Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Ўзбек мигрантларининг Россияга хатарли йўли - қурбонлар сони ошмоқда


Ҳодисада Toyota микроавтобуси ҳайдовчиси ва унинг етти нафар йўловчиси ҳалок бўлган. Polisia.kz
Ҳодисада Toyota микроавтобуси ҳайдовчиси ва унинг етти нафар йўловчиси ҳалок бўлган. Polisia.kz

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 3 апрель куни содир бўлган йўл автоҳалокатда саккиз нафар ўзбекистонлик вафот этди. Қозоғистон ИИВ хабарига кўра, ўзбек муҳожирлари кетаётган Toyota-Аlhpard минивэни Volvo юк машинаси билан Самара-Чимкент йўлининг 678 километридаги Маржонбулоқ қишлоғи яқинида тўқнашиб кетган.

“Автоҳалокат оқибатида Toyota-Аlhpard ҳайдовчиси дохил минивэнда бўлган саккиз киши воқеа жойида жон таслим қилишган. Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинасининг йўлда ғилдираги ёрилиб кетган. Бунинг натижасида Volvo ҳайдовчиси машинани бошқаролмай қолиб, қарши ҳаракат йўлига чиқиб кетган ва ўзбекистонликлар кетаётган минивенга бориб урилган”, деди Қозоғистон полицияси расмийси.

Тармоқларда ҳодиса жойидан видео ва фотосуратлар тарқалди.

Йўл-транспорт ҳодисаси бўйича судгача текширув бошланиб, тегишли экспертизалар ўтказилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Ақтўбедаги ЙТҲда ўзбекистонликларнинг вафот этгани билан боғлиқ ҳолат алоҳида назоратга олинди. Консуллик расмий баёнотида мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консулхонаси Қозоғистоннинг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишлаётгани” айтилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади президент Мирзиёев топшириғига биноан Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали Ўзбекистонга олиб келиниши, уларнинг дафн маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумот берди.

Қозоғистон бўйлаб ўтувчи Самара-Чимкент автомобил йўли автоҳалокатлар тез-тез бўлиб турадиган йўл участкаси ҳисобланади.

Қишда қорли-сирпанчиқ, ёзда жазирама иссиқ бу йўл Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирлар учун энг хавфли саналади.

Бу Россияга ишга кетаётган ёки Россиядан қайтаётган ўзбек муҳожирлари билан содир бўлган биринчи ва энг йирик автоҳалокат эмас.

2024 йилнинг 11 январида тунги соат 3 ларда Урал-5 федерал трассасининг 504 километрида узоққа юк ташийдиган Вольво автомашинаси ва ҳамда JAC минивэни иштирокида йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлганди.

Қорбўрон шароитида юз берган автоҳалокатда JAC русумидаги минивэн тўлиқ вайрон бўлганди.

Унинг ичида ҳам 9 ўзбекистонлик бўлган. Улардан 7 нафари воқеа жойидаёқ , яна бири шифохонага етмай, “Тез ёрдам” машинасида оламдан ўтганди.

Россия Тергов қўмитасига кўра, JAC минивени ҳайдовчиси тунги соат 3 ларда кетаётиб, қарши йўналишга чиқиб кетган ва оқибатда, Volvo юк машинаси билан тўқнашган.

Бу ҳодисадан бир неча кун ўтиб - 16 январда Россиянинг Самара вилоятида бўлган яна бир автоҳалокатда 3 ўзбекистонлик нобуд бўлган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, бу гал “Lada Largus” русумли автомобил “Газель” русумли юк автомобилига тўқнашиб кетган.

“Lada Largus”да жами 7 ўзбекистонлик бўлган. 3 нафари ўлди, 4 нафари жароҳатланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марҳумлар жасади самолётда Ўзбекистонга олиб келинишини ваъда қилди.

Бу 2018 йилдаги Ақтўбе фожиасидан бери кузатилган энг ҳалокатли ҳодиса бўлди.

2018 йилнинг 18 январида Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистон қисмида 52 ўзбекистонлик ёниб кетганди. Жами 57 киши бораётган автобусда ёнғин чиққан, 5 киши қочиб қутулган.

Мутахассислар бу ҳалокатларга ҳайдовчиларнинг чарчоғи, тажрибасизлиги, автомобилнинг техник носозликлари ҳамда трассадаги ноқулайликларни сабаб қилиб кўрсатишади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилги фожиага муносабат билдириб, унинг асосий сабаби мамлакатдаги ишсизлик эканини тан олганди.

2018 йилдаги ҳалокатнинг президент айтган асл сабаби - ишсизлик муаммоси учун масъулият тўлиқ марҳум президент Ислом Каримов зиммасига юкланди.

Президент топшириғи билан муҳожирнинг йўл азобини енгиллатишга қаратилган қатор чоралар эълон қилинди. Меҳнат миграцияси ва муҳожирлар муаммоларини ечиш мақсадида махсус Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга автобус, поезд, самолёт қатнови кўпайтирилиши айтилди.

Аммо, афтидан бу чоралар муҳожирларни автомобил қатновидан воз кечтира олмаган.

Ақтўбе фожиасидан 6 йил ўтиб - яна шу Ақтўбе вилоятидаги трассада 55 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус бузилиб қолди. Музлаб қолган мигрантларга маҳаллий полиция ва қутқарувчилар ёрдамга келди.

Муҳожирнинг жонини хатарга қўйиб, автомобилларда йўлга чиқишига асосий сабаб эса - йўл ҳақи.

Учоқда бунинг 3 -4 бараваридан ошиқроғини тўлаш керак - 300 дан 450 долларгача. Баъзан авиачипта нархи бундан ҳам қимматлаб кетади.

Шу сабабли ҳатто насияга кетиш ҳам мумкин бўлган минивэнлар ва автобуслар ҳали бу хавфли йўллардан ўзбек муҳожирларини кўп ташийдиган кўринади.

4 минг километрга чўзилган автомобил йўли эса ҳануз хатарли. Ҳануз муҳожирлар йўлларда қурбон бўлмоқда. Таниқли миграция эксперти, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад Қозоғистон йўллари ҳали-бери ўзбек муҳожирлари учун асосий қатнов йўли бўлиб қолишини айтади:

Ботиржон Шермуҳаммад
Ботиржон Шермуҳаммад

- Катта эҳтимол билан минивэндаги 7 киши Россияга кетаётган бўлган. Ўзбекистон томонидан махсус самолёт юборилгани айтилди. Бошқа тўлиқроқ маълумот йўқ. Одамлар шу йўл билан кетяпти ва бундан кейин ҳам кетса керак. Асосий сабаби - арзонлиги! Одамлар чўнтагига қараб танлаяпти бу йўлни.

Яна бир сабаб - Россия ва Ўзбекистон ўртасида Тошкентдан Москвага илгари доимий юрган поездлар қатнамаяпти. Шу поезд юриб қолганида эди, муҳожирларимизга арзонроқ тушган ва кўпчилик автобус-машинада эмас, поездда кетган бўларди. Ҳайдовчиларнинг баъзида тажрибасизлиги, техник ҳолатнинг яхши эмаслиги, йўлда чарчоқдан ухлаб қолиши, баъзида кетаётган ватандошларимиз ҳайдовчини шоширтириб тезроқ боришга ундаши каби бошқа сабаблар ҳам бор. Бундан ташқари, қишдаги Қозоғистон йўлларидаги ҳолат. Шунга қарамай, ҳозирги кунда меҳнат муҳожирлари оқимининг камайишига бирор асос йўқ", дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Ҳар йили ўнлаб ва ҳатто юзлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари уйларидан узоқда, хусусан, Россияда турли-туман бахтсиз ҳодисалар, зўравонлик ва бошқа сабаблар натижасида вафот этишади. Уларнинг сони борасида расмий статистика мавжуд эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG