Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

Газ таъминотидаги узилиш ортидан Бекободдаги мактаб қозонхонаси портлади; бир одам ўлди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бекобод шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг қозонхонаси 28 январь куни туш пайти портлаб кетди.

Портлаш оқибатида қозонхона ёнида таъмирлаш ишлари билан машғул бўлган қашқадарёлик ишчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлди, икки киши тан жароҳати олди.

Терговчиларнинг дастлабки тахминича, қозонхонадаги қувурдан сизиб чиқиб, тўпланиб қолган табиий газ портлаш сабаби бўлган.

Тирик қолган ишчи Озодлик билан суҳбатда ўлган ҳамқишлоғининг беш фарзанди етим қолганини айтди.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан келиб, Тошкент вилояти, Бекобод шаҳридаги боғчада йўлакча қураётган 47 яшар Толмас Эрназаров 28 январь куни ишлаётган ери яқинидаги қозонхонанинг портлаб кетиши натижасида ўлди.

Унинг ҳамқишлоқ шериги Баҳром Расулов портлаш оқибатида жароҳат олиб¸ ҳозирда Бекобод шаҳар касалхонасида даволанмоқда. Расулов Озодлик билан суҳбатда фалокат тафсилотларини ҳикоя қилади.

- Биз боғчанинг девори ёнига бетондан йўлакча қилаётган эдик. Котелнийдан 10 метрлар узоқликда раствор қораётгандик. Бирданига банғиллаб кетди. Мен у томонга тескари турган эканман, нимадир келиб қулоғимнинг орқасига қаттиқ урилди. Толмас ака эса жуда қаттиқ жароҳат олди. Болницага етмай узилди. Аканинг бешта боласи бор эди, дейди Баҳром Расулов.

Бекобод шаҳар касалхонасининг ўзини таништирмаган шифокори Баҳром Расулов жароҳатлари оғир эмаслигини билдирди.

“Касалнинг аҳволи ўртача барқарор ҳолатда. Чап қулоқ орқа томонида номаълум нарсадан чуқур жароҳат изи бор эди. Операция қилдик. Орқа бел соҳасида ҳам майда осколочний жароҳатлар бор. Ҳозир аҳволи яхши. Бу боланинг шериги Толмас Эрназаровни тез ёрдамга олиб келишганда,у аллақачон ўлиб бўлган эди. Қашқадарёлик уста болалар экан”, деди шифокор.

Исми сир қолишини сўраган 1-мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича,фожиа 28 январь кундузи соат 12 ларда мактабнинг табиий газ таъминотидан узилиши ортидан юзага чиққан.

“Бу қозонхона мактаб билан унинг ёнидаги боғчани иссиқлик билан таъминлайди. Яқинда ремонтдан чиқарилган эди. Ўша куни соат 12 ларда ГорГаз газни ўчирган. Кейин яна огоҳлантирмай газни бериворгандан кейин, қозонхонада шунақа қаттиқ портлаш содир бўлган. Прокуратура ҳозир бу ишни текшираяпти”, деди ўқитувчи.

Бекобод шаҳар прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, бу воқеа юзасидан текшириш кетаётганини тасдиқлади.

“Дастлабки текширишга кўра, газ утечка бўлиб қозонхонада йиғилиб қолган. Ҳозир тўпланиб қолган газнинг қандай ёниб кетгани ҳақидаги тахминлар текширилаяпти. Экспертиза натижаларига кўра бир аниқ гап айтиш мумкин, ҳозирча бори шу”, деди прокуратура мулозими.

Мулозимнинг айтишича, портлаш вақтида қозонхона ичкарисида ҳеч ким бўлмаган.

Ўзбекистонда газдан нотўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида фожиали воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.

Жумладан, Андижон вилояти Балиқчи туманининг Қияли маҳалласидаги автомобилларни созлаш устахонасида ўтган йилнинг 10 декабрь куни автомобилдаги газ портлаши оқибатида 20 яшар уста йигит воқеа жойида ҳалок бўлди, унинг тоғаси бўлган иккинчи уста оғир куйиш жароҳати олди.

Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида 18 сентябрь куни эрталаб соат 7:45да йўналишдаги Isuzu автобусда газ баллони портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Тома қишлоғида 30 октябрь кечқурун хонадонлардан бирида газ баллони портлаши оқибатида тўрт киши оғир куйиш жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG