Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Қирғизистондаги ҳибсга олишларнинг "Салимбойвачча"га қандай дахли бор?


Жалил Атамбаев ва Салайдин Айдаров уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштиришда гумонланмоқда.
Жалил Атамбаев ва Салайдин Айдаров уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштиришда гумонланмоқда.

Ўш шаҳрида таниқли тадбиркор, истеъфодаги милиция полковниги Жалил Атамбаев ҳамда Жогорку Кенеш собиқ депутати Салайдин Айдаров уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштиришда гумонланиб, ҳибсга олинди.

Тадбиркор ва собиқ депутатнинг ҳибс қилиниши

Озодлик қирғиз хизматининг ёзишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) уларга нисбатан ўзбекистонлик криминал авторитет, “Салимбойвачча” номи билан машҳур олигарх Салим Абдувалиев билан алоқаларга доир айблов бўйича жиноят иши қўзғатган. Ўтган ҳафта қирғиз махсус хизматлари Абдувалиевни халқаро қидирувга берди ва унинг ўтган йили октябрда махсус амалиёт чоғида ўлдирилган қирғиз криминал авторитети Қамчи Қолбаев билан тушган фотосуратларини эълон қилди.

Жалил Атамбаев билан Салайдин Айдаров уюшган жиноий гуруҳлар ва жиноятчи ташкилотларни молиялашда (Қирғизистон ЖКнинг 263-моддаси) айбланмоқда. Бишкек шаҳар суди маълумотига кўра, улар 8 августда ҳибсга олинган бўлиб, Октябр тумани суди қарорига биноан Атамбаев – 4 сентябргача Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган, Айдаров эса МХДҚ ҳибсхонасида қолдирилган.

МХДҚ 12 августдаги ахборотида Атамбаев ва Айдаровга қарши жиноят ишининг баъзи тафсилотларини очиқлаган эди. Хусусан, тергов маълумотига кўра, Атамбаев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходими ва юқори лавозимдаги шахс бўлатуриб “катта миқдордаги пул маблағларини ноқонуний йўллар билан қўлга киритган”. Атамбаев хизматдан бўшаганидан сўнг уй-жой қурилиши соҳасида бизнес билан шуғулланган эди. “Бироқ унинг дастлабки сармояси ноқонуний йўллар билан топилган, давлат хизматида бўлган даврида ноқонуний бойлик орттирганлиги факти бўйича жиноий жавобгарликка тортилгани шундан далолат беради”, дея урғулаган МХДҚ.

Салим Абдувалиев шу йил мартида Тошкентнинг Миробод туман суди ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасида (Ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Салим Абдувалиев шу йил мартида Тошкентнинг Миробод туман суди ҳукми билан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 248-моддасида (Ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлаш) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Қўмита қўшимча қилишича, Атамбаев ўз бизнесини кенгайтириш мақсадида ўзбек криминал авторитети Салим Абдувалиев билан яқин алоқада бўлган. “Салимбойвачча” Жалил Атамбаевни суяган ва ҳимоясига олган, “бизнес қилиши учун қулай шарт-шароит яратиб берган ва бунинг учун қирғиз тадбиркори унга сахийларча ҳақ тўлаб турган”.

Ишдаги иккинчи фигурант – собиқ депутат Салайдин Айдаров – МХДҚ маълумотига кўра, Абдувалиевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва унинг “қонундаги ўғли” Қамчи Асанбеков (Қолбаев) билан яқин алоқаларидан хабардор бўлатуриб Ўзбекистон жиноят олами раҳбари Салим Абдувалиевга иззат-ҳурмат кўрсатган. Абдувалиев эса, Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун Айдаровга ҳомийлик қилган.

Ўтган ҳафтада махсус хизматлар Ўзбекистонда қамоқда сақланаётган Салим Абдувалиевни Интерпол орқали қидирувга берди. Хабарномада айтилишича, МДҲ мамлакатларида катта нуфузга эга бўлган ўзбек криминал авторитети Европага қорадори етказиб бериш каналларини ташкил қилган, қирғиз криминал авторитети Қамчи Қолбаев билан алоқа боғлаб, унинг жиноий гуруҳини молиявий қўллаб-қувватлаган.

2018 йил бошида ижтимоий тармоқларда Салим Абдувалиев Жогорку Кенешнинг собиқ депутати, Салайдин Айдаровнинг тўнғич акаси Нургази Айдаров ҳамда тадбиркор Жалил Атамбаев билан бир даврада ўтиргани акс этган видео ёйинланган эди.

Видеода қирғизистонликлар Абдувалиевни кўкларга кўтариб мақтаганлар, хусусан, уни “Қирғизистон таянчи” деб атаганлар.

“Кўча” устидан суриштирувга нима бўлди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:52 0:00

Тадбиркор ва собиқ депутатнинг қариндошлари уларнинг ҳибсга олингани юзасидан фикр билдирганларича йўқ.

Салайдин Айдаров 2015 йилги парламент сайловида “Қирғизистон” партияси рўйхати бўйича депутат бўлиб сайланган. У Қурманбек Бакиев президент бўлган даврда администрацияга раҳбарлик қилган Усен Сидиқовнинг куёвидир.

“У бизнесини Ўзбекистонга кўчирган, деган гаплар юрибди”

Жалил Атамбаев учун бу биринчи ҳибс эмас. 2021 йилда у ноқонуний йўл билан бойлик орттириш айблови билан ушланган, лекин эртасига уй қамоғига олинган эди. Ўшанда МХДҚ Атамбаев тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлганини, ўз ихтиёри билан 50 млн сом тўлаганини ва ой охирига қадар яна 50 млн сом тўлаш мажбуриятини зиммасига олганини маълум қилган.

Ўшлик журналист Арген Нуров Озодлик билан суҳбатда Атамбаев ўз бизнесини Ўзбекистонга кўчирган, деган гап-сўзлар борлигини айтди:

“Бир вақтлар у бели бақувват тадбиркор эди. Ўш раҳбарлари, хусусан, мэр, губернатор ва милиция бошлиғига гапини ўтказа оларди. Ҳар қандай муаммони битта қўнғироқ билан ҳал этадиган кучга эга эди. Ҳозир унинг аввалги обрўси йўқ, оддий тадбиркор. Айтишларича, у ҳақда суриштирув чиқиб, шов-шув кўтарилганидан сўнг бизнесини Ўзбекистонга кўчирган эмиш. Бу гап қанчалик тўғри, билмайман. Лекин Ўшда унинг бизнесига тўғаноқ бўлаётганлар бор, дейишяпти. Шунинг учун Ўзбекистонга кетиб, у ерда кўп қаватли уйлар қуришни бошлаган экан”.

Ўшда Жалил Атамбаевнинг бир қанча ресторан, кафе, кўп қаватли уй ва бошқа мулклари борлиги маълум.

2016 йилда у ИИВнинг Ўш халқаро аэропортидаги транспорт бўлими бошлиғи лавозимидан олинган эди. Атамбаев 2009 йилгача Новқат тумани милицияси бошлиғи бўлган. Журналист Алмаз Ташиев милиция ходимлари томонидан калтакланиши ортидан вафот этгач, уни лавозимдан бўшатишган.

2019 йилда Озодликнинг қирғиз хизмати Жалил Атамбаев ҳақида “Ўшда яширин бизнес қандай ташкил қилинган” номли журналистик суриштирув эълон қилган эди. Суриштирув муаллифи Идирис Исақов Атамбаев ва унинг қариндошларига оид ширкатлар 40 миллион сомлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаганини аниқлаган эди. Суриштирув чиққанидан сўнг Атамбаев журналистни судга берган, аммо кейин аризасини қайтариб олган.

“Кўча”га қарши рейдлар: Қирғизистонда машҳур бўлган Салимбой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:24 0:00

“Бирёқлама қоралаш тўғри эмас”

Таҳлилчи Тўлаган Келдибоев Озодликка берган изоҳида бизнесменни бирёқлама ёмонлаш тўғри эмаслигини айтди, шунингдек унинг Салим Абдувалиев билан иш алоқаларига тўхталди:

“Жалил Атамбаев жиноятчилар билан алоқада бўлган, дейдиган бўлсак, Қирғизистонда криминал 30 йил давомида ҳатто мамлакат сиёсатига ҳукмини ўтказа олган даражада катта куч бўлганини эсдан чиқармайлик. Сен ҳалол тадбиркормисан ё қинғирми, фарқи йўқ – уюшган жиноий гуруҳ ҳаммадан “ўлпон” оларди. Илгари милицияда раҳбар лавозимларда ишлаганига қарамай, Атамбаев ҳам бошқа тадбиркорлар қаторида эди. Ўзи ва оиласи хавфсизлигини ўйлаб жиноятчиларга пул беришга мажбур бўлган. У пайтлар ҳамма криминал билан ҳамкорлик қилишга мажбур эди. Салим Абдувалиев билан алоқалари эса, менимча, фақат бизнесга оид бўлган. У Қирғизистондан кўмир ва бошқа товарлар жўнатиш учун Салимбойнинг фирмалари билан шартнома имзолаган. Бу алоқаларнинг жиноятчиликка, уюшган гуруҳларга ҳеч бир дахли йўқ. Шу боис, уларни бирёқлама қоралаш тўғри эмас деб ҳисоблайман”.

2020 йил охирида Жалил Атамбаев, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларга қарамай юзлаб одамларни ўғлининг тўйига таклиф қилиб жамоатчиликнинг ғазабига учраган эди. Меҳмонлар орасида Ўш шаҳрининг ўша пайтдаги мэри Талайбек Сарибашов, Жогорку Кенеш собиқ вице-спикери Аида Қасималиева, депутатлар Искандар Матраимов, Азамат Арапбоев, Алтинбек Сулаймонов ва бошқа таниқли шахслар бор эди.

Ўшанба МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев қалтис паллада ўтказилган бу тантанани “халқ бетига тупуриш” деб атаб, Атамбаевнинг куёв бўлган ўғли МХДҚда хизмат қилишини ва отасининг бу иши учун унга қаттиқ ҳайфсан берилганини маълум қилган.

Кейинроқ, 2010 йил июн воқеалари жабрдийдаларига уй-жой тақсимланганида Жалил Атамбоевга ёниб кетган битта уйи учун тўртта квартира берилгани ўртага чиқди. Хонадонлар ноқонуний берилгани муносабати билан жиноят иши қўзғатилди, тўрт йилдан сўнг эса суд квартираларни давлатга қайтариш ҳақида қарор қабул қилди.

Форум

XS
SM
MD
LG