Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:46

Қозоғистонга 300 минг россиялик қочиб келди. Улар жамиятга интеграция бўла оладими? 


Путин мобилизациясидан Қозоғистонга қочган руслар.
Путин мобилизациясидан Қозоғистонга қочган руслар.

Қозоғистонлик экспертлар Россияда Украина уруши учун эълон қилинган ҳарбий сафарбарликдан қочаётганлар орасидаги путинпарастлар туфайли келиб чиқадиган эҳтимолий муаммолар, шунингдек, меҳнат ва уй-жой ижараси бозорида пайдо бўлаётган муаммолардан хавотир билдиришмоқда.

“Режаларимиз кунда ўзгаради”

Олмаота, 3 октябрь. Эрта саҳарлаб “Кулагер” спорт-соғломлаштириш мажмуаси олдида бир неча юз кишилик навбат пайдо бўлган. Маъмурият улкан мигрантлар оқимини эплаш мақсадида аҳолига хизмат кўрсатиш марказини (АХМ) шу ерга кўчирган. Навбат кутаётганлар бахтига ҳаво илиқ, офтоб – совуқ қотишмайди.

Бу издиҳомдагилар – Россия фуқаролари, аксари сафарбарликдан қочган эркаклар ва уларнинг оилалари. Улар АХМга шахсий идентификация рақами (СТИР) ва бошқа ҳужжатлар олиш, қолаверса ижарага бошпана топиш каби бир талай ташвиш билан келганлар. Айниқса, бошпана топиш катта муаммо: талабгорлар кўп, таклиф кам, шунга яраша ижара ҳақи осмонга чиқиб кетган.

34 ёшли Алексей билан хотини Олмаотага кечаси алламаҳалда келишди, уй-жой топишга вақт бўлмагани сабабли спортзалда тунаб қолишди: маҳаллий маъмурият россияликларга бу ерни вақтинча бошпана қилиб берган.

– Мен яқин-яқинларгача Саранскда яшардим, ишлардим, – дейди Алексей СТИР олиш учун навбат кутар экан. – Путин сафарбарлик эълон қилганидан сўнг кўч-кўронимизни машинага ортиб йўлга тушдик, чунки уруш энди мени излаб келган эди. Аммо мен қотил бўлишни ҳам, “гўшт” бўлишни ҳам истамайман. Умуман, бу ишларда қатнашмоқчи эмасман.

Алексей айтишича, Қозоғистон – у билан хотинининг имконияти етадиган ягона жой бўлган. Боз устига, икковларида ҳам хорижга чиқиш паспорти йўқ.

– Режамиз кунда неча қайта ўзгаради. Бир кўнглим “уйга қайтиб, чет элга чиқиш паспортини олиб, бошқа бирон мамлакатга кўчиш керак”, дейди. Россияда қолган қариндошлар билан хабарлашиб турибман: ваҳима пича босилган, чақирув қоғозлари келмай қўйганмиш, – давом этади Алексей.

"Ўлимга ҳукм этилган маҳкумдек". Мобилизациядан Ўзбекистонга қочган россиялик ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:14 0:00

Унинг Қозоғистонда муқим қолиш нияти ҳам йўқ эмас. “Биринчидан, мени тушунишади, рус тили билан муаммо йўқ, иккинчидан, яшаш нисбатан арзон, учинчидан, маҳаллий ҳаётга мослашиш осон”, дея бу ернинг афзалликларини санайди у.

Бироқ гурас-гурас бўлиб келаётган минглаб россияликларни Қозоғистонни тарк этиб, бошқа мамлакатларга ўтиб кетишга мажбур этаётган омил Алексейни ҳам безовта қилмай қўймаяпти.

– Қозоғистонда қолишга қўрқамиз, эртами кечми, Путин бизни қайтаришни истаб, Тоқаев билан тил бириктиришидан алағдамиз, – дейди Алексей. – Шу боис кўпчилик бу ерда узоқ қолмай, Сербия, Туркия ёки Грузияга ўтиб кетяпти...

“Калласига Путин кириб олганлар”

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси маълумотига кўра, 21 сентябрдан 3 октябрга қадар мамлакатга 281 548 нафар Россия фуқароси келган, улардан 147 мингдан ортиғи Қозоғистонда қолган.

Сафарбарликдан қочиб келаётганларнинг энг кўпи Россиянинг беш вилояти билан чегарадош Ғарбий Қозоғистон вилоятининг маъмурий маркази – Уральск шаҳрига ёпирилмоқда.

Атиги 300 минг нуфусли бу шаҳарчага сўнгги икки ҳафтада қарийб 100 минг россиялик келди, натижада уй-жойга талаб кескин ортиб, ижара нархлари осмонга сапчиди. Боз устига, ерли аҳоли орасида “россияликлар Уральскда қолиб кетишармиш, энди кўпчилик ишидан айрилади”, деган миш-миш тарқалиб, ижтимоий таранглик вужудга келди.

Бироқ сўнгги кунларда россияликлар оқими деярли сўнди, чегарада навбатлар кузатилмаяпти, чунки Россия чегарадан ўтиш масканларида сайёр “военкомат”лар ташкил қилмоқда, Уральскка келганлар эса секин-аста бошқа шаҳарларга ва мамлакатларга тарқалишяпти.

Уральскда истиқомат қилувчи журналист Лукпан Аҳмедяров россияликларга озиқ-овқат, уй-жой масаласида ёрдамлашади, шунингдек бегона мамлакатга тезроқ мослашишлари учун уларга маслаҳатлар беради. Унинг фикрича, мамлакатга бирданига кўпсонли ажнабий келган экан, жамият потенциал низоларга тайёр туриши керак.

– Биринчи галда уй-жой ижараси туфайли низо чиқади, чунки ижарада яшашга талабгорлар ўртасида рақобат жуда кучайди, – дея изоҳ беради Аҳмедяров. – Табиийки, улар орасида нафақат мигрантлар, балки уйсиз қозоғистонликлар ҳам бор. Ижара нархлари қимматлашуви ва уй-жой танқислигидан энг аввало улар норози бўлади. Меҳнат бозорида ҳам зиддият пайдо бўлиши тайин. Менинг тахминимча, Уральскка келган россияликларнинг нари борса ўн фоизи бу ерда қолди, аммо шу ҳам меҳнат бозорига таъсир қиляпти. Чунки улар сафарни давом эттиришга қурби етмагани учун қолишди ва бу ерда малака талаб қилмайдиган ҳар қандай ишни қилишга тайёр – меҳнат бозорининг айнан шу қисмида энг юқори рақобат мавжуд.

Журналист яна бир омилни назардан қочирмаслик кераклигини уқтиради: “миясига Путин кириб олган” Россия фуқаролари эртами ё кеч Қозоғистонда ўз сиёсий қарашларини намоён қилиши мумкин. “Путинпарастлар бир кун чақмоқтош каби чатнай бошласа сира ажабланмайман”, огоҳлантиради Аҳмедяров.

“Oyan, Qazaqstan” (“Уйғон, Қозоғистон”) ижтимоий ҳаракати фаоли Дархон Шарипов мамлакатга келган Россия фуқаролари ҳақида ижтимоий тармоқларда кўп ёзади. У ўз постларида россияликларни Қозоғистон маданий муҳитига синггишга, давлат тилини ўрганишга, тарихдан билимларини ошириб, маҳаллий ҳаётнинг хос хусусиятларига ҳурмат билан қарашга чорлайди.

– Россияликлар келишига муносабатим икки турли, – дейди Шарипов. – Бир тарафдан, одамлар фашист режимдан қочиб келаётганини, улар урушда қатнашишни истамаслигини тушунаман. Бошқа тарафдан, қочиб келаётган шунча одам сўнгги етти ойда ўз мамлакатида вазиятни ўзгартириш учун бирон иш қилмагани менда ҳақли саволлар туғдирмоқда. Қолаверса, келганлар орасида Путин ҳокимиятини қўллаб-қувватловчилар кўп бўлиши тайин ва улар биз учун муайян хавф-хатар манбаидир, чунки бу одамлар Кремль пропагандаси йиллар давомида мияларига қуйган империячилик мафкурасини ташимоқда.

Шарипов Қозоғистонда яшаб қолишга қарор қилган россияликлар, истайдиларми, йўқми, жамият билан интеграциялашувга мажбур бўлишларига аминлигини айтади.

– Бу ерда жиддий тил тўсиғи ёки кескин маданий айирма йўқ. Аммо алоҳида вилоятларда одамлар россияликлар миграциясига ва уларнинг маҳаллий жамиятга қўшилишига қандай муносабат билдиришини кузатиш керак, – дея хулоса қилади фаол.

“Одамлар интеграцияга тайёр”

Россиялик ҳуқуқбон ва мухолифат фаоли Вадим Коровин сафарбарлик эълон қилинганидан уч кун ўтиб Россияни тарк этган. “Мамлакатда қолиб бўлмаслигини аслида 24 февралдаёқ тушуниб етгандим, чунки уруш қолган-қутган сиёсий эркинликларни йўқ қилиши аниқ эди”, дейди Коровин.

Вадим Коровин кўплаб сиёсий акцияларда қатнашган: автомобилчилар ҳуқуқлари учун курашган, Москвада ноқонуний “парковка”ларга қарши рейдлар ўтказган. Сўнгги бир неча йилда у Москва туманларидан бирида муниципал депутат эди. Июль ойида Коровин “Твиттер”да Гитлер ҳақидаги латифани улашгани учун 10 суткага қамалди ва бир йил мобайнида барча сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Сентябрнинг охирларида у Россиядан Қозоғистоннинг Уральск шаҳрига кўчиб келди. Ҳуқуқ фаоли қозоғистонликларнинг путинпараст россияликлардан ҳадигини беҳуда деб ҳисоблайди.

– Қозоғистонликлар чегарани кесиб ўтаётган ўрта статистик россияликнинг сиёсий-ахлоқий қиёфасини савол остига қўйишяпти. Шахсан ўзим сафарбарликдан қочиб келаётган жуда кўп юртдошларим билан суҳбатда бўлдим ва амин бўлдимки, улардан 50–70 фоизи сиёсий саводли одамлар, – дейди Вадим Коровин. – Барчаси ўқимишли одамлар: юристлар, айтичилар, тадбиркорлар. Улар узоқ истиқболда ватанга қайтмаслигини ҳисобга олганда ушбу миграция Россия Федерациясининг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятига қаттиқ зарба бўлади. Мен чегарадан ўтганлар орасида маргинал путинпарастларни учратмадим, бўлса ҳам, улар кўп эмас. Келаётганлар қозоқ жамиятига интеграция бўлишга тайёр, акс ҳолда яшаб қолиша олмайди.

“Контракт имзоламаганлар калтакланмоқда!” Россия ўзбекистонликларни урушга мобилизация қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:15 0:00

Сафарбарликдан қочаётган россияликлар оқими сўнаёзган бўлса-да, Коровин агарда ҳарбий ҳаракатлар Россия ҳудудига кўчса ёки Кремль тактик ядро қуролини қўллашга жазм этса, навбатдаги миграция тўлқини кўтарилишини эҳтимолдан соқит қилмайди.

“Уруш эскалация бўлиб, Россиядан чиқиш йўллари ёпилса, чегараларда катта оломон тўплана бошлайди, бу эса чегара масканларини ёриб ўтиш хавфини келтириб чиқаради. Ваҳимага тушган юз минг кишилик оломонни ким тўхтата оларди?” дейди Коровин.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов Россиядан йўналган миграция оқими борасида некбин хаёллар сураётгани йўқ. Қозоғистоннинг иқтисодий ва сиёсий муаммолари ўзига етиб ортади, қўшни мамлакатдан келаётган мигрантлар эса шусиз ҳам мураккаб вазиятни бадтар қилишади, дейди эксперт.

– Қимматчилик манзарасида аҳоли даромадлари анчагина камайди. Кўпсонли россияликлар оқими келгусида меҳнат бозорига, уй-жой ижараси бозорига босим ўтказади. Яқин истиқболда Россияда иқтисодий ва сиёсий вазият фақат ёмонлашади, бинобарин, Қозоғистонга келувчилар янада кўпаяди, хусусан, келиб жойлашганлар ўз оила аъзоларини кўчириб келадилар. Аммо Қозоғистон иқтисодиёти жуда беқарор бўлиб турибди: бир тарафдан, у нефть нархига қаттиқ боғланиб қолган, бошқа томондан эса, иқтисодиёт давлат бошқарувида бўлгани унинг ривожланишига халал бераётир. Айни шароитда ҳукуматнинг иқтисодий сиёсати бирданига самарали бўлиб қолишини ёки ҳукумат қаршисидаги муаммоларни ҳал этиш учун жиддий ислоҳотларга жазм этишини кутиш ақлдан эмас, – дея изоҳ беради сиёсатшунос.

Форум

XS
SM
MD
LG