Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Деҳқон-ўртакаш-экспортчи. Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари анъанавий бозорларни бой бермоқда


Ўзбекистонлик деҳқонлар бу йил пиёзга харидор йўқлиги сабабли банкрот бўлмоқда
Ўзбекистонлик деҳқонлар бу йил пиёзга харидор йўқлиги сабабли банкрот бўлмоқда

Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказда мева-сабзавот бозорини ўрганувчи EastFruit халқаро ахборот-таҳлилий портали Ўзбекистондан сабзавот ва меваларни экспорт қилиш шартлари ёмонлашганини қайд этди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2024-йил 14-майдан бошлаб ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин бўлган сабзавот ва меваларнинг тавсия этилган нархларини минимал нархларга ўзгартиради.

Нашрнинг ёзишича, эндиликда Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини мутахассисларнинг бозор конъюнктураси ҳақидаги тасаввуридан келиб чиқиб белгилаган нархлардан пастроқ нархларда олиб чиқиш тақиқланади.

Энг қизиғи шундаки, нарх ҳар бир маҳсулот учун сифат тоифалари, навлари ва бошқалар бўйича градацияларсиз белгиланади, нашр қайдича, бу мева ва сабзавотлар учун мутлақо бемаъниликдир.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раҳбари Ёрқинжон Маликов ҳам маҳаллий нашрларга берган интервюсида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида қатор муаммолар борлигини тан олган.

Ўзбекистонда бир йилда 4 миллиардд доллар атрофида мева-сабзавот етиштирилади. Расмий маълумотларга кўра, бир йилда 700-800 миллион доллар атрофида маҳсулот экспорт қилинади, холос.

Мутахассислар Ўзбекистон аграр мамлакат эканлигини ҳисобга олган ҳолда бу жуда кам кўрсаткич эканлигини айтадилар.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг, экспорт ҳажмини кескин ошириш кераклиги ҳақида бир неча бор чиқиш қилди. Экспортчиларга бир қанча имтиёзлар ҳам берилди.

Аммо, Мирзиёев президентлигининг 8 йилида ҳам бу соҳада инқилобий ўзгариш кузатилмади.

Ҳануз, Ўзбекистондан чиқадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Туркия, Туркманистондан Россия, Қозоғистон бозорларига киритиладиган рақобатга дош беролмаяпти.

Биргина иссиқхона маҳсулотлари экспорти бўйича Ўзбекистон қўшни Туркманистон билан рақобатда ютқазмоқда.

Туркманистон ички бозорида газ нархининг Ўзбекистонга нисбатан бир неча баравар паст эканлиги ҳам маҳсулот таннархига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

EastFruit тадиқотига кўра, Ўзбекистонда иссиқхона маҳсулотларининг улгуржи нархи тўртинчи йил сурункасига ўсиб борди ва ўз тарихидаги рекорд кўрсаткичга етди.

Экспортчиларга кўра, Россия бозори ҳам ўзбек маҳсулотларига "инжиқлик" қилмоқда. Экспортга жўнатилган маҳсулотларнинг сифатсиз эканлиги, харидорларни алдашга бўлган ҳаракатлар Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига бўлган муносабатда эҳтиёткорликни талаб қила бошлади.

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик экспортчилардан бирининг Озодликка айтишича, ўзбекистонлик экспортёрлар орасида носоғлом рақобат вужудга келган. Бу рақобат кўп ҳолларда “ўқлаш” деган усул атрофида айланади:

“Биздаги мева-сабзавот экспорти бир занжирдаги тўртта бўғиндан иборат. Деҳқон – Ўртакаш( маҳсулот йиғувчилар) – Экспортёр – Харидор. Кўп ифлос ишларни ўртакашлар қилади, масалан яшчикда икки қаторли хурмо ёки олма бўлса, тепасига сифатли, остига сифатсизини уриб юборади. Россиядагилар ҳам билиб қолган, Ўзбекистонники деса “ўқланган”ини билади, икки қаторли маҳсулот бўлса олмай қўйган. Бу Ўзбекистондан борган маҳсулотларнинг имижини тушириб юборяпти”.

Мутахассиснинг айтишича, иккинчи муаммо бу солиқдан қочиш мақсадида экспортёр билан қабул қилувчининг ўзаро келишуви:

“Масалан, ўртакаш 20 та деҳқондан 20 тонна маҳсулот йиғади ва экспортёрга бериб, Россияга жўнатиб юборади. Агар гилоснинг килоси 1 доллардан бўлса, шартномага 50 центдан ёзади. Қолган 50 центини нақд юборади. Бу бир мошина юк учун 10 минг доллар нақд келади. 10 минги фирманинг ҳисоб рақамига тушади ва уни ечаётганда 4 фоиз солиқ тўлайди”.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистонда бир йилда 3-4 миллиард долларлик мева сабзавот етиштирилади, аммо 700 миллион доллар атрофида экспорт қилинади.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024-йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон хорижга 298,5 миллион долларлик 514,8 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган.

Маҳсулотлар асосан Россия (26,3%), Покистон (24,2%), Қозоғистон (13%) ва Хитойга (9,3%) жўнатилган.

Аммо, мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда экспорт тизими ишлаб чиқариш – саноат қамровига ўтиши керак. Воситачилар билан ҳозир қилинаётган бизнес ёрдам бермайди:

“Ўтган йиллар давомида боғбон ва деҳқонлардан маҳсулотини насияга олиб, уларга бир сўм ҳам бермаган ўртакашлар ишлари судга оширилганини кўп кўрганмиз. Боғбонга гилосингга бунчадан пул бераман деб олиб кетади, лекин кейин маҳсулотинг ўтмади, брак экан, касал экан деган баҳоналар билан уларни қақшатадиган инсофсизлар кўп. Ҳўл маҳсулот билан ишлаш қийин, қисқа фурсатда бозорга етказиш керак. Ёки уни сақлай оладиган катта холодильниклар керак. Шунинг учун маҳсулотни полиз бошида деҳқон билан нархини келишиб, ҳамма форс-мажорлар ҳисобга олинган қонуний шартнома тузиб ишлайдиган ҳалол тадбиркорлар керак”.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раҳбари Ёрқинжон Маликов ҳам Кун.узга берган интервьюсида “ўқловчи”лар ҳақида бундай деган эди:

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизнинг тахминан 80 фоиз экспорти Россияга қилинади. Лекин бугунги кунда Россияда талаб камаймоқда. Ўзим бориб ўрганиб ҳам келдим Россия бозорларини. Видеоларни ҳам кўряпмиз, хурмо қутиларнинг тагига шолғом қўшиб юборишган, гилосларни юзига катталарини териб, тагига кичкина гилос қўшиб юборишган. Биздаги катта муаммолардан бири ҳам шу тадбиркор бир марта маҳсулот сотишни ўйлайди, кейинги фаолиятини эмас. Экспорт соҳасида илмсизлик бор. Давлатимиз раҳбари ҳам йиғилишда мана шундай виждонсиз экспортчиларимиз бор экан, деб айтиб ўтдилар. Муаммога кўз юмсак, газак ола бошлайди бу”.

Ёрқин Маликов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларни бир-бири билан боғловчи аниқ механизм йўқлиги ҳақида ҳам гапирган. Унинг сўзларига кўра, экспортчиларга қайси ҳудудда қанақа маҳсулот етиштирилаётгани ҳақидаги аниқ маълумотлар етишмайди.

Сурхондарё ҳокими фермерларнинг юзлаб гектар сабзи, карам, пиёзини ҳайдаб ташлашни буюрди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:58 0:00

Наманганлик фермер Адҳамжон Мадумаровнинг айтишича, Ўзбекистонда 2016 йилгача кичик ва ўрта тадбиркорлар боғдорчилик билан шуғулланган. Кейин эса йирик боғдорчилик ва узумчилик хўжаликлари пайдо бўлди.

Пахта ва ғалла учун унумдор бўлмаган ерлар боғдорчилик учун ажратилган бўлсада аслида унумдор ерлар боғдорчилик учун ажратилди ва йирик экспортчилар пайдо бўлди. Бу эса кичик ва ўрта ер эгаларини синишига олиб келмоқда:

“Хориждан мевали кўчатлар олиб келиш оммалашди. Аммо тупроқ, ер ва иқлим шароити хисобга олинмади. Ерларимиз минерал ўғитларга ўч бўлиб қолган. Қайси туманда қанча гектар боғ бор ва уни қайси мевалари экспортбоп ва қанча ҳосил олинади, қачон пишади деган прогнозлар йўқ. Хорижий инвестициялар кириб келишига коррупция тўсқинлик қилади. Менимча хорижий савдогарларга имконият бериш ва дунё бозорини ўрганиш орқали мева сабзавот экспортини амалга ошириш мумкин. Умуман улкан имкониятлар бўлсада маҳсулот етиштиришни кўпайтириш учун тўсиқлар кўп. Биринчиси қишлоқ ва боғдорчилик хўжалиги мутахассислар билан қамраб олинмаган. Деҳқонлар бирлашмасдан тарқоқ харакат қилади.Бизни етиштирган меваларда захарли петицидлар кўп ва азотли ўғитлар меъёридан юқори. Зараркуранда ҳашоратлар бор. Шу сабаб ҳукумат шундай қарор чиқаришга мажбур бўлган”.

Бухоролик тадбиркор Хуршид Турсунов фикрича, сабзавот ва меваларнинг тавсия этилган нархларини минимал нархларга тушириш экспорт миқдорини тушириб юборади:

“Яна экспорт ҳажмлари тушиб кетади, солиқлар жуда юқорилиги учун экспортёрлар валюта тушумининг ҳаммасини ҳам корхона ҳисоб рақами орқали айлантирмайди, бошқа муаммолар ҳам тиқилиб ётибди. Мева экспортчилари билан хукумат раҳбари учрашиши керак, акс ҳолда мева экспорти яна аста - секин ўлади. Мирзиёв бош вазир бўлган ва эндигина президент бўлган даврларда ҳам шунақа тартиб бор эди, ўзини оқламаганди бу тартиб, энди яна қайта - қайта бу хатоларни такрорлашнинг нима кераги бор?”

Хоразмлик фермер Неъмат Ишчанов фикрича, агар экспортчи тадбиркорларга тенг шароит яратилмас экан бу соҳада ўзгариш бўлмайди:

“Эндигина ривожланаётган аграр мамлакатларда иқтисодиётни юксалтириш ва халқ фаровонлигини ошириш учун, қишлоқ хўжалигида етиштириладиган барча махсулотларни фақат экспорт қилишни мўлжаллаб етиштириш керак. Бунда, барча экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорларга тенг шароитлар яратилиши керак. Айрим "очкўз"-"катта"лар учун алохида преференциялар яратмаслик жуда катта ахамиятга эга».

Айни кунларда Ўзбекистонда пиёз етиштирувчи деҳқонлар оғир аҳволга тушиб қолган. Мамлакат ички бозорларида пиёз тўлиб-тошгани сабаб унинг нархи ҳаддан ташқари пастлаб кетди.

Сурхондарёлик деҳқон Салоҳиддиннинг айтишича, бу йил пиёз нархи тушиб кетгани боис, у ҳатто қилган харажатини қоплай олмаяпти:

“Уч гектар пиёз эккан эдим. Ўтган йили 2000 сўмдан сотган эдим. Бу йил минг сўмга ҳам чиқмаяпти, 500 сўм сўрашяпти. Ижара пули, уруғ пули, ишчига берасиз, мошинга орттирасиз, ҳеч бало қолмайди. Бундан кўра ҳайдаб ташласангиз балки ерга ўғит бўлар. Биргина тирикчилигимиз деҳқончиликдан, билмадим қандай яшаймиз энди”.

Телеграмдаги пиёзчилар гуруҳида юзлаб одам пиёзини таклиф қилаётганини, харидорлар эса 500-600 сўмдан нарх таклиф қилаётганини кўриш мумкин.

Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ички бозор талаби қанча экани ўрганилмагани, таҳлил ва прогноз йўқлиги, экспортчиларнинг бу маҳсулотга хорижий давлатлардаги харидорлар билан шартнома қилмагани оқибатида рўй бермоқда.

EastFruit халқаро ахборот-таҳлилий порталининг ёзишича, бундай қарорлар ҳеч қачон ижобий натижаларга олиб келмаслигини жаҳон тажрибаси кўрсатмоқда.

Экспортчилар учун минимал нархлар тартибини мажбурий жорий қилиш биринчи навбатда, маҳсулот сотиш имкониятлари торайган ишлаб чиқарувчилар ва кичик экспортчиларга таъсир қилади.

Шу билан бирга, солиқ тушумларини ошириш ва валюта назоратини яхшилаш нуқтаи назаридан бундай чора мутлақо самарасиздир. Йирик компаниялар учун замонавий молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда минимал нархларни четлаб ўтиш қийин эмас, аммо бунинг натижасида солиқ базаси камайиши мумкин.

Порталга кўра, Ўзбекистон мева-сабзавот экспортидаги юқори ижобий динамика билан мақтана олмайди. 2023-йилда Ўзбекистоннинг экспортдан тушган даромади 10 фоизга камайиб, 777 миллион долларни ташкил қилди.

Расмийлар ўз ҳисоботларида сабзавот ва мевалар экспортида қуруқ дуккакли экинларни ўз ичига олган юқори кўрсаткични кўрсатмоқдалар, сифат таҳлили учун бу донли дуккаклилар экспортига киритилиши керак, чунки улар сабзавот ва меваларга қараганда бутунлай бошқача ўзига хослик ва савдо тузилмасига эга.

22 май куни Ўзбекистон Божхона қўмитаси томонидан товар ва транспорт воситалари ҳаракати юқори бўлган йирик чегара божхона постларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини устувор тартибда тезкорлик билан амалга ошириш учун махсус белгилар билан жиҳозланган алоҳида йўлаклар ташкил этилиши ҳақида хабар берди.

Бунда тез бузилувчан мева-сабзавот маҳсулотлари (пиёз, карам, гилос, ўрик ва бошқалар) ортилган транспорт воситаларини ушбу йўлакларга йўналтиришда устуворлик таъминланади.

Форум

XS
SM
MD
LG