Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:13

"Ҳуқуқбон" ва "фаол волонтёр". Россия ҳарбий жосусларининг Қирғизистондаги излари


Иван Жигарев (Иван Жихарев) ва Максим Смирнов. The Insider нашри иллюстрацияси.
Иван Жигарев (Иван Жихарев) ва Максим Смирнов. The Insider нашри иллюстрацияси.

Журналистик суриштирувларга ихтисослашган The Insider нашри Россия махсус хизматлари жосуслари ноҳукумат ташкилотлар ва мухолифат ҳаракатлари ичига кириб олиб, ахборот тўплаганини аниқлади.

Жосуслар орасида Қирғизистон ҳуқуқ фаолларига кўмаклашиш кампаниясида иштирок этган одам исми тилга олинади. Бу Россия махсус хизматлари Қирғизистон фуқаролик жамияти фаолиятига аралашган бўлиши мумкин, деган тахминга олиб келади.

The Insider суриштирувида Россия Бош разведка бошқармаси (БРБ – ГРУ) 29155 рақамли ҳарбий қисмнинг уч қўпорувчи жосуси журналист, кинорежиссёр ва ҳуқуқ ҳимоячиси ниқоби остида ноҳукумат ташкилотлар ва мухолифат ҳаракатларига кириб олишгани аниқланди. Улардан бири Иван Жигарёв бўлган. У Иван Жихарёв исми билан Сахаров маркази қошидаги Москва инсон ҳуқуқлари очиқ мактабига жойлашган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Жихарёв “энг фаол волонтёр” бўлган, мактаб аъзоларининг қайд маълумотларини кўришга рухсатномаси бўлган ва молиялаш масаласи муҳокама қилинган кўплаб учрашувларда иштирок этган. Жихарёв 2021 йилга қадар ҳуқуқбонлар билан алоқаларини сақлаб турган.

“Катта эҳтимол билан, “Жихарёв” Франция ҳукумати уни 2022 йилда ГРУнинг ушбу мамлакатдаги махфий базасига борган бир неча офицерга қўшиб фош қилганидан сўнг эксплуатациядан чиқарилган”, деб ёзади нашр.

The Insider маълумотига кўра, Иван Жихарёв, жумладан, қамоқдаги ҳуқуқ фаолларини қўллаб-қувватлаш кампанияларида иштирок этган, қирғизистонлик Азимжон Асқаровга оид ишларни мувофиқлаштирган ва унинг учун йиғилган пулни етказиб бериш билан шуғулланган. “У ҳеч бир илтимосга йўқ демасди, барча учрашув ва тадбирларда қатнашарди”, дея ўз суҳбатдошларидан иқтибос келтиради The Insider нашри.

“Бир дуйно – Қирғизстан” ҳаракати 2010 йил июн воқеалари ортидан умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқбон Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш билан шуғулланган эди. 2020 йилда Асқаров 69 ёшида қамоқда зотилжам касалидан вафот этди.

Толекан Исмоилова Азимжон Асқаров билан Бишкекдаги 47-сонли қамоқхонада. 15 март, 2011
Толекан Исмоилова Азимжон Асқаров билан Бишкекдаги 47-сонли қамоқхонада. 15 март, 2011

Ҳаракат раҳбари Толекан Исмаилова Озодлик билан суҳбатда Иван Жихарёв исмли волонтёр ёки ҳуқуқ ҳимоячиси ҳақида ҳеч қачон эшитмаганини айтади. Унинг сўзларига кўра, охирги пайтларда Россиядан ҳамкорлик таклифлари билдирилган кўп мактублар келяпти.

“Сўнгги пайтларда офисимизга Россиядан кўплаб таклифлар келяпти, мактубларда улар ўзларини мониторинг билан шуғулланувчилар, ҳужжатли фильмлар режиссёрлари ёки ҳуқуқ фаоллари деб таништиришади. Аммо биз Россия бунақа технологиялардан фойдаланишини аллақачон билиб олганмиз. Украинада уруш бошланган кундан бошлаб асосан маданият соҳасига мансуб кишилар келяпти. Ҳозирда биз журналистлар ва релокантларни ҳам текширадиган бўлдик. Жигарёвми, Жихарёвми – ким бўлса ҳам – Сахаров маркази ҳузуридаги Москва инсон ҳуқуқлари мактабида у Асқаровга ёрдам берганини айтишди, лекин ўзини кўрмаганмиз, у ҳақда эшитмаганмиз. Балки у Асқаров билан пенитенциар тизим орқали алоқада бўлгандир. Асқаров иши очилганида Россиянинг асл башараси фош бўларди. 2010 йили норозилик акциялари чоғида ҳам, июн воқеаларида ҳам кўплаб жосуслар ушланган эди. Ўшандан бери улардан дом-дарак йўқ. Ҳеч ким суд қилинмади, шаффофлик бўлмади”, дейди Толекан Исмаилова.

“Қирғизистонга қизиқиш ортиб боради”

Марказий Осиё мамлакатларида Россия махсус хизматлари агентлари иш олиб бораётгани ҳақидаги хабарлар шу билан бир нечта бўлди.

Хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Орозбек Молдалиев МДҲ мамлакатлари ўртасида бир-бирига нисбатан айғоқчилик қилмасликка доир келишув борлигига қарамай, Қирғизистонга Россия ва бошқа мамлакатларнинг жосуслари суқилиб кираётганини урғулайди. Экспертнинг тахминича, уларни мамлакатдаги диний вазият, миллатлараро алоқалар ва мудофаа масалалари қизиқтириши мумкин.

“Чегара билан боғлиқ муаммолар узил-кесил бартараф этилгани йўқ, қирғиз-тожик чегарасида икки марта можаро чиқди, мураккаб вазият юзага келди. Ўшанда биз ҳужум бўлишидан ғофил қолганимиз жуда ачинарли. Бироқ ушбу муаммоларни англайдиган мамлакатлар бор, шунингдек бизни можарога ундайдиган мамлакатлар ҳам. Теварагимиздаги давлатлар ҳам икки мамлакатнинг бир-бирига муносабати ва бу адоват қачон барҳам топиши ҳақида сўраб-суриштиради. Шу жумладан, биз аъзо бўлган КХШТ ва МДҲ каби ташкилотлар ҳам. Шу боис биз ўзимиз хавфсизликка жуда синчковлик билан қарашимиз ва ватанпарварлик масаласини юқори даражага кўтаришимиз керак”, дейди Молдалиев.

Қирғизистон Конституциявий суди собиқ судьяси Клара Сооронкулова дунёда геосиёсий вазият кескинлашгани сайин йирик давлатларнинг Қирғизистонга қизиқиши ортиб боради, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, Украинага босқиндан сўнг Россия ўз таъсирини кучайтиришга уринмоқда.

“Яқин Ғарбда вазият кескинлашгани сари Қирғизистонга қизиқиш ортиб боради. Айниқса, Россияда. Чунки улар собиқ СССРни тиклашга қаратилган босқинчилик сиёсатини юритишмоқда. Улар ўзларининг геосиёсий мақсадлари, вазифалари ҳақида очиқ гапиришади. Ҳозирда ўз таъсирларини кучайтиришга интилишяпти. Россиянинг тажриба ва тенденциялари бизда ҳам ёйилмоқда. Улар бизда ҳам ноҳукумат ташкилотлар ва ОАВларга оид қонунни қабул қилинишини хоҳлашяпти, ички ишларимизга аралашишяпти. Биз эса етарлича қаршилик кўрсатаётганимиз йўқ. Бу мамлакатимиз мустақиллигига катта хавф туғдиради. Бизда ноҳукумат ташкилотлар мамлакат сиёсий жараёнларида иштирок этишмаган, давлат тўнтариши ўтказишмаган. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишган, холос”, дейди Сооронкулова.

Маълум бўлишича, Украинада уруш бўлаётганига ва Европа жорий этган санкцияларга қарамай, Россия махсус хизматлари ходимлари сохта исмлар билан Украинага ва Европа мамлакатларига бориб, турли операциялар ўтказишган. The Insider ўз суриштирувида шунақа жосуслардан бири – подполковник Максим Родионов ҳақида ёзди.

У Смирнов деган фамилия билан “ҳужжатли кино режиссёри” сифатида Ҳужжатли кино ижодкорлари гилдияси аъзоси ҳамда “Томирис” видео ишлаб чиқариш студияси асосчиларидан бири бўлган.

Суриштирувчилар таъкидлашича, бунақа студиялар ниқоб ўлароқ қўлланади ва Смирнов шундан фойдаланиб, Европанинг бир неча шаҳрига, шунингдек Қирғизистон ва Қозоғистонга бориб келган.

The Insider маълумотига кўра, учинчи жосус – Константин Медведев – исмини ўзгартирмаган. У ГРУ Ҳарбий академиясини тамомлагандан сўнг “Денгиз суғуртаси” журналининг “чет элдаги мухбири” бўлган, кейин эса “Трибуна” газетасида ишлаган. “Иш бўйича қандай вазифаларни бажарган бўлмасин, Медведевга яхши ҳақ тўлаганлар. Солиқ идораси қайдларига кўра, у 2021 йилнинг ўзида Сбербанк ва ВТБдан дивидендлар кўринишида 45 млн рубл (ўша давр курсида ярим млн евро) олган. Ҳолбуки Россияда офицернинг ўртача ойлиги 50 минг рубл атрофида эди”, деб ёзади нашр.

Германияда умрбод қамоққа маҳкум этилган Вадим Красиков ("Вадим Соколов")
Германияда умрбод қамоққа маҳкум этилган Вадим Красиков ("Вадим Соколов")

"Фитна ортида ФСБ турибди”

Марказий Осиёдаги Америка университети (МОАУ) собиқ президенти Эндрю Качинс Қирғизистондан депортация қилиниши ортида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) турганини айтади.

“МОАУ қатор ҳужумларга учради. Аввал бизни ЛГБТ-ҳамжамият тарафдори дея ёмонотлиқ қилишди, 8 март куни аёллар ҳуқуқлари ҳимояси учун ўтказилган марш эса “МОАУ уюштирган акция” деб танқид қилинди. 2019 йил декабрда АҚШ Конгресси томонидан молияланадиган Озодлик радиоси ва Kloop.kg нашри Қирғизистон божхонасида илдиз отган коррупцияга бағишланган суриштирувини эълон қилгач, одамлар норози бўлиб митингга чиқишди. Митингга келган 1000 кишидан ярми МОАУ талабалари ва ходимлари экан, деб миш-миш тарқатиб бизни яна маломатга қўйишди. МОАУ шаънига жуда кўп туҳматлар бўлди”, деган эди Эндрю Качинс Қирғизистонни тарк этганидан сўнг.

Америкалик олим 2020 йилги парламент сайлови арафасида унга бўҳтон қилишгани ҳақида шундай дейди:

“Пандемия президент Жээнбеков маъмуриятининг ношудлигини очиб қўйди. 2020 йилнинг ёзи жуда оғир бўлди. Бу ҳалокат эди. Сиёсий беқарорлик тобора ортаётгани сезилиб турарди. Мен чет элда 5 ой қолиб кетиб, 19 августда Бишкекка қайтдим. Икки кундан сўнг элчи Доналд Лудан менга қисқагина хабар билан бир нечта видео келди: “Қайтганинг билан табриклайман. Улар сени кутишаётганга ўхшайди. Мана бу видеоларни кўргин-да”. Роликлардан бирида гўё АҚШ ҳукумати Қирғизистондаги сайловда мухолифатни дастаклаш режасини амалга ошириш учун мени таътилдан чақириб олгани ҳақида гап борарди. Бишкекка келган кунимдан бошқа ҳеч қанақа факт йўқ эди. Провокация сифатида жуда яхши ишланган видео эди, лекин кадр ортидан русча сўзлаётган одам қирғизча исмларни бузиб талаффуз қиларди. Шундан маълумки, фитна ортида Россия разведкаси – ФСБ турибди”.

2021 йил июнда Бишкекнинг Первомайск туман суди Эндрю Качинсни гиёҳванд моддаларга оид модда бўйича айбдор деб топиб, уни жаримага тортиш ва Қирғизистондан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарди.

23 апрел куни ИИВ Эндрю Качинсга Дубайдан почта орқали жўнатилган таблетка ва капсулаларда психотроп моддалар аниқланганини маълум қилган эди. Качинс ушбу препаратларни АҚШдаги даволовчи шифокори тайинлаганини айтган.

62 ёшли таниқли олим Бишкекдаги университетга 2019 йил бошида раҳбар қилиб тайинланган эди. 2021 йил июнда эса университет Васийлар кенгаши унинг Қирғизистондаги фаолияти тугатилганини эълон қилди. Шундан сўнг у рафиқаси билан бирга мамлакатни тарк этди.

Атамбаевдан мукофот олган қотил

Сўнгги йилларда чет эл фуқаролари, жумладан Россия махсус хизматлари вакиллари ва уларга алоқадор жиноятчиларга қонунга хилоф равишда қирғиз паспорти берилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Bellingcat, Der Spiegel ҳамда Россиянинг The Insider нашри 2020 йилда ўтказган суриштирувда Вадим Соколов номига паспорт олган асл исми Вадим Соколов бўлган Россия фуқароси 2019 йилда Берлинда ўлдирилган Грузия фуқароси, чечен миллатига мансуб 40 ёшли Зелимхон Хангошвили ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, қўлга олингани аниқланган эди. Суриштирувчилар Красиков ФСБнинг “Вимпел” махсус бўлинмасида хизмат қилганини ва муқаддам одам ўлдиришда айбланганини ҳам аниқлашди.

Суриштирувда айтилишича, Красиков 2007 йилда Карелия Республикасининг Костомукша шаҳрида тадбиркор Юрий Козловни ўлдиришда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Бироқ кейинчалик қидирилаётган шахсга доир маълумот Интерпол ва Россия базаларидан ўчирилган. Шундан сўнг у Вадим Соколов номи билан янги паспорт олган.

2014 йилнинг 20 ноябрида Костомукшеда ушбу жиноят иши доирасида Владимир Фоменко (1976 йил туғилган) ва Олег Иванов (1976 йилда туғилган) ҳибсга олинади.

Суриштирувчиларга кўра, Фоменко Россия олдидаги хизматлари учун юксак мукофотларга сазовор бўлган. 2011 йилда эса Қирғизистоннинг ўша пайтдаги ҳукумати раҳбари Алмазбек Атамбаев номидан Glock-100 тўппончаси билан тақдирланган.

Красиков, Фоменко каби, Қирғизистонда бўлгани маълум. У мамлакатга илк дафъа 2011 йилда келган. 2017 йил 31 августда ҳам у Бишкекка келган ва шаҳарда беш кун бўлган.

Ўзбекистонликлар Қирғизистонга кириш учун виза оладими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00

Киевдаги портлаш

2019 йил 4 апрел куни Киевда Украина разведка хизмати офицерининг автомобили портлатилади. Ушбу воқеа ортидан ушланган Алексей Комаричев ҳамда Тимур Дзортовларнинг ёнидан Алексей Ломако ва Руслан Кирик номларига олинган қирғиз паспортлари топилади.

Украина махсус хизмати тасвирга олган сўроқ видеосида маҳбус Тимур Дзортов қирғиз паспортини қандай олгани ҳақида сўзлаб берган:

“Ҳужжатларни бизга Москвада, “Тож Маҳал” ресторанида беришди. Паспорт Қирғизистон фуқаросига тегишли, расм эса меники. Аммо мен Қирғизистон фуқароси эмасман, Россия фуқаросиман. Бу ҳужжатлардан ниқоб сифатида фойдаландик”.

Шов-шувли хабарлар ортидан Қирғизистон Давлат рўйхатга олиш хизмати паспортлар сохта, дея баёнот берди. Россияда қирғиз паспортларини тайёрлаш ва сотиш яширин бизнесга айлангани масаласи Жўқорғу Кенешда ҳам муҳокама қилинди.

Форум

XS
SM
MD
LG