Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:37

Ўзбек муҳожири: Домодедоводаги таксичилардан эҳтиёт бўлинг!


Москванинг Домодедово аэропортига келиб тушган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири маҳаллий таксичилар тузоғидан аранг қутулди. Ўз бошидан кечирган берунийлик йигит Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келаётган муҳожирларни манзилга арзон етказиб қўйишни таклиф қилаётган шахслардан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.

Озодликнинг Москвада мухбирига мурожаат қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Домодедово аэропортидан келаётганида фирибгар ва зўравон таксичи қурбонига айланганини айтиб берди.

17 август тонг саҳарда Урганчдан келиб қўнган учоқдан тушган 44 яшар берунийлик Алишер Комиловни аэропорт залига чиқиш олдида таксичилар кутиб олган.

- Назоратдан ўтиб, ташқарига чиқдим. Эрталабки 7:30 лар эди. Бир полициячи ўрта осиёлик болаларни текшириб турган экан. Ўша ерда ҳайдовчи пайдо бўлиб қолди. “Мен ишдан чиқдим, кетсанг йўл-йўлакай олиб кетаман 100 рублга Домодедовский метрогача”, деди. Кечаси ухламасдан чарчаб келятувдим, рози бўлдим. Парковкаси узоқда экан, олиб бориб, олди томонга ўтиргизди. Аввал 100 рублни бердим. Ярим йўлда тўхтатиб, “Шу ергача 2,5 минг рубл бўлди!”, деди. Кўринишидан, миллати рус, ёши 40 ларда. “Сиз йўл-йўлакай олиб бораман деган эдингиз 100 рублга”, десам, “Таксида 100 рублга олиб бормайди – километри 100 рубл!”, деди. Бирвақт “Домодедово метросига олиб бораман – у ёғига ҳам 2,5 минг рубл берасан”, деяпти, деди Алишер.

Урганчликнинг айтишича, у такчисига полиция пости олдига боришни ва ўша ерда ҳисоб-китоб қилишини айтган. Шундан кейин, у ўзининг шерикларига телефон қилган.

- Диспетчерига “Пул беришдан бош тортяпти”, деб телефон қилди ва менга узатди. У ердан ҳам менга дўқ-пўписа бошланиб кетди. Бу ишни бир ўзи қилмаяпти экан-да! Асосий эътиборни улар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ватандошларига қаратаяпти экан – ўша ердан келган самолётларни назорат қилиб юрганини сезиб қолдим. Улар ёлғиз йўловчиларни излар экан-да - бир неча кишига индамас экан. Мени Подолск томонга анча ҳайдаб ўрмонга олиб кириб кетди. Дўқ-пўписа қилди. Қаттиқ турмаганимда 5 минг рубл эмас, чўнтагимдаги ҳамма пулни олиши мумкин эди. Ҳаракатларидан қуролсиз одамга ўхшамади. Бошида у мени қаерда ишлашимни, қаердан эканимни сўраб олди – Шчёлковскийда дворник бўлиб ишлашимни айтиб қўйибман-да. Охири 1200 рубл бериб қутулдим ундан, деди Алишер Комилов.

Ўзбекистонлик мигрант унга зўравонлик қилган рус миллатига мансуб ҳайдовчи “190 У 527 ТУ” давлат рақамли “БМВ” ёки “Фолксваген” автомобилида эканини айтди.

Ўзбек муҳожири агарда ҳодиса тунда содир бўлганида, кўринишидан бақувват бўлган бу таксичи унга нисбатан куч ишлатишдан ҳам тоймаслигини айтади.

Қўлида юки борлиги ва ўта толиққани сабабли Алишер полицияга мурожаат қилмасликка қарор қилганини билдирди. Суҳбат охирида Москвада фаррош бўлиб ишлаётган муҳожир ҳамюртларни Домодедоводан такси ёллашда ўта эҳтиёт бўлишга чақирди.

Алишер Комилов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:30 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг Домодедово Траспорт полициясига қилган мурожаатига навбатчи офицер "таксичиларнинг хорижликларга нисбатан бирор маротаба зўравонлик қилиш ҳолатлари кузатилмаган", деб жавоб берди.

Озодлик Москвада анча йиллардан буён ҳайдовчилик қилаётган 40 ёшли Файзуллога вазиятни изоҳлаб беришини сўраб мурожаат қилди.

Файзуллонинг фикрича, қароқчи-таксичилардан ташқари, хусусан, Домодедово аэропорти атрофида изғиб юрган муҳожирлар учун янада хавфлироқ шахслар бор.

- Бу ҳолат анчадан бери бор. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келаётган болалардан зўрлик қилиб, пулини олганидан кейин, муҳожирлар додини қаерга айтишни ҳам билмайди. Қўрқади, чунки бирор милиция билан иш қиладиган бўлса, айбдор сўзсиз ўзи бўлиб қолаверади. Нима бўлса ҳам “Пешонадаги шўр!”, деб келаверади. Бу ҳолатни рус таксичилари ҳам яхши билади. Домодедоводаги милиция ходимлари рус бўлмаганни стоянкада кўриб қолса, бирор баҳона билан отделга олиб кетади ва 5 минг рубл сўрайди. Шахсан ўзим 4 минг бериб қутилганман. Шу учун, таксичилардан ташқари бу қароқчилар ҳам бор! Бундай вазиятга тушмаслик учун Ўзбекистон ё Тожикистондан бўлган ўзимизни таксичиларни олдиндан гаплашиб олиш керак. Маҳаллий таксичилар қўлига тушгандан кейин эса қутилишнинг ягона йўли – пулни бериш! “Пул бермайман!”, деб бир тарсаки уриб қўйсангиз – тамом: арини уясини қўзғадингиз деган гап, деди бундай ҳолатлар тез-тез содир бўлиб туришини айтиб берган Файзулло.

Озодлик Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар зўравонлик ва қаллоблик қурбонлари бўлган бошқа ҳолатлар тўғрисида ҳам хабар бериб келади.

Жумладан, ўтган йилнинг январ ойида Баҳодир исмли бухоролик йигит ҳам қаллоб таксичилар қўлига тушганини Озодликка сўзлаб берганди.

XS
SM
MD
LG