Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Қарши муҳандислик институти гуруҳ сардори сессия арафасида осилган ҳолда топилди


2 июнь куни Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институти Технология факультетининг 3-босқич талабаси¸ гуруҳ сардори ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди.

Қарши шаҳрининг Қавали маҳалласида яшаган талаба йигитнинг ўлимини, унинг 3 июнь куни дафн этилганини институт маъмурияти тасдиқлади.

Курсдошлари¸ гуруҳ сардори бўлган йигитнинг институтда¸ айниқса¸ сессия пайтида кучаядиган порахўрлик қурбони бўлганини иддао қилса¸ институт мутасаддилари¸ бу иддаони рад қилди.

Порахўрлик қурбони?

Озодликка 3 июнь куни ўз курсдоши ўлими ҳақида хабар берган Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институти талабалари¸ бу воқеа ҳаммани ларзага солганини билдирди.

Институтда пора жуда авжга чиққан. Декан ва домлаларга порани староста йиғиб беради. Янги декан старосталарни ведомость қиламан¸ деганди. Ўтган йил ведомость қилмаслик учун 50 доллардан олишган. Ведомость қилиш дегани¸ бир ойлик стипендиядан маҳрум қилиш дегани. Ҳар битта имтиҳон олдидан староста 3 баҳо учун 150 минг сўмдан йиғиб бериши керак. Дарс қолдирганлардан алоҳида йиғиб бериши керак. Бу бола икки ўт орасида қолиб¸ ўзини ўлдирган¸ дейишаяпти”¸ дейди марҳум йигитнинг институтдошларидан бири.

Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институтининг Озодлик гаплашган проректор ва бошқа мутасаддилари¸ 3-курс талабасининг 2 июнь куни кечқурун осилган ҳолда топилганини тасдиқлади.

“Шунақа иш бўпти. Ҳозир факультет декани¸ кафедра раҳбарлари жанозага кетган. Нима бўлганини улардан эшитамиз¸ деб турибмиз. Жуда ақлли¸ аълочи ва фаол бола эди. Бунақа қилиши ҳеч кимнинг хаëлига ҳам келмаган. Ўқишдан бошқа яна қаердадир ишлаëтган экан. Нимага бунақа қилганини ҳеч ким билмаяпти ҳозир”¸ деди институт проректорларидан бири.

Айни пайтда¸ олийгоҳ маъмурлари¸ марҳум талаба курсдошларининг институтда авж олган порахўрликнинг билвосита қурбони бўлгани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Бўлмаган гап. Талабалар оғзига келганни айтаверади. Бизда унақа нарса йўқ. Суиқасднинг ўқишга алоқаси йўқ”¸ деди Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институтининг Озодлик гаплашган мутасаддиларидан бири.

Озодлик 3 июнь куни талаба жанозасига кетгани айтилган Технология факультети декани ва бошқа ўқитувчилар билан боғлана олмади – улар мобил телефонларига жавоб бермади¸ берганда эса¸ ўзини эшитмаганга солиб¸ алоқани ўчириб қўйди.

Ҳозирча марҳум талаба яқинларидан ўлим сабабларига оид изоҳ олишнинг ҳам имкони бўлмади - жаноза куни бўлгани боис¸ улар билан боғланишнинг имкони топилмади.

Фожиа тафсилотларига ойдинлик киритган Бош прокуратура бу юзадан терговгача текширув бошланганини билдирди.

Биринчиси эмас...

Озодликка Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институти гуруҳ сардорларидан бирининг ўз жонига қасд қилгани хабарини юборган талабалар¸ бу суиқасднинг ўз институтдошлари орасида биринчиси эмаслигини айтишди.

Бир йил ичида биз билган учта ўлим бор камида. Икки-уч ойча олдин Нефть-газ факультетидан бир қиз ўзини осиб қўйди. Ўшанда бунинг баҳо учун бўлганини айтишганди.

Иккинчиси¸ Технология факультетининг озиқ-овқат йўналишида ўқиган кечаги староста йигит. Институт унинг старосталигини айтманглар¸ деган гап қилаяпти¸ ўзини олиб қочиш учун.

Ўтган йили айни йўналишда ўқийдиган 4-курс талабалари ўзаро жанжаллашиб¸ улардан биттаси ўлганди. Муҳит ëмон”¸ деб ëзди институт талабаларидан бири.

Талабалар¸ ҳозирча бу ўлимлар юзасидан жиддий текширув ўтказилганидан хабарлари йўқлиги¸ институт бу воқеаларни бости-бости қилиб келаëтганини айтди.

Озодлик Қарши Муҳандислик иқтисодиëт институтининг 3-курс талабаси ўлими юзасидан жиноий иш очилган-очилмаганини аниқлаштириш мақсадида Бош прокуратура Матбуот хизматига мурожаат қилди.

Бош прокуратура расмий жавобида фожиа юзасидан текширувлар бошлангани айтилди.

»Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 3-сонли ички ишлар бўлими навбатчилик қисмининг 2019 йил 03 июнь куни соат 07 лардаги хабарига кўра, Қарши шаҳар “Қавали” МФЙ Қавали кўчаси 29-уйда яшаган, 28.12.1993 йилда туғилган Ё.А. ўзлари яшаб келган уйнинг молхонасида ўзини осиб вафот этган.
Ҳодиса содир бўлган жой Қарши шаҳар прокурори раҳбарлигида, шаҳар прокуратураси ва тезкор-тергов ходимлари иштирокида кўздан кечирилди.
Марҳум А.Ё.нинг мурдасини суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказиш чоралари курилмокда.


Шу куннинг ўзида марҳум А.Ё.нинг ўз жонига қасд қилиб вафот этганлигининг сабаблари юзасидан марҳумнинг яқин қариндошлари айтишича, марҳум А.Ё.нинг руҳиятида содир бўлган ўзгаришлар хуружи таъсирида ўз жонига қасд қилгани аниқланди.
Марҳум А.Ё.нинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳодисаси бўйича шаҳар ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ ҲООБ профилактика инспектори, ҳудуд маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти масъул шахсларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.
Мазкур ҳодиса бўйича Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Терговга қадар текширувнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган»,дейилади Озодликка берилган расмий жавобда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2019 йилги ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистондаги суиқасд нисбати ҳар 100 минг кишига 7.4 дан тўғри келади ва ўз жонига энг кўп қасд қилаëтганлар 15-29 ëш оралиғидаги ëшлардир.

Мамлакатда аëллар ва ëшлар ўртасидаги суиқасднинг "соат сайин ошиб бораëтгани"ни бир неча бор гапирган президент Мирзиëев¸ бу вазиятни жиловлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар олишни буюрган.

Хусусан¸ 2019 йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

XS
SM
MD
LG