Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:40

Россия: Ўзбек мигрантлари турк фирмаларидан иш ҳақини ололмаяпти (ВИДЕО)


Украинада уруш ҳаракатлари бошланганидан буён Россиядаги иш берувчиларнинг меҳнат муҳожирларига маошларини тўламаслик билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Меҳнат ҳақини вақтида бермаётган иш берувчилар орасида хориж ширкатлари ҳам бор.

Москва вилоятидаги «Динамик Групп» турк қурилиш фирмасида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар 45 миллион рубл миқдоридаги маошларини ололмаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилган ўзбек ишчилари бу 200га яқин ишчининг меҳнат ҳақи эканини айтишди.

Айни ширкатда ошпаз бўлиб ишлаб келган 40 ёшли ўзбекистонлик Дилафруз Ашурова маошини ололмаган қурувчилардан бири:

- Ноябрда ишга кирган бўлсам, шу пайтгача ҳали ойлигимни ололганим йўқ у ердан. Битта менгамас – у ерда 300га яқин Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари бор. Ўзимни ўғлим ҳам ошпаз бўлиб ишларди у ерда, ёнимда ишлаган қирғиз опаям – ҳеч ким ололмади пулини.

Мана бу ҳужжатларда 300та одамнинг исми-фамилияси бор. Улар бизга фалшивий чекларни қилган экан, патентларимиз куйиб кетди. Патент олай десак пулимиз йўқ, бирор жойга боролмаймиз: метрода милиция ушлаб, штраф қўйяпти. Ўзбек мигрантларини ким ҳимоя қилади?! Президентимиз у ерда нарх-навони ошираётган бўлса, пулни қаердан жўнатиб, болаларимизни боқайлик? Бу ерда мана бундай одамлар қийналиб ётса, пулини ололмай.

Икки юзга яқин меҳнат муҳожири ўзини банкрот деб эълон қилган турк қурилиш фирмасидан 2 йилдан буён ишлаган пулларини ундириб беришни сўраб, Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги ходимларига кўп маротаба мурожаат қилганликларини билдиришди.

Бироқ, ўзбек ишчиларининг мурожаатларидан бирор натижа йўқ, дейди Озодлик билан суҳбатда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоячиси Дилшод Тўйчиев:

- Албатта, биринчи навбатда бизнинг консуллигимиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ишларни охиригача олиб боришлари керак, босим ўтказиши керак, оммавий ахборот воситалари ёрдами билан ёритилиб, бошқаларга ўрнак бўладиган даражада кўрсатиш керак. Шу нарса ёрдам бериши мумкин. Масалан, кунига 50 та одам ойлик масаласида мурожаат қиладиган бўлса, 45 кишининг бирортасида ҳужжати йўқ! Эртага “Прокурорга, судьяга бораман, қандай исботлаб берасиз ишлаганингизни?”, десам, “Ишлаганманку! Мени гапим гап эмасми?”, деб хафа бўлиб қўйишади. Мен ишонаман, судья ишониши мумкин, лекин қонун ишонмайди-да.

Ҳуқуқ фаоллари ва миграция мутахассислари бундай вазиятнинг юзага келишига қисман меҳнат мигрантларининг ўзлари ҳам сабабчи эканига эътибор қаратишмоқда.

Блогер Жўрабек Амоновнинг фикрича, прокуратура, суд ва бошқа давлат идораларида манфаатларини ҳимоя қилиши учун муҳожирлар томонидан ҳуқуқ фаоллари номига ишончнома тўлдирилиши керак.

- Биринчидан, мен энди Россияга келишни таклиф қилмайман, чунки Россияда инсон қадри қолмади. Жуда ачинарли ҳолат. Бирор муаммоли жойга борасиз, орқангизда турган минглаб ўзбекларни кўрасиз, улар билан тик турасиз, эртаси куни эса шу мингта одам сиздан юз ўгириб кетади, “бўлди, эртага пулни бераркан!” деб. Ҳозир ҳам “Динамик Групп” билан худди шундай ҳолат бўляпти: 150 тадан 20 таси турибди! Лекин шу 20 кишидан ҳам бирортаси уларни номидан иш юритиш учун ишончнома бермаяпти. Шунақа ҳолатда мени “Қаёққа қараб кетяпмиз? Нима учун бу даражада қўрқоқ бўлиб кетдик? Нимадан қўрқяпмиз?” саволлари қийнайди, дейди Жўрабек Амонов.

Адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячиси Руслан Гаджимуратов “Динамик Групп” билан боғлиқ вазиятни шарҳлайди:

- Одамлар тарқаб кетмасдан, касаба уюшмасига ўхшаш ташкилотга бирлашганда эди, бу ташкилот улар номидан ариза ташлаши мумкин эди. Улар эса тарқаб кетган. Бу масала юзасидан бевосита органларга эмас, масалан, Давлат Думаси депутатига мурожаат қилдим. У ва унинг ёрдамчилари меҳнат инспекциясига сўровнома юборди. У ердан прокуратура текширади, деган жавоб келди. Аммо текширув “Динамо Групп”нинг ҳужжатлари устидан бўлган. Прокуратура жавобида 40дан зиёд одамда меҳнат шартномаси бўлмагани, 70 кишидан зиёд одамда ҳақиқатан қарздорлик борлиги эътироф этилган. Пул миқдори ҳақида эса маълумот берилмади.

Яна бир турк фирмаси - «Эмир Конс» ширкати Подмосковьенинг Сколково туманида қурилиш ишларини олиб бормоқда. Фирма ишчиларининг асосий қисмини ўзбек мигрантлари ташкил этади.

Меҳнат муҳожирларининг Озодлик мухбирларига билдиришича, «Эмир Конс» қурилиш фирмаси уларнинг 17 миллион рубл пулини ушлаб қолган.

Озодлик таҳририятига жўнатилган видеоларда «Эмир Конс»да ишлаб келаётган 175 нафар ўзбекистонлик ишдан бўшатилиб, ётоқхонадан чиқариб юборилаётгани акс этган.

Маълум бўлишича, бу масала юзасидан қурувчи мигрантлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига шикоят қилган, бироқ идора ўзининг Жиззах вилояти бўлими расмий Телеграм-каналида “200дан ортиқ юртдошларимиз ҳуқуқлари тикланмоқда” сарлавҳаси остидаги хабар бериш билан чекланган – ишчилар ўз маошларини ололмаган.

“Динамик Групп” ва “Эмир Конс” ширкатлари Озодликнинг расмий мурожаатларини жавобсиз қолдирди.

Мигрантлар эса ҳануз Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллигидан ёрдам кутмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG