Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:34

Раҳмоннинг Путиндан “ҳурмат” талаб қилган нутқи YouTube'да бир неча миллион марта кўрилди


Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Остонадаги учрашувда. Қозоғистон, 14 октябрь, 2022.
Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Остонадаги учрашувда. Қозоғистон, 14 октябрь, 2022.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Россия президенти Владимир Путинга бир пайтлар Совет Иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатларига тенг муносабатда бўлинмаётганидан норозилик изҳор қилган видеоси ижтимоий тармоқларда миллионлаб марта кўрилди.

Раҳмон Путинга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, минтақадаги Тожикистон ва бошқа мамлакатларга мустамлака сингари қараб келингани, аслида эса минтақа Москвадан кўпроқ сармоя киритишга муносиб бўлганини таъкидлади.

Раҳмон бу ҳақда 14 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида айтиб ўтди.


YouTube га жойланган етти дақиқалик видео бир кунда 4 миллион марта кўрилган. Унда Путин ноқулай вазиятга тушгандек таассурот уйғотади. Видеода, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари жим кузатиб турганини кўриш мумкин.

“Биз ҳар доим асосий стратегик шеригимиз манфаатларини ҳурмат қилганмиз, – деди Раҳмон Россияни назарда тутиб. – Бизни ҳам шундай ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз."

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ундан тўхташни сўради, бироқ Раҳмон “Биз гаплашгани келдик”, дея уни рад этди.

"Совет Иттифоқи парчаланганида мен ўша залдаги йиғилишларда бўлганман. Ўшанда худди ҳозирги каби кичик республикаларга, кичик халқларга етарлича эътибор берилмаганди."

Путин Совет Иттифоқининг парчаланишини “ХХ асрнинг энг катта геосиёсий фалокати” деб атаган.

Раҳмоннинг айтишича, шўролар даврида Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фақат хомашё манбаи сифатида фойдаланиб, етарлича эътибор берилмагани Совет Иттифоқи қулаши сабабларидан бири бўлган.

Путин эса кейинрок бунга Совет даврида китоблар миллий тилларда нашр этилган, театрлар очилган, маданият ва иқтисодиёт ривожланган, дея жавоб берган.

Раҳмон Россия Марказий Осиё давлатларига сармоя киритиши кераклигини ва ҳатто миллиардлаб киритилган сармоя “жуда қисқа муддатда қопланиши мумкинлиги”ни қўшимча қилди. Унинг фикрича, Россияга ишлаш учун кетаётган марказий осиёликлар учун бу мақсадга мувофиқ бўлади.

Раҳмоннинг гапларига изоҳ қолдирган YouTube фойдаланувчиларининг бир қисми уни Путинга ҳақиқатни айтгани учун қўллаб-қувватлаган. Аммо бошқалар ўттиз йилдан бери Тожикистонни қаттиқ назорат остида бошқариб келаётган Раҳмонни танқид қилишди. Кўпчилик, агар у тожикистонликларга муносиб турмуш ва меҳнат шароитларини яратиб берганида, унинг халқи билан муносабат бошқача бўларди, тожикистонликлар иш топиш учун мамлакатни тарк этмаган бўларди, дея изоҳ қолдирган.

Президент Раҳмон Путиннинг асосий иттифоқчиларидан бири ҳисобланади. Путин Россиянинг Украинага босқинидан кейинги илк хорижий сафарини июнь ойида Душанбега амалга оширган ва Имомали Раҳмон билан музокаралар олиб борган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG