Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:59

Европа суди ҳимоясида бўлган қочқин Ўзбекистонга қайтди ва қўлга олинди (ВИДЕО-АУДИО)


Аброр Хидиров депортация марказида тушган сурат.
Аброр Хидиров депортация марказида тушган сурат.

Ўзбекистонда қидирувда бўлган, Страсбург суди томонидан ҳимояга олинган қочқин ўз ихтиёри билан 1 апрель куни Ўзбекистонга қайтди ва Қарши аэропортида қўлга олинди.

Кетишидан олдин қамоқхонадан туриб Озодлик билан боғланган навоийлик Аброр Хидиров 2013 йилда экстремизм ва террорчиликда ноҳақ айблангани, янги президент даврида унга қўйилган айбловлар қайта кўриб чиқилиши ва адолат қарор топишига ишонишини билдирди.

Ўзбекистонда Жиноят Кодексининг 244-2 (Диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш) ва 223- (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) моддалари асосида халқаро қидирувга берилган 40 яшар навоийлик Аброр Хидиров 1 апрель куни Қаршига учиб кетди.

Кетишидан бир неча кун олдин Озодлик таҳририятига Москванинг Сахарово депортация қамоқхонасидан қўнғироқ қилган Аброр Страсбург суди уни Ўзбекистонга бериб юбормаслик тўғрисида қарор чиқарганига қарамасдан янги ҳукумат ваъдалари ва адолатли судга ишониб ўз юртига қайтаётганини гапирди:

- Ман ноҳақ айбловлар билан 2013 йилда қидирувга қўйилганман. Ўшандан бери Ўзбекистонга боролмай юрибман. Шунга ўзим қайтиб бораяпман – болаларим тарбияси билан шуғулланишим керак. Мен ҳеч қандай диний оқим, бошқасига аъзолик жойим йўқ. Эл қатори Россияга ишлашга келганман. Мен 2017 йилдан бери бир йил тергов изоляторида, 7 ойдан бери Сахароводаги депортация марказидаман.

Бу ердан ман ўзим кетаман дедим! Россиядаги адвокатлар Европа инсон ҳақлари судига мурожаат қилиб, 30-Қоида асосида мени бериб юбормаслик тўғрисида қарор чиқартирди. Мен Европа суди ҳимоясидан, бошқа ҳамма имкониятлардан ўз хоҳишим билан воз кечдим. Чунки Ўзбекистонда яхши ўзгаришлар бўляпти, менинг айбим йўқ! Бировнинг кўрсатмаси билан айблов қўйилган менга. Озодликка Вотсапп орқали чиқишимдан мақсад у ерга борганимдан кейин ноҳақлик бўлмаслигини таъминлашга уринишдир.

Аброр Хидиров: Мен президентдан адолатли суд бўлишини сўрайман!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:21 0:00
Бевосита линк

Аброр унга 1 апрель, душанба куни Москва-Қарши йўналиши бўйича кетаётган учоққа авиачипта олганини ҳам билдирди.

Суҳбатдош Қарши аэропортида уни рафиқаси Муҳайё ва икки фарзанди кутиб олишини маълум қилди.

Аброр Хидиров бундан олдинроқ Навоий вилоят жиноят-қидирув бўлими ходимлари унга “вазият Ўзбекистонда ўзгарганини” билдириб, “қўрқмасдан кириб келишни” ва “яшил коридор” очиб беришга ваъда қилганини ҳам қўшимча қилди.

Страсбург суди ҳимоясидаги ўзбекистонлик қочқин ўз ихтиёри билан Тошкентга қайтиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:02 0:00

Озодликка Вотсапп тармоғи орқали юборган видеомурожаатида ҳам у шахсан президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, одил суд бўлишига умид қилишини маълум қилди.

"Аброр етиб келди - Навоий ИИБсига олиб кетишди!"

1 апрель куни Қаршига учоқда қўнган Аброр Хидиров Навоий Ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинганини тасдиқлади уни фарзандлари билан кутиб олишга чиққан Муҳайё Саидова:

- Етиб келди, кутиб олдик аэропортдан. 5 дақиқа ҳам гаплашганимиз йўқ, келиб “олиб кетамиз, наручник соламиз, 2 кунда жавоб берамиз”, деяпти. Ваҳоланки ваъдалар бошқа эди – “кечга жавоб берамиз, терговгача уйдан қатнайди, қамалмайди” деган одам бугун бошқача гапиряпти! Нодир деган Қизилтепадан опер келди, одам кўпайиб кетди, деди Аброр Хидиров Навоий ИИБсига олиб кетилганини тасдиқлаган Муҳайё.

Навоийлик Аброр Хидиров оила аъзолари билан
Навоийлик Аброр Хидиров оила аъзолари билан

​Аброр Хидиров Россияга 2013 йили ишлаш учун келган эди. 2017 йили Москва полицияси уни ҳужжатини текшириш учун тўхтатган ва Ўзбекистон уни халқаро қидирувга бергани маълум бўлганидан кейин ҳибсга олгани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

2017 йилнинг 26 июл куни Ўзбекистондан 2 ёш боласи билан Москвага учиб келган Аброр Хидировнинг хотини ва фарзандлари Россияга киритилмаган ва Ўзбекистонга қайтариб юборилган эди.

Ўзбекистонда диний мотивлар билан қидирувга берилгани айтилаётган Хидировни Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти​ ўз ҳимоясига олган.

Хидировнинг адвокатлари Ўзбекистон ватандошига нисбатан шошилинч чора кўриш учун Европа инсон ҳақлари судига илтимоснома йўллаб, Аброрга нисбатан 39-Қоида қўллагани, яъни Ўзбекистонга бериб юборишни тўхтатишга эришган.

Озодлик Аброр Хидиров билан боғлиқ вазиятни кузатишни давом этади.

XS
SM
MD
LG