Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Россия бўйлаб Навальний ҳимоясига намойишларда 1 700 дан ортиқ одам ҳибсга олинди


21 апрель куни Россиянинг ўнлаб шаҳрида март охиридан буён қамоқда очлик акциясини ўтказаётган мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига намойишлар бўлиб ўтди.

Президент Владимир Путин Россия парламентининг юқори палатаси – Федерал Кенгашга анъанавий мурожаат билан чиққан кунда Узоқ Шарқдаги Владивостокдан Болтиқ денгизи бўйидаги Калининградга қадар минглаб россиялик намойишга чиқди. Улар мухолифатчига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмаса, аҳволи янада оғирлашишидан хавотирда.

Сиёсий намойишчилар ва фаолларнинг ҳибсга олинишини кузатиб борувчи "ОВД-инфо" нашри маълумотига кўра, кечгача Россия бўйлаб 1 700 дан зиёд одам ҳибсга олинган. Уларнинг деярли ярми Санкт-Петербург шаҳрида қўлга олинган.

Намойишлардан олдин Россия расмийлари Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ва унинг бутун мамлакатдаги бўлимларини "экстремистик" ташкилот деб белгилашга киришди.

Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси бир неча йилдан бери Путин ва бошқа юқори лавозимли амалдорларнинг бойлигини фош қилувчи суриштирувлар ўтказиб, Кремлнинг жиғига тегиб келарди.

Москвадаги намойишларда қатнашган 35 ёшли муҳандис Евгений Фартук Озодликка берган интервьюсида:

"Бугун нима учун келганимиз аниқ. Биз Навальний озод этилишини истаймиз", деди.

Қўлида туалет чўткасини кўтариб олган Фартук Навальний мамлакат ичидаги коррупция ҳолатлари ҳақида "барчанинг кўзини очганини" айтди.

Ҳожатхона чўткаси бу – Геленжик яқинидаги "Путиннинг саройи" деб таърифланган бино ҳақидаги ҳужжатли фильмга ишорадир.

Фильмда Навальний жамоаси меъморий ва дизайн ҳужжатлари асосида иморатдаги ҳожатхоналарнинг бири 700 долларлик ҳожатхона симчўткаси билан жиҳозланганини айтган эди.

Фильм эълон қилинганидан бери Навальнийни дастаклаётган айрим намойишчилар норозилик акцияларига ҳожатхона чўткасини олиб кела бошлаган.

Навальний сафдошлари олдинроқ махсус сайтда 500 минг киши рўйхатдан ўтганидан кейин сиёсатчини озод қилиш талаби билан кўча намойишларига чиқишни режалаган эди. Бироқ Навальний соғлиғи тобора оғирлашиб бораётгани уларни шошилишга мажбурлади.

БМТнинг сўз эркинлиги, қийноқлар, судсиз қатллар, жисмоний ва руҳий саломатлик ҳуқуқлари бўйича тўрт кишидан иборат мустақил экспертлар гуруҳи баёнот эълон қилиб, "Биз жаноб Навальнийнинг ҳаёти жиддий хавф остида деб ўйлаймиз", деди.

"Биз жаноб Навальний қийноққа солиш ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазога тенг келиши мумкин бўлган шароитда сақланаётганидан қаттиқ хавотирдамиз", дейилади мутахассислар баёнотида.

Намойишчиларни бостириш учун кўп сонли полиция кучлари жалб қилингани, ҳибсга олиш таҳдидлари ва Кремль яқинидаги Манеж майдони сингари асосий учрашув жойлари ёпилгани учун намойишчилар сони кутилгандан озроқ бўлди.

Навальний ҳимояси учун сўнгги йирик акциялар шу йил январь ойи охири ва февраль ойи бошларида – сиёсатчи Германиядаги муолажадан сўнг Россияга қайтгач, аэропортда ҳибсга олиниб, колонияга йўллангани ортидан ўтказилганди.

Намойишлар бошланишидан аввал полиция қатор шаҳарларда фаоллар ва журналистларни ҳибсга олди, уларнинг уйларида тинтув ўтказди.

Жумладан, Навальнийнинг сафдошлари Любовь Соболь ҳамда унинг матбуот котиби Кира Ярмиш ушланди.

Кейинроқ Ярмиш 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

22 апрель куни Human Rights Watch ташкилоти намойишлар "асоссиз" бостирилганини қоралади.

XS
SM
MD
LG