Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

“Қўрқув йўқ, ишонч бор”. Украина бизнес аҳлининг Россия билан уруш хавфига муносабати (ВИДЕО)


Европа бизнес ассоциацияси ўтказган сўров натижаларига кўра, украин тадбиркорларининг учдан бир қисми Россия мамлакатга бостириб кириши эҳтимолини ҳисобга олиб “эҳтиёт режаси”ни тайёрлаб қўйган, яна 40 фоиз тадбиркор шу режа устида ишламоқда. Шарқий вилоятлардаги аксар тадбиркорлар эса бизнесини вақтинча “музлатиш”га қарор қилган.

Бизнес аҳли Россия билан катта уруш бўлишига ишонадими? Уруш чиққан тақдирда қандай ҳаракат қилади ва, умуман, чегарадаги вазият Украина иқтисодиётига қандай таъсир этмоқда.

Бутун мамлакат “Россия ҳужум қилармикан, йўқми?” деб бош қотириб ўтирган пайтда львовлик тадбиркор Михаил Гамбашидза ўз спорт залини очишга қарор қилди. “Настояшчее время” мухбири билан суҳбатда у урушдан қўрқмаслигини айтди.

“Ҳадеб ҳиссиётга берилмай, севган касбингиз ёки ишингиз билан шуғуллансангиз, қўрқув бўлмайди. Менда қўрқув йўқ, ишонч бор. Долғали замонларга чидаш беришни ўрганиш керак”, дейди у.

Уруш бошлангудек бўлса, нима қиласиз, деган саволга Михаил қисқа ва лўнда жавоб беради: “Кўрамиз. Аввал бошлансин-чи”.

Харьковда кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Игорь Балака буткул бошқача кайфиятда. Айрим экспертлар тахмин қилишича, Россия қўшинлари тажовузи айнан Харьковдан бошланиши мумкин: президент Зеленский ҳам яқинда “Washington Post” газетасига берган интервьюсида худди шуни айтганди. Россия армияси ҳали бостириб кирмаган бўлса-да, Игорь аллақачон ўнлаб савдо келишувларидан маҳрум бўлиб улгурди.

“Каттагина сармоя ётқизишни режалаган инвесторлар ҳам кетишяпти. Мана, тунов куни 40 миллион долларлик девелоперлик лойиҳаси бўйича ишларни тўхтатдик, лойиҳа кейинга қолдирилди”, дейди тадбиркор.

Киевда ўтказилган сўров якунларига кўра, бизнесменларнинг 45 фоизи можаро чиққан тақдирда ҳам ишлашга тайёрлигини, 15 фоизи уруш бошлангач Ғарбий Украинага кўчиб кетмоқчи эканини билдирган. Қарийб 10 фоиз тадбиркор мамлакатни тарк этишга ҳозирланмоқда, аммо улар бу ердаги корхоналари ва объектларини ўзларида сақлаб қолишни хоҳлашади. Сўровда қатнашган тадбиркорлардан атиги 7 фоизи ўз бизнесини тугатишини айтган.

Украинадаги минглаб ширкатлар аъзо бўлган Европа бизнес ассоциацияси раҳбари Анна Деревянко сўров натижаларига изоҳ бераркан, “ҳаммаси жойида, йирик бизнес бўлаётган воқеаларга муносабат билдиряпти”, дейди.

Сўровга кўра, украин ширкатларининг қарийб учдан икки қисми (58 фоизи) Украина ва Россия чегараларидаги мавжуд инқирозга қарамай иш ўринларини сақлаб қолишни режаламоқда. Яна 14 фоизи зўр бериб янги ходимларни қабул қилмоқда, тахминан шунча ширкат эса персоналнинг бир қисмини бўшатишга тўғри келишини тан олган.

“Бироқ кўплаб ширкатлар янги инвестиция ва лойиҳаларни, то вазият қандай ривожланиши аниқ бўлгунича тўхтатиб туришга мажбур бўлди”, дейди Деревянко.

Инвестиция банкларининг раҳбарлари катта бизнес ўзининг Украинадаги истиқболини яқин-яқингача англай олмаганини таъкидлашмоқда. Худди шу сабабга кўра миллий валюта курси тушиб кетган.

“Гривна курси иқтисодий пасайиш сабаблари бўлгани учун эмас, балки инвесторларда қаттиқ хавотир бўлгани учун 29 га қулади. Хавотирлар ўтиб кетгач, муайян вербал деэскалация юз берди ва курс орқага – муайян иқтисодий шартли даражага қайтди”, дея тушунтиради молиявий таҳлилчи Сергей Фурса.

Сўралган барча экспертлар бир фикрда якдил: Украина бозори ҳозирда психологик танланиш даврини бошидан кечирмоқда, яъни кимнинг асаблари мустаҳкам бўлса, ўша қолади.

Ўтган куни Украина молия вазири инқироздан ўтиб олишда мамакат иқтисодиётига Халқаро валюта фонди ёрдам беришига ишонтирди: Украина ундан икки транш билан жами 2.2 млрд доллар олишга умид қилмоқда. Шунингдек, АҚШ ҳам кафолат сифатида маблағ ажратмоқчи.

Молия вазири қўшимча қилишича, ваҳима қилаётганларнинг аксарияти – Украина бозорига қисқа муддатга сармоя тиккан тадбиркорлардир, узоқ вақт қолиш нияти билан мамлакат бозорига кирганлар эса ваҳимага берилаётгани йўқ.

XS
SM
MD
LG