Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:51

Россия: Меҳнат муҳожирлари "гив-лотерея"ларда 100 минглаб ютқазяпти - блогерлар (ВИДЕО)


Видео скриншоти.
Видео скриншоти.

Ҳар йили 14 июн куни интернет жамоатчилиги Халқаро блогер кунини нишонлайди. 18 йилдан буён нишонланиб келинаётган бу кунда бир гуруҳ Россияда фаолият юритаётган ўзбек блогерлари ўз ҳамкасблари орасида кенг тарқалаётган бир муаммо – пулли лотерея ўйинига эътибор қаратди.

Лотереянинг бу тури жамоатчилик ва давлат эътиборидан четда қолаётган бир пайтда, у блог эгаларининг мўмай даромад топиш манбаига айланди.

Лотерея ўйинлари айниқса меҳнат мигрантлари ва камдаромадли аҳоли қатлами орасида кенг тарқалди.

"Гив" ёки "лотерея"?

“Гив” ёки инглизча “giveaway” («тарқатиш») – одатда блогерлар томонидан янги обуначиларни профилга жалб қилиш усули саналади.

Катта миқдорда пул, қимматбаҳо телефонлар, автомобилларни қўйиб, видеоблогерлар шу тариқа ўз контентига бошқалар эътиборини қаратади. Гивда иштирок этиш учун одатда танлов уюштирилаётган аккаунтга ва реклама бераётган ҳомийлар сайт-профилларига обуна бўлиш етарли.

Ўзбекистонлик таниқли блогер Муфаса Ўзбекистонда "гив" танловлари ўтказилишига тўсқинлик бўлмасада, лотереялар ҳукуматнинг қаттиқ назоратида эканини гапиради:

- Бугунги кунда ҳам ижтимоий тармоқларда, хусусан Инстаграмда инстабогерлар ва шоу-бизнес вакиллари томонидан "гив" конкурсларини ўтказиш оммалашган. Ушбу конкурсларни ўтказувчилар Солиқ Кодексининг тегишли моддаларига асосан 12 фоиз ставкада солиқ тўлашлари шарт, лекин президентнинг 2020 йилдаги тегишли қарорига асосан блогерлар ўзини-ўзи таъминлайдиган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлса, даромад солиғидан озод қилинган.

Бундай лотереяларни ташкил қилиш натижасида блогер катта моддий мукофот, омадли иштирокчилар – қимматбаҳо совға, спонсорлар эса кўп сонли обуначиларга эга бўлади. Ҳамма хурсанд!

Бироқ, сўнгги йилларда айрим блогерлар орасида пулли лотерея ўйинларини ташкил этиш авж олди. Лотереянинг бу тури жамоатчилик ва давлат эътиборидан четда қолаётган бир пайтда, у блог эгаларининг мўмай даромад топиш манбаига айланди.

Лотерея ўйинлари айниқса меҳнат мигрантлари ва камдаромадли аҳоли қатлами орасида кенг тарқалди.

Apple телефонлари ва автомобилларни ютуқ сифатида пулли лотереяда улашиш блогерлар ҳамжамиятини ҳам иккига ажратиб юборди.

Блогерлар лотерея фирибгарларига қарши!

Россияда ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир гуруҳ блогерлар Озодлик орқали бундай онлайн лотереялар фирибгарлик ва оммани алдашдан бошқа нарса эмаслигига эътибор қаратди.

29 ёшли блогер Искандар Македонский пулли лотереялар айниқса иқтисодий жиҳатдан қолоқ мамлакатларда кенг тарқалган, дейди.

- Мана шунга ўхшаган ўйинлар, афсуски, савияси паст жамиятларда пайдо бўлади. Биз бу ҳолат мавжудлигини тан олишимиз керак, тўғри қарашимиз керак. Кўпчилик айтиши мумкин "Ўзинг ҳам реклама қилган эдинг-ку?", деб. Ҳа, тан оламан бир вақтлари бир марта ҳатто розигриш ҳам қилганман. Лекин мен қилган конкурсда алдашнинг математик усулда иложи йўқ эди!

Блогер Аваз Умаров Россиянинг Перм шаҳрида яшайди. “Розигриш”ларга қарши кураш эълон қилган блогердардан бири.

- Мени бу курашга қўшилишга диним мажбур қилди. Бу нарсага қарши чиқишимга мажбур қилган иккинчи омил - обуначиларимнинг кўплаб мурожаатлари. Обуначиларимнинг кўпи "Бизда мана шу лотерея орқали бир киши 700 минг рублгача ютқазган!" Бу мени каналимга мурожаат қилганларган энг кўп ютқазган бўлди. Ундан ташқари 100-150 минг ютқазганлар жуда кўп бўлди. Уларнинг ҳаммаси Россияга тирикчилик қиламан деб келган ўзимизнинг оддий муҳожир ака-укаларимиз.

Ўзбек муҳожири турли буюмларни ўйинга қўйиш, лотерея ташкил қилиш барча давлатларда қонун назоратида.

Санкт-Петербургдан бўлган блогер Рустам Раҳмон бундай лотереяларнинг қонуний ва ноқонуний турлари мавжуд эканига тўхталди.

- Биринчи маротаба мен "гив" сифатида спонсорлар ёрдамида конкурс уюштирмоқчи эдим. Мен Ютуб каналига обуначи йиғиб бераман, улар эса менга муайян сумма беради ва ўша суммага битта ютуқ қўйилади. Салондан олган янги машинамни қўйдим. Кейин билсам - ноқонуний экан, жиноий жавобгарлик бор экан унга. Лотереяга лицензия қилиш керак, солиқ тўлаш керак. Кейин тўхтатиб қўйдим. Ютиб олган одам ҳам 18 фоиз ҚҚС тўлаши керак экан. "Розигриш" дейиляптику, аслида лотерея ўтказган инсон ҳам лицензия олган бўлиши керак ва солиқ тўлаши керак. Ўзбек блогосферасида эса бунга ҳеч ким эътибор бермаяпти! Блогерларимизга бу ишни қилмасликни тавсия берган бўлардим, чунки оқибатлари оғир бўлиши мумкин - жиноий жавобгарлик.

Озодлик суҳбатлашган яна бир Интернет фаоли Асқар Кенжаев бу каби ўйинларни анча бир йиллардан бери кузатиб келаётганлардан бири.

Асқар Интернет тармоқлари кенг тарқалиши ортидан охирги пайтларда блогерлар ташкил этаётган пулли лотереялар Ўзбекистонда ҳам авж олмоқда, деган фикрда:

- Мен бу мавзуни бир йил олдин ҳам олиб чиққандим. Шу масалани сизлар ҳам кўтариб чиққанингизлардан хурсанд бўлдим. Бир эри-хотин айтяпти: "Еб-ичаримизга, фарзандларимизга оз-моз пул ажратиб, қолган бор пулини Сирож, Оташ ва яна бошқаларга ташлаб бераркан.

Озодлик суҳбатлашган блогерлар замонавий технологиялар онлайн ўтказилаётган ва мустақил назоратдан мутлақо ҳоли бўлган бундай ўйинлар товламачилик ва қаллобликка кенг йўл очаётганидан хавотир билдирмоқда.

Самарқандлик иқтисодчи ва менеджер Шуҳрат Муродов ўзи ҳам бундай лотереяларда иштирок этиб, алданиб қолганлардан бири. Шундай кейин у алдоқчи лотереячи-блогерлар овчисига айланганини айтади:

- Ҳозирги кунда мусофир юртда юрган укаларимиз, опаларимиз, сингилларимиз қийналганини кўриб турибмиз. Шу тузоққа укам ҳам тушган эди. Укам 87 минг рубл "розигриш"га тикиб туриб, "катта маблағ ютаман" деган хом хаёлларга учиб, қатнашганди. Мен бу видеороликни бир марта кўришда лохотрон эканини сезганман ва унга математик жиҳатдан ёлғон эканини исботлаб берганман!

Халқаро блогерлар кунида бу масалада фикр билдирган ўзбек блогерлари махсус мурожаат қилишиб, ушбу муаммога жамоатчилик эътибори қаратилиши керак, деган фикр билдиришди.

- Биз юқори ташкилотдаги органларга мурожаат қилиб, бу вазиятни назоратга олишларини сўраймиз. Чунки бу одамлар солиқ тўловчилар ва айнан шу орган ходимларини шу солиқлардан таъминлаб келади.

Жорий йилнинг феврал ойида Тожикистон Солиқ қўмитаси маҳаллий блогерларни ижтимоий тармоқлар ва Youtubeдаги даромадларидан солиқ тўлашга мажбурлаган эди.

Россия қонунчилигида “Интернет-лотерея” деган тушунча йўқ, яъни уни бошқарувчи қоидаларнинг ўзи йўқ. Аммо ижтимоий тармоқларда ўтказиладиган лотереялар ютуғи ёки совринлар нархи 4 минг рублдан ошса, у шахсий даромад солиғи ставкаси 35% бўлган реклама акцияси ёки рағбатлантирувчи лотереяга тенглаштирилади. Яъни 4 миллион рубллик машинадан лотерея уюштирувчи блогер 1,4 миллион рубл солиқ тўлаши лозим.

Ўзбекистонда эса интернетда блогерлар томонидан лотерея ёки пулли ўйинларни уюштириш “Қимор (лотерея) ва гаров ўйинлари ўтказишни тартибга солиш тўғрисида” ва бошқа ҳукумат қарорлари билан тартибга солинади.

XS
SM
MD
LG