Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Қирғизистон: Уйи йўқ вазирлар, машинасиз миллионерлар


Қирғизистон Давлат солиқ хизмати ҳукумат амалдорларининг 2019-2020 йил учун даромадлар декларациясини эълон қилди. Ўз декларацияларида амалдорларнинг аксари ўртаҳол яшаши, бир қанчаси эса уй -жойсиз эканини таъкидлаб ўтган.

Масалан, Вазирлар Маҳкамаси раиси, Қирғизистондаги энг бой одамлардан бири сифатида кўриладиган Ақилбек Жапаров декларацияда квартирасидан бошқа ҳеч нарсаси йўқлигини кўрсатган.

Кузатувчилар амалдорларнинг декларациялари реалликдан йироқ экани, улар ўз мол-мулклари тўғрисида очиқ маълумот бермаганликларини айтишади.

Солиқ хизмати маълумотига кўра, Қирғизистондаги амалдорларнинг фақат 6200 нафари декларация топширган. Яна 15 минг мансабдор даромадлар декларациясини тўлдирмаган.

Қирғизистонда 2017 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, давлат хизматчиси мажбурий тарзда декларация топшириши керак.

“Агарда кимнигдир декларацияси шубҳа туғдирса, биз солиқ тўловчи ёки давлат ходимини чақириб ўтирмаймиз. Бу бўйича маълумотни юридик баҳо бериш учун автоматик равишда прокуратурага берамиз”, - дейди солиқ хизмати матбуот котиби Эркин Сазиқов.

Кузатувчиларга кўра, жорий йилда амалдорларнинг аксарияти тақдим этган солиқ декларацияларини “шубҳали” деб аташ мумкин.

Масалан, Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 2020 йили 815 357 қирғиз сўми, яъни тақрибан 9,5 минг доллар даромад кўрганини билдирган. Бундан ташқари, у солиқ декларациясида 77 квадрат метрли хонадони борлигини айтган. Декларациядаги маълумотларга ишонилса, Жапаровнинг шу уйидан бошқа кўчмас мулки йўқ.

Бироқ ҳукумат раҳбарининг ўзига қараганда унинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари анчагина бой экан. Улар 2020-йили 96 млн. 745 минг сўм, тақрибан 1 млн. 200 минг доллар топган. Шунингдек уларнинг номида турли маркадаги еттита "Мерседес-Бенц" автомобили ва контейнерлар бор.

Айни мавзуда суриштирув олиб борган журналист Бўлот Темиров фикрича, амалдорлар декларациясида ўз бойликларининг ҳақиқий миқдорини кўрсатмайди.

“Биз суриштирув ўтказганимизда Ақилбек Жапаровга тегишли мулклар, биноларнинг асосий қисми унинг ёрдамчиси, фарзандлари ва бошқалар номига расмийлаштирилганини аниқладик. Бундан ташқари, кўп мулки офшор компаниялар орқали рўйхатдан ўтган”, - дейди журналист.

Ақилбек Жапаров декларацияда фақатгина бир квартираси борлигини қайд этган бўлса, 2020 йилнинг октябрида бир муддат президент вазифасини бажарувчи бўлган парламент раиси Талант Мамитов ўз декларациясида уйи ҳам машинаси ҳам йўқ эканини қайд этган.

Унинг билдиришича, 2020 йили 8300 доллар тдаромад кўрган ва бу пулнинг 6,5 минг долларини сарф-харажат қилган. Талант Мамитовнинг уйи ва машинаси йўқ, аммо умумий қиймати 19 400 долларга тенг бўлган чорваси бор.

Ҳозир Бош прокурор бўлиб турган Қурманқул Зулушев 2020 йили 750 722 қирғиз сўми топган. Солиқ хизмати маълумоти бўйича, Зулушевнинг ҳам уйи йўқ. Фақат машинаси, компьютери ва 2 млн. 600 минг қирғиз сўмига баҳоланган чорваси бор.

Қирғизистон парламентидаги мухолифатчи депутат Сайдулла Нишанов ҳамкасбларининг бойлиги бўйича қуйидагиларни айтди:

“Кўпчилик ҳамкасблар солиқ декларациясига умуман ҳеч нарса ёзмайди. Улар ўз бизнесларини хотинлари ёки фарзандлари орқали эмас, ишончли одамлари номига расмийлаштирилган фирмалар воситасида қилади”.

Президент Садир Жапаров эса ўз декларациясида 2020 йили 247 953 қирғиз сўми, ёки тақрибан 3 минг доллар даромад топганини, 6 гектарга яқин қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилувчи ерга эгалик қилишини қайд этган.

Айни пайтда Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев ва ички ишлар вазири Улан Ниязбеков декларацияда уйлари ҳам, машиналари ҳам йўқлигини қайд этган.

Таҳлилчи Мусурбек Қабилбеков қирғиз амалдорларининг ўз бойликларини яширишга ҳаракат қилишини қуйидагича изоҳлайди:

“Қирғизистондаги амалдорларнинг ярмидан кўпи хусусийлаштириш бошланган 90-йилларда бойиган. Бундан ташқари, ноқонуний ёки шубҳали йўллар билан бойиганлар бор. Қирғизистонда ҳусусий мулк керакли даражада ҳимоя қилинмайди. Бизнинг амалдорлар қайсидир бир гуруҳ ёки обрўли кланлар билан алоқадор. Ҳокимият алмашганда уларнинг бойлигига эга чиқмоқчи бўлганлар пайдо бўлади. Тортиб олиш бошланади. Шу сабабли ҳеч ким бойлигини ўз номига расмийлаштирмайди”, -дейди таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG