Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Қозоғистон: Экофаоллар АЭС қурилишини тақиқлашга чақирмоқда


Қозоғистон экология жамоатчилиги ҳукуматдан Олмаота вилоятида қурилиши кўзда тутилаётган АЭС лойиҳасига мораторий жорий этишни талаб қилмоқда. Мамлакатдаги 40 дан зиёд ноҳукумат ташкилотни бирлаштирувчи “Қозоғистон экофоруми” ассоциацияси фаоллари “тор доирадаги” муҳокамаларни тўхтатишни талаб қилиб, АЭС қуриш режалари ва қарори кенг жамоатчилик иштирокида қабул қилиниши, Қозоғистон эса “синов майдони” бўлмаслиги кераклигини таъкидламоқдалар.

“Экофорум” раиси Светлана Могилюк Қозоғистон экология вазири билан учрашувда жамоатчилик АЭС қурилишидан ва мазкур лойиҳа бўйича оммавий тингловга фақат АЭС қуриш мўлжалланаётган ҳудуд аҳолиси таклиф қилинганидан норозилигини билдирди. Ушбу учрашув 28 февралда бўлиб ўтди ва вазирлик расмий сайтида жонли ёйин қилинди.

Могилюкка кўра, экология жамоатчилиги тингловлар бўлишини ижтимоий тармоқдаги эълондан билиб қолган, эълон эса туман акимати номидан жойлаштирилган бўлиб, бу қонунбузарлик саналади.

“Вазир билан учрашувда лойиҳа жамоатчилик билан рисоладагидек, яъни Қозоғистон Экология кодекси ва Орхус конвенциясига риоя қилган ҳолда муҳокама этилиши лозимлиги масаласини кўтардим. 28 февралга белгиланиб, кейин қолдирилган тингловларни ташкил қилишда жуда қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилган. Муҳокамага шунақа енгил қараб бўладими ахир?!” дейди Могилюк Озодлик билан суҳбатда.

Мишустин Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасини тезлаштиришга чақирди. Экспертлар хавотирда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:07 0:00

Ташкилот 18 февралда эълон қилган “Қозоғистонда атом электр станциялари қурилишига муддатсиз мораторий киритилишини талаб қиламиз” номли онлайн-петиция ҳам шундай чақириқлар бор. Бугунгача петицияни қарийб 2,5 минг киши қўллаб-қувватлаган, 600 киши эса мораторий жорий этилишига қарши овоз берган.

Фаоллар ҳукумат жамоат тингловларини фақат Жамбул тумани ва Улкен қишлоғи аҳолиси иштирокида ўтказмоқчи бўлганидан қаттиқ норози.

“Гўё бу мамлакатнинг бутун аҳолисига тегишли эмасдек, гўё бизнинг овозимиз ҳеч нимага арзимайдигандек. АЭС қурилиши қозоғистонликлар ва чегарадош қўшниларимиз ҳаёти ва соғлиғига, мамлакат хавфсизлигига таҳдид солади. Дунё Чернобил ва Фукусима фожиаларини бошидан кечирди, ҳозирда эса Запорожье АЭС мисолида ядровий шантажга гувоҳ бўлиб турибмиз”, дейилади петицияда.

Запорожье АЭСни Россия қўшинлари 2022 йил март ойида босиб олган. Ўшандан бери Киев билан Москва АЭС атрофидаги ҳудудлар ўққа тутилишида бир-бирини айблаб келади ва бу бошқа мамлакатлар, жумладан Қозоғистонда ҳам хавотир уйғотмоқда.

Ушбу петициядан сўнг, 25 февралда Қозоғистонда АЭС қурилиши тарафдорларининг ҳам петицияси эълон қилинди. Унда Светлана Хеккурайнен исмли муаллиф Улкен қишлоғи аҳли номидан “атом электр станцияси қурилмаса, яқин орада биз улкан энергия танқислигига йўлиқамиз”, деб ёзади. Ҳукумат АЭС қуриш зарурлигини ҳамиша тахминан шу шаклда изоҳлаб келади. Мазкур петицияни 500 дан ортиқ киши маъқуллаган ва 400 дан зиёд киши қарши овоз берган.

Қозоғистон ҳукуматининг АЭС қуриш режаси аввалбошдан жамоатчилик қаршилигига учрамоқда. Фаоллар, экологлар ва экспертлар АЭСнинг хавфсиз ва тижорат нуқтаи назаридан фойдали бўлишига ишонишмаяпти. 2019 йил апрелда президент Қасим-Жомарт Тоқаев аҳоли розилигисиз қарор қабул қилинмаслигини айтган бўлса, орадан икки ярим йил ўтгач, Россиядаги форумда қилган чиқишида қатъий қилиб: “Бизга АЭС керак”, деди. Ўтган йили эса, чет эл инвесторлари кенгаши йиғилишида Қозоғистон АЭС қурилажак жойни танлаганини, потенциал таъминотчиларнинг техологияларини ўрганаётганини ва 2023 йилдаёқ қурилиш бошланишини билдирди.

Кейинроқ Қозоғистонда АЭСни халқаро консорциум қуриши маълум қилинди. Унга Хитойнинг China National Nuclear Corporation, Жанубий Кореянинг KHNP (Korea Hydro & Nuclear Power), Франциянинг EDF (Еlectricitе de France) ҳамда Россияинг “Росатом” ширкатлари киради.

Қатор экспертлар Марказий Осиёда атом станцияси қуриш натижасида атроф-муҳитга зарар етишини, қолаверса, республикалар реакторни қурган давлатга ўнлаб йиллар қарам бўлиб қолишини урғулаб, ушбу лойиҳаларни “жуда қалтис” дея баҳолайдилар.

Форум

XS
SM
MD
LG