Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:16

Пудратчи ва истеъмолчи "Қишлоқ қурилиш инвест"ни арзон уйларни қимматга сотаëтганликда айбламоқда


"Қишлоқ қурилиш инвест" Ўзбекистон бўйлаб қурилаëтган "арзон ва намунали уйлар" нархининг қаердан келиб чиққани ҳақидаги саволларга ҳозирга қадар тушунтириш берган эмас.
"Қишлоқ қурилиш инвест" Ўзбекистон бўйлаб қурилаëтган "арзон ва намунали уйлар" нархининг қаердан келиб чиққани ҳақидаги саволларга ҳозирга қадар тушунтириш берган эмас.

Ўзбекистон бўйича аҳолининг кам таъминланган қатлами учун арзон уй-жой қурувчилари бу соҳада мамлакатдаги асосий буюртмачи бўлган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси МЧЖни уйлар нархини сунъий равишда қимматга сотаётганликда айблади. Пудратчиларнинг иддао қилишича, "Қишлоқ қурилиш инвест" уй қурилишидан то уларни жиҳозлашга қадар бўлган материалларни қурувчиларга бозор нархидан ўртача икки баробарга қимматга пулламоқда.

"Қишлоқ қурилиш инвест" қурдирган "намунали уйлар"дан сотиб олган айрим оилалар эса¸ бу уйларга улар розилигисиз ўрнатилган ошхона жиҳозлари бозордаги нархлардан уч-тўрт бараваргача қимматлигидан шикоят қилмоқда.

"Қишлоқ қурилиш инвест" компанияси бош директори қабулхонаси телефони орқали Озодлик боғланган “компания мутахассиси” бу айбларни “бемаъни” деб атади ва уларга жавоб беришга вақти йўқлигини айтиш орқали¸ гўшакни илиб қўйди.

Ҳеч кимнинг кучи етмаган ширкат

Кам таъминланган оила сифатида "Қишлоқ қурилиш инвест" компанияси қурган уйлардан 3-хонали квартира сотиб олган карманалик Тўхтагул Турдиева¸ ўз розилигисиз ўрнатилган ошхона жиҳозлари ва кириш йўлагига қўйилган шкаф учун буюртмачи ширкат қўйган нархни кўриб¸ ҳайратга тушганини айтади.

- Ошхона мебели оддий ламинатдан, акрил эмас, тортмасиям йўқ. 4 миллион 880 минг нарх қўйипти. Бозорга чиқиб суриштирсам¸ 300-400 минг сўмгаям бормайди бунақа тумбалар. Шу “мебель” учун 4 880 500 ҳисобланган. Кириш йўлагига қўйилган ингичка шкаф учун қарийб 1 миллион сўм нарх қўйилган. Бозорда бу 150 минг сўм экан. Ҳаммаси 1 миллион сўмга бориб-бормайдиган бу сифатсиз мебеллар учун "Қишлоқ қурилиш инвест" 5 миллион сўмни бўйнимга илиб қўйган, дейди 23 январь куни Озодлик гаплашган Тўхтагул Турдиева.​

У шикоятлари натижасиз қолаётганини айтади.

- Порталга ëздим¸ прокуратурага ëздим¸ аммо буларнинг орқасида жуда кучли одамлар туради экан¸ ҳеч кимнинг кучи етмаяпти¸ дейди 23 январь куни Озодлик гаплашган Тўхтагул Турдиева.

У "Қишлоқ қурилиш инвест" ўзи билан тузилган шартномани "банкда сақланади" деган иддао билан қўлига бермаганини айтди.

- Шартномада ошхона жиҳози қўйилади ва унинг нархи шунча бўлади¸ деган жойи йўқ¸ адашмасам. Шартнома қўлимда йўқлиги учун¸ ҳозир аниқ айта олмайман. Аммо мебель қўйилади¸ деб ëзилган бўлса ҳам¸ унинг нархи бозордан уч-тўрт баравар қиммат бўлиши бу ғирт фирибгарликку! Президент буларга кам таъминланганлар учун арзон уй қуриб беришни топширган бўлса¸ булар давлатдан имтиëз олиб туриб¸ нега уй ва жиҳозларини бозор нархидан шунча қимматга сотаяпти¸ дейди "арзон уйи" нархи 270 миллион сўмдан ошганини айтган навоийлик бу аëл.

Тўхтагул Турдиева¸ "Қишлоқ қурилиш инвест"дан бу мебелларни олиб кетишни талаб қилишда давом этаëтгани ва бу масала ҳал бўлмагунча¸ қўйилган мебелларга қўл теккизмаслигини қўшимча қилади.

Турдиеванинг уйига қўйилган 4 миллион сўмлик ошхона жиҳози.
Турдиеванинг уйига қўйилган 4 миллион сўмлик ошхона жиҳози.

Турдиева¸ Озодликка ҳали товар ëрлиғи олинмаган ошхона ва кириш йўлаги жиҳозлари суратини юборди.

Кириш йўлагига қўйилган бу шкафга¸ Турдиеванинг айтишича¸ "Қишлоқ қурилиш инвест" қарийб 1 миллион сўм нарх қўйган.
Кириш йўлагига қўйилган бу шкафга¸ Турдиеванинг айтишича¸ "Қишлоқ қурилиш инвест" қарийб 1 миллион сўм нарх қўйган.

Турдиеванинг бу шикояти билан айни кунда Озодликка Сурхондарë вилояти Термиз шаҳридан келган бошқа бир мурожаатда ҳам "Қишлоқ қурилиш инвест"дан намунали уй сотиб олган яна бир оила вакили¸ айнан ошхона ва кириш йўлаги жиҳозларининг бозор нархидан уч баравар қимматга баҳоланганига норозилик билдирди.

"Қишлоқ қурилиш инвест" Термизда қурдирган уйдаги ошхона мебели Навоийдаги билан бир хил.
"Қишлоқ қурилиш инвест" Термизда қурдирган уйдаги ошхона мебели Навоийдаги билан бир хил.

Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ дан 2018 йил курилган уйларидан олганман. Уйимга ошхона мебели ўрнатилган¸ жуда сифатсиз экан. Шу масалада МЧЖ га мурожаат қилсам¸ сизга 5 800 000 сўмга мебель қўйиб берганмиз¸ нимага ношукурсизлар¸ деб жавоб олдим. Кейин бозорлардаги мебеллар билан солиштирсам¸ ундан зўрларини 1 500 000 сўмга олиш мумкин экан. Кам таьминланганларга мўлжалланган уй-жойдан бир мебелнинг ўзидан 4 300 000 сўм фарқ қилса¸ унда Сурхондарёда 1000 дан зиёд уй-жойдан қанча пул бўлади? Президент уйларни арзонлаштир¸ деган бир вақтда бу ноинсофлар бир мебелни уйимнинг олдидаги бозор нархидан 4 баравар қиммат сотмоқда?”¸ дейди шахси очиқланмаслигини истаган термизлик уй эгаси.

Озодлик “Қишлоқ қурилиш инвест” қурган уйлардаги мебеллар нархи борасидаги бу шикоятга муносабат билдиришни сўраб¸ компаниянинг Навоий ва Сурхондарë вилоятларидаги ҳудудий бўлимларига боғланди.

Озодлик билан ўзини таништирмай гаплашган таъминот бўлими вакиллари мебеллар нархининг бозор нархидан қиммат эканини эътироф қилишни истамади.

Биринчидан¸ бу мебелларни биз эмас¸ пудратчи қўяди. Иккинчидан¸ биз қўйган мебеллар сифатли¸ шунинг учун бозордаги арзон мебеллардан қимматроқ”¸ деди Сурхондарë вилоятидаги "Қишлоқ қурилиш инвест" вакили.

"Тошкентдаги мафия"

23 январь куни Озодлик "Қишлоқ қурилиш инвест" буюртмаси билан Сурхондарë ва Наманган вилоятларида кўп қаватли¸ шунингдек¸ намунали уй қурган пудратчи ширкат раҳбарлари билан нархларнинг қандай шаклланиши ҳақида атрофлича суҳбатлашди.

"Қишлоқ қурилиш инвест" буюртмаси билан уй қураëтган бу пудратчилар¸ "Тошкентдаги мафия"дан чўчишларини айтиб¸ ўзлари ва ширкатлари номи очиқланишини истамади.

"Оддий халқ биргина ошхона мебели мисолида нархларнинг бозордан бир неча марта қимматлигини кўраяпти. Аслида¸ "Қишлоқ қурилиш инвест" қурдираëтган уйларнинг нархи бозор нархидан камида икки баравар қимматга ҳисобланаяпти"¸ деган пудратчи ширкат эгаларидан бири.

У уйлар қандай баҳоланишин тушунтирди.

Қишлоқ қурилиш инвест” буюртмачи сифатида ҳар бир вилоятда пудратчи ширкат билан шартнома қилади. Бу шартнома фалонта уйни фалон муддатда битириб бераман¸ деган мазмунда бўлади. Унда қурилиш материалларини қаердан¸ қанчага олиш кўрсатилмайди. Аммо “Қишлоқ қурилиш инвест” пудратчини 28 хилдаги қурилиш материалини ўзи белгилаган нархда олишга мажбурлайди. Пудратчи МДФ эшиклари¸ АКФА Имзо ромлари¸ Артел гази¸ АКФА радиаторлари¸ ўзлари танлаган цемент заводи цементи¸ кафель¸ ламинат пол¸ қулф ва дарвозаларни олиши шарт. Олмаса¸ “Қишлоқ қурилиш инвест” қуриб берган уйининг пулини бермайди. Масалан¸ вилоятдаги пудратчининг ўзи эшик-дарвоза¸ ошхона мебеллари ишлаб чиқаради. “Қишлоқ қурилиш инвест” халққа 4 миллион 900 мингга ўтказаëтган ошхона мебелини¸ дейлик мен 1 миллион 470 мингга қўйиб бераман. Лекин қўйдирмайди. Чунки 28 хилдаги қурилиш материалларидан то ошхона мебелларигача ҳаммаси Тошкентдан келади. Буларни сотаëтган ширкатларнинг эгалари жуда қудратли одамлар¸ бутун бозорни монополия қилиб¸ ўзиникини уч баравар қимматга ўтказаяпти. Халқ бир сўмлик нарсага камида уч сўм тўлаб¸ арзон уй олдим¸ деб ўтирипти”¸ дейди Озодлик гаплашган "Қишлоқ қурилиш инвест" пудратчиларидан бири.

Бу суҳбатдош иддаосича¸ “Қишлоқ қурилиш инвест” 28 турдаги қурилиш материалларини пудратчиларга бозор нархидан бир неча бараварга сотар экан¸ бу олди-бердига оид шартнома тузмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор¸ деб ўтказади. Уч йилдан бери “Қишлоқ қурилиш инвест” билан ишлаëтган бўлсам¸ бунақа шартнома қилганини ҳам¸ Вазирлар Маҳкамаси қарорини кўрсатганини ҳам билмайман”¸ деди “Қишлоқ қурилиш инвест” пудратчиларидан бири.

“Қишлоқ қурилиш инвест” жавоби

23 январь куни Озодлик, кам таъминланган оилалар учун қурилгани айтилган “арзон уй” сотиб олган оилалар ва бундай уйларни қураëтган пудратчилар иддаоларига муносабат билдиришни сўраб, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси бош директори Қудратбек Ҳошимбеков қабулхонасига қўнғироқ қилди.

Биринчи қўнғироққа ўзининг директор ëрдамчиси эканини айтиб жавоб берган эркак ходим¸ Озодлик номини эшитиши билан гўшакни илиб қўйди.

Бир неча уринишдан сўнг¸ айни номерга жавоб берган аëл¸ ўзининг котиба эканини айтиб¸ узоқ маслаҳатлашувдан сўнг¸ гўшакни ўзини "компания мутахассиси" деб таништирган эркак кишига узатди.

Аввалига саволларни компания сайтида берилган электрон манзилга ëзма шаклда юбориш лозимлиги ва бу саволлар шундан кейингина кўриб чиқилишини айтган бу "мутахассис"¸ пудратчи ва уй эгаларининг "Қишлоқ қурилиш инвест" қураëтган арзон дейилган уйлар нархининг турли схемалар орқали сунъий равишда бир неча баравар қимматга қурилаëтгани ҳақидаги айбловини эшитиб¸ “бунақа бемаъни гапларга жавоб беришга вақтим йўқ” дея гўшакни ташлаб юборди.

Компания расмий сайтида келтирилган маълумотга кўра¸ 2017 йилги давлат дастурига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида "барча қулайликларга эга бўлган 15 мингта янги уй-жойлар бунёд этилиб, фойдаланишга топширилган".

2018 йили қанча уйнинг¸ қайси нархда қурилганига оид маълумот компания сайтида йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1167-сонли қарорига асосан ташкил этилган "Қишлоқ қурилиш инвест" компанияси, расмий маълумотда ëзилишича¸ қишлоқ массивларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилишида буюртмачи вазифасини бажаради.

XS
SM
MD
LG