Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:37

Қирғизистон чегарасини тожикистонликлар учун “вақтинча” ёпди


Қирғизистоннинг асосий халқаро аэропортида қўшни Тожикистондан учиб келган ўнлаб тожикистонлик мамлакатга киритилмади.

25 май куни кечқурун 177 нафар Тожикистон фуқароси “Somon Air” учоғида Бишкекка учиб келган. Аммо Қирғизистон Чегара хизмати тожикистонлик фуқаролар учун чегара “вақтинча” ёпилганини айтиб, уларни мамлакатга киритмаган. Натижада учоқ 26 май куни эрталаб йўловчилари билан Душанбега қайтиб кетган.

177 тожикистонлик орта қайтишдан олдин тўрт соат давомида аэропортда кутишга мажбур бўлган. Учоқ бортида учиб келган 9 нафар бошқа давлат фуқароси Қирғизистонга киритилган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодликка вазирлик Қирғизистондан Душанбе – Бишкек рейси қабул қилинмаслиги тўғрисида ҳеч қандай маълумот олмаганини билдирди.

Тожикистоннинг Бишкекдаги консули Абубакр Шодиев Қирғизистон ҳукумати билан музокаралар орқали муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилгани, аммо унга “Somon Air” учоғи Тожикистонга қайтиши кераклигини айтишганини сўзлаб берди.

Хабарларга кўра, Россиянинг турли шаҳарларидан учиб келган ёки транзитда бўлган 100 га яқин тожикистонлик фуқаро ҳозирда Бишкек аэропортининг транзит зонасида қолмоқда.

Уларнинг айримлари Озодлик билан суҳбатда парвоз олдидан Тожикистон фуқаролари учун Қирғизистон чегаралари ёпилгани ҳақида маълумот берилмаганини айтишди.

24 май куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Давлат чегара хизмати 21 майдан бошлаб Тожикистонда жисмоний шахслар саёҳат қилишига ва маҳсулот олиб киришга “вақтинча” тақиқ қўйилганини билдирди.

Чегара хизмати баёнотида айтилишича, чекловлар икки мамлакат чегарасида жойлашган бешта чегара пунктига тааллуқлидир. Аммо баёнотда ҳаво қатнови тўғрисида ҳеч нарса айтилмади.

Жорий йилнинг 28–29 апрель кунлари Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув бўлиб ўтган эди.

Расмий Бишкек тарқатган маълумотга кўра, тўқнашувларда 36 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган.

Тожикистон тарафида эса 19 нафар одам ўлган.

Қирғизистон орқали Россия шаҳарларига чипталар нисбатан арзон бўлгани учун минглаб Тожикистон фуқароси Қирғизистон орқали чипта олади.

Қирғизистоннинг “Kaktus Media” нашри маълумотларига кўра, айни дамда Душанбе – Москва йўналишидаги чипталар нархи ўртача 84 500 рублни, Бишкек – Москва йўналишидаги чипталар нархи эса 25 900 рублни ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG