Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:36

Қирғизистонда сайловлар: янги қонун, эскича тизим


22 июнь куни Қирғизистон парламентига “Президент ва Жогорку Кенеш депутатлари сайловлари ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун топширилди. Ҳужжат президентнинг жорий йил 23 мартдаги фармони билан ташкил қилинган экспертлар ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. Қонун муаллифлари қаторида давлат раҳбарининг ўзи ҳам бор.

Экспертлар ишчи гуруҳи таркибига президент аппарати ходимлари, вазирликлар вакиллари, Жогорку Кенеш депутатлари ва экспертлар кирган, раҳбарликка Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Нуржон Шайлдабекова тайинланган.

Гуруҳ аъзолари президентга лойиҳанинг икки вариантини — пропорционал-префенциал ва аралаш сайлов тизимларини таклиф қилишган. Садир Жапаров иккинчисини маъқул топган.

МСК раиси ўринбосари ва ишчи гуруҳ аъзоси Абдижапар Бекматов қонун лойиҳаси устида иш олиб бориш жараёни ҳақида шундай дейди:

Абдижапар Бекматов
Абдижапар Бекматов

“Ишчи гуруҳ бир неча вариантни таклиф қилди. Дунёда амалда бўлган барча сайлов тизимларини кўриб чиқдик. Менталитетимизни ва босиб ўтган йўлимизни эътиборга олиб, аралаш тизимга тўхталдик. Аммо бу ҳаммаси тугади, дегани эмас. Ҳужжат Жогорку Кенешда муҳокама қилиниши керак. Депутатлар унинг камчиликларини ва халқаро амалиётни ҳисобга олиб, тўғри қарор қабул қилишларидан умидворман.”

Қонун лойиҳаси Жогорку Кенешнинг 35 депутати бир мандатли округларда мажоритар тизим асосида, қолган 55 нафари эса партиялар рўйхатлари бўйича пропорционал тизим асосида сайланишини назарда тутади.

Пропорционал тизим бўйича сайланган 55 депутат партия қурултойларида тасдиқланган рўйхатга кўра ўз мандатларини олади. Қисқаси, бу борада 2020 йилги парламент сайлови тизими амалда қолмоқда.

Парламент депутати Абдувахап Нурбоев ҳамда унинг ҳамкасблари Олтинбек Сулаймонов ва Жанарбек Акаев — преференциал сайлов тизими тарафдори. Уларнинг қонун лойиҳаси Жогорку Кенешда биринчи эшитувдан ўтди.

Аввалроқ, 30 март куни Олтинбек Сулаймонов “Озодлик”нинг қирғиз хизмати билан суҳбат чоғида президент Садир Жапаров билан учрашганини ва давлат раҳбари преференциал сайлов тизимига қарши эмаслигини айтган. Бироқ унинг сўзларига кўра, депутатлар гуруҳининг таклифи қонун лойиҳасига киритилмаган.

Халқ депутати Абдивахап Нурбаев сайловчи партия рўйхатидаги аниқ бир номзодга овоз бериши ҳам мумкинлиги назарда тутилган бандни президент нега қўллаб-қувватламаганига ажабланади:

“Экспертлар ишчи гуруҳи таркибини президент аппарати танлаган. Айнан қайси мезонлар бўйича танлашганини билмадим, ҳарқалай итоатгўйларни саралаб олишган. Ишчи гуруҳ шакллантирилаётганидан кеч хабар топдик. Акс ҳолда, таркибга киришга уриниб кўрган бўлардим. Бунгача ҳукумат партиялар рўйхатини назорат қиларди. Шундай ҳоллар бўлганки, президентлар “кераксиз” одамларни рўйхатдан ўчирганлар. Биз таклиф қилган тизим ҳукуматга хуш келмайдиган одамларнинг Жогорку Кенеш депутатлигига сайланишига имкон беради. Улар рўйхатда 120-ўринда бўлиши, аммо сайлов натижаларига кўра биринчи ўринга чиқишлари мумкин.

Нурбоев “сайловда иштирок этаётган партия 55 та мандатнинг фақат 50 фоизинигина олиши мумкин”, деган меъёрни жорий этишни таклиф қилган эди. Таклиф рад этилди, эндиликда эса ҳукумат етовидаги партиянинг бурунги монополияси қайта бўй кўрсатиши ва халқнинг норозилиги кучайиши хавфи туғилмоқда.

35 та бир мандатли округларга келсак, уларнинг ҳар бирида 85 мингдан 115 минг нафаргача сайловчи бўлади. Мазкур тизим депутат ваколатлари муддатидан аввал тугатилган ҳар бир ҳолатда янги сайлов ўтказишни назарда тутади.

МСК аъзоси Ақилбек Сариев қонун лойиҳасидаги унга тушунарсиз бандларга тўхталади:

Ақилбек Сариев
Ақилбек Сариев

“Қоғоз кўп нарсага чидаши мумкин. Амалий қисмни ҳисобга олмаймиз майли. Аммо 35 депутатни мажоритар, 55 нафарини эса партиялар рўйхати бўйича сайлаш тизимини танлашда қайси мантиққа таянишган? Буни ҳеч ким тушунтириб бермаяпти. Натижада 100 минг нафар сайловчига битта мандат тўғри келмоқда. У ёғи нима бўлади? Бу туманларни бўлиб ташлайди ва низо чиқишига олиб келади. Қонун мантиғига кўра биз битта мандатни 100 минг сайловчига боғлаб қўймоқдамиз. Мандат электорат билан ишлайди. У (яъни, депутат) эса ўз навбатида бутун Қирғизистон учун қонунларни ишлаб чиқиши лозим.”

Қирғизистон партиялар рўйхатлари бўйича сайлаш тизимига 2007 йилда ўтган эди. V чақириқ Жогорку Кенешга сайлов партия рўйхатлари ва пропорционал тизим асосида ўтказилган. Экспертлар ўшанда фуқаролар ўз депутатларини сайлаш ҳуқуқидан маҳрум этилгани, уларни партиялар раҳбарлари тайинлай бошлаганини айтишганди. 2020 йили айни тизим бўйича ўтказилган парламент сайлови пировардида мамлакатда ҳокимият алмашишига сабаб бўлди.

Бир мандатли тизим бўйича Жогорку Кенеш икки марта – 1995 ва 2005 йилларда сайланган. Сиёсатшунос Ойбек Тенизбоев мажоритар тизим ёш номзодларга тўсиқ бўлишига ишончи комиллигини айтади:

Ойбек Тенизбоев
Ойбек Тенизбоев

“Қирғизистон мажоритар тизимни ўзида синаб кўрган. Бу қандай оқибатларга олиб келгани барчамизга маълум. Ўшандан бери кўп нарса ўзгармади барибир. Ҳар бир ҳудудда бирон маҳаллий бойвачча ёки илдизи бақувват клан вакили албатта топилади. Ва улар пул ва обрў-эътиборларини ишга солиб депутатликка сайланиб олишади. Қолаверса, бир мандатли округ ёшларга депутат бўлиш имконини қолдирмайди. Чунки ўз ҳудудларида улар катта обрў ва таъсир кучига эга эмас. Ёшлардан биронтаси кўп овоз олганда ҳам, агар тагини суриштирсангиз, у қандайдир бойваччанинг боласи ёки қудратли уруғ вакили бўлиб чиқади.”

Ҳужжат аллақачон тайёр бўлса-да, унинг қачон қабул қилиниши аниқ эмас. Президент мазкур қонун тасдиқланганидан сўнггина янги сайлов кунини тайинлайди. Қонунчиликка кўра, парламентга сайлов куни – у ўтказилишидан 3 ой олдин белгиланади.

Сайлов қонунчилиги ўзгаришига доир қонун лойиҳаси уч ўқишда, Жогорку Кенеш депутатларининг камида 80 нафари қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилиниши керак. Бинобарин, бунга уч ойга яқин вақт кетади. Жогорку Кенеш низомига кўра эса депутатлар 30 июндан ёзги таътилга чиқадилар.

“Жогорку Кенеш регламентлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, парламент аъзолари июль ойида сайловчилар билан учрашади. Аммо муҳим қонунларни муҳокама қилиш учун навбатдан ташқари йиғилиш чақириш имконияти мавжуд”, дея масалага ойдинлик киритади парламент депутати Айнуру Алтибаева.

Қирғизистонда Жогорку Кенеш депутатлари 5 йилга сайланади. Парламентнинг ҳозирги, VI чақириғи ваколатлари 2020 йил охирида якунланган. Аммо ҳокимият алмашишига олиб келган тўполонлар ҳамда мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият туфайли депутатлар фаолиятини давом эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG