Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Қозоғистон: Ҳукуматни танқид қилган блогер мажбуран руҳий шифохонага ётқизилди


Мустақил журналист Айгул Утепова руҳий шифохонага олиб кетилишидан олдин - Нур-Султон, 23 ноябрь, 2020
Мустақил журналист Айгул Утепова руҳий шифохонага олиб кетилишидан олдин - Нур-Султон, 23 ноябрь, 2020

Тақиқланган ташкилот фаолиятига алоқадорликда айбланаётган қозоғистонлик блогер ва журналист Айгул Утепова суд қарори билан руҳий шифохонага олиб кетилди.

Ўтган ҳафта аппеляция суди Утеповани мажбуран руҳий шифохонага ётқизиш қарорини ўз кучида қолдирган эди.

Шу сабабдан 23 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри полицияси уни яшаш манзилидан олиб кетди.

Полиция машинасига ўтиришдан олдин Утепова Озодлик мухбирига ҳеч қандай касалликдан азият чекмаётгани ва руҳан соппа-соғ эканлигини айтди.

«Яқинда ўтказилган тиббий кўрик ортидан мутлақо соғлом эканлигим хулоса қилинди. Ҳозирги аҳволим соғлигим билан боғлиқ эмас. Бу қарор сиёсий асосга эга», - деди Утепова.

Нур-Султон судининг қарорига кўра, 50 ёшга тўлган Утепова ақл-идрокини текшириш учун уни бир ой давомида руҳий шифохонага ётқизиш керак.

Утепова 17 сентябрь куни Facebookда коронавирус эпидемиясини чеклаш бўйича расмий чораларни танқид қилиб пост ёзганидан кейин уй қамоғига олинган эди.

Ўтган ҳафта уни судгача уй қамоғида ушлаб туриш муддати 27 декабрга қадар узайтирилди.

Қозоғистон расмийлари журналистни мамлакатда экстремистик гуруҳ деб топилган ва тақиқланган «Қозоғистон демократик танлови» мухолифат ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айбламоқда.

Утепова ушуб ҳаракатга алоқаси йўқлиги, шунчаки ўз қарашларини изҳор қилувчи мустақил журналист ва блогер эканини айтиб келади.

Утепованинг қизи Озодлик билан суҳбатда расмийлар онасини руҳий шифохонага ётқизиш орқали 10 январга белгиланган Қозоғистон парламент сайловлари олдидан унинг овозини ўчиришга уринаётганини айтди.

Amnestry International ташкилоти яқинда баёнот эълон қилиб, Утепова «ўз нуқтаи назарини тинч йўл билан ифода этгани учунгина жиноий жавобгарликка тортилаётган виждон маҳбуси» дея таърифлаган эди. Ташкилот Қозоғистон расмийларини уни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматини мустақил ва мухолиф журналистларни таъқиб қилаётгани учун узоқ йиллардан бери танқид қилиб келади.

2018 йилда Чимкент шаҳри суди ўз мақолаларида ҳукуматни танқид қилган журналист ва блогер Ардақ Ашимни мажбуран руҳий шифохонага ётқизиш қарорини чиқарган эди.

Ашим озодликка чиққанидан сўнг мамлакатни тарк эди. Айни дамда у Украинада яшамоқда.

XS
SM
MD
LG