Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:19

"Ёқимсиз ва очиқчасига русофоб". Рус пропагандаси Алламжоновни Россияга қарши кампанияда айблади


Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан. Тошкент, октябрь, 2022 йил.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан. Тошкент, октябрь, 2022 йил.

Сўнгги кунларда қатор россияпараст Телеграм-канал ва вебсайтларда бирданига бир неча ўзбекистонлик тармоқ фаоллари, таҳлилчилар ва ҳатто Президент администрацияси мулозими Россияга қарши ахборот кампаниясида абланган рус пропагандаси услубидаги мақолалар чоп этилди.

Ўзбек фаоллар ва Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжоновга қарши ахборот хуружи маҳаллий таҳлилчилар назарида Ўзбекистон Россия пропагандаси таъсирига қарши қадамлар қўйишни бошлаган паллага тўғри келмоқда.

Олдинроқ UzDigital TV рақамли телевидениеси айрим вилоятлардаги мижозларига дунёнинг етакчи телеканаллари, жумладан, BBC, CNN ва Bloomberg каналлари контентини таклиф қилган эди. Таҳлилчиларга кўра, Россия пропагандасига қарши очиқча курашдан тийилаётган расмий Тошкент муқобил ахборот каналларини таклиф қилиш билан Кремль таъсирини мувозанатлашга ҳаракат қилмоқда.

Кузатувчилар ва экспертлар Ўзбекистон ўз ахборот майдони ва сўз эркинигини Россиянинг агрессив пропагандасидан ҳимоя қилиши лозим, деган фикрда.

"Очиқча русофобия"

2 ноябрь куни Телеграмдаги "Asia Today" канали "Ўзбекистон ахборот майдонида очиқча русофобия" деб номланган мақола эълон қилди. Бир вақтнинг ўзида "Собственний корреспондент" ва бошқа россияпараст Телеграм-каналлар томонидан кўчириб босилган мақолада сўз Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов ҳақида боради.

Алламжоновнинг ўтган ой Тошкентга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо билан учрашгани эслатилган мақола муаллифи Алламжоновга ўзига хос услубда таъриф беради.

"Алламжонов - ўзининг русофоб позицияси ва Россия томонидан олиб борилаётган махсус ҳарбий амалиётга салбий муносабати билан танилган ўзбек сиёсатидаги ёқимсиз персонаждир", деб ёзилади мақолада. Телеграм-каналнинг иддао қилишича, АҚШ Давлат департаменти мулозимининг Тошкентга ташрифи ортиданоқ "Алламжонов назоратидаги" ўзбек ОАВ ҳамда блогерлари очиқчасига русофоб матн ва сюжетлар эълон қилишни бошлаб юборганлар.

OzodNazar: Дронлар ҳақида гапирган украин журналисти Дмитрий Гордон ўзбеклардан узр сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:07 0:00

Мақолада шунингдек, ўзбекистонлик таниқли блогер Никита Макаренконинг Россия босқинига қарши фикрлари, инсон ҳуқуқлари фаоли Валентина Чупикнинг “Россияга қарши фаолияти”, тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг тармоқдаги постлари ва Камолиддин Раббимовнинг гўёки “россия пропагандасига қарши урушга” чақириқлари "фош" этилади.

“Востоный экспресс 24” Телеграм-канали эса ўз мақоласига “Ўзбекистонлик блогер ва журналистларнинг Россияга қарши ҳужумлари ортида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов турибдими?” дея сарлавҳа қўйган.

Унда Ўзбекистон ҳукумати гўё “журналистлар ва блогерларнинг Украинадаги воқеалар масаласида назорат қилмаётгани ва русларнинг тажовузини қораламаётгани” важидан Американинг босимига учрагани иддао қилинади.

Россияпараст Телеграм-канал иддаосича, ҳукумат бу вазифани Комил Алламжоновга юклаган ва у “аксилроссия риторикасида “барча қуроллардан Россияга зарба беришни бошлаган”.

“Ўзбек қўғирчоқбози” деб аталган Комил Алламжоновга қарши кескин оҳангда ёзилган постда у гуё ўз фаолиятига йирик тадбиркор ва жамоатчилик фаолларини ҳам жалб қила бошлагани иддао қилинади. Нашр муаллифи бу гуруҳда “Корзинка” савдо тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов, блогер Никита Макаренко, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, ўзбек ҳуқуқ фаоли Валентина Чупиклар борлигини иддао қилади.

Бирин-кетин чоп этилган бу материалларда Комил Алламжонов “Ўзбекистон жумладан хориж журналистлари учун ҳам очиқ мамлакатга айлантиришга уринаётгани” салбий оҳангда таъкидланади.

Энди пропаганда - ўзбек тилида...

Бу иддаолар бошқа россияпараст каналлар ва тармоқларда ҳам кенг тарқатилмоқда. Бир вақтнинг ўзида Россия босқинчилигини қувватловчи бир қанча ўзбек тилидаги янги сайт, Телеграм ва Ютуб каналлар пайдо бўлгани эътиборни тортди.

Уларда нафақат рус пропагандасига қарши фикр билдираётган шахслар, балки ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари ҳам нишонга олинади.

Асосан ўзбек сегментига йўналтирилган рус тилидаги Sharmanda Uz Телеграм-канали ўзини “O'zbekistonlik soxta mutasaddilarga, grant oluvchilarga, soxta jurnalistlarga (bloggerlarga) bag'ishlangan kanal” деб атайди.

“Давлат Департаментининг асосий ахборот карнайи бўлмиш kun.uz Ўзбекистонда собиқ Украинадаги вазият юзасидан жамоатчилик фикрини шакллантиришга умидсиз уринишларни давом эттирмоқда. Аммо ҳар бир заҳарли мақола эълон қилишини билан ўқувчилар муҳаррирлар ўзларининг ғарб хўжайинлари манфаатларига қанчалик астойдил хизмат қилаётганига яна бир бор амин бўлишмоқда,”- дейилади каналда.

Сўнгги постларидан бирида бу каналда Ўзбекистон Адлия вазири маслаҳатчиси, журналист ва блогер Шаҳноза Соатованинг Ўзбекистон рус тилидаги эълонлардан қутула олмаётгани тўғрисидаги мулоҳазаси танқид қилинади.

"Ўзбекистон телевидениеда рус пропагандасига ютқазмоқда"

Таниқли ўзбек блогери ва жамоатчилик фаоли Никита Макаренко Россия медиамакони ўзбек жамиятига улкан таъсир ўтказаётганини айтади:

- Улар охирги пайтларда Интернетда қандайдир босим ўтказишга ҳаракат қиляпти, аммо телевидениеда Россия медиа кучлари ва улар ортида турганлар ўзбек томошабинларимиз қалблари ва онгларини тўлиқ назорат қилиш имконига эга. Мен буни миллий хавфсизликка катта таҳдид, деб биламан. Интернетда эса ўзбек ва рус тилида жуда кучли мустақил фикрловчи ҳамжамиятимиз борлиги рус пропагандаси яратаётган фейк ва ахборотларни жиддий қабул қилмаслигига кафолат бермоқда, - дейди Макаренко

Унинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда Россия пропагандасига қарши курашда "яхши томонга ўзгаришлар бошланди".

- Энди каналларимиз тармоғида иккита Америка канали – CNN ва Bloomberg, Британиянинг BBС, Хитойнинг CGTN ва туркларнинг TRT Avazи ва бошқалар бор. Менимча Ўзбекистон ҳукумати телевидение макони жангсиз рус пропагандасига топшириб қўйилганини англай бошлади, - дейди таниқли блогер.

Унинг фикрича, ўзбек давлат телеканаллари ҳанузгача Украина мавзусини "айланиб ўтмоқда".

"Путинпарастлар" камайдими?

Россиянинг Украинага тажовузидан кўп ўтмай, қатор ўзбек блогерлари ҳукуматни Ўзбекистонда россия телеканалларини тақиқлашга чақиришганди. Таниқли журналист ва блогер Элдор Асанов Кремль ўзининг Украинага қарши “ҳарбий тажовузи”ни қоралаган ўзбек нашрларини ҳам назоратга олишга уринаётганини қайд этиб, буни “жирканч ҳамла” деб атаган.

Мустақил таҳлилчи ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Россия Марказий Осиёда ахборот маконини қўлдан бермаслик учун босимни кучайтирди, шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу ҳуружга қарши курашни бошлаши керак, деган фикрда.

- Аслида Россия пропагандаси Ўзбекистон ва Марказий Осиё ахборот ҳудудида ҳамиша устун бўлиб келган. Биз унга фақат Украина урушидан кейин кўпроқ эътибор бера бошладик. Кузатишларим бўйича, уруш бошланганида аҳолимизнинг 85 фоизидан кўпроғи россияпараст ва путинпараст эди. Бу кўрсаткич анча пасайди. Бугунда жамиятимизнинг ярмидан кўпи уни қувватлайди, “Россия урушни нотўғри қиляпти, лекин унинг бошқа чораси қолмаганди”, деган фикрда. ОАВ ва ахборот оқими инсоният тафаккурини белгилаб берувчи ҳолат. Бу масалани ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Бу ҳалокат бўлади!, - дейди Камолиддин Раббимов.

Лондонда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг фикрича, Россия пропагандасининг Ўзбекистон жамияти ва ҳукуматига босими ҳозирда янги босқичга кўтарилгани кузатилмоқда.

- Ҳозирда Россия пропагандаси янада агрессивлашганини кўряпмиз. Бир томондан, Мирзиёев ва Сенат спикерини тақдирлаш, бошқа томондан эса, фаол жамият аъзоларига босим ўтказишга уринмоқда. Бундай босимнинг кучайишига муқобил ахборот ёйинига имкон берилгани сабаб бўлди. Ўзбек жамиятида Россияга нисбатан танқидий фикрловчилар сони ошиб бормоқда ва бу рус ҳукуматини хавотирга солмоқда. Кремль пропаганда ёрдамида Марказий Осиё ва бошқа қўшни давлатларда ахборот нуқтаи назардан буфер зонасини яратишга уринмоқда, - дейди таҳлилчи.

Илҳомовнинг фикрича, шу йўл билан Москва Мирзиёевни Ўзбекистонда цензурани қайтадан жорий қилишга ундаётган бўлиши мумкин.

"Мен Мирзиёев рус пропагандасига дош бера олишига ишончим йўқ", - дейди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистон расмий идоралари Украина борасида бўлгани каби, Россия пропагандасининг ўзбек фаолларига ҳужуми юзасидан ҳам сукут сақламоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти администрациясининг юқори мартабали мулозими бўлган Комил Алламжонов ҳақидаги рус пропагандаси ҳужумларига на Президент матбуот хизмати ва на Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирди.

Айни пайтда бу ахборот хуружлари фонида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов билан бирга 7 ноябрь куни пойтахтнинг “Ғалаба боғи”да “Ленинград монументи” деб аталган ёдгорлик пойдеворини қўйишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG