Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Кремль Қирғизистоннинг янги раҳбариятини совуқ кутиб олди


Лавров ва Қазақбаевнинг қўшма матбуот анумани - Москва, 23 октябрь, 2020
Лавров ва Қазақбаевнинг қўшма матбуот анумани - Москва, 23 октябрь, 2020

Кремль октябрь ойида Қирғизистонда ҳокимият тепасига келган янги етакчиларга совуқ муносабатда бўлмоқда. Озод Европа/Озодлик радиосининг минтақа бўйича шарҳловчиси Брюс Панниернинг ёзишича, бу янги бош вазир ҳамда амалдаги президент Садир Жапаровни хавотирга солиб қўйди.

Хабарларга кўра, Жапаров мулоҳазасиз иш тутган ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги билан музокара олиб бориш учун Москва билан олдиндан келишмасдан вакил юборган.

Ўтган ҳафтада собиқ ташқи ишлар вазири ва айни дамда Жапаровнинг ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган Чингиз Айдарбеков Москвага хизмат сафари билан борди, аммо Москвада ҳеч ким уни кутиб олмади.

Қирғизистоннинг 24.kg хабар агентлиги бош муҳаррири Асель Оторбаева ўз Facebook саҳифасида Айдарбеков Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия ҳукумати аъзолари ҳамда Россия Давлат Думаси етакчилари билан «Кремлда учрашув ўтказишгани истаган» кунда уларнинг «ҳар биридан рад жавобини олгани» ҳақида ёзди.

Ҳукуматга қарашли Kabar агентлиги эса муаммони кичрайтириб кўрсатишга уринди ва Айдарбеков «Россия ташқи ишлар вазирлиги ва молия вазирлиги раҳбарияти билан музокаралар ўтказди» деб хабар қилди, аммо айнан ким билан учрашганини очиқламади.

Жорий йилнинг 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайловларидан кейин Қирғизистонда норозилик намойишлари бошланиб кетди. Натижада Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилди, 6 октябрга ўтар кечаси қамоқдан озод қилинган Жапаров эса бош вазир этиб тайинланди. Жапаровнинг кутилмаганда ҳокимият тепасига келгани кўпчиликни ҳайратга солди.

15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков истеъфога кетди. Ўша куни Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистонга ваъда қилинган 100 миллион доллар ёрдам пулини юбориш режаси «вақтинча тўхтатилганини» маълум қилди.

Қирғизистоннинг янги ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев 23 октябрь куни Москвада Лавров билан учрашган эди. Учрашув давомида Қазақбаев Лавровга Қирғизистонда вазият нормаллашаётганини айтди.

Аммо учрашув яхши ўтмади. Унинг ортидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Лавров Қирғизистон ваъда қилинган 100 миллион доллар ёрдам пулини яқин орада олмаслигини айтди.

Бундан ташқари, анжуман давомида қирғиз журналисти Қазақбаевга қирғиз тилида савол берди.

«Коммерсантъ» нашрининг хабар беришича, «Журналист бешинчи саволга қирғиз тилида аниқлик киритишга киришганидан кейин, Россия вазирининг сабр-тоқати тугади. “Кечирасиз”, - деди [Лавров] ғазабланиб. “Сиз мезбонни ҳурмат қилишингиз керак, маъқулми?”», - деди Лавров. Вазир ортидан «ҳар маънода» дея қўшимча қилган.

Қазақбаев Лавров билан учрашганидан бир кун олдин президент Путин Қирғизистондаги вазиятни «фожиа» дея таърифлаб, Россия Бишкекдаги ҳодисаларни «афсус ва хавотир» билан кузатиб бораётганини айтган эди.

Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Николай Удовиченко 15 октябрь куни Қазакбаев билан, 21 октябрь куни Жапаров билан учрашди. Аммо бу учрашувлар Удовиченкони янги ҳукумат Кремль ишончига лойиқ эканлигига ишонтира олмади.

Кремль собиқ президент Жээнбековнинг қатъий тарафдори эмасди. 28 сентябрь куни Сочида бўлиб ўтган учрашув давомида Путин адашиб Жээнбековни Шариман деб атади – Жээнбеков 2017 йилдан бери Қирғизистон президенти бўлиб ишлаб келаётгани ва Путин билан бир неча марта учрашганига қарамасдан.

Россия ҳукумати Жапаров ҳокимият тепасига келганига қарши бўлмаслиги мумкин.

Аммо Россия ҳукумати МДҲ мамлакатларидаги инқилобларни ёқтирмайди. Бугунга қадар Қирғизистонда уч маротаба оммавий намойишлар ортидан ҳокимият алмашди.

XS
SM
MD
LG