Уральсклик журналист Лукпан Ахмедяров ҳам Россия пропагандаси в, хусусан, Z-парастликка қарши курашга бел боғлаганлардан биридир. Ахмедяров кунларнинг бирида ўзи яшайдиган шаҳар кўчаларида ушбу “путинпарастлар”рамзи туширилган автомашинани кўриб қолганини айтади.

“Шаҳар марказига кетаётгандим, машинада кенжа қизим ҳам бор эди. Муюлишлардан бирида йўл чеккасига қантарилган автомобилга кўзим тушди. Машина жуда ифлос, аммо айнан ўша Z ҳарфли қора плёнка ёпиштирилган жой ҳафсала билан тозаланган эди. Мен уни суратга олиб, қизимни машинамда уйга ташладиму бу ерга қайтдим. Йўлакай полицияга қўнғироқ қилиб, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тарғиб қилаётган ва босқинчи армияни тамсил этувчи Z белгили машинани учратганимни айтдим. Автомобилда бир аёл ўтирган экан. Нега бу наклейкани ёпиштириб олганини сўрадим. Қарангки, аёлнинг ўзи ҳали бундан бехабар экан: машинадан тушди ва Z ҳарфини кўргач: “Эрим ёпиштирган бўлса керак, вой аҳмоқ!” деди. Аёл наклейкани юлиб отгач, у билан хайрлашдик”, ҳикоя қилади журналист.

Ахмедяров уловига Z ҳарфини ёпиштириб олаётганларни Украинага ҳужумни жон-жаҳди билан оқлаётган, Қрим аннексиясини ҳамда Украина жануби-шарқидаги “ЛХР” ҳамда “ДХР” отли бўлгинчи республикаларни дастаклаётган Россия давлат пропагандасининг қурбонлари деб билади.

“Бугун кимдир автомобилига Z ҳарфини тушираётган экан, у буни муайян ниятда ва бошқаларнинг эътиборини жалб этиш учун қилаётганини тушунмоқ керак. Бунақа одамлар бу кимларга оид белги эканини, нега қораланаётганини ва айнан нега ўзларига эътибор талаб қилаётганларини аниқ-тиниқ билишади. Яъни, улар “кўриб қўйинглар, мен подшоҳимиз Путин ва унинг лашкари тарафидаман”, деган мужда беришмоқда”, изоҳ беради журналист.

Ахмедяров, полиция ўз вақтида чора кўрмаганида Қозоғистонда Z ҳарфли автомобиллар жуда кўпайиб кетиши мумкинлигини урғулайди.

“Ва айни ҳолат муайян маданий код ва муайян сиёсий қарашларни ташувчи ушбу одамларни яхши очиб беради. Қарангки, улар ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун бирон-бир фуқаровий фидокорликка қодир эмас. Яъни, жарима тўлашга оғринишади, маъмурий қамоқ деса ўтакалари ёрилади. Жуда ғаройиб жиҳат бу”, дейди Ахмедяров, Россиянинг уруш тарғиботи рамзи ишқибозларини таърифлар экан.

Озодлик Z рамзи хусусида қозоғистонлик таниқли санъатшунос Валерий Ибраев билан сўзлашди. Суҳбатдошимиз шунча уриниб, бу белгида бирон маъно топа олмаганини айтди.

“Ҳар бир йирик ҳаракатнинг ўзига хос маъноли белгиси бўлади. Ҳитлернинг свастикаси қўпол қилиб айтганда, нацизм рамзи эди. Аммо бу урушда бирон маъни йўқ, бинобарин Z белгиси ҳам бемаънилик, уни машиналарига ёпиштириб олаётган одамлар аслида нималар бўлаётганини мутлақо билишмайди, оқибатлар кўламини идрок эта олишмайди. Яна қайтараман: Z ҳарфи, у билан боғлиқ юз бераётган воқеалар каби бемаъниликдир. Украинларнинг курашини истисно этамиз, албатта”, тушунтиради эксперт.

“Тоқаевнинг жимгина ўтириш ва кутишдан бошқа чораси йўқ”

Қозоғистон расмий идоралари яқин-яқинларгача Z ҳарфига ҳам, айрим қозоғистонликлар ижтимоий тармоқларда Россиянинг Украинага ҳужумини маъқуллаётганига ҳам парво қилмасликка ҳаракат қиларди. Бироқ 28 март куни Қозоғистон Бош прокуратураси “ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари, жумладан Қозоғистон фуқаролари юз бераётган воқеаларга очиқ изоҳ беришаётгани, мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилувчи бўлгинчи чақириқлар билан чиқишаётгани”ни таъкидлаб, ватандошларига бўлгинчилик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини, айбдорлар ҳатто 10 йилгача муддатга қамалиши мумкинлигини эслатиб қўйди.

Шунга қарамай, Қозоғистон ҳукуматининг муҳтамал сепаратизм ва ҳатто Z белгисига муносабати анчайин мавҳум: бўлгинчилар рамзи учун жазолашда Йўл ҳаракати қоидалари тўғрисидаги қонун татбиқ этиляпти, яъни, ҳукумат муаммо ҳақида баралла гапиришдан чўчимоқда. Сиёсатшунос Димаш Алжанов шаклланган сиёсий режим Қозоғистоннинг ўз миллий манфаатларини англашига ва уларни ҳокимият органлари орқали ташқи сиёсатда акслантиришига имкон бермайди, деб ҳисоблайди.

“Буларнинг илдизида Қозоғистон 1990-йилларда танлаган йўл билан боғлиқ бир неча муаммо ётибди. Афсуски, ўшанда мамлакатимиз шахсий ҳокимият режимини қуриш йўлини танлади. Яъни, 30 йиллик мустақилликдан сўнг бизнинг давлатимиз бирбутун эмас, бинобарин, сиёсатимиз ҳам миллий манфаатларга таянмайди”, дейди сиёсатшунос.

Димаш Алжановга кўра, баъзи интеграция лойиҳалари, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг ташаббускори Нурсултон Назарбоев бўлган. Сиёсатшунос фикрича, бугунги Қозоғистон биринчи президент Россия билан иқтисодий интеграцияга киришиш ғоясини зўр бериб тиқиштиргани ва миллий хавфсизлик концепциясига лоқайдлиги туфайли жабр чекмоқда.

“Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан бақувват эмас, ўз хавфсизлигини кафолатлаш учун уруша оладиган армияси ҳам йўқ. Биз Россия олдида кўп томонлама заиф аҳволдамиз. Тоқаевнинг вазияти эса унга Украинага қарши босқин ва ҳатто ЕОИИнинг келгуси фаолияти хусусида тайинли бир позицияга эга бўлиш имконини бермайди, унинг жимгина ўтириб, кутишдан бўлак чораси йўқ”, дейди сиёсатшунос.

Қозоғистон Россия-Украина урушида бетараф позицияни тутишга ҳаракат қилмоқда. Расмий Нур-Султон босқинчилиги учун Москвани қоралагани йўқ, айни чоғда Украинани фақат гуманитар ёрдам йўллаш билан дастакламоқда. 24 март куни Қозоғистон Украинадаги урушни зудликда тўхтатиш талаб қилинган БМТ резолюциясига овоз бериш жараёнида иккинчи марта иштирок этмади.

XS
SM
MD
LG