Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:58

Автобус ҳайдовчисини калтаклашда айбдор топилган ўзбек аёл 5 ойга қамалди


Ўзбекистонлик аёл автобус ҳайдовчисини бейсбол тўқмоғи билан калтаклашда иштирок этганликда айбдор, деб топилди.
Ўзбекистонлик аёл автобус ҳайдовчисини бейсбол тўқмоғи билан калтаклашда иштирок этганликда айбдор, деб топилди.

24 апрель куни Санкт-Петербургнинг Невский туман суди “безориликда” айбланган 30 яшар ўзбекистонлик Зулфия Саидмуротовани 5 ойга озодликдан маҳрум қилди. Жазо муддатини у манзил-колония ўтайди.

Ўтган йилнинг декабрида бу аёл ўз таниши, озарбайжонлик Ализода Мустафоев билан болалар ўтирган автобусни бошқариб кетаётган муҳожирни калтаклаб, пичоқлаб кетганликда айбдор деб топилди.

Суд Саидмуротовани мамлакат Жиноят Кодексининг 213- моддаси, 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Петербург суди матбуот хизмати раҳбари Дарья Лебедеванинг Озодликка айтишича¸ Зулфия Саидмуротова автобусда ўтирган 26 нафар бола кўз олдида бейсбол тўқмоғи билан ҳайдовчини калтаклашда иштирок этганликда айбдор топилган:

- Зулфия Саидмуротовага нисбатан Невский туман суди ҳукми кеча чиқарилди – у айбдор деб топилди ва манзил колонияга жўнатилди. Унинг шериги Мустафоевга нисбатан тергов давом этмоқда – у ўта оғир 105-модда¸ яъни “қотилликка уриниш”да айбланмоқда. Жабрланувчи Карим Зиёвдинов ҳозир соғайиб кетди, - деди Дарья Лебедева.

Суд материалларига кўра, ўтган йилнинг 25 декабрида Кировскдан саёҳатга келган мактаб болаларини арча байрамидан олиб кетаётган автобус йўлини қора Range Rover тўсади. Ундан тушган бир эркак ва бир аёл “Нега йўл бермаяпсан?” деган бақириқлар билан автобус ҳайдовчиси, озарбайжонлик Карим Зиёвдиновга ташланади.

Мустафоев Зиёвдиновга 4 маротаба пичоқ солган (ҳодиса гувоҳи Е.Архипова олган фотосурат)
Мустафоев Зиёвдиновга 4 маротаба пичоқ солган (ҳодиса гувоҳи Е.Архипова олган фотосурат)

Даҳанаки жанжал пайтида енгил машина ҳайдовчиси ҳодисани автобус ичкарисидан кузатиб турган болалар кўз олдида автобус ҳайдовчисини тўрт маротаба пичоқлайди.

Пичоқ зарбидан ерга қулаган Карим Зиëвдиновни¸ суд ҳужжатларига кўра¸ Зулфия Саидмуротова ҳам калтаклайди. Шундан сўнг¸ қонга беланиб ётган автобус ҳайдовчиси¸ автобусдаги 26 нафар болани ташлаб, аёл ва эркак ҳодиса жойидан қочиб кетади.

Кўп ўтмай ҳодиса жойига етиб келган полиция Range Rover эгаси 44 ёшли Озарбайжон ватандоши Ализода Мустафоев экани, у билан бирга машинада ўзбекистонлик 30 яшар Зулфия Саидмуротова бўлганини аниқлаб¸ бу шахсларни қидирувга беради.

Расмий хабарга кўра, эртаси куни Зулфия Саидмуротованинг ўзи полиция бўлимига келиб, айбига иқрор бўлган. Тадбиркор Ализода Мустафоев эса¸ бир неча кундан кейин оператив ходимлар томонидан ушланган.

Айтилишича¸ автобус ҳайдовчиси ҳодиса гувоҳлари чақиртирган “Тез ёрдам” машинасида реанимацияга олиб кетилган. Бир ойдан ортиқ вақт шифохонада ётиб чиққан Карим Зиёвдинов Зулфия Саидмуротова устидан ўтказилган судда иштирок этиб, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ва уни кечирганини билдирган.

“Жабрланувчи автобус ҳайдовчиси Саидмуротовага нисбатан терговни тўхтатишни, айбланувчи аёл қилмиши учун кечирим сўрагани ва барча харажатларни қоплаганини билдирди. Бироқ суд Зулфия Саидмуротовани ҳибсда қолдирди”, дейилади суд қарорида.

Суд ҳужжатларида ўзбекистонлик муҳожир аёлнинг анчадан буён вақтинчалик қайд билан Петербургда яшаши ва унинг қарамоғида 12 яшар ўғли борлиги қайд этилган.

Россияга келаётган ўзбекистонлик аёллар кўпаймоқда

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россияда ҳозирги кунда 1.470.000 зиёд ўзбек муҳожири меҳнат қилмоқда. Норасмий манбалар, йиллар давомида нолегал ҳолатда юрганлар билан бирга ҳисоблаганда, ўзбекистонликларнинг Россиядаги сони 3 миллиондан ошишини таъкидлаб келади.

Россияда берилаётган ишга рухсатнома – патентларнинг деярли ярми (765,8 минг) Ўзбекистондан келган мигрантларга берилади.

Энг йирик ўзбек диаспораларидан бири Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган.

Турли вақтларда шимолий пойтахтнинг ўзида 850 минг нафаргача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги қайдга олинган эди. Россия Миграция департаменти ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Петербургда яшаётган узбек муҳожирларининг 120-200 мингги нолегал ҳолатдадир.

Шу сабабли Россия тартиб-қоидаларини бузгани учун бадарға қилинаётган ўзбеклар сони ошмоқда: Россия Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга биноан, 2018 йилга қадар Россиядан депортация қилинганларнинг 400 минг нафари Ўзбекистон ватандошларидир.

Сўнгги йилларда Россияга Ўзбекистондан келаётган аёллар сони ортиб бормоқда. 2016 йилда ФМС идораси Россиядаги ўзбекистонлик аёллар сони 327 минг кишини ташкил этгани тўғрисида хабар берган.

Соҳа мутахассислари Россиянинг марказий шаҳарларида миграция қонунчилиги кескинлаштирилиши туфайли ишга жойлаша олмаган муҳожирлар криминаллашуви кузатилаётгага эътибор қаратмоқда.

Жумладан ўзбекистонлик муҳожир аёллар фоҳишалик, одам савдоси, ўғирлик, безорилик, қалбаки ҳужжат тайёрлаш, наркотик моддалар истеъмол қилиш ва сотиш каби турли оғирликдаги жиноятларга қўл ураётгани қайд этилмоқда.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

XS
SM
MD
LG