Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:49

Қирғизистонда радикал гуруҳлар фаоллашмоқдами?


Cўнгги кунларда Қирғизистон кучишлатар тузилмалари Қизилқия ва Ўзган шаҳарларида Суриядаги террор ташкилотларига алоқадор бўлган қуролланган радикал гуруҳлар аъзолари қўлга олингани тўғрисида кетма-кет баёнот берди.

Қирғиз экспертлари фикрича, Сурия, Афғонистон ва Украинадаги вазият террор ташкилотларининг ўз манфаатларини олға суришига катта туртки бўлаётгани ортидан бу каби гуруҳлар фаоллашмоқда.

25 август куни Миллий хавфсизлик қўмитаси Қизилқия шаҳрида жиҳодчилар гуруҳининг уч аъзоси қўлга олинганини билдирди.

"Жамоат раҳбари Қизилқия шаҳри турғуни бўлиб, у "Абу Нур" таҳаллуси остида фаолият юритган. У билан биргаликда қўлга олинган қизилқиялик П.А.И., ҳам қамоқда ўтириб чиққан. У гуруҳнинг маънавий устози ҳисобланган ва С.Бурятскийга оид террорчилик чақириқлари мавжуд аудио-видео материалларини тарқатади. Қўлга олинган учинчи шахс К.Д.Р., эса “Женгў” таҳаллусли жиноят олами вакили Дўсўновнинг жиноий гуруҳи аъзоси ҳисобланади. У гуруҳ аъзоларининг жисмоний тайёргарлиги учун масъул бўлган. "Абу Нур" гуруҳи Суриядаги жангариларга моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида бир неча йил давомида қароқчилик билан шуғулланиб келган”, - дейилади Қирғизистон махсус хизматлари тарқатган маълумотда.

Баёнотда таъкидланишича, қўлга олинган шахсларнинг уйлари тинтув қилинганида гранаталар, ўқ-дорилар ва диний адабиётлар топилган.

Ўш шаҳар милицияси эса 23 август куни Ўзган туманида “Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” халқаро террор ташкилотининг 1996-1999 йилда туғилган икки аъзоси ушланганини билдирган эди.

“Ўш Ички ишлар бошқармаси бир неча ой давомида мазкур фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни олиб турган. Уларнинг террористик ташкилотлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидан чиққан террористик гуруҳларга қўшилган одамлар билан алоқадорлиги ва улардан доимий тарзда буйруқ олиб, у ерга моддий ёрдам кўрсатиш учун пул йиғиб юргани ҳам маълум бўлган. Сўнгги маълумотларимизга кўра, булар Сурияга бориб, ўша террор гуруҳлари билан бирга Суриядаги давлат кучларига қарши курашда иштирок этмоқчи бўлган. Бироқ Туркиядан Сурияга ўта олмай қайтиб келишган. Шу маълумот ортидан, уларни Қирғиз Республикаси ҳудудида озодликда юриши ҳавфли экани ва уларнинг қуролли қаршилик кўрсатиши мумкинлиги инобатга олиниб, махсус отряд ҳодимлари билан бирга қўлга олинган”, - дейди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замир Сидиқов.

Қирғизистон кучишлатар тузилмалари сўнгги беш ойда террор уюштиришни режалаштираётган қатор гумонланувчилар қўлга олингани тўғрисидаги хабарларни ҳам матбуотга сиздирган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уларнинг барчаси Сурияда махсус тайёргарликдан ўтган жангарилар эканини иддао қилган.

Жумладан, 24 мартда “Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод”нинг Суриядаги етакчилари топшириғи билан Қирғизистонга террор содир этиш учун келган худкуш қўлга олингани хабар қилинди.

7 июль куни Бишкекда Қурбон ҳайити намози ўқилиши чоғида портлаш уюштиришни режалаштирган икки нафар чет эл фуқароси, 9 июлда Жалолободда бу икки шахсга кўмаклашиши лозим бўлган “Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод”нинг бир аъзоси қўлга олингани маълум қилинди.

Қирғизистонда “Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” фаолияти суд ҳукми билан 2016 йилнинг 17 март куни тақиқланган.

-“Жамоат ат-Тавҳид вал-Жиҳод” салафий-такфирий ташкилотлар жумласига киради. Суд ҳукми билан у Қирғизистонда тақиқланган. Улар “Исломий давлат” террор ташкилоти билан афилланган. Умуман олганда, ҳозирги диний вазият Афғонистондаги вазият сабабли Қирғизистондагина эмас, Марказий Осиё ҳудудида ҳам оғирлашиб боряпти. Террор ташкилотларининг Қирғизистонда ташкил этилган яширин гуруҳлари аста-секинлик билан фаолиятини кучайтиришни бошлаётгани сезилмоқда,- деди диний масалалар бўйича эксперт Қанатбек Мурзахалилов.

Қирғизистонлик экспертлар мамлакатда “Марказий Осиёнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби экстремистик ва террор ташкилотлари фаоллашаётгани”ни айтмоқдалар. Экспертларга кўра, Сурия, Афғонистон ва Украинадаги вазият террор ташкилотларининг ўз манфаатларини олға суришига катта туртки бермоқда.

-Террорчилик ҳаракати Қирғизистонда жуда кучайиб бормоқда, деб айта олмайман. Бироқ дунёдаги сўнги геосиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, фаолияти сустлашган террор ташкилотлари учун қайта жонланиш иконияти пайдо бўлмоқда. Масалан, бугунги кунда дунёнинг эътибори, айниқса, қудратли давлатларнинг диққати Украинага қаратилган. Бундай ҳолатда Суриядаги сустлашиб қолган ташкилотлар иккинчи ёки учинчи даражали эътибор доирасига тушиб қолгани ортидан оз бўлса-да жонланиш имкониятига эга бўлмоқда, -деди хавфсизлик масалалари бўйича эксперт, тарих фанлари доктори Болот Абдрахманов.

Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Артур Медетбеков Афғонистондаги террористик ташкилотлар сафларида Қирғизистон фуқаролари ҳам оз эмаслигини таъкидлаган ҳолда, уларнинг таъсири мамлакат ичкарисида сезилаётганини айтди:

-Қирғизистонда экстремистлар ва террорчиларга қарши кураш сифат жиҳатидан анча яхшиланди, шунга қарамай, мамлакатда террорчилик хавфи мавжуд. Чунки сўнгги йилларда кўплаб ёшларимиз Сурия ва Ироқдаги жангариларга қўшилиб кетди. Унга қадар, 1990 йиллари “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” деб аталган ҳаракатга қўшилиб, Афғонистонга кетганлар ҳам бор.

Дин ишлари бўйича давлат комиссияси маълумотига кўра, Қирғизистонда 2003 йилдан 2017 йилга қадар расман 21 та диний ташкилот фаолияти тақиқланган. Суд инстанциялари уларни экстремистик ва террор ташкилоти деб топган.

Форум

XS
SM
MD
LG