Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:49

Қозоғистон: Олмаотада 149 киши ҳалок бўлди, морглардан "40 дан ортиқ жасад ўғирланган"


Олмаотада ўт қўйилган маҳаллий телеканал биноси- 12 январь, 2022
Олмаотада ўт қўйилган маҳаллий телеканал биноси- 12 январь, 2022

Олмаота полиция департаменти бошлиғи Қанат Таймердинов январь воқеаларида шаҳарда қанча одам қурбон бўлганини очиқлади.

“Фуқаролардан 149 киши нобуд бўлди. Ҳуқуқ-тартибот ходимларидан 11 киши ўлди”, деди Таймердинов 16 январь куни ўтказилган брифингда.

У тартибсизликларда иштирок этмаган, аммо ўққа учиб, ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари сонини очиқламади.

Бир кун аввал Бош прокуратура тартибсизликлар чоғида бутун мамлакат бўйича 225 киши нобуд бўлганини айтган эди. Прокуратурага кўра, бу илк расмий рақам бўлиб, “дастлабки ҳисоб-китоб тусига эга”.

Тоқаев Олмаотада. Ҳибсга олинганлар сони 10000дан ошди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:51 0:00

Таймердинов брифинг чоғида фавқулодда ҳолат тартиби амал қилган кунларда шаҳардаги моргларга, унинг таъбирича, “профессионал даражада етиштирилган” одамлар томонидан еттита ҳужум уюштирилганини маълум қилди.

Аввалроқ Қозоғистон расмийлари бир неча шаҳарда тартибсизлик ва талон-торожга уланиб кетган оммавий намойишлар ортида “халқаро террорчилар тўдалари” турганини иддао қилишган эди, ҳолбуки январь воқеаларига ташқаридан аралашув бўлганини тасдиқловчи бирон маълумот йўқ.

“Ҳужумларни қурол ишлатишни ва жанг қилиш усулларини мукаммал ўзлаштирган профессионал одамлар амалга оширган. Улар ўлган ва яраланганларни қолдирмаганлар, ўзлари билан олиб кетган. Ўша кунлар моргларга еттита ҳужум бўлган ва мазкур ҳужумларда 41 та жасад номаълум кишилар тарафидан ўғирланган”, деди Таймердинов ОАВлар вакилларига.

Таймердинов иддао қилишича, ҳужумчилар 5 январь оқшомида полиция департаменти биносига бир неча бор ҳамла қилишганида у ерда ҳалок бўлган сафдошларининг жасадларини ҳам олиб кетишган. Полиция департаменти бошлиғи ҳозирда шаҳар моргларида ҳужум қилганларнинг мурдалари бор ёки йўқлигини аниқлаштирмаган.

Бир кун олдинги брифингда соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси мудири Асел Артакшинова шаҳар шифохоналарига келтирилган эҳтимолий ҳужумчилар тиббий ёрдам олишганидан сўнг “қуролли кишилар ҳамроҳлигида кетишган”ини айтган эди. “Ҳатто жонлантириш бўлимларида ётганлар ҳам чиқиб кетди”, деди у.

5 январь куни Олмаотада бир неча минг намойишчи Республика майдонига тўпланган ва тез орада акимат биносини, ундан кейин эса президент қароргоҳини ишғол қилди. Иккала бинога ҳам ўт қўйилди. Кеч оқшом вақти маълум муддатга аэропорт ҳам босиб олинди. 6 январга ўтар кечаси шаҳарда дўконлар, банк шўъбалари, умумий овқатланиш шохобчалари талон-торож этилди, банкомат ва тўлов терминаллари очилди, автомашиналар ёқиб юборилди.

Таймердинов 5 январда рўй берган воқеалар солномаси ҳақида гапираркан, ўша куни “бир пайтнинг ўзида турли туманлардан ва шаҳар чеккаларидан” Олмаота марказига қараб “20 минг кишилик оломон юриш қилган”ини ва улар полиция ходимларидан иборат мудофаа чизиғини ёриб ўтганини таъкидлади.

“Майдон торлиги ва акиматда одамлар тирбандлигини ҳисобга олиб, полиция қурол ишлатмаган, чунки бу кўплаб одамлар қурбон бўлишига олиб келган бўлур эди. Шу муносабат билан полиция қурол ишлатмасдан чекинишга мажбур бўлган. Ҳужум қилганлар ҳокимиятни талашни бошлаган ва жиҳозларга ўт қўйишган”, қўшимча қилди Таймердинов.

У қурол дўконлари “қарийб бир пайтда” талон-торож этилганини айтиб, расмийларнинг ҳужумлар уюшқоқлик билан ва мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилгани ҳақидаги иддаосини такрорлади. Унинг маълумотига кўра, Олмаотада 1347 та қурол, жумладан 501 та кесувчи, 807 та силлиқ стволли ва 39 та газ пурковчи-жароҳатловчи қурол ўғирланган.

Намойишлар газ нархи кескин ошиши ортидан 2 январь куни Қозоғистон ғарбида бошланиб, бошқа ҳудудларга тарқалган эди. Тинч намойишлар 30 йиллик мустақиллик давридаги энг ёмон зўравонликларга айланиб кетди. Юзлаб одамлар ҳукумат биноларини босиб олишди, айримларига ўт қўйишди, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини талон-торож этишди, автомобилларни ёқишди ёки ағдариб ташлашди. Айниқса, мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлмиш Олмаота кўпроқ зарар кўрди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев фавқулодда ҳолат тартибини жорий этди ва куч ишлатар ходимларга намойишчиларни “огоҳлантиришсиз отиш”га буйруқ берди.

У давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинганини билдирди, аммо тўнтаришни режалаштирганларнинг исм-фамилияси айтилмади. 13 январдан бери Ғарбий Қозоғистон, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Туркистон ва Қарағанда вилоятлари ҳамда Чимкент шаҳрида фавқулодда ҳолат тартибини бекор қилди.

Тоқаев мамлакатнинг “ҳудудий яхлитлигига таҳдид” важидан КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. Россия раҳбарлигидаги Альянс бир неча минг ҳарбийни йўллади. Экспертларга кўра, КХШТ қўшинлари киритилиши туфайли Тоқаев ҳокимиятни ўз қўлида жамлашга муваффақ бўлган.

XS
SM
MD
LG