Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:51

Қозоғистонда жаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтмоқда. Бу ўйинлар қандай пайдо бўлган?


Жаҳон кўчманчилар ўйинлари. Кўпкари. Остона
Жаҳон кўчманчилар ўйинлари. Кўпкари. Остона

Айни кунларда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бешинчи “Жаҳон кўчманчилар ўйинлари” бўлиб ўтмоқда. 90 га яқин давлатдан келган спортчилар иштирок этаётган бу мусобақалар асли Қирғизистонда пайдо бўлган. Бу билан Қирғизистон “ресурслари танқис кичик давлат ҳам глобал миқёсда нимадир қила олишини” кўрсатди.

Кўчманчи халқлар спорти, мусиқаси ва маданиятини нишонлаш учун дунёнинг турли бурчакларидан спортчилар ва сайёҳларни 10 йилдан буён ўзига жалб этиб келаётган шоу бу.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган бешинчи ўйинлар, эҳтимол, энг йириги бўлиб, 89 давлат ўйинларга 2500 га яқин спортчини жўнатгани хабар қилинган.

Аммо 2014, 2016 ва 2018 йилдаги таъсис ўйинлари Қирғизистонда бўлиб ўтганди. Ўшанда мамлакат раҳбарияти шундоқ ҳам қашшоқ мамлакатга бундай серхаражат ўйин нега кераклигини асослаб бериш босими остида қолган эди.

2016 йил ёзида асли педагог бўлган Бермет Турсунқулова Марказий Осиё мусиқасида машҳур бўлган комуз чолғуси усталарини тезда топиши керак бўлиб қолганди.

Очилиш маросими
Очилиш маросими

“1000 та комузчи ғоясини дастлаб ким ўйлаб топгани эсимда йўқ, лекин июнь ойигача кўп нарса қилинмади ва биз шу аҳволда давом этишга мажбур бўлгандик”, дейди Турсунқулова.

“Мен ҳамкасбим Гулнора Айтбаевага мурожаат қилдим, унинг нодавлат ташкилоти анъанавий маданиятни сақлаб қолиш билан шуғулланади. Биз дирижёр топдик ва мамлакатнинг чекка вилоятларидаги мактаблар билан алоқа ўрнатдик, чолғучилар Қирғизистоннинг барча бурчакларидан келиши жуда муҳим эди”.

Уларни топиш бир муаммо бўлса, уларни келтириш, овқатлантириш, костюмлари яна бир муаммо эди.

Қирғизистон ҳукуматининг ҳамкорлари, асосан, Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги кўмаклашди.

2016 йил 3 сентябрга келиб Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятининг шарқий қисмида бўлиб ўтадиган Иккинчи Жаҳон кўчманчилар ўйинларида минглаб комуз садолари янграши учун ҳамма нарса тахт эди, кўпчилик томошабинлар эса бунча кўп чолғучи биргаликда машқ қилиб, тайёрланмаганидан хабари ҳам йўқ эди.

“Ташкилий жараён давомида мен ўзимга қайта-қайта савол берарди: нега аралашдим ўзи бу ишларга, камига, муддат оз қолганди”, дейди Турсунқулова.

“Аммо уларнинг очилиш кунида биргаликда куй ижро этишини кўриш бунга арзийди.”

Қирғизистон Маданият вазири Олтинбек Мақсутов 10 сентябрь куни журналистларга ўйинлар 2026 йилда яна “ватанига қайтиши”ни айтди.

Ихтиро қилиш шарт эмас

Қирғизистонлик спорт координатори ва туризм бўйича эксперт Асхат Акибаевни кўпинча Жаҳон кўчманчилар ўйинлари ихтирочиси деб аташади.

Бу Акибаевга ёқадиган унвон эмас.

“Ўйин ихтирочилари бизнинг аждодларимиз ва барча кўчманчи халқларнинг аждодларидир. Бу ўйинларнинг барчаси аллақачон у ёки бу шаклда мавжуд эди. Бошимизга олма тушгандек бўлмади”, деди қозоғистонлик ташкилотчиларга ўз ёрдамини таклиф қилган Акибаев.

Остонада қандай ўйинларни кўриш мумкин?

Олдинда мас-рестлинг, яъни калтакни ушлаб яккама-якка тортиш ўйини бўлиб ўтади. Отда ўқ отиш, яъни қадим замонлардан қолган чавандозлик маҳорати машҳур мусобақадир. Шунингдек, бургут ови каби бошқа жозибали спорт турлари ҳам намойиш этилади.

Аммо, бир веб-сайтда “бошсиз улоқ полоси” деб таърифланган спортсиз бу ўйинлар Жаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлмайди. Тўғри, хорижлик томошабинлар олдида ҳақиқий улоқ жасади ўрнида сунъий улоқ ўйналиши ҳам мумкин.

2014 йилда ўтказиладиган илк ўйинларни режалаштираётганда Акибаев анъанавий ўйинлар сайёҳлар ёки ҳатто маҳаллий аҳоли учун ҳам қизиқ бўлишига шубҳа билан қараган, Қирғизистонда эса уларни ўтказиш учун логистика ва инфратузилма муаммоси ҳам етарли эди.

Аммо улар эплашди. Шунга қарамай, аҳолисига энг базавий хизматларни ҳам кўрсатишга қийналадиган давлат учун шу керакми?

Акибаев 2012 йилда бир қатор ривожланган мамлакатлар фуқаролари учун жорий этилган визасиз режим туфайли ташриф анча ортган дастлабки учта ўйин бўйича туризм маълумотларини келтирди.

“Айтайлик, биз ушбу ўйинларнинг барчасига 10 миллион доллар сарфладик. Агар биринчи ўйинларгача Қирғизистонга 2 миллиондан сал кўпроқ сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилда сўнгги ўйинлардан кейин 6 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган”, деди Акибаев. "Бундан ташқари, биз ўзимизга ва бутун дунёга кичик бир мамлакат глобал миқёсда нимадир қила олишини кўрсатдик."

Чодирдаги катта зиёфат

Қирғизистоннинг бадавлат қўшниси Қозоғистон ҳам Туркиянинг Изник шаҳрида тўртинчи бор ўтказилган ва 2026 йилда Қирғизистонга қайтиб келадиган ўйинларга мезбонлик қилиш қанчалик кераклиги борасида саволларга дуч келди.

Қозоғистон жорий йил баҳорида ярим йил давомидаги энг ёмон мавсумий сув тошқинларини бошдан кечирганидан сўнг, президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўйинлар бюджети қисқартирилишини ва яна бир халқаро тадбир – Остона халқаро форуми бутунлай бекор қилинганини эълон қилди.

Жорий ўйинлар тахминан 12 миллион долларга тушди, чунки миллий компаниялар ҳисса қўшган ва ҳеч бўлмаганда мусобақа жадвалдан олиб ташланган.

8 сентябрь куни бўлиб ўтган тантанали очилиш маросимида қозоғистонлик дунёдаги энг машҳур қўшиқчи Димаш Худойберген қозоқ халқининг кечмишини синхрон раққосалар, кучли ёруғлик ва драматик саҳна кўринишлари орқали сўзлаб бергани маблағ жуда оз тежалгандек таассурот қолдирди.

«Ўзим рассомман, хореографларимиз ва ижрочиларимиз билан фахрланаман», дейди ўйинлар ўтаётган майдон яқинидаги миллий ҳунармандчилик буюмлари ва таомлар сотиладиган “этник қишлоқ”ни кезиб юрган Азиза Жўрабек.

“Бу ерда хорижликларга ёрдам бераётган кўнгилли ёшлар борлигидан ҳам хурсандман, чунки халқимиз инглиз тилини яхши билмайди, – дейди у. – Қозоғистон шундай миқёсда ва даражада бирор нарса қила олаётганидан фахрландим."

Биринчи марта Россия Украинанинг Қрим яримороли устидан назоратни қўлга киритиб, Украина шарқида ҳарбий агрессияни кучайтира бошлаган йилда ўтказилган Жаҳон кўчманчи ўйинлари Москва ва Ғарб ўртасидаги зиддият кучайган даврга тўғри келди.

Украина аввалги ўйинларга спортчиларни юборган, аммо бу сафар ундай бўлмади.

2022 йил ҳолатига кўра, бу ўйинлар Россия ва АҚШ спортчилари ўзларининг байроқлари остида бир платформада рақобатлаша оладиган дунёдаги кам сонли спорт тадбирларидан бири.

Илгари дипломат бўлган Президент Тоқаев инглиз ва қозоқ тилларида сўзлаган очилиш нутқида спорт “хурмат ва ҳамжиҳатлик рамзи” эканини таъкидлади.

“Қозоғистон ҳаммага тинчлик ва ҳамжиҳатлик мамлакати сифатида танилган, – деди Тоқаев. – Ишончим комилки, [Жаҳон кўчманчилар ўйинлари] халқаро бирдамликни мустаҳкамлашга ёрдам беради”.

Форум

XS
SM
MD
LG