Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:38

Тошкент ва Москва ўртасида янги дипломатик можаро


“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ва Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Коллаж
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров ва Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова. Коллаж

Тошкентдаги мактабда рус тили дарсида ўқувчига нисбатан зўравонлик содир этилгани Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг норозилигига сабаб бўлди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 188-мактаб ўқувчиси ўқитувчи томонидан калтаклангани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Видеода ўқитувчи ўқувчининг юзи ва бошига ургани акс этган.

Пойтахт мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига кўра, воқеа 23 сентябрь куни 6-синфнинг рус тили дарсида юз берган. Ўқитувчи Р.О. га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган. Сўнгра ўқитувчи ўқувчининг қулоғидан чўзган ва юзига тарсаки туширган.

Россия Ташқи сиёсат маҳкамаси сўзчисига кўра, Москва Тошкентдан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо бериш ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга чора кўришни сўраган.

Захарова ўз баёнотида Ўзбекистон билан “ўзаро мулоқот ҳамда маданий-маърифий, илмий, ижтимоий-иқтисодий робиталарда рус тилининг кўп асрлик ижобий таъсири”ни ҳам писанда қилган.

Маҳаллий фаоллар “Москва маиший даражадаги зиддиятни халқаро можарога айлантираётгани”ни танқид қилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москванинг баёнотига муносабат билдиргани йўқ. Айни пайтда “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров эса Захарованинг баҳсли баёнотига жавобан Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни тавсия этган.

“Бола ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг мактабида Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади! Бизнинг ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса тўғри бўлар эди”, деб ёзган Қодиров.

Олдинроқ "Миллий тикланиш" лидери ўзбек тилини билмаганларга қарши чекловлар ўрнатишни таклиф қилган эди.

Сиёсатчи “Россияга ишга бораётганлар рус тилини билишлари шарт”, “лекин бу Ўзбекистонда яшаётган русларни ўзбек тилини билишлари шарт эмас дегани эмас” деб айтган.

Қодиров бу мулоҳазаларни Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володиннинг “Россияга ишлашга рус тилини биладиган, мамлакат анъаналарини ҳурмат қиладиган кишилар келиши муҳим”лиги ҳақидаги баёнотига жавобан билдирган.

Қодировга кўра, Ўзбекистонда яшаётган ва шу мамлакат фуқароси бўлган барча миллат вакиллари давлат тилини билишлари зарур.

“Қонунларимизда босқичма-босқич боғча ва бошланғич таълимда бошқа миллатли ватандошларга ўз она тили ва қадриятларини ўрганишига шароит яратиш билан бир қаторда, ўзбек тили мажбурий ўрганадиган тил сифатида белгиланиши керак”, деган Алишер Қодиров.

Навбатдаги можаро

Россия мулозимлари, хусусан, Захарованинг “Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш”да айбланиши янгилик эмас. 2020 йилда унинг Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан берган баёноти ҳам кескин эътироз уйғотганди.

Ўтган йил сентябрида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларидан норозилик изҳор қилган эди.

Москва Шерзод Қудратхўжанинг ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилишлари кераклиги ҳақида айтган сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб ҳисоблайди.

Россия ТИВ га кўра, бу каби мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги икки давлат ўртасидаги "стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид".

Россия томони "дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Шерзодхон Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигига ишониши"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қудратхўжанинг сўзлари юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Бунинг ортидан Россиянинг МДҲ, хорижда яшаётган ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги жамоатчилик кенгаши билан ҳар қандай алоқаларни вақтинча тўхтатганини эълон қилган.

Россия билан дипломатик можаро фонида ўзбекистонлик қатор жамоат фаоллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг "исталмаган шахслар" рўйхатини шакллантириш таклифи билан чиқишганди.

Хусусан, россиялик пропагандачи ва ёзувчи Захар Прилепиннинг 2023 йил декабр ойида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёноти ортидан Тошкентдаги рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилган". “Ўзбекистон суверенитетига таҳдид” деб баҳоланган ушбу можаро босилмасдан россиялик яна бир пропагандачи баҳсли баёнот билан чиқиши маҳаллий фаолларни дарғазаб қилган эди.

Ўтган ҳафта Олий Мажлис Сенати 20 сентябрь кунги ялпи мажлисида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистонда номақбул деб топишга доир қонунни маъқуллади.

Мазкур қонунга мувофиқ, “Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати” юритилади.

Қонун хусусан россиялик айрим сиёсатчи ва тарихчиларининг Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги савол остига олинган баёнотларига жавоб сифатида талқин қилинмоқда. Айни пайтда унинг бошқа талқинларга очиқлиги, хусусан, мухолиф ва танқидий қарашдаги шахсларга нисбатан ҳам қўлланиши эҳтимолидан хавотирлар билдирилган.

Болаларга қарши зўравонлик

Ўзбекистонда мактаб ва коллеж талабалари ҳамда болалар боғчалари тарбияланувчиларининг ўқитувчи-муаллимлар томонидан жазоланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Мактабларда жисмоний зўравонлик, болаларни уриш, тепиш, чимчилаш ёки бошқа йўллар билан уларни жазолаш тизимли муаммолардан экани айтилади.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тасарруфида мактаблардаги зўравонлик ҳолатлари ҳақида статистик маълумотлар бор-йўқлиги маълум эмас. Бу борада бирон жиддий тадқиқот ўтказилгани маълум эмас.

Таълим соҳаси мутахассисларига кўра, зўравонлик ёки болага жисмоний куч ишлатиш уларнинг руҳий саломатлиги ва билимларни ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатади.

Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар – ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

ЮНИСEФ тадқиқотига кўра, мамлакатда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг учдан икки қисми (62%) зўравонлик билан тарбиялаш усулларига (жисмоний жазо, психологик тажовуз) учраган, 15−19 ёшдаги қизларнинг 33 фоизи эрнинг хотинини уришга ҳақли деган фикрда.

Расмий маълумотга кўра, 2021 йилда болаларга нисбатан 1831 та жиноят содир этилган, 2022 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга ошиб, 2194 тага етган. Ўтган йилнинг тўққиз ойида 1240 нафар болага нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлса, шундан 417 таси жинсий зўравонликдир. Улардан 166 таси қариндошлар томонидан содир этилган.

ЮНИСЕФ дунё давлатларини мактабларда зўравонлик ва қўрқув муҳитини бартараф этишга чақириб келади.

Форум

XS
SM
MD
LG