Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

Петербургда магазиннинг ўзбекистонлик қўриқчисини ўғри харидор отиб кетди (ФОТО)


Ихтиёр Худойназаров Александровский шифохонасида
Ихтиёр Худойназаров Александровский шифохонасида

Санкт-Петербургдаги гипермаркетлардан бири раҳбарияти харидор отган ўқдан яраланган ишчиси - ўзбекистонлик қўриқчини ишдан бўшатмоқчи.

Хоразмлик Ихтиёр Худойназаров харидорни ўғирлик содир этганликда гумон қилиб тўхтатган пайтда у тўппончадан ўқ узган ва Ихтиёр иккита ўқдан оғир яраланган.

Ўқ узган шахс полиция ходими экани тахмин қилинмоқда ва у қидирувга берилди.

Шу йилнинг 19 октябрида Санкт-Петербургнинг “Карусель” гипермаркетида қўриқчилик қилаётган урганчлик 37 ёшли Ихтиёр Худойназаров назорат камерасидан кўринишидан эр-хотин бўлган мижозлар магазиндан буюм ўғирлаётганини кўриб қолади.

Олинган буюмнинг пулини тўламасдан, касса олдидан ўтиб кетган шахсни тўхтатишга борган Ихтиёр бирдан “полиция ходимиман” деб ўзини таништирган бу мижоз ҳужумига учради.

Полиция гувоҳномасини кўрсатган шахс ҳужуми
Полиция гувоҳномасини кўрсатган шахс ҳужуми

Травматика тўппончасидан ўқ еган Ихтиёр Худойназаров Озодликка ҳодиса тафсилотларини ўзи гапириб берди:

- Бу одамни тўхтатсам, у менга удостоверение кўрсатди, орган одами экан. “Тўламиман, пошли на..!”, деди. Тўлашини айтсам, удостоверениесини чўнтакка солиб, чўнтагидан пистолет олиб, заряжать қилиб, отди. У ерда болали аёллар, одамлар бор эди. Иккинчи отган ўқи қўлимни яралаб ўтди. Унинг орқасидан югурдим, у мени юзимга қаратиб отди. Биқинимга тегди, мен ағдарилиб тушдим. Одамлар йиғилди, у одам эса, қочиб кетди. Старший олиб кирди ичкарига – қон оқиб ётибди. Ўқ ичимда қолиб кетган, ичимни титиб кетган экан, деди Ихтиёр.

Гипермаркет ходимлари ва ҳодиса гувоҳлари унга “тез ёрдам” чақиришди ва Ихтиёр шифохонага олиб кетилди.

Ихтиёр икки жойидан яраланди
Ихтиёр икки жойидан яраланди

Петербургнинг Александровский шифохонасига етиб келган Ихтиёрнинг яқин дўсти Фарруҳнинг айтишича, иш берувчи ташкилотдан шифохонага келган одам яраланган ўзбекистонликни тезда шифохонадан чиқариб юбориш пайига тушган.

- Кўчага чиққанида камеранинг “ўлик зонасида” у қўлидан ва белидан отган. Ихтиёрнинг началниги орқасидан бориб, қанақадир врачлар билан гаплашди-да, Ихтиёрни касалхонага қабул қилишмади. Биринчи ёрдамни бериб, тезроқ чиқариб юборишга ҳаракат қилишди. Ўша ерда бир тожик бола ординатурада бор экан – начальник кетганидан кейин эртаси кунгача қолдирдик, гаплашиб. Эрталабга яқин начальник келди, яна чиқариб юборибди. Билишимча, ҳужум қилган амалдаги полициячи экан. Унинг жиноят-қидирув бўлимидаги дўстлари келиб, унинг “орқасини” ёпишга ҳаракат қилди. Эртаси куни начальниги билан ўша болалар келиб, “Мен бу ерда ишламайман, харидор бўлиб келганман”, деб ариза ёздириб олган. Икки кун ўтганидан кейин биз буларни билиб, бошқаттан ариза ёздирдик. Мана 12 кун бўлди – сув қуйгандек жим, деди Фарруҳ.

У ярадор дўстининг ҳол-аҳволидан унинг ташкилотидан бирор одам келиб хабар олмагани, уй шароитида даволанаётган Ихтиёр дори-дармонга ўзи ҳисобидан сарфлаётганини қўшимча қилди.

Ихтиёрга отилган ўқлардан бири унинг танасидан олинди
Ихтиёрга отилган ўқлардан бири унинг танасидан олинди

Санкт-Петербургнинг Невский туман 70- полиция бўлимида Озодликка бундай ариза келиб тушгани, аммо жиноятда айбланаётган шахс ҳалигача ушланмаганини Озодликка тасдиқлашди.

Озодлик “Карусель” гипермаркетида қўриқчилик қилиб келаётган ташкилотнинг Руслан Олегович исмли бошлиғи билан телефон орқали мулоқотда бўлди. Ташкилот раҳбари ўзини гап нима ҳақда кетаётганини билмасликка солди:

- Мен ким ҳақида гапираётганингизни ҳам билмайман. Ҳеч нарса дея олмайман, чунки иситмам 39-га чиққан. Қандай саволларингиз бўлса юристларимизга мурожаат қилинг, дея гапни қисқа қилди Руслан Олегович.

Ихтиёр Худойназаров Петербург полиция ходимлари билан суҳбатдан қидирувдаги тўппончали шахс қалбаки ҳужжат намойиш этган бўлиши мумкинлиги тўғрисида тахминлар пайдо бўлганини маълум қилди.

- “Биз фақат адрес бўйича бордик – у ерда яшамас экан”, деди полициячи. Мен нимадан қўрқаяпман – бегона юрт бу ер. Кўчага чиқмаяпман ҳозир. Иш берувчим мендан ҳатто ҳол сўрагани йўқ. Ўзимизни “Карусель”дан сўрашди, лекин. Ишонаверинг, 10 кундан ошди – фақат ёнбошлаб ётаман, тик туриб юролмайман. Кирган ўқ ичларимни титиб ташлаган, улар битиши керак. Худога шукур, аёлим перевязка қилиб турибди, деди Ихтиёр.

Озодлик охирги пайтларда ўзбек муҳожирларига маҳаллийлар томонидан қилинаётган ҳужумлар сони ошиб бораётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Ўзбекистонлик 24 яшар сартарош Достон Адеханов 2017 йилнинг 13 октябрь куни Подмосковьеда ўз мижози томонидан ўлдирилди. Россия маҳаллий нашрларининг хабар беришича, сочи ёмон олинганини иддао қилган мижоз унинг юрагига уч марта ўткир тиғ суқиб олган.

Оиланинг ягона боқувчиси бўлган Достон 17 октябрь куни Фарғонада дафн этилди.

Шу йилнинг 25 октябрида Ленинград вилоятида таксичи бошига отилган ўқдан кейин тирик қолди. Шифокорларга кўра¸ ўзбекистонлик муҳожирнинг бош суягини энсасидан тешиб кирган ўқ чап чаккадан тешиб ўтган, аммо мияга жиддий зарар етмаган.

Россиянинг Москва шаҳри Бобруйский тумани суди 25 ёшли ўзбек муҳожирини чавақлаб кетган смоленсклик йигитни “майда безорилик учун” 10 минг рубллик (165 АҚШ доллари-таҳр.) жаримага тортди ва суд залида озод қилди.

XS
SM
MD
LG