Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:47

Путиннинг ошиғич табриги. Кремль Мирзиёев ва ўзбекларга қандай мужда йўллади?


Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни "сайловдаги ғалабаси" билан расмий натижалар эълон қилинишидан 2 соат олдин табриклади.
Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни "сайловдаги ғалабаси" билан расмий натижалар эълон қилинишидан 2 соат олдин табриклади.

Ӯзбекистон Марказий сайлов комиссияси Владимир Путиннинг Ўзбекистоннинг иккинчи муддатга сайланган президенти Шавкат Мирзиёевга расмий натижалар эълон қилинишидан икки соат олдин йўллаган табриги борасида сукут сақларкан, таҳлилчилар Россия раҳбари "қандай мужда" йўлламоқчи бўлгани борасида турли фаразларни илгари сурмоқда.

Ўзбек блогерлари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари пост- совет ҳудудидаги сайловларга фаол аралашуви билан танилган Путиннинг вақтли табриги Ўзбекистон суверенитетига ҳурматсизлик ва "ким хўжайин эканини кўрсатиб қўйиш" қабилидаги ҳаракат эканини ёзишди.

Путин: Ишончли ғалаба билан табрик!

Россия президенти Владимир Путин 25 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни “сайловда ишончли тарзда ғалабага эришгани” билан табриклади. Путин Мирзиёев номига табрик телеграммаси ҳам йўллади.

Кремль матбуот хизмати 25 октябрь куни Москва вақти билан соат 12 да эълон қилган бу табрикнома матни Россия президенти расмий сайтида ҳанузгача турганини кўриш мумкин:

“Овоз бериш натижалари Сизнинг юксак сиёсий нуфузингизни, шунингдек, Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқаро майдонда унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларингизга бўлган тўлиқ дастакни намойиш этди”, -дейилади ҳали натижаси эълон қилинмаган сайлов бўйича Кремль раҳбари юборган табрикномада.

Яна бир давлат раҳбари - Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам 25 октябрь куни ҳали овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинмай туриб Мирзиёевни телефон орқали ғалаба билан табриклади.

МСК: Ўзимиз ҳам ҳайрон!

Ўзбекистон ичкарисидаги айрим нашрлар Россия президентининг Шавкат Мирзиёевни муддатидан олдин табриклаганини ёзиш билан чекланди.

Бироқ нима учун йирик мамлакат раҳбарининг бу қилиғи Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси эътиборидан четда қолгани, нима учун сайловда иштирок этган бошқа номзодлар бу масалада фикр билдирмагани кўплаб саволларни туғдирди.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжа “Makon” телеканали мухбирига саволни Россия томонига йўллашни таклиф қилди. Айни пайтда у "яхши хабар тез тарқалиши"ни ҳам қўшиб қўйди.

- Биз Марказий сайлов комиссиясида ҳам бундан жуда ҳайрон қолдик. Бу савол кўпроқ табрик йўллаган раҳбарларга тааллуқлидир. Улардан сўраб кўриш керак. Ҳисоблайманки, яхши хабар тез тарқаган, деди МСК аъзоси сифатида номзодлар ўртасида бетарафлик сақлаши талаб этиладиган мулозим.

Аввалроқ Euronews телеканали 24 октябрда ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз олгани тўғрисида хабар тарқатган, бироқ Марказий сайлов комиссияси бу хабарга раддия берган эди.

Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижалари 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16 да эълон қилинишини билдирган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам ҳозиргача бу борада сукут сақламоқда.

"Сайланиши аниқ, деб ўйлаган"

Сайловларни Ўзбекистондан туриб кузатган “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имомова расмий Тошкент Путиннинг муҳлатидан олдин йўллаган табригига унчалик катта эътибор қаратмаганини айтади:​


- На ҳукумат, на Марказий сайлов комиссияси ва на номзодлар буни бизга изоҳлади. Тошкент учун бу муҳим масаладек таърифланмади. “Ким табрикласа, табриклайверсин – хоҳлаган пайтда табриклаши мумкин!”, деган умумий кайфиятни сездим бу ерда. “Нима бўлибди эрта табрикласа?! Сайланиши аниқ деб ўйлаган ва бу ерда ҳеч қандай конспирация ва фитна йўқ”, дейилди, дейди Навбаҳор Имомова.

Ўтмишда Россия президенти фаолиятини ёритувчи Кремл "пули"га кирган журналист Аркадий Дубнов Озодлик билан суҳбатда Путиннинг бу ҳаракатига эътибор қаратиб ўтириш ва ундан бирор майл-хоҳиш излашнинг ҳожати йўқ, деган фикрни билдирди.

- Айрим МДҲ давлатлари президентларининг Мирзиёевни сайлов натижалари расман эълон қилинишидан бир неча соат олдин табриклаши, менимча, бирор жиддий ҳуқуқий ёки сиёсий аҳамият касб этмайди. Зеро, МДҲ давлатлари орасидаги муносабатлар ташқаридаги бошқа давлатлар ўртасидаги муносабатлардан кескин фарқ қилади. Шу тариқа, Путин Ўзбекистондаги ҳодисаларга яқинлигини намойиш этди, холос. Бу ерда бошқа маъно излашнинг ҳожати йўқ, дея хулоса қилди таҳлилчи Аркадий Дубнов.

Лондонда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов Владимир Путиннинг табриги Россия ҳукуматининг олдиндан билиб қўйган қадами эканига эътибор қаратди.

- Бу протоколнинг техник хатоси бўлмаса керак, деб ўйлайман. Лукашенко ҳам “адашганини” ҳисобга олсак, бу Кремль билан олдиндан келишилгани аниқ. Бундай “хато” ортида Москва ва Минскнинг Евросиё Иттифоқи ва КХШТ интеграция жараёнига қўшилишга “шатаксираётган” Тошкентдан норозилиги турибди. Улар бундай хабар йўллаш билан Мирзиёевга жойини кўрсатиб қўймоқчи бўлишди. "Сен Ғарб билан муносабатга киришиб бошқачаман, деб ўйлаяпсанми? Биз сендаги сайловлар қалбаки экани ва ҳаммаси олдиндан ҳал этилганини биламиз”, дейилди. ... Мирзиёев эса бу “хатоликни” худди шундай қабул қилди. Шу боис Марказий сайлов комиссияси ҳам вақтли табрик масаласида оғзига толқон солиб олди, дейди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путинни телефон орқали туғилган куни – 69 ёшга тўлиши муносабати билан табриклаб, ноябр ойида Путин билан учрашиш учун Москвага боришини эълон қилгани ҳам жамоатчилик эътиборидан четда қолмаган эди.

"Ўзбеклар учун бу иснод!"

Путиннинг ошиғич табриги тармоқларда фаол муҳокама қилинди ва кўплаб ҳажвий шарҳлар, карикатур ва мемларнинг мавзусига айланди.

Ўзбекистондаги президент сайлови арафасида Кремлга яқин рус сиёсатчи ва таҳлилчилари яна бир марта Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқи -ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлиши масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Ўзбекистон ҳукумати Россия етакчилигидаги бу идорага қўшилишга шошилмаётганини бот-бот таъкидлаб келади. Ўтган ҳафта Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов рус ахборот воситаларига берган интервьюсида Ўзбекистон ЕОИИга аъзоликни жиддий кўриб чиқаётганига ишора қилди.

Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназар Озодлик билан суҳбатда Россия раҳбариятининг ҳатти-ҳаракатлари ортида жиддий сиёсий режалар ётганига эътиборни қаратди:

- Биринчидан, бу дегани Путин ўзбек сайловчиларини бир тийинга олмаслигини англатади. “Нима қилсанг қилавер – сайлов натижаси барибир менга боғлиқ. Мен чизган чизиқда юрасизлар!”, деяпти. Бир-икки соат кутиб турса бўларди! Сабри чидамасдан, Ўзбекистон устидан ҳукми ўтишини кўрсатмоқчи. Бу психологик босим! Ўзбек халқи ҳам буни яхши англаб олиши керак. Путиндан кейин Лукашенко ҳам табриклади. Беларусь ва Россия Иттифоқига Ўзбекистон “Қўшилмаймиз!”, деб туриб, одамларни аллалатиб қўйиб, бирдан Евросиё иттифоқига қўшилиб кетиши ҳам мумкин. Ундай ҳолатда, Марказий Осиёда руслар ҳукмронлиги ўрнатилди – Ўзбекистон эркинлиги қўлдан кетди, деганидир, деди суҳбатдош.

Путиннинг вақтли табригини Бахтиёр Шоҳназар ўзининг Фейсбук саҳифасида ўзбек халқи учун “иснод”, деб атади.

Яна бир мустақил журналист Рўзибой Азимий Россия президенти ўзининг бу баёноти билан “ниқобларни” ечиб ташлади, деган фикрни билдирди:

"Назаримда, тӯғри қилди! У мазкур сиёсий иши орқали ӯзбек халқига Мирзиёевни президентликка ким тайинлаганини билдириб қӯйиш билангина чеклангани йӯқ, балки ӯзбек халқи орасида аллақачон урчиб кетган "Мирзиёевни Путин бошқаради" деган шубҳани ҳам тамомила аритди. Чунки Путиннинг Ӯзбекистонга оид сиёсий позициясини бундан кейин яшириши сиёсий амбициясига, халқаро майдондаги мавқеига тӯғри келмай қоларди. Содда ӯзбек халқи Мирзиёевни даҳо деб билишда давом этаверади", деб ёзди Рўзибой Азимий.

Путиннинг табриклар "стандарти"

Россия президенти Владимир Путин Жо Байденни 2020 йилги АҚШ президентлик сайловидаги ғалабаси билан бир ярим ой вақт ўтиб, декабрь ўрталарида табриклаган эди.

Ваҳоланки, 2016 йили АҚШдаги президент сайловлари пайтида Путин сайловчилар овозининг якуний натижаларини кутиб ўтирмасдан, умумхалқ овоз бериш жараёни тугаганидан бир неча соат ўтиб Дональд Трампни табриклаган. Путин Байденни аввалроқ табриклашга шошилмаётганини Қўшма Штатларда “қонуний процедуралар” тугашини кутаётгани билан изоҳлаи.

2004 йилда Владимир Путин Виктор Януковични Украинадаги президентлик сайловидаги ғалабаси билан икки марта табриклаганди, аммо якунида сайлов комиссияси овоз бериш натижалари ҳақиқий эмас, деб топган ва Янукович сайловнинг иккинчи босқичида ютқазган.

64 яшар амалдаги президент Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган сайловнинг асосий фаворити ҳисобланган.

Душанба 25 октябрь куни соат 16:00га Ўзбекистонда президентлик сайловининг дастлабки натижалари эълон қилинди. 80 фоиздан ортиқ сайловчи иштирок этгани айтилган овоз бериш жараёнларида амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплади ва кутилганидек, иккинчи муддатга қайта сайланди.

Президент олган овозлар фоизи 2016 йилги сайловлардагидан пастроқ бўлди – ўшанда Мирзиёев командаси 88 фоиздан кўпроқ овоз тўплаганди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари ўзининг дастлабки хулосаларида сайловларда “ҳақиқий рақобат” бўлмаганини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG