Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:22

Тула изоляторида сурхонлик ногирон муҳожир ўзини осиб ўлдирди


Россиянинг Тула вилоятидаги Хорижийларни вақтинчалик сақлаш маркази камерасида 30 яшар ўзбекистонлик муҳожир ўз жонига қасд қилди.

Тўрт ойдан буён Ўзбекистонга депортация қилинишини кутган Жўрабек Бобомуродов, марказдаги оғир шароит ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётганидан бир неча бор шикоят қилган. Жўрабек буйрак касаллигидан даволаниб келган. Тула расмийлари Озодлик мухбирига ногирон муҳожир ўлими юзасидан тергов-суриштирув жараëни бораëтганини билдирди.

Тула Тергов қўмитаси расмийларига кўра, сурхондарёлик 30 ёшли ногирон Жўрабек Бобомуродов Климовск тумани, Новий посёлкасидаги Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази (СУВСИГ) камерасида тушликдан кейин, ҳамхоналари ташқарига чиқарилган пайтда, чойшаб билан ўзини осиб ўлдирган.

Терговчи Илья Гавриловнинг Озодликка маълум қилишича, Жўрабек Бобомуродов жасади синчковлик билан текширилган ва марҳум баданида бирор жиноят белгилари топилмаган:

- Жўрабек Бобомуродовнинг нима сабабдан ўз жонига қасд қилганини текшираяпмиз. Россия матбуотида ëзилаëтган “Жўрабек тергов изоляторида ушлаб турилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаган “деган даъволар ҳақиқатдан узоқ. Марҳум тергов изоляторида эмас, хорижийларни вақтинча сақлаш марказида ушлаб турилган. У ердаги шароит ва тартиб, тергов изоляторидан яхшироқ¸ деди терговчиси Илья Гаврилов.

“Жўрабекнинг ўз жонига қасд қилгани ҳеч ақлимга сиғмайди”

Марҳумнинг севгилиси, тулалик Людмиланинг Озодликка айтишича, фалокат юз беришидан 1,5 соатча олдин у Жўрабек билан телефонда гаплашган ва унинг ўз жонига қасд қилиши борасида бирор нарсани сезмаган:

- Жўрабек билан муносабатларимиз жуда яхши эди. У Тулада устачилик қиларди. Бирга турмуш қуришни, Ўзбекистонга боришни режалагандик. Мен ҳатто ишимдан чиқиб, Журабекни тезроқ юборилишини кутаётган эдим. Фалокат юз берган куни, бизга самолётга билет олиш мумкин¸ деб айтишди. Мен билет сотиб олишга боришим керак эди. Жўрабекнинг ўз жонига қасд қилгани ҳеч ақлимга сиғмайди. Яна билмадим, изолятордаги ўта ёмон шароит ва унинг ватанга юборилиши узоққа чўзилгани, унинг бундай ишга қўл урганига туртки бўлган бўлиши мумкин, дейди Людмила.

Бундай бир ой олдин Жўрабек Бобомуродов Туладаги Myslo.ru интернет таҳририятига йўллаган мактубида Хориж фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказидаги оғир шароит ва уни ватанига тезроқ юборилмаётганидан шикоят қилган эди.

Жўрабек Бобомуродов ёзган мактуб ва унинг шикоятига жавоб қайтарган Тула вилояти бўйича суд ижрочиси раҳбари ёрдамчиси Полина Овсянникова ҳамда вилоят бош прокуратураси ёрдамчиси Любовь Кузнецова ёзувлари ҳам Myslo.ru интернет саҳифасида қўйилган.

Ўз мактубида ногирон Жўрабек Бобомуродов, 2016 йилнинг 1 апрелидан Климовск тумани изоляторида ушлаб турилаётгани, депортацияга оид суд қарори бўлганига қарамасдан, ҳануз ватанига юборилмаётганидан қийналаётгани ҳақида ёзган.

"На ватанга юборишади, на даволашади. Ана шундай "сан солар-ман солар"-да қолганман. Мен иккинчи гуруҳ ногирони, бир буйрагим йўқ. Мен турган изолятор биносида антисанитария шароитлари боис соғлиғим жуда ёмонлашмоқда. Ётоқ жойимиз поли бетон, совуқ ва нам. Ошхонаси йўқ, ҳожатхона санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Менинг соғлиғим ёмонлашаётганига оид барча шикоятларимга маҳаллий врачлар аҳамият беришмаяпти. СУВСИГ (Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази ) раҳбари ҳатто ўз пулимга ҳам менга тиббий ёрдам кўрсатилишга ижозат бермаяпти. Ҳар ярим йилда мен батафсил тиббий кўрикдан ўтишим лозим”, деб ёзган марҳум бир ой олдин йўллаган мактубида.

Ногирон йигит ўзининг Ўзбекистонга депортация қилиш жараёни узоққа чўзилгани ҳам уни руҳан ниҳоятда қийнаётгани ҳақида ҳам ёзган.

“ Менинг ҳужжатларим билан шуғулланган суд пристави расмийси Ўзбекистонга юборишга оид гувоҳномам тайёр бўлган, бироқ муҳлати тугаб қолганини айди. Лекин изолятор расмийларнинг бирортаси менга самолётга билет олиш керак, деб оғиз очишмади. Изолятор раҳбари эса менга билет сотиб олишим мумкин, “лекин улар яна мени приставга юборишлари ва у ердан яна орқага қайтаришади” деб айтди. Натижада на ватанга юборишади, на даволашади. Ана шундай "сан солар-ман солар"да қолганман” деб ёзган эди Бобомуродов.

Россия қонунлари бўйича суд (пристави) ижрочилари депортация қилишга оид ҳужжатларни Федерал миграция хизмати бошқарувига расмий сўров юбориш орқали олади.

2016 йилнинг 1 июнидан бошлаб, Федерал миграция хизмати тарқатилиб¸ унинг ваколатлари Ички ишлар вазирлиги ва ижроия ҳокимиятининг бошқа тизимларига тарқатилди.

XS
SM
MD
LG