Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:44

Қирғизистонда журналист Болот Темиров овозини ўчиришга қаратилган кампанияга назар


Журналист Ақтилек Қапаров қаҳва ичиш ниятида ишхонаси жойлашган бинодан эндигина чиққанида ғалати ҳолатни кузатган.

“Ниқоб тақиб олган ва фуқаро кийимидаги шубҳали одамлар ҳамда икки полициячи юрганди. Беш дақиқадан сўнг беш-олтита ниқобли ҳарбий аслаҳа-анжомли йигит чиқди”, - деди у оқ фургонни кўрсатиб.

“Яна бир йигит ит етаклаб чиқди. Уларнинг барчаси бу ерга қараб юришди”.

Бу Қирғизистон пойтахти Бишкекда гиёҳванд моддаларга қарши кураш полицияси шанбага ўтар кечаси ўтказган драматик рейднинг бошланиши эди. 22 январь куни ўтказилган рейднинг нишони юқори даражадаги коррупцияни фош қилишга қаратилган Темиров LIVE нашри бўлди. Нашр рейд бошланишидан олдин навбатдаги журналистик суриштирув натижасини эълон қилган эди.

Полиция нашр офисига бостириб кириб, у ердаги ходимларни ерга ётишга мажбурлаган. Икки зобит бош муҳаррир Болот Темировнинг устига ўтирган. Кейин уни турғазиб, чўнтакларини бўшатишни буюришган. Унинг чўнтагидан кичик целлофан пакет чиққан. Пакетда марихуана борлигини иддао қилган зобитлар ишхонадаги компьютерларни мусодара қилиб, журналистни ўзлари билан олиб кетишган.

Темировни офисидан зўрлик билан олиб чиқиб кетишар экан, журналист “Чўнтагимга солиб қўйишди!”, - деб ҳайқирган. Унинг ҳамкасблари ҳам пакетни Болотнинг чўнтагига солиб қўйишганига амин эканликларини айтишмоқда. Темиров анализ топширганда унинг қонида гиёҳванд модда излари топилмаган.

Озодлик радиоси, Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) ҳамда Kloop қирғиз ахборот сайти томонидан ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, рейд йўқ жойдан пайдо бўлмаган. Рейд Темиров ва унинг жамоасига қаратилган бир неча ойлик кузатув ва тазйиқларнинг интиҳоси бўлган.

Темировнинг сўзларига кўра, кузда ҳамкасблари билан ишхоналари олдида шубҳали машиналар пайдо бўлганини пайқашган. Декабрь ойида эса Темиров ижарага олган квартирада яширин камера ва микрофон топилган.

Энг ачинарлиси, расмийлар Темировнинг ишчиларидан бирини тузоққа илинтириш режасини ишлаб чиққан кўринади.

Ёш аёл ишчи спорт залида бир йигит билан танишган. Сўнгра йигит унга дам олиш учун кўл бўйига боришни таклиф қилган. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, бу шахс Қирғизистон махсус хизмати бўлмиш Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) агенти бўлган. Иккиси ўртасида қисқа вақт давом этган ишқий муносабат давомида аёлни ноутбугидан маълумот ўғирланган ва у йигит билан жинсий алоқа қилаётгани яширин тарзда ёзиб олинган. Шунингдек, ўзини МХДҚ агентлари ўлароқ таништирган бир гуруҳ эркак ундан Темировнинг бўлажак суриштирувлари ҳақида маълумот бериб боришни талаб қилган. Агар аёл бу талабни бажармаса, унинг ҳаётини барбод қилишларини ҳамда ота-онасини бадном қилишларини айтиб, таҳдид қилишган.

Темиров LIVE офисига рейд қилинишдан бир неча кун олдин эълон қилинган суриштирувларнинг бирида МХДҚнинг қудратли раҳбари Қамчибек Ташиевнинг оила аъзолари давлат нефть компанияси билан боғлиқ коррупцион битимлардан фойда кўргани иддао қилинган эди.

Расмийлар тезкорлик билан жавоб қайтарди. Улар Темировни ҳибсга олиш билан чекланмадилар. Кейинги ҳафта давомида Facebook платформасида аноним фойдаланувчилар Темиров жиноятчиликда ва хоинликда айбланган бир нечта видеони улашди. Видеоларда Темировни чет эл манфаатларини ҳимоя қилувчи агент ўлароқ кўрсатиш мақсадида ҳомийлар ҳисоботлари, шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилди. Бу ҳужжатлар Темиров LIVE офисидан тортиб олинган компьютерлардан олинганини хулоса қилиш мумкин.

Видеоларнинг бирида агентлар юқорида тилга олинган таҳдидни ишга солишди: Темиров қўлида ишлаган ёш аёл ходимининг интим видеолари эълон қилинди. Видеода Темировнинг жамоаси ёш ходимни фоҳишалик йўли билан чет эллик донорлардан маблағ тўплашга чорлаб, босим ўтказгани иддао қилинди.

“Бу нарса улар бизнинг суриштирувларимиздан қўрқишаётганини англатади”, - деди Темиров расмийларнинг бу чоралари ҳақида.

“Бошида улар жавоб бермай, ўзларини тушунтиришга ҳаракат қилишди. Аммо кўпроқ суриштирув ўтказа бошлар эканмиз, биз учун ҳаммаси қийинлашиб борди”.

“Улар ўз йўлларига тўсқинлик қилган нарсадан халос бўлишнинг мана шунақа йўлини танладилар”, - деди у.

Болот Темиров
Болот Темиров

Темиров Қирғизистондаги етакчи мустақил журналистларидан бири эканини инобатга олсак, расмийларнинг уни ва унинг ташкилотини йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлари мамлакатда матбуот эркинлигига ҳалокатли зарба бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари президент Садир Жапаров 2020 йилнинг октябрида ҳокимиятга келганидан бери Қирғизистонда сўз эркинлиги муҳити ёмонлашгани ҳақида огоҳлантирмоқда. (МХДҚ раҳбари Ташиев президентни ўзининг “азиз дўсти” деб таърифлаб, “бизни фақат Аллоҳ ажрата олади”, деган.)

“Содир бўлаётган барча ҳодисалар ҳукмрон расмийлар ҳеч бир жавобгарликсиз иш тута олишига ишонишини ҳамда босар-тусарини билмай қолганини кўрсатади”, - деди қирғизистонлик сиёсий шарҳловчи Азим Азимов.

“[Улар] мамлакатимизда сўз эркинлигига тажовуз қилиб, мустақил журналистлар, айниқса, суриштирув журналистлари фаолиятини чеклашга уриняптилар”.

***

Қамчибек Ташиевнинг юксалиши

2020 йилда намойишчилар Қирғизистон Оқ уйига бостириб кириб, ҳукуматни ағдаргани мисли кўрилмаган ҳодиса бўлмади. Қирғизистон бундан олдин икки марта президентни ҳокимиятдан четлатган эди.

Аммо бу сафар инқилоб ҳокимиятга сиёсий аутсайдер Садир Жапаровни олиб келди. Жапаров, ўз навбатида, ўзининг эски дўсти ва сиёсий иттифоқчиси Қамчибек Ташиевни Қирғизистоннинг қудратли хавфсизлик агентлиги – МХДҚ раҳбари этиб тайинлади.

Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилоятида туғилган Ташиев илк бор 2005 йилда парламентга сайланган ва қисқа муддат фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ишлаган.

2010 йилда оммавий норозиликлар ортидан президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилди, мамлакат жанубида ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида тартибсизликлар содир бўлди. Ташиев бу даврда Қирғизистондаги миллатчи сиёсий овозлардан бири сифатида танилди. Ўша йили у парламентга сайланди. 2011 йилда у президентликка номзодини қўйди ва учинчи ўринни эгаллади.

Аммо кейинги йил содир бўлган ҳодисалар Қирғизистоннинг сиёсий келажаги учун янада муҳим бўлди.

2012 йилнинг 3 октябрида Қирғизистондаги мунозарали олтин конини миллийлаштиришга чорлаб ўтказилган норозилик намойиши чоғида Ташиев, ўша пайтда депутат ўлароқ фаолият юритаётган Жапаров ҳамда парламент спикери ўринбосари Талант Мамитов ҳукуматни ағдариш учун Оқ уй деворидан ошиб ўтишга уринишди. Уларни полиция ҳибсга олди ва учовлон пировардида ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда айбланди. Аммо белгиланган муддатда учаласи ҳам қўйиб юборилди.

Учовлонни суд айбдор деб топгани учун барчаси депутатлик мандатидан маҳрум бўлди. Кейинчалик Ташиев оқланди, бироқ 2015 йилда Марказий сайлов комиссияси барибир унга депутатликка номзодини қўйишига тўсқинлик қилди.

Бу орада Жапаров навбатдаги норозилик намойиши чоғида вилоят ҳокимини ўғирлаш уринишини уюштирганликда айбланди ва 2013 йилда Қирғизистондан қочиб кетди. 2017 йилда мамлакатга қайтиб келгач, қамоққа олинди.

2020 йилги инқилоб давомида намойишчилар Жапаровни озод қилишди. У президент вазифасини бажарувчи бўлиб етишди ва кейинчалик бу лавозимга расман сайланди. Жапаров Ташиев ҳақида унутмади ва дўстини хавфсизлик хизмати бошлиғи этиб тайинлади.

***

Темиров мамлакатни тарк этмаслик кўрсатмаси билан қўйиб юборилди, бироқ унга гиёҳванд модда бўйича қўйилган айбловлар бекор қилингани йўқ. МХДҚ ва Ички ишлар вазирлиги Озодликнинг изоҳ сўраб юборган мактубларига жавоб бермади. Ўтган ҳафта МХДҚ на Темировга қарши рейдга, на эълон қилинган видеоларга алоқаси йўқлигини иддао қилди.

“Бандитлар усуллари”

Темиров босим ва ҳатто зўравонликка биринчи марта йўлиқаётгани йўқ.

У 2019 йил охирида, яъни Factcheck.kg нашрига раҳбарлик қилаётган пайтида қудратли собиқ божхона ходимининг бойлиги фош қилинган суриштирув натижаларини эълон қилди. Бунинг ортидан Темировга янги суриштирув натижаларини эълон қилмаслик эвазига пул таклиф қилишган. Бундан ташқари, Темиров троллар туҳматларига учраган, сайти эса DDOS ҳужумига йўлиққан.

2020 йил январь ойида уч шахс уни ваҳшийларча калтаклади. Темиров уларни собиқ божхона ходими юборганига ишонади.

Болот Темиров калтакланганидан кейин олинган сурат.
Болот Темиров калтакланганидан кейин олинган сурат.

Аммо бу воқеа уни ўз ишини тўхтатишга эмас, балки давом эттириши кераклигига ишонтирди.

“Улар менга ҳужум қилганда шундай бўлди. Айнан мана шу бурилиш нуқтасида мен бу йўлни бошлашга ҳамда суриштирув қилишда давом этишга тўлиқ қарор қилдим”, - деди у.

Айнан ўшанда у ўзининг янги Темиров LIVE нашрини очган. Ўша йили ёзга қадар нашр биринчи суриштируви натижаларини эълон қилди. Темиров LIVE ҳозирлаган материалларни рус мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг топқирлик билан тақдим этиладиган, мавзу яхши тушунтириладиган онлайн видеоларига қиёслаш мумкин.

Темиров нозик мавзулардан қочмади. 2021 йил баҳорида Темиров ички ишлар вазирлиги раҳбарини қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиққан “намойишчиларнинг” аксари аслида вазирлик ходимлари экани ҳақида материал ҳозирлади. Бунинг ортидан унинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини бузиш уринишлари кузатилди.

Кейин эса муайян вақт давомида тинчлик ҳукм сурди.

Темировнинг сўзларига кўра, октябрь ойидан бошлаб ўзи ҳам, ходимлари ҳам офислари олдида шубҳали машиналар пайдо бўла бошлаганини пайқашган.

Аммо бундан ҳам ташвишли кунлар ҳали олдинда эди.

Декабрь ойида Темиров чет элда юрар экан, қайноғаси Темиров ижарага олган хонадонда нотаниш қурилмаларни топиб олди. Улар орасида рақамли видеорегистратор, Wi-Fi роутер, буюртма асосида ишлаб чиқарилган электр таъминоти блоки, микрофон ва бир нечта сим бор эди.

Темировнинг қайноғаси, шунингдек, кичкина тешикдан яшаш хонасини тасвирга тушираётган видеокамерани топиб олди.

Қурилмада сақланган файллар у бир неча ҳафта олдин ўрнатилганидан далолат беради. Бу файллар билан журналистлар ҳам танишиб чиқди. Қурилма булутли серверга ҳам уланган бўлган. Яъни, видео кадрлар жонли тарзда кузатиб борилган бўлиши мумкин.

Темировнинг айтишича, унинг квартирасида ёзиб олинган аудиоёзувлар кейинчалик интернетда пайдо бўлган ташвиқот видеоларининг бирида ишлатилган.

Видеода драматик мусиқа садоси остида исми ошкор этилмаган ҳикоячи ваҳимали, компьютерда ўзгартирилган овоз билан Темировни Қирғизистонга таъсир ўтказишга бел боғлаган Ғарб ва Россия агентларидан пул олганликда айблайди. Видеодаги лавҳаларнинг бирида Темировнинг OCCRP ходими билан камера ускуналарини сотиб олиш масаласини муҳокама қилаётгани, бошқа бир лавҳада эса рафиқаси билан жанжаллашаётгани акс этган.

Темировнинг сўзларига кўра, видеода унинг ишхонасида ёзиб олинган аудиоёзувлар ҳам бор.

“Ҳокимиятдагилар бандитлар усулларидан фойдаланишяпти, барча ахлоқий ва давлат қонунларини бузишяпти”, - деди у.

“Бу одамлар қонунийлик тушунчаси билан мутлақо таниш эмас. Инсонийликдан ҳам йироқ, деган бўлардим”.

Темировнинг ходимларидан бири бошидан кечирган синов Темировнинг ҳукуматдаги душманлари нималарга қўл уришга тайёр эканлигини кўрсатади.

“Ота-онанг-чи?”

Айгул Темиров LIVE нашрида журналист эмас, балки лойиҳа раҳбари сифатида ишлаган. Унинг кундалик иши халқаро грантлар билан ишлаш ва донорлар билан мулоқот қилишдан иборат бўлган.

Аммо бир неча ҳафта олдин содир бўлган тасодифий учрашув унинг ҳаётини даҳшатли тушга айлантирган.

Айгул — Озодлик радиоси, OCCRP ва Kloop унинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш учун фойдаланишга келишиб олган тахаллус. Айгул журналистларга ўз ҳикоясини узоқ интервью давомида сўзлаб берди. У асосий гапларини имкон қадар чат қайдлари, скриншотлар ва компьютер қайдлари орқали тасдиқлади.

Барчаси декабрь ойида бошланган. Бишкекдаги спорт залида унинг олдига бир йигит келиб, машқ тошларини ўрнатишга кўмаклашган ва сўнгра уни бир йиғилишга олиб бориб қўйган. Улар учраша бошлашган ва кўп ўтмай йигит уни дам олиш кунларида Иссиқкўл бўйига дам олишга боришни таклиф қилган.

“Квартирани ижарага олди, ҳаммасини ўзи ташкил қилди”, - деди Айгул.

У ўша кечаси квартирада уларнинг жинсий алоқаси турли бурчакдан ёзиб олинганини бошида билмаган.

Аммо кўп ўтмай шубҳалана бошлаган. Эртаси куни эрталаб нонушта ҳозирлаётганида йигит ундан видео кўришни хоҳлаётганини айтиб, ноутбугининг паролини сўраган. Айгул паролни ўзи ёзган, лекин кейинроқ йигит ундан яна паролини ёзишни сўраган.

“Мен паролни ёзаётганимда телефонини қўлга олди”, - деди у.

“Мен у мени ёзиб оляпти, деб ўйладим ва нарироққа кетдим”.

Жуфтлик тушдан кейин иссиқ булоқда вақт ўтказган. Темиров LIVE нашри ёллаган хавфсизлик бўйича маслаҳатчининг хулоса қилишича, иккиси квартирадан чиқиб кетганидан кейин, кимдир квартирага кириб, Айгулнинг ноутбугини бузиб очган. Маслаҳатчининг хулосалари билан OCCRP ҳам танишиб чиқди.

“Паролни тахминан 30 марта киритишган ва пировардида очишга муваффақ бўлишган”, - деди Айгул.

Кейинроқ Айгул компьютеридаги браузер тарихини очиб кўриб, бузғунчилар Windows операцион тизимининг антивирус дастури ҳисобланувчи Windows Defenderни ўчириб қўйиш йўлларини излаганини ва жосуслик дастурини ўрнатганини аниқлаган. Аммо у бу ҳақида эртаси куни эрталаб, хавфсизлик бўйича маслаҳатчи қўнғироқ қилганидан кейин хабар топган.

Айгулнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчи билан суҳбатини қисман эшитиб қолган йигит саросимага тушган ва ундан кимга ишлаши ҳақида сўрай бошлаган, чўнтагидан 10 000 сўм (118 АҚШ доллари) йўқолганини иддао қилган. Сўнгра тезда Айгул билан Бишкекка қайтган.

“Бундан кейин, албатта, у менинг барча шубҳаларим марказида бўлди”, - деди Айгул.

“Чунки аввалги куни эрталаб у телефонини қўлга олгани ғалати туюлганди”.

Айгул бу шахс ҳукумат агенти бўлиши мумкин, деб ўлай бошлаган, лекин бунга ишончи комил бўлмаган.

“Мен уни [Бишкекка кетаётганимизда] гапга солдим, чунки мен у улар билан эканлигини ёки йўқлигини аниқлашим керак эди”, - деди Айгул.

Бир неча ҳафта ўтгач, йигит Айгулни ижарага олинган дала уйига таклиф қилган. Аммо бир неча соат ичида ўша кеча даҳшатга айланган. Кечки овқатдан кейин Айгул ҳожатхонадан чиқиб, йигитни уч нафар ниқобли эркак сўроқ қилаётганини кўрган. Улар ўзларини МХДҚ агентлари деб таништирган.

Аммо тез орада улар Айгулнинг кетидан келгани маълум бўлган.

Улар гапни Айгулнинг ота-онаси суратини кўрсатишдан бошлашган.

“Мана, яхши, обрўли одам, давлат ишчиси”, - деган уларнинг бири Айгулнинг отаси ҳақида.

“Сен шундай намунали ота-онанинг қизисан, [сенинг иш ҳақинг учун] пул қаердан келишини биласанми?”

Улар, шунингдек, Темиров суратини кўрсатиб, у “хорижий хавфсизлик хизматларига мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришда ёрдам беришга уринаётганини” айтишган.

“Улар донорлар ниқоби остида ишлашади ва бу донорларни хорижий махсус хизматлар молиялаштиради. Улар учун мамлакатимизда инқилоблар содир бўлиши қўл келади”, - деган зобитларнинг бири.

Улар Айгулдан ўз идоралари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартнома имзолашни ва Темиров ҳақида маълумот бериб боришни қайта-қайта талаб қилишган. Айгул бунга рози бўлмаганидан кейин, улар бошқача йўл тута бошлашган: Айгулга йигит билан ўтказган кечаси яширинча ёзиб олинган видеоларни кўрсатишган ва уларни тарқатишларини айтиб, таҳдид қилишган.

“Яхши, сен ёш ва жасурсан, сен буни енгиб ўтасан”, - деган агентларнинг бири унга.

“Аммо ота-онанг-чи? Уларнинг юраклари бунга бардош беролмайди. Улар узоқ вақт меҳнат қилишган, шундай ҳурматга сазовор бўлишган. Сен эса бир лаҳзада ҳаммасини барбод қиласан”.

Айгул ҳеч нарса демагач, бош агент босимни оширган.

“Йигитларим ота-онангнинг уйи олдида. Йигитларимга қўнғироқ қиламан. Улар ота-онанг олдига бориб, фотосуратларни кўрсатишади. Бу яхши янги йил совғаси бўлади”, - деган у.

Бир неча соатдан кейин Айгул енгилган.

“Имзо қўйишга мажбур бўлдим, чунки мен бундай қилмасам, улар ҳеч қачон мени тинч қўймасликларини англаб етдим”.

Бунинг ортидан йигит Айгулни уйига олиб бориб қўйган.

Журналистлар йигит Айгулга айтган исмли шахс ҳақида ҳеч фандай маълумот топа олмадилар. Бундай исм-шарифли шахс солиқ тўловчилар ва сайловчиларнинг расмий маълумотлар базаларида ҳам йўқ. Аммо Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларидаги манба унинг суратини кўриб, дарҳол таниди ва яна бошқа исм билан фаолият юритувчи МХДҚ агенти эканлигини айтди.

Айгулга ўзларини МХДҚ агентлари деб таништирган шахслар томонидан босим ўтказилганини тасдиқловчи далиллар ҳам мавжуд. Айгул ота-онасининг манзилини ҳисоб номи сифатида ишлатган шахсда бир нечта SMS-хабар олган. Қуйида бу хабарларнинг ўзбекча таржимаси келтирилган:

Хабар: Салом

Юборувчи: Б

Сана: 18.1.2022 17:53

Хабар: Қандай журналистик суриштирувлар эълон қилинишига яқин қолди? Қандай суриштирувлар фактларни текшириш, тайёрлаш (кимга нисбатан ва қандай фактларга асосланиб) босқичида?

Юборувчи: Б

Сана: 18.1.2022 17:54

Хабар: Бу сизнинг [Б кўчадаги] қўшниларингиз.

Юборувчи: Б

Сана: 18.1.2022 22:33

Хабар: Салом

Юборувчи: Айгул

Сана: 19.1.2022 17:12

Хабар: ?

Юборувчи: Айгул

Сана: 19.1.2022 20:51

Хабар: Салом, бу сизнинг дўстларингиз, биз сиз билан жума куни учрашгандик, яхшимисиз? Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

Юборувчи: Б

Сана: 19.1.2022 22:29

Хабар: МХДҚдаги дўстларми?

Юборувчи: Айгул

Сана: 19.1.2022 23:32

Хабар: Ҳа, сиз ҳақсиз, бу сизнинг дўстларингиз, сиздан жавоб кутяпмиз.

Юборувчи: Б

Сана: 19.1.2022 23:35

Улар Айгулдан янада кўпроқ маълумот талаб қилишган:

Хабар: Болот Темиров Facebookдаги саҳифасида тез орада иккита эпик, бомба суриштирув эълон қилинишини ёзди, айнан қандай суриштирувлар?

Юборувчи: Б

Сана: 19.1.2022 23:43

Айгул ишончи комил эмаслигини айтиб жавоб берганидан кейин, унга хабар юбораётганлар мамнун бўлмаган.

Хабар: [Айгул], келинг, мушук ва сичқон ўйинларини ўйнамайлик, студия ва офис бир жойда жойлашган ва биз сўраётган нарсаларни аниқлаш сиз учун қийин бўлмаса керак. Буни амалга ошириш жуда осон.

Юборувчи: Б

Сана: 20.1.2022 00:06

Хабар: Катта раҳмат

Юборувчи: Б

Сана: 20.1.2022 00:06

Хабар: Шунингдек, [Айгул], илтимос, офисни, ким қаерда ўтиришини, ким қандай вазифаларни бажаришини таърифлаб берсангиз.

Юборувчи: Б

Сана: 20.1.2022 00:06

Айгул жавоб бермаган. Ўша кун кеч YouTube сайтида Темиров LIVE нашрининг ДХМҚ раҳбари Ташиевнинг оиласи ҳақидаги суриштируви натижалари эълон қилинган. Айгулнинг айтишича, бундан кейин агентлар у билан бошқа алоқага чиқмаган.

“Огоҳлантирмаганим учун улар менга бўлган қизиқишларини йўқотдилар”, - деди у.

Аммо орадан бир неча кун ўтиб, унинг интим тасвирлари акс этган тарғибот видеоси Интернетда ёйинланди. Айгул жинсий алоқа қилган йигитни шу билан бошқа кўрмаган.

“Чўнтагимга солиб қўйдингиз!”

Темиров ва унинг жамоаси суриштирув натижасини эълон қилганидан икки кун ўтиб, гиёҳванд моддаларга қарши кураш полицияси уларнинг ишхонасига йўл олди.

Рейднинг расмий сабаби ўлароқ Айпери Адил қизи исмли аёлнинг шикояти кўрсатилди. Бир неча соат олдин у полицияга “Болот” исмли эркак уни бир неча жойда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаганини айтган. У иккита манзилни, жумладан, Темиров LIVE офиси манзилини полицияга берган.

(Журналистлар ижтимоий тармоқларда унинг бир нечта аккаунтини топиб, Темиров ишидаги роли ҳақида савол юборишди. У бу саволларга жавоб бермади.)

Ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, одатда ҳар қандай рейд учун дастлаб судья рухсат бериши керак. Аммо муайян ҳолатларда, хусусан, агар ашёвий далиллар йўқолиши ёки булғаниши ҳақида хавотир бўлса, терговчи мустақил равишда тинтув ўтказишга рухсат бериши мумкин.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси катта терговчиси “ашёвий далиллар... йўқолиши, шикастланиши ёки жиноий мақсадларда ишлатилиши мумкинлиги ҳақида жиддий хавотирлар” бўлганини айтиб, айнан шу йўлни тутган кўринади.

Ушбу буйруқ асосида Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш хизматининг махсус бўлинмалари Темиров LIVE нашри қароргоҳига жўнатилган.

Озодлик радиоси, OCCRP ва Kloop Темиров ва ҳодиса жойида бўлган ҳар бир шахсдан интервью олиб, рейд пайтида нималар содир бўлганлиги ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлди.

Полиция ходими Temirov Live офисидаги компютерни мусодара қилмоқда.
Полиция ходими Temirov Live офисидаги компютерни мусодара қилмоқда.

Зобитлар офисдаги барча эркакни ерга ётқизиб, қўлларини боғлаб бўлгач, уларни бирма-бир кўтариб, чўнтакларини бўшатишни буюрган. Темировни энг охирида турғазишган. Унинг рафиқаси Маҳабатнинг эслашича, Темиров чўнтагидан кичкина целлофан халтача чиққанини кўриб, даҳшатга тушган.

“У йиғлаб юборди, чунки унга туҳмат қилишди. Саросимага тушди, ваҳима босди. Ҳаммамиз шокда эдик”, - деди у.

“Кейин мен: “Тинчлан, ҳаммамиз уни чўнтагингга солиб қўйишганини тушуниб турибмиз, ўзингни йўқотма” дедим”.

“Сен уни солиб қўйдинг, мен кўрдим”, - дея ҳайқирган Маҳабат.

“Мен бақира бошладим, Болот бақира бошлади, ҳамма бақира бошлади”.

Темиров LIVE ходимлари ва уларнинг адвокатлари сўзларига кўра, амалиёт давомида кўплаб процессуал хатоларга йўл қўйилган ва ҳатто қонун бузилган.

Тинтув чоғида ходимлар офисдаги бир нечта ноутбук ва компьютер, флеш-карта, мобил телефон ва видеокузатув тизимига уланган видеорегистраторни мусодара қилишган.

Бироқ адвокатларнинг сўзларига кўра, техниканинг мусодара қилиниши тинтув тартиб-қоидаларига зид бўлган, чунки уларнинг Темировга қўйилган айбловларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Терговчи тинтув ўтказаётиб ва мусодара қилаётиб иш учун муҳим бўлиши мумкин бўлган жисм ва ҳужжатларни олиб қўйиш билан чекланиши керак “, - деди адвокат Бекболот Қасаболотов.

Қамчибек Ташиев
Қамчибек Ташиев

Эртаси куни МХДҚ қўмитаси раҳбари Ташиев бир қарашда гиёҳванд модда билан боғлиқ оддий ҳибсга олиш амалиётини изоҳлар экан, “сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ниқоби остида баъзи жиноятларга кўз юмишга маънавий ҳаққи йўқ” эканлигини таъкидлади.

***

Процессуал қонунбузарликлар

Темиров LIVE адвокатларининг айтишича, нашр офисига қилинган рейд давомида яна бир қанча процессуал қонунбузарликлар ҳам кузатилган.

Амалиёт давомида терговчилар дастлаб адвокатлар тинтув ўтказилаётган хонага киришига рухсат бермаган.

Адвокатларнинг айтишича, Темиров ҳибсга олинаётганида зобитлар у қайси модда бўйича тергов қилинаётганига аниқлик киритмаган ёки унга ўз ҳуқуқларини ўқиб эшиттирмаган. Қирғизистон қонунчилигига биноан эса бу шартдир.

Темиров LIVE ходимлари ва адвокатлар, шунингдек, зобитлар ўз ҳужжатларини кўрсатмаганини ҳамда бошига балаклава кийиб олганини айтишди. Бундай қўлга олиш ҳолатларида балаклава кийиш тақиқланади.

***

“Агар жиноят содир бўлган бўлса, барча жиҳозлар мусодара қилиниши керак. Балки бу компьютерларда гиёҳванд моддалар, уларнинг нархлари ва сотувчилари ҳақида маълумотлар бордир. Умид қиламанки, уларнинг компьютерларида давлатга зарар етказадиган ҳеч нарса йўқ”, - деди Ташиев.

Темиров LIVE ходимларининг фикрича, милиция улар нима ҳақида суриштирув ўтказаётганини билиб олиш мақсадида компьютерларни мусодара қилган. Улар, шунингдек, полициянинг рейд давомидаги ҳаракатлари синчиклаб текширилишига йўл қўймаслик учун видеорегистратор ҳам мусодара қилинганини гумон қилишмоқда.

Темиров бу орада озод қилинди, аммо унга қарши иш бўйича тергов давом этмоқда. Агар у гиёҳванд моддаларни сақлашда айбдор деб топилса, беш йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Унинг қўлида ишлаб келаётган бир неча ходим ҳам сўроқ қилинди.

Аммо кўплаб қирғизистонлик Темиров иши юзасиздан кескин норозилик изҳор қилди. Маҳаллий мутахассислар Темиров ишига оммавий резонанс мисли кўрилмаган даражада бўлганини айтишмоқда.

“Журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан босим деярли барча тузумлар даврида бўлган”, - деди қирғизистонлик сиёсий шарҳловчи Азимов.

“Аммо улар бу жараёнга ҳеч бўлмаганда отига бўлса ҳам қонунийлик тусини беришга ҳаракат қилишганди. Қандайдир расмий асосларни топиб, судга мурожаат қилишганди”, - деди у.

“Аммо бу ҳолатда, яхши обрўга эга бўлган журналист чўнтагига гувоҳлар кўзи олдида пала-партиш тарзда гиёҳванд модда солиб қўйишди”, - дея сўзини давом эттирди у.

“Бунинг ортидан нафақат уларнинг техникасини, балки бу жиноятлар излари сақланиб қолмаслиги учун кузатув камераларини ҳам олиб қўйишди. Табиийки, бу нарса ғазаб ва нафратдан бошқа нарсага сабаб бўлмайди”.

Темировнинг ўзи эса унга қўйилган айбловларни кескин рад этмоқда.

“Бу биз кучлироқ бўлиб етишганимизни англатади”, - деди у.

“Қирғизистонда журналистика ривожланмоқда. Бу эса ҳокимиятдагиларни даҳшатга солади. Биринчи навбатда, буларнинг барчаси расмийларнинг ҳеч бир ахлоқий принципи йўқлиги сабабли содир бўлади. Лекин иккинчи сабаб шуки, тергов журналистикаси жуда кучайган”.

XS
SM
MD
LG