Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Reuters: Афғонистондан қочган учувчилар Ўзбекистонни тарк этмоқда


Термиздаги афғонистонлик ҳарбий учувчилар ушлаб турилган лагернинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири, 2021 йил . 29 августи
Термиздаги афғонистонлик ҳарбий учувчилар ушлаб турилган лагернинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири, 2021 йил . 29 августи

Афғонистондан қочиб чиққанидан кейин Ўзбекистонда бўлиб турган учувчиларнинг айримлари 12 сентябрь куни Бирлашган Араб Амирликларига учиб кетишган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

АҚШда таҳсил олган афғонистонлик учувчилардан бири агентликка Толибон расмий Тошкентдан учувчиларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилаётганига қарамай, ҳамкасбларидан бир гуруҳи якшанба куни БААга учиб кетишини маълум қилган.

The Wall Street Journal нашри шанба куни афғонистонлик учувчилар учинчи мамлакатга кўчирилишидан аввал АҚШнинг Қатардаги ҳарбий базасига йўлланиши ҳақида хабар қилганди.

Reuters агентлиги афғон учувчилар учиб келган 22 та А-29 русумидаги енгил ҳужумчи учоғи ҳамда 24 та UH-60 Black Hawk вертолёти тақдири нима бўлиши ҳозирча номаълумлиги ҳақида ёзган. 15 август куни Кобул Толибон қўлига ўтишидан бир неча соат аввал 585 нафар афғонистонлик ҳарбий ва уларнинг оила аъзолари бу учоқ ва вертолётларда Ўзбекистонга учиб келишганди. Ўзбекистон ҳарбий учоқлари билан йўли кесилган бу учоқ ва вертолётлар Термиз халқаро аэропортига мажбуран қўндирилган.

АҚШнинг амалдаги расмийлари ҳамда собиқ мулозимлари Reuters агентлигига Толибон ҳаракати учоқлар ва учувчиларни қайтариш талаби билан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказганини маълум қилишган.

Толибон эълон қилган ҳукуматни дастаклаган Ўзбекистон учувчилар туфайли қўшнилар билан алоқалар таранглашишидан чўчиб, АҚШни бу борада чора кўришга чақирган.

Якшанба куни учувчилар БААга учганига оид маълумот юзасидан АҚШ Давлат департаменти ҳам, БМТ ҳам, Толибон ҳам расмий изоҳ бергани йўқ. Аввалроқ Термиз яқинидаги лагерда сақланган афғонистонлик учувчилар вазият қалтислиги, ҳаракатлари чекланаётгани, дори-дармон ва озиқ-овқат етмаётганидан шикоят қилишган, бу эса халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари норозилигига сабаб бўлган.

Reuters маълумотига кўра, бир ҳафта муқаддам АҚШ расмийлари кўпчилиги ҳужжатини ҳам олишга улгурмай қочган афғонистонликларни биометрик маълумотлар ёрдамида текшириш учун Ўзбекистондаги лагерга келишган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хербст афғон учувчиларининг эвакуация қилинганини юқори баҳолаб, учоқлар ҳам Толибонга берилмай, Қўшма Штатларга қайтарилишига умид билдирган.

XS
SM
MD
LG