Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:41

Дунганлар билан можаро Қозоғистондаги этник зўравонликларнинг сўнггиси холос


Қозоғистон жануб-шарқида яна бир элатлараро можаро рўй берди. Бу сафар этник қозоқлар билан дунганлар жамоаси ўртасида жанжал чиқди.

7 февралда Жамбул вилоятининг Қўрдай туманида икки гуруҳ ўртасида чиққан жанжал ҳақида турли тахминлар айтилмоқда.

Бироқ бундай вазиятларда тез-тез бўлиб турганидай, жанжал оловига мобил телефонлар ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган миш-мишлар мой сепди. Оқибатда 10 одам ўлди, ўнлаб одам яраланди, минглаб дунганлар қўшни Қирғизистонга қочиб ўтди.

Исломга эътиқод қўйган дунганлар¸ Марказий Осиёга Хитойдан келиб қолган. Улар Чин элида Ҳуэй деб аталади.

Дунганлар одатда этник жиҳатдан Хан – хитойликлар ҳисобланади, бироқ айрим манбаларда айтилишича, уларнинг тарихи 1000 йилдан ошади. Дунганларнинг араблар ва ислом дини билан алоқаси бўлиб, дунган / ҳуэйлар этногенези милодий VII асрга бориб тақалади. Бу уларнинг Ички Осиёдаги энг қадимий мусулмонлар эканини кўрсатади.

Дунганларнинг на хитойча ва на туркийча бўлган ўзига хос тили ҳам бор.

Дунганлар XIX асрнинг иккинчи ярмида Марказий Осиёга оммавий кўчиб кела бошлаган. Ўша пайтда Хитой қўшинлари хитойлик бўлмаган аҳолининг ҳозир Шинжон деб аталадиган ҳудудидаги исёнларини бостирган эди.

Айни пайтда Марказий Осиё, асосан, Қирғизистон ва Қозоғистонда 100 мингдан ошиқ дунган истиқомат қилади.

Дунганлар Россия оқ пошшолари, шунингдек, совет ҳокимияти бошқарувида яшашга мослашган эди. Улар постсовет ҳудудидаги мустақил Қозоғистон ва Қирғизистонда яшашга ҳам мослашди, айни пайтда ўз маданиятини ҳам сақлаб қолди. Дунганлар ўз жамоасидан ташқаридагилар билан камдан-кам ҳолларда қиз олиб, қиз беради.

Қозоғистоннинг 7 февралда зўравонлик рўй берган Масанчига ўхшаш шаҳар ва қишлоқларида, асосан, дунганлар яшайди. Айни ҳолат Масанчидаги дунганларни сўнгги зўравонлик пайтидаги дарғазаб қозоқ оломони нишонига айлантирди.

Этник зиддиятлар

Сўнгги йилларда жануб-шарқий Қозоғистонда этник қозоқларнинг бошқа камсонли элатлар вакиллари билан ҳам тўқнашувлари қайд этилмоқда.

Хусусан¸ 2007 йил март ва апрелида Қўрдай туманидан 100 километр узоқликда жойлашган Олмаота вилоятидаги Маловодное қишлоғида этник қозоқлар билан чеченлар ўртасида тўқнашув келиб чиққан эди. Бильярдхонада бошланган можаро тез орада ёйилиб, иккала жамоадан ҳам унга юзлаб одам қўшилиб кетган эди.

Чеченлар Иккинчи жаҳон уруши вақтида советлар раҳбари Иосиф Сталин буйруғи билан Қозоғистонга кўчирилганлар авлодларидир.

2015 йил февралида Туркистон вилоятининг тожиклар кўпчиликни ташкил қиладиган Бўстонлиқ қишлоғида ҳам қозоқлар билан можаро келиб чиққан эди.

Туркистон вилояти Жамбул вилоятининг ғарб тарафида жойлашган. Этник тожиклар бу ерга ХХ асрнинг 50-йилларида минтақада етишмаётган иш кучи ўрнини тўлдириш учун кўчирилган.

Шошиб қолган ҳокимият идоралари

Қўрдай туманида рўй берган сўнгги зўравонликнинг 5 февралда кекса ëшдаги қозоқни дунган ҳайдовчи калтаклагани ортидан келиб чиққани айтилмоқда.

Ўша куни айнан нима бўлгани ҳақида бир-бирига зид бўлган хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқатилгани турли этник гуруҳларни ғазаблантирди. Орадан 48 соат ўтиб, ов милтиқлари, темир калтаклар ва тош билан қуролланган этник қозоқлар Масанчи қишлоғига кириб келди ва кўча жангларига киришиб кетди.

Масанчида олинган видеотасвирларнинг ижтимоий тармоқларга қўйилиши дунганлар кўп яшайдиган қўшни қишлоқлар аҳолиси эътиборини тортди.

Полиция нима қиларини билмай шошиб қолди. Фақат Ички ишлар вазирлигининг махсус қўшинлари етиб келгачгина, вазият назоратга олинди.

Ҳукумат вазиятни назоратдан чиқариб юборгани учун маҳаллий ҳокимиятни айблади. Лекин 2007 ва 2015 йилларда рўй берган зўравонликлар Қозоғистон жануби-шарқида этник келишмовчиликлар мавжуд бўлиб келганини кўрсатади.

Одамлар бу ерга кўчиб келишни танлагани ёки мажбуран кўчирилгани сабабли бўлса керак, у ўзига хос ноёб ҳудуд ҳисобланади ва марказий ҳукуматнинг алоҳида эътиборини талаб қилади.

Ҳукумат танқидчилари Қўрдайда содир бўлган воқеаларнинг Қозоғистон жануби-шарқида яна такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG