Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:00

Қозоғистон топширмади, АҚШ қучоқ очди. Қорақалпоқ фаоллари тақдири


Раиса Худайберганова (чапда), Тлеубеке Йўлдошева ҳамда Жонгелди Жақсимбетовлар АҚШга етиб келгандан сўнг. 15 окятбрь, 2024
Раиса Худайберганова (чапда), Тлеубеке Йўлдошева ҳамда Жонгелди Жақсимбетовлар АҚШга етиб келгандан сўнг. 15 окятбрь, 2024

Тошкент сўровига биноан Қозоғистонда ушланиб, бир йил ҳибсда ўтирган тўрт нафар қорақалпоқ фаоли Қўшма Штатларга келиб жойлашди. Озодлик қозоқ хизматининг ёзишича, Ўзбекистонда “конституциявий тузумга тажовуз қилиш”да айбланаётган фаоллар Америкада бошпана олишдан умид қилишмоқда.

Илиқ куз куни. Яшилга бурканган хиёбон. Кўча машшоғи гитара чалади, атрофга ёқимли мусиқа таралмоқда. Бу – АҚШ шаҳарларидан биридаги манзара. Қорақалпоқ фаоллари Қозоғистондаги қайғули ойлардан сўнг шу ерга келиб ўрнашганлар.

– Ҳаммаси жойида. Кайфиятим аъло. Мен энди озод инсонман! – дейди Озодлик билан суҳбатда тўрт фаолдан бири Тлеубеке Йўлдошева.

40 ёшли Тлеубеке боғкурсида ўтирганча мусиқа тинглайди. У ўтган узоқ вақт ичида биринчи марта ўзини бехавотир сезмоқда. Аёл оғир кунлари битиб, рўшноликка чиққанидан умид қилади.

Қонли намойишлардан икки йил ўтиб, фаолларга тақиблар кучаймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:47 0:00

ПАНЖАРА ОРТИДА КЕЧГАН ОЙЛАР ВА УММОНОРТИГА ОЛИС ЙЎЛ

Қорақалпоқ фаоли Йўлдошевани 2022 йил ноябрда Қозоғистон-Россия чегарасида ҳибсга оладилар; Ўзбекистон ҳукумати уни “конституцион тузумга тажовуз”да айблаб халқаро қидирувга берган эди.

2020 йилдан бери Қозоғистонда яшаб келаётган Йўлдошева Ақтўбедаги ҳибсда роппа-роса бир йил ўтирди. Тутқунлик гўё бир умр давом этадигандек эди...

Пировардида Остона Тлеубекени Тошкентга топширмади, лекин у сўраган бошпанани ҳам бермади.

Аёл аросатда қолди. Тарихий ватанидаги намойишларни қўллаб-қувватлаб чиқиш қилган Қозоғистондаги бошқа ҳамюртлари ҳам шу аҳволда эдилар.

2022 йилда Тошкентнинг Қорақалпоғистонга референдум тартиб-таомили орқали Ўзбекистон таркибидан чиқиш имконини берувчи нормаларни Конституциядан ўчириш ташаббуси ортидан Нукусда минглаб қорақалпоқлар кўчага чиққан эдилар. Кенг кўламли намойишлар аёвсиз бостирилди. Расмий маълумотларга кўра, ўшанда 21 киши ўлиб, 200 дан зиёд киши жароҳат олган.

Қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистон ҳукумати баҳсли тузатишларни бекор қилди. Аммо қорақалпоқлар бундан суюнишга улгурмадилар - республикада қатағонлар бошланиб кетди. Юзлаб фаоллар ҳибсга олинди. Норозилик ҳаракати етакчиларидан бири, Қорақалпоғистондаги “Ел қызметінде” газетаси собиқ бош муҳаррири Даулетмурат Тажимуратов “конституцион тузумни ағдариб ташлашга уриниш”, “оммавий тартибсизликлар уюштириш” ва “ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тил бириктириш” каби жиноятларда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Даулетмуратнинг қамоқда уни қийноққа солишаётгани ҳақидаги баёнотлари беътибор қолдирилди, ҳукумат халқаро ташкилотларнинг уни дарҳол озод этишга чақириқларига ҳам парво қилмади.

Фожиадан сўнг Тошкент тартибсизликларни ташқи кучлар уюштирган, деган иддао билан чиқди. Шу боис Қозоғистонда яшаётган қорақалпоқлар қатағон машинаси тагида қолдилар. Йўлдошева – улардан бири. Умумий овқатланиш тармоғида ишлаган бу оддий аёл ўтган ўнйиллик ўрталарида, сиёсий фаоллиги туфайли ўзбек ҳукумати нигоҳига тушган. Тлеубеке Қорақалпоғистон мустақиллигини талаб қилиб акциялар ўтказишни қўллаб-қувватлаганини, ҳукуматни инсон ҳуқуқларига риоя қилишга чақирганини айтади. Кўп ўтмай аёл тазйиқларга учраб, қўшни Қозоғистонга жўнаб кетишга мажбур бўлади.

2022 йилда Тлеубеке Йўлдошева билан бирга, сўнгги йилларда Қозоғистонда яшаган юртдошлари Жонгелди Жақсимбетов, Зиуар Мирманбетова, Раиса Худайбергенова, Қошқарбай Торемуратовлар ҳам Тошкент талабига кўра экстрадиция қамоғига ташланган эди. Фаоллар “конституциявий тузумга тажовуз қилиш” айбловини рад этиб, бор-йўғи ижтимоий тармоқларда ўз фикрларини билдирганларини ва Қорақалпоғистонни суверен республика мақомидан маҳрум этиш ғоясига қарши чиққанларини айтганлар. Санаб ўтилган беш кишининг ҳар бири бир йил панжара ортида ўтирди – Қозоғистон жиноят-процессуал кодексига кўра, бошқа давлат беришни талаб қилаётган кишини 12 ойгача ҳибсда тутиш мумкин.

Cуверен Ўзбекистондаги суверен Қорақалпоғистон. Тарихий контекст
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:48 0:00

2023 йил октябрда Европага бориб, Варшавада ўтказилган инсон ҳуқуқларига бағишланган конференцияда ўз юртида бўлаётган қатағонлар ҳақида гапирган Қошқарбай Торемуратов айни пайтда Польша ҳукуматининг унга бошпана бериш масаласида бир қарорга келишини кутмоқда.

Жонгелди Жақсимбетов, Раиса Худайберганова ва унинг оиласи Тлеубеке Йўлдошева билан бирга 15 октябр куни Олмаотадан Истанбул орқали АҚШга учиб кетишди. Зиуар Мирманбетова ва оиласи Штатларга бир ҳафта кейинроқ, 23 октябрда жўнади.

– Буюк давлат бизни ўз қанотига олди. Америка тупроғига қадамим теккунича кўнглим нотинч эди. Ўзбекистон томони бизни исталган пайтда ўғирлаб кетиши мумкин эди. Ишончли манбалардан 15 октябр куни Олмаотадан Истанбулга биз билан битта учоқда ўзбек махсус хизматларининг ходимлари ҳам учиб келганини билдим, – дейди Тлеубеке Йўлдошева (Озодлик ушбу маълумотнинг ҳақиқийлигини текшира олмайди – таҳр.).

ҲУҚУҚБОНЛАР ВА ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАРНИНГ САЪЙ-ҲАРАКАТЛАРИ

Венадаги Freedom for Eurasia гуруҳи раҳбари, ҳуқуқбон Лейла Назгул Сейитбек Озодлик билан суҳбатда қорақалпоқ фаоллари ҳуқуқ ҳимоячиларининг саъй-ҳаракатлари туфайли АҚШга кўчиб боришганини айтади.

–Қўшма Штатларда уларни маҳаллий инсон ҳақлари ташкилотлари ва миграция идоралари жой билан таъминлайди. Улар ҳужжатларни расмийлаштириб, тренинглардан ўтадилар ва ишга жойлашадилар. Ўзбек ҳукумати томонидан хавф борлиги сабабли манзиллари сир сақланиши керак, – дейди Лейла.

Фаолларнинг визалари ва бошқа ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар ярим йил деганда ҳал бўлди. Очиқда бўлганлар бу орада инглиз тили курсларига қатнаб, тил ўрганишди. Аммо АҚШ сафари режаси сир тутилди.

– Қозоғистонга миннатдорлик билдирмоқчиман. Ҳа, биз у ерда бир йил ҳибсда ўтирдик. Лекин улар бизни экстрадиция қилишмади, учинчи мамлакатга кетишимизга рухсат бериб ҳатимизни сақлаб қолишди. Улардан ҳеч бир гинам йўқ. Ўзбекистонга топширишганида ҳолимиз не кечарди, билмайман, – дейди яна Тлеубеке Йўлдошева.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси директори Денис Живага “қорақалпоқлар Ўзбекистонга топширилганида уларнинг тақдирига ҳавас қилиб бўлмас эди”, дейди.

Бюро юристлари қорақалпоқ фаолларига бошпана сўраб илтимоснома беришда кўмаклашишди, рад жавоби берилганида эса судга шикоят қилиш учун ҳужжатларни тайёрладилар.

– Уларга қочқин мақоми берилмади, лекин бу мақомни олиш жараёнига киришга имкон беришди, экстрадицияни тўхтатиб туришди, барча инстанциялардан ўтишларига, қарорлар устидан судга арз қилишларига қўйиб беришди. Ҳатто бошпана бериш рад этилганида ҳам уларни Ўзбекистонга топширишмади, мамлакатдан чиқиб кетишларига тўғаноқ бўлишмади. Мен Қозоғистон ҳукуматининг лоақал шунга келганда халқаро ҳуқуқ нормалари ва инсон ҳуқуқларига риоя қилганидан ҳуқуқбон сифатида жуда хурсанд бўлдим, – дейди Живага.

Нукус воқеаларини ёритган Телеграм-канал ортида ким турибди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:02 0:00

ДИАСПОРА ЛИДЕРИ ДОХИЛ ЯНА УЧ ҚОРАҚАЛПОҚ ҲАНУЗ ҲИБСДА

Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси етакчиси Ақилбек Муратбай (Муратов) ҳануз Олмаотада экстрадиция қамоғида қолмоқда. Уни 2024 йил февралда Ўзбекистон сўровига биноан ушлашган эди. Тошкент Муратбайни “конституцион тузумга тажовуз” ва “тартибсизликларга чақириш”да айблайди, у эса айбловни туҳмат деб атамоқда. Қозоғистон унга бошпана беришни рад этган.

Намойишлардан сўнг Муратбай Қорақалпоғистондаги инсон ҳуқуқлари масалаларини кўтарган ва Нукус воқеалари бўйича очиқ тергов ўтказишни талаб қилган эди.

Жақсимбетов, Мирманбетова,Торемуратов, Худайберганова ҳамда Йўлдошева ушланганидан кейин у журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилиб медиада “тўполон” кўтарди. Муратбай Озодлик билан суҳбатда диаспора номидан Европарламент депутатлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига бир нечта хат ёзганини маълум қилган.

Денис Живага Муратбай билан боғлиқ масала хайрли якун топишига умидворлигини айтади.

Қозоғистонда яна икки нафар этник қорақалпоқ экстрадиция қамоғида ўтирибди, улар – Ўзбекистон фуқаролари Ринат Утамбетов ва Расул Жуманиёзов.

АҚШга кўчиб борган қорақалпоқ фаоллари Қозоғистон қамоғида қолаётган ватандошларининг тақдиридан ташвишда. Улар халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаатлар йўллаб, уларни вазиятга аралашишга ва тутқунларнинг Ўзбекистонга топширилишига йўл қўймасликка чақиришмоқда.

– Халқаро ташкилотлар билан алоқада бўлиб турибмиз. Чунки Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини писанд қилмайди. Нукус воқеалари текширилмай қолиб кетди. Ўз халқи озодлиги учун курашган Давлетмурат Тожимуратов ва бошқа сиёсий маҳкумлар қамоқда. Ўзимизга маълум фактлар ҳақида БМТга ёзмоқчимиз. Қорақалпоғистон озод мамлакат бўлишига ва бир кун ватанга қайтишимизга шубҳа қилмайман, – дейди Тлеубеке Йўлдошева.

– Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда Игор Савицкий номли музей бор. Мен ўша музей олдидаги майдонда сайр қилишни яхши кўрардим. Майдонда Қорақалпоғистоннинг каттакон байроғи ҳилпираб туради. Яқинларим видеоалоқа орқали қўнғироқ қилишса, улардан менга майдонни кўрсатинглар деб илтимос қиламан. Ҳозир ҳам майдон шундоқ кўз ўнгимда турибди, – дейди аёл АҚШ шаҳарларидан бирида, боғкурсида ўтирганча ватанини эсга олиб.

Форум

XS
SM
MD
LG